Саудия шаҳзодаси: Исроил Ғазода геноцид содир қилмоқда – Мирзиёевдан ғазоликларга таклиф - Видео

Сурат манбаси, president.uz
Саудия саммити мусулмон дунёсининг Фаластин муаммоси бўйича бир овоз бўлиб гапириши учун имконият бўлди.
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда тўпланган Араб Лигасига аъзо ҳамда Исломий Ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 мамлакат раҳбарлари Исроилдан босиб олинган Фаластин ҳудудларидан чиқиб кетишни талаб қилдилар.
Саммит якуний баёнотида шундай дейилди:
“1967 йил 4 июнигача бўлган барча босиб олинган Араб ҳудудларидаги Исроил оккупациясини тўхтатмасдан туриб минтақада адолатли ва кенг қамровли тинчликка эришиб бўлмайди”.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бу ҳудудлари Иордан дарёси Ғарбий Соҳили, Шарқий Қуддус, Ғазо ва Жўлон тепаликларини назарда тутади.
Ар-Риёд саммити баёнотида Исроилдан бу ҳудудлардан чиқиб кетиш талаб қилинган БМТ резолюцияси ва 2002 йилдаги Араб Сулҳ Ташаббуси эслатиб ўтилди, бу ташаббусда агар 1967 йилдаги чегараларда Фаластин билан икки давлат келишувига эришса, Араб мамлакатлари Исроил билан муносабатларини яхшилаши мумкинлиги айтилган.
Саммитда Президент Шавкат Мирзиёев Ғазо урушида жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволаш таклифини илгари сурди.

Сурат манбаси, president.uz
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Исроил парламентининг БМТнинг Фаластинга кўмак ташкилоти фаолиятини тақиқлаши халқаро қонунчиликка зид, деди, Тожикистон Фаластин давлати барпо этилишини қўллаб қувватлайди, деди.
Туркия Президенти Эрдўған Исроилни Ғазода жойлашиб олиш ва Ғарбий Соҳилни вайрон этишни хоҳлаётганликда айблади.
Президент Эрдўған Ғазо бўлгасига инсонпарварлик ёрдамларини етказишнинг шошилинч чорасини топишга чақирди.
Саудия Валиаҳд Шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд Исроилнинг Ғазодаги амалларини геноцид деб қоралади, бу Ғазо уруши бошланганидан буён Саудия Арабистонининг Исроилга нисбатан энг қаттиқ танқиди бўлди.
Валиаҳд Шаҳзода Муҳаммад Исроилни Эрон заминига ҳужум қилмасликка чақирди, бу Риёд билан Теҳрон муносабатлари яхшиланаётганининг аломати деб кўрилмоқда.
Ғазо уруши Ҳамаснинг Исроилга 2023 йил 7 октябр ҳужумлари туфайли бошланди, юзлаб қуролли жангарилар Исроил ҳудудига бостириб кирдилар, 1200 га яқин одамни ўлдирдилар, 251 киши гаровга олинди.
Исроил Ҳамасни йўқ қилиш мақсадида Ғазода ҳарбий амалиёт бошлади, оқибатда шу кунгача 43400 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди.
БМТ ҳисоботига кўра, олти ой давомида Ғазода ўлдирилган ва шахси аниқланган қурбонларнинг 70 фоизини аёллар ва болалар ташкил этган.
АҚШ Исроил ҳукумати олдига Ғазо бўлгасига кунига 350 юк машинасига ортилган инсонпарварлик ёрдамларини ўтказиш талабини қўйган, агар 30 кун ичида ушбу талабини бажармаса, Исроилга ҳарбий ёрдамини камайтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
30 кунлик муҳлат шу ҳафта ниҳоясига етади.
Бош вазир Бенямин Нетаняҳу раҳбарлигидаги Исроил ҳукумати Фаластин давлати барпо этилишига қарши эканини билдириб келади.
Яқин Шарқ можаролари энди қандай ривожланиши мумкин? 10 эксперт таҳлили

1-октябрда Исроил жанубий Ливанга қуруқлик ишғолини бошлади. Орадан кўп ўтмай, Эрон Исроил томон 180 дан ортиқ ракета отди. Ғазодаги уруш ҳали ҳам давом этаётган бир пайтда, Яқин Шарқда кенг қамровли минтақавий можаролар таҳдиди тобора ортиб бораяпти.
Ушбу кескинликнинг янада кучайиши хавфи қанчалик жиддий? Би-би-си можаролар нега кескинлашгани ва келгусида нима бўлиши мумкинлиги ҳақида экспертлардан фикрларини сўради.
