Оташкесим кучга кириши арафасида Исроил 73 ғазоликни ўлдирди - видео

Фаластин байроқларини кўтариб сулҳни байрам қилаётган фаластинлик

Сурат манбаси, EPA

Ўқилиш вақти: 3 дақ

15 январ тунида Исроил билан Ҳамас ўт очишни тўхтатишга келишганлари ҳақидаги хабар ғазоликлар ҳамда яқинлари озод этилишига умид қилган исроилликларни қувонтирди.

Ғазода одамлар шоду-хуррамлик, рақслар билан бу хабарни байрам қилаётганлари видеолари тарқалди.

Ғазоликлар сулҳни ўз ғалабалари сифатида қарши олмоқдалар.

16 январ тонгида Ғазодаги Ҳамас бошқарувидаги тиббиёт мулозимлари оташкесим сулҳи эълон қилинганидан кейин Исроил уюштирган зарбалар 73 инсонни ўлдиргани хабарини тарқатдилар.

Ғазо шаҳри жанубида вақтинчалик бошпана бўлиб хизмат қилган собиқ мактаб биносига ҳужум оқибатида 20 бола, 25 аёл ҳалок бўлган.

Ғазо: Сулҳга нима бўлади - видео

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар

Шунингдек, пайшанба тонгида Ҳамас билан сулҳни маъқуллаши кутилган Исроил ҳукумати мажлиси қолдирилгани хабари тарқалди.

Хабарларга кўра, Бош вазир Бенямин Нетаняҳу Ҳамасни энг сўнгги дақиқалардаги ён босишларни талаб қилаётганликда айблаган.

Би-би-си мухбирларига гапирган Қатар пойтахти Доҳадаги Ҳамас вакиллари сулҳдан чекинмаётганлари, келишувда ўртага қўйилган шартлардан воз кечмаганларини айтдилар.

Исроил билан Ҳамас ўртасидаги сулҳнинг бор тафсилоти ҳали тўла эълон қилингани йўқ.

Бироқ асосий нуқталари - ўт очишни тўхтатиш, Ғазо бўлгасидан Исроил армиясини олиб чиқиб кетиш ва Ҳамас гаровга олган исроилликларни озод этишни ўз ичига олган.

Сулҳ уч босқичдан иборат экани хабарлари тарқалди.

Биринчи босқич 42 кундан иборат бўлиши, ана шу фурсат ичида Ҳамас гаровда ушлаб турган исроилликларни озод қилиш кўзда тутилгани хабар қилинмоқда.

Би-би-сига гапирган Ҳамас раҳбарларидан бири бошида уч исроиллик аёл аскарни қўйиб юбориш режаланаётганини айтди.

Илк бор Исроил билан Ҳамас ўт очишни тўрт кунга, 2023 йил 22 ноябрида келдишдилар.

Ўшанда гаровдаги 50 исроиллик Исроил қамоқхоналарида ушлаб турилган 150 фаластинлик озод этилиши эвазига қўйиб юборилган эди.

АҚШ Президенти Жо Байден ушбу сулҳ ўзи 2024 йил майида илгари сурган лойиҳа асосида бўлаётганини айтди.

Сулҳ бўйича музокаралар узоқ чўзилди, ҳам Исроил ва ҳам Ҳамас бир-бирини сулҳга эришишни ортга суриб келаётганликда ёки қабул қилиб бўлмас шартларни илгари суришда айбладилар.

Би-би-си таҳлилчиси Жереми Боуэн бу сулҳ фурсати ўтиб кетганига анча бўлган сулҳ дейди.

Айрим дипломатлар сулҳнинг 42 кунлик илк босқичи тугаганидан кейин жанглар яна бошланиб кетиши мумкинлигидан хавотир ҳам билдирмоқдалар.

"Ғазо уруши бутун Яқин Шарққа бемиқёс оқибатлар келтиради", дея мулоҳаза юритади Би-би-си сиёсий таҳлилчиси Боуэн.

Жереми Боуэндан иқтибос

Сурат манбаси, .

Кўплаб қўрққанидек Ғазо уруши бутун минтақа бўйлаб ёйилган урушга айланиб кетмади, бу Байден маъмуриятининг хизматидир, лекин у геосиёсий силкинишларга етаклади.

Ҳамас бугун ҳам жанг қилишга қодир, лекин ҳозир аввалги Ҳамаснинг сояси қолди.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва унинг собиқ мудофаа вазири Халқаро Жиноят суди томонидан уруш жиноятларини содир этишда айбландилар.

Халқаро Адолат суди эса Жанубий Африка республикаси илгари сурган Исроилнинг геноцид содир этгани ишини тергов қилмоқда.

Ливандаги Ҳизбуллоҳ гуруҳи урушга қўшилганидан кейин охир-оқибат Исроил ҳужумлари оқибатида яксон этилди.

Ушбу омил Суриядаги Асад режими қулашига сабаб бўлди.

Эрон билан Исроил бир-бирларига тўғридан-тўғри ҳужум қилдилар, бу Эрон кучсизланишига етаклади.

Теҳрон "Қаршилик Ўқи" деб атаган иттифоқчилари мажруҳ қилинди.

Ямандаги Ҳусийлар Европа билан Осиё ўртасида қатнайдиган кемаларнинг аксарини Қизил денгиздан ўтмайдиган қилди.

Мана энди тарқалаётган хабарларга кўра, Ҳусийлар ҳам ўзларининг оташкесимларини эълон қилганлар.

Уруш бошланганида кемаларга ҳам ҳужум қилишни бошлаган Ҳусийлар фақат Ғазодаги оташкесим ўзларини тўхтатишини айтгандилар.

Шубҳасиз бузилиши бўлишига қарамасдан, агар омад, сиёсий ирода ва қаттиқ дипломатик ҳаракатлар билан оташкесим сақланиб қолиши мумкин.

Омад билангина у қотилликларни тўхтатиши, Исроиллик гаровдагилар ва фаластинлик тутқунларни оилалари бағрига қайтариши мумкин.

Аммо бир асрдан ортиқ давом этаётган можаро Ғазодаги 15 ойлик урушдан кейин ҳар қачонгидан ҳам аччиқ ва бўйсунмас бўлди.

Оташкесим можарога якун ясамайди. Бу қадар вайронагарчилик ва ўлимларнинг оқибатини камида бир неча авлод ҳис қилади, дейди Би-би-си сиёсий таҳлилчиси Жереми Боуэн.