Исроил бостириб кирмоқда — Ливан армияси қаерда?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Керин Торби
- Role, BBC News, Бейрут
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Душманлиги илдизи қирқ йилга бориб чўзилувчи Исроил ва Ҳизбуллоҳ зиддиятидаги мақсадлар аниқ — бир-бирини йўқ қилиш. Аммо мамлакатни ҳимоя қилиш асосий вазифаси бўлган Ливан армияси Исроил бостириб кираётган бир вақтда қаерда ва нима қилмоқда?
Исроил Ҳизбуллоҳнинг қўшни Ливандан туриб хавф солишини бартараф этиш ниятида қатъий қолишини таъкидласа, Ҳизбуллоҳ Исроил давлатини йўқ қилиш мақсадида Исроил позицияларини нишонга олишда давом этмоқда.
Ўтган 11 ой ичида икки томон ўртасида ҳар куни давом этган чегарадаги қарама-қаршиликлар тарангликни янада ошириб юборди.
Исроил 2006 йилдан бери биринчи бор Ливанга бостириб кираётган бир пайтда, кўпчилик Ливан армияси қаерда эканлиги ва босқиннинг олдини олиш учун нима қилаётганини сўрамоқда.
Ливанни ким ҳимоя қилади?
Бир қарашда, Ливан армияси Исроил ва АҚШ, Британия ҳамда бошқа мамлакатлар томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган Ҳизбуллоҳ ўртасидаги зиддиятдан ўзини узоқроқ тутиб келади.
Назарий жиҳатдан, мамлакатнинг душманига қарши курашиш армиянинг вазифаси ва Исроил расман Ливаннинг душмани ҳисобланади.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо Ливан армияси бундай тўқнашув учун зарур таъминот ва қурол-яроғдан маҳрум.
Исроил армияси эса мукаммал жиҳозланган ва Ғарбнинг улкан дастагига эга — ҳам молиявий жиҳатдан, ҳам энг замонавий қурол-яроғлар нуқтаи назаридан.
Бундан ташқари бир қатор юқори рутбали собиқ ҳарбийлар АҚШ Исроилга таҳдид солиши мумкин бўлган замонавий қуролларни сотиб олмаслиги учун айрим давлатларга босим ўтказганини даъво ҳам қилган.
2020 йилги Бейрутдаги ўғит омбори портлаши ортидан юзага келган чуқур иқтисодий инқироз Ливан армияси аҳволини янада оғирлаштирган.
Молиявий етишмовчилик нафақат ҳарбийларнинг ўзига салбий таъсир қилган, балки ёқилғи каби базавий эҳтиёжларнинг қондирилмаслигига ҳам олиб келган.
АҚШдан ёрдам

Ҳизбуллоҳ АҚШга ўзининг энг катта душмани ўлароқ қарайди.
Харчанд ғалати эштилмасин — бир вақтнинг ўзида — АҚШ Ливан расмий армиясининг асосий донори ҳисобланади ҳам.
Бир мунча вақт давомида Вашингтон Ливан армияси ҳарбийларининг маошига ёрдамлашган.
Аммо АҚШнинг ёрдами кўлами у қадар катта эмас — у транспорт воситалари, аксессуарлар ва индивидуал қуроллар билан чекланади ҳамда уни Исроилга берилаётган ёрдам билан таққослаб бўлмайди.
Шу билан бирга, баъзи кузатувчилар Ливан армияси минтақадаги ҳар қандай бошқа миллий ҳарбий куч каби Исроилга қарши тура олмаслигини таъкидлайди.
"На Ливан, на бошқа бирор араб армияси Исроилга қарши курашиш қобилиятига эга эмас. Исроил армияси билан юзма-юз келганда, худди Ғазода кузатилганидек, фақат партизанлик урушини қўллаш мумкин", дейди БМТнинг Ливандаги муваққат кучлари собиқ координатори генерал Мунир Шеҳаде.
Ливан армиясининг истеъфодаги генерали Ҳалил Эл Ҳелунинг сўзларига кўра, армиянинг бугунги роли "ички барқарорликни сақлашдир".
"Сабаби ички вазият бугун жуда нозик. Ҳизбуллоҳни дастаклайдиган ярим миллион ливанлик гуруҳга қарши бўлганлар яшайдиган ҳудудларга кўчиб келди. Бу эса тартибсизликлар, балки фуқаролар урушига йўл очиши мумкин", қўшимча қилади у.
Ҳизбуллоҳ етакчиси Ҳасан Насралланинг Исроил томонидан ўлдирилиши ортидан Ливан армияси мамлакатдаги турли гуруҳлар ўртасида зиддият юзага келиши эҳтимоли юқори бўлган "нозик" ҳудудларга сафарбар этилган.
Армия, шунингдек, ўтган якшанба куни "миллий бирликни сақлаш"ни сўраб, фуқароларга мурожаат қилган ва мамлакатда фуқаровий тинчликни сақлаш йўлида чоралар кўришда давом этаётганини таъкидлаган.
Хўш, шундай қилиб, армиянинг жорий ҳарбий ҳаракатларда бирор роли борми?
Бу саволга асосан йўқ, деб жавоб бериш мумкин.
Шунга қарамай, жанубда Ливан армиясининг салмоқли миқдордаги кучлари жойлаштирилган.
Келажакда эришилиши мумкин бўлган ҳар қандай оташкесим эса жанубда янада кўпроқ армия аскарлари ташланишини ўз ичига олиши мумкин — Ливан Бош вазири шундай сценарийга ишора қилиб ўтган эди.
Бироқ буларнинг бари осон кечмайди.
Армияга кўпроқ аскар керак ва бунинг учун маблағ талаб этилади — Ливан армиясида эса пул йўқ.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