Исроилнинг Ливандаги узоқ муддатли мақсади нима?
Лондондаги SOAS Университети Яқин Шарқ институти профессори Лина Хатиб
Исроил ўз дастлабки мақсадини ўзгартирган кўринади, у дастлаб Ҳизбуллоҳни заифлаштириш орқали шимолий Исроил хавфсизлигини таъминлаш сулҳ битимига қаратилган бўлса, ҳозир у Ҳизбуллоҳни бутунлай нейтраллаштиришга уринмоқда. Исроил Ҳизбуллоҳга катта талофат етказганига қарамай, ушбу ҳарбий кампания Ҳизбуллоҳ буткул йўқ қила олмайди.
Далия Шейндлин, Century International тадқиқот маркази таҳлилчиси
Исроил ҳукуматининг баёнотлари билан унинг амалда нима қилиши ўртасида қандай фарқ борлигини билиш қийин. Улар ракета ҳужумлари туфайли бир йил давомида кўчирилган ва энди уйларига қайтиб келишлари бўлган шимолий Исроилдаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун Ҳизбуллоҳ таҳдидини йўқ қилишлари керак эканлигини айтишмоқда. Лекин бу ҳукуматда диний кучлар ҳам бор, улар стратегиядан кўра космик истило ғояларини илгари сурмоқдалар. Шу сабабли экспансионистик ғояларни ҳам инкор эта олмаймиз.
Роберт С Форд, АҚШнинг Сурия ва Ироқдаги собиқ элчиси
Исроил Ливан давлати Ҳизбуллоҳ устидан назоратни қайта тиклашини истайди. Бу менга 1982-йилдаги Исроилнинг Ливанда Фаластин Озодлик ҳаракатига қарши ўтказган ер усти урушини эслатади. Ўша пайтда бу узоқ муддатда Ливан чегараси яқинидаги Исроил фуқаролари учун яхши якунланмаган эди. Ҳозирги вазиятда Исроил қисқа муддатда кескинликни пасайтиришга эътибор қаратиши керак, шунда шимолий Исроилнинг 60 минг кўчирилган фуқароси ўз уйларига қайтиши мумкин бўлади.
Яқин Шарқ харитасини қайта чизиш жараёни аллақачон бошландими? Агар шундай бўлса, қандай қилиб?
Профессор Лина Хатиб
Яқин Шарқда кучлар мувозанати Эроннинг минтақадаги таъсирини заифлаштирадиган тарзда ўзгаришни бошламоқда. Аммо статус-квонинг бундай ўзгариши узоқ вақт талаб қиладиган жараён бўлади.
Билол Й Сааб, Жоржтаун Университети, АҚШ Мудофаа вазирлиги собиқ маслаҳатчиси
Ҳозирча бундай хулосага келиш учун эрта, лекин аниқ нарса шуки, Эрон бошчилигидаги ўқ йўналиши кучсизланмоқда ва Исроил сезиларли тактик ютуқларга эришганга ўхшайди. Буларни дипломатия орқали стратегик ютуқларга айлантира олиши-олмаслиги эса номаълум.
Пол Салим, Яқин Шарқ институти
Харита эмас, лекин кучлар мувозанати ўзгариши содир бўлгани аниқ. Сўнгги 20 йил давомида Эрон ва унинг вакиллари (Хамас ва Ҳизбуллоҳ) бир томонда, бошқа томондан Исроил бир-бирларини жиловлаб келишган. Бу 7-октябрда барбод бўлди ва энди Исроил устунликка эришишга интилмоқда.
Данила Шейндлин
Ҳали бу ҳақида айтишга эрта. Менинг фикримча, икки ҳафтадан кейин ёки бир йил ўтиб гаплашсак, жанубий Ливаннинг қайта босиб олинганини биламиз. Шу билан бирга, Эрон билан можаро мавжуд, лекин менимча улар Яқин Шарқдаги чегараларни қайта чизишга уринаётганлари йўқ.
Бу Эроннинг ядровий бойитиш ёки ядровий қуролга эришиш истиқболлари учун нимани англатади?
Араш Азизий, Бостон Университети, тадқиқотчиси, ёзувчи
Эроннинг Хамас ва Ҳизбуллоҳни самарали тўсиқлар сифатида йўқотгани ҳақиқат бўлгани сабабли, Эроннинг сиёсий доирасида ядровий қурол ишлаб чиқишни хоҳловчилар сони ортиб бориши мумкин. Лекин бу амалда нимани англатади? Ва Исроил қачон буни билиб олади? Исроил разведкаси Эроннинг ички ишларида анча яхши – агар Эрон ядровий қурол ясшни бошласа, Исроил бунга бир ҳафта ичида жавоб берадими? Агар Эрон бу йўлда давом этса, у жуда хавфли майдонга кириб боради. Аммо ҳозирги ҳолатда, Эроннинг анъанавий ҳарбий қобилиятлари Исроил билан солиштирганда кулгили, шунинг учун у жангари гуруҳларга таянади – улар эса унчалик фойда бермади. Эроннинг ядровий интилишлари Исроил учун катта хавф. Оятуллоҳ Али Хоманаий учун Исроилни йўқ қилиш лойиҳаси энг қадимги ва асосий мақсаддир. Бу лойиҳани илгари сурган ягона давлат бу Ислом Республикаси, ва Исроилга қарши ягона ўқ узадиган давлат ҳам шудир.
Аммо Эрон сиёсий доираси ичида яна бир прагматик унсурлар мавжуд ва уларнинг борлиги кўпинча унутиб қўйилади – бу гуруҳ Эрон фаластинликлар учун Фаластин урушида урушиши керак эмас деб ишонади.
Профессор Лина Хатиб
Эрон ўзининг ядровий дастурини ҳимоя қилиш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилади. Ўзининг ядровий дастурига қарши Исроил ҳужумини Эрон ҳаёт-мамот масаласи деб қабул қилади.
Язид Сайиғ, Карнеги Яқин Шарқ маркази, собиқ Фаластин музокарачиси
Эроннинг қарашича, ядровий қуролга эга бўлиш ягона ҳақиқий ўйинни ўзгартирувчи восита бўлиши мумкин. Нима содир бўлишини мен аниқ билмайман – балки улар бундай қуролга аллақачон эга бўлишлари мумкин ва буни саҳрода ядро синовини ўтказиш орқали намойиш қилиши мумкин.
Можаро кенгайиши Исроилнинг Ғазодаги ўз мақсадларига эришишини қийинлаштирадими?
Профессор Лина Хатиб
Исроилнинг кенгайиб бораётган ҳарбий кампанияси Яқин Шарқдаги Фаластин масаласига ҳамдард бўлган одамлар орасида ғазабни кучайтирмоқда. Бу эса келажакда тинчликка эришишни қийинлаштиради.
Чатам Хаус Яқин Шарқ дастури раҳбари доктор Санам Вакил
Шубҳасиз, Ғазода Хамасни йўқ қилиш мақсадига ҳали эришмагани пайтда, катта уруш Исроилни кучлизлантиради. Бироқ Исроил ҳали ҳам АҚШнинг ҳарбий ёрдамини олмоқда.
Данила Шейндлин
Исроил Ғазода бир йил давомида жанг олиб борди ва Хамас бригадалари сезиларли даражада йўқ қилинди. Ғазода Исроил ўз мақсадига эришиши йўлидаги энг катта муаммо шундаки, Исроил муқобил бошқарув кучи учун ҳеч қандай сиёсий ҳаракат қилмаяпти. Масала Исроил кучлари кенг тарқалмаганлигида эмас, балки Исроилга халқаро ва Фаластин қўллаб-қувватлайдиган ҳамда Фаластин ўз тақдирини ўзи белгилайдиган сиёсий стратегия керак. Бундай ҳолатда, Ғазо доимий таҳдид ва ҳарбий чарчоқ манбаи бўлиб қолади.
Язид Сайиғ
Исроил Ғазода мақсадларига эриша олмайди, чунки унинг сиёсий мақсади йўқ ва бундай мақсади ҳеч қачон бўлмаган. Ва урушни сиёсий мақсадсиз бошлаган. Бу эса унинг Ахиллес товонига айланиши мумкин. Аммо Нетаняҳу сиёсий натижага эришиш учун ҳаракат қилиш керак деб ўйламаслиги мумкин. Чунки у ниҳоясиз уруш олиб бориши мумкин ва ўзининг тарафида ҳали ҳам Ғарб дунёсининг кўп қисми турганини билади.
Ноябрдаги АҚШ сайловлари ғолиби Исроилнинг ҳарбий операциясига таъсир ўтказиши мумкинми?
Данила Шейндлин
Ҳар қандай Америка президенти Бенямин Нетаняҳуга таъсир ўтказиши мумкин, агар у хоҳласа. Аммо ҳеч бири буни фойдали деб билмаган. Камола Ҳаррис, Жо Байденга қараганда Исроилга шартсиз ёрдам бериш истагида анча енгилроқ, лекин унинг партияси ичида бўлинишлар мавжуд – бир томонда Исроилни кучли қўллаб-қувватловчилар, бошқа томонда эса қурол эмбаргосига чақираётганлар бор. Улар озчилик, лекин Исроилни қандайдир даражада чеклашга чақираётган демократлар сони сезиларли даражада ўсмоқда. Трамп эса ўзгарувчан характерга эга. У катта гапиради, лекин Америка урушларга тортилишини ёқтирмайди.
Пол Салим, Яқин Шарқ институти
Доналд Трамп Камола Ҳаррисга қараганда кўпроқ таъсир ўтказиши мумкин. У Нетаняҳуни қўллаб-қувватлайди ва камида Исроилнинг ўнг қанот тарафдори, лекин Америка урушга тортилишини жуда ёмон кўради.
Роберт С Форд, АҚШнинг Сурия ва Ироқдаги собиқ элчиси
Исроилнинг ҳарбий операцияларини қўллаб-қувватлаш учун 10 миллиард доллар бераётган ҳар қандай АҚШ маъмурияти катта таъсир кучига эга бўлади, айниқса Исроил иқтисодиёти азият чекаётган бир пайтда. Савол шуки, сиёсий жиҳатдан бу таъсирни қўллашга тайёр бўлган АҚШ сиёсатчиси борми? Ҳозирда ҳеч қайси партияда бундай сиёсатчи йўқ. Яқин орада Роналд Рейган ёки катта Жорж Буш каби сиёсатчиларни кўрмаяпмиз.
Кенг қамровли можаро олдини олишнинг имконли йўллари қандай?
Билол Й Сааб, Жоржтаун Университети, АҚШ Мудофаа вазирлиги собиқ маслаҳатчиси
Ҳар бир отишма ёки ҳаво ҳужумидан сўнг уларни аниқлаш қийинлашмоқда.
Жовид Али, Давлат сиёсати Форд мактаби, собиқ Федерал Тергов бюроси зобити
Мен де-эскалация истиқболлари ҳақида жуда пессимистман. . . энг эҳтимолий нарса шундаки, Исроил Мудофаа кучлари ва Нетаняҳу уруш кабинетидаги сиёсий даражадаги идрок ҳозирда уларда устунлик борлигини кўрсатмоқда. Уруш пайтида бир тараф ўзини душмани устидан устунликка эга деб ўйлаганида, бу устунликни бериб қўйишни асло хоҳламайди, чунки босимни давом эттириш мумкин.
Профессор Лина Хатиб
Ушбу можаронинг иштирокчиси бўлган бирор бир томон ҳарбий йўл билан ғалабага эришолмайди. Барқарорлик томон ягона йўл, шубҳасиз, дипломатиядир.
Роберт С Форд, АҚШнинг Сурия ва Ироқдаги собиқ элчиси
Икки аниқ чиқиш йўли бор. Биринчиси, Исроил Ғазода сулҳни қабул қилади ва ҳарбий кучларини келишилган жойларга қайтаради, ўшанда гуманитар ёрдамлар киритилади ва янги Фаластин бошқарув ҳокимиятини шакллантиришга имконият барпо этилади. Иккинчиси эса Ливандаги оташкесим. Ҳизбуллоҳ ракета ҳужумларини тўхтатади ва бунинг эвазига Исроил ҳаво ҳужумлари ва қуруқлик амалиётларини тўхтатади.
Пол Салим, Яқин Шарқ институти
Мен Нетаняҳу чиқиш йўлларини излаяпти деб ўйламайман. Аммо битта имконият мавжуд: бу Эрон томонидан катта ён босишларга бориш. Бу ядровий дастурдан бошланиб то Ҳизбуллоҳ ва Ҳамасни қўллаб-қувватлашгача бўлган Эрон сиёсатидаги катта ўзгаришлар деганидир. Мен шундай бўлишини тасаввур қилолмайман, лекин шундай бўладиган бўлса, бу чиқиш йўли бўларди.
Ранда Слим, Яқин Шарқ институти, Можаро ечими
Ливанда чиқиш йўли – бу сулҳ ва жанубда янги хавфсизлик келишувига эришишдир. Бу вариант йил охиригача имконли бўлади деб ўйламайман ва биз янги АҚШ маъмуриятини кутяпмиз.
Язид Сайиғ
АҚШ ва бошқа йирик Ғарб давлатлари Яқин Шарқдаги воқеалар йўналишини ўзгартиришни ўз зиммаларига олмас эканлар, бу ерда ҳеч қандай чиқиш йўли йўқ.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













