Исроил киритаётган тақиқ фаластинликлар учун ҳақиқий ҳалокатни англатадими?

БМТнинг Фаластин Қочқинлари кўмак агентлиги инсонпарварлик ёрдамлари қутилари олдида пластик қопчадан сув ичиб ўтирган ғазолик қизалоқ. central Gaza City on 27 August, 2024

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Зиад Ғандур
    • Role, BBC News Араб хизмати
    • Author, Фернандо Дуарте
    • Role, BBC World Service
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Исроилнинг БМТнинг Фаластин қочқинлари агентлигига (ФҚА) қўйган тақиқи шу ой охирида кучга киради. Бу тақиқ агентликнинг Ғазо ва Исроил босиб олган Ғарбий Соҳилдаги фаолиятини жиддий чеклайди.

Ёрдам ташкилотлари ва Буюк Британия, Франция, Германия, Япония каби бир қатор мамлакатлар бу қарордан жиддий ташвишда эканликларини билдирдилар. Уларнинг айтишича, бу ҳаракат фаластинликлар, айниқса, Ғазо аҳолиси учун оғир оқибатларга олиб келади, чунки уларнинг деярли барчаси агентлик ёрдами ва хизматларига муҳтож.

Хўш, ФҚАнинг тақиқланиши фаластинликлар учун қандай маъно касб этади ва нима учун Исроил бу ташкилотга узоқ вақт қарши чиқиб келган?

Ғазода уруш бошланганига бир йилдан ошган бўлса-да, икки фарзанднинг онаси Жумана Эмадни энг кўп ташвишга солаётган нарса қуролли тўқнашув эмас, балки озиқ-овқат, сув ва бошқа асосий эҳтиёжларни қондириш учун давом этаётган курашдир.

Алоқадор мавзулар

Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳрида яшовчи 26 ёшли журналист Эмад хонимнинг айтишича, ҳозирги вазиятда уруш бошидан бери энг оғир аҳволга тушиб қолган.

"На овқат бор, на ичимлик. Қизимга жуда кўп нарса керак, аммо буларнинг бирортаси топилмаяпти."

Эмад хоним, Ғазодаги деярли барча аҳоли сингари, уруш пайтида ҳам, ундан олдин ҳам фаластинликлар учун муҳим ФҚА ёрдами ва хизматларига таяниб келган.

Яшил рўмолдаги жилмайиб қараб турган Жумана.

Сурат манбаси, Jumana Emad

Сурат тагсўзи, Уруш бошланганидан қизи дунёга келган Жумана Эмад айтишича, Ғазодаги фаластинликлар озиқ-овқат ва сув тақчиллигидан қийналаяптилар

1949 йилда Исроил давлати ташкил этилгандан сўнг ўз уйларидан мажбуран кўчирилган ёки қочган 750 минг фаластинликка ғамхўрлик қилиш учун ташкил этилган ФҚА Ғазодаги энг йирик ёрдам ташкилотига айланди. У ҳудудда 13 минг, Яқин Шарқ бўйлаб эса жами 30 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлайди.

Ҳозирда ФҚА бутун минтақа бўйлаб, жумладан, Иордания, Ливан ва Сурияда рўйхатдан ўтган 5,9 миллион фаластинлик қочқинга ғамхўрлик қилмоқда.

Озиқ-овқат ва бошқа асосий эҳтиёж моллари етказиб беришдан ташқари, у одатда ҳукумат органлари томонидан кўрсатиладиган таълим, соғлиқни сақлаш, йўл қурилиши ва ҳатто фаластинлик тадбиркорларга кредит бериш каби хизматларни ҳам амалга оширади.

Доаа аз-Зарбадан иқтибос

Сурат манбаси, .

Бироқ ФҚАнинг огоҳлантиришича, Исроил парламенти октябрь ойида кўпчилик овоз билан маъқуллаган тақиқ 28 январда режалаштирилгандек амалга ошса, Ғазо ва Ғарбий Соҳил, шу жумладан, Шарқий Қуддусдаги фаолияти тез орада тўхтайди.

Кнессетдаги овоз бериш – 92 депутат тақиқ учун овоз берди, атиги 10 нафари қарши чиқди – Исроил ҳукумати ФҚА ходимларини 7 октябрдаги Исроилга қилинган ҳужумларда ҲАМАС билан ҳамкорликда айблаганидан кейин содир бўлди. Исроил таъкидлашича, ФҚА ходимларининг баъзилари ўша кунги ҳужумларда иштирок этган, кўплари эса террорчилик ташкилотлари аъзолари бўлган. ФҚА эса ҲАМАСга доир ҳар қандай алоқаси фақатгина агентликнинг ўз вазифасини бажариши учун бўлганини таъкидлайди. Шунингдек, ФҚА ўз ходимларининг аксарияти террорчилик ташкилотларига аъзо эканлиги ҳақидаги даъвосини Исроил ҳеч қачон далилламаганини айтади.

ҲАМАС 2007 йил июнь ойида минтақани рақиб Фатаҳ партиясидан тортиб олганидан бери Ғазо бўлгасини бошқариб келмоқда.

Сим тўр девор бўйлаб қўлларида саватлари билан навбатда кутиб турган аксари фаластинлик аёлларнинг оқ қора фото сурати. Навбат кутиб турганларнинг айримлари тик ҳолатда, айримлари ўтирипти. Ҳарбий кийимдаги эркаклар уларга қараб турипти.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1956 йили Ғазода ФҚА ташкилоти тарқатаётган озиқ-овқат учун навбатда турган фаластинликлар

Янги қонун ФҚАнинг Шарқий Қуддус ва Исроилда ишлашини тақиқлаш билан бирга, агентлик ходимларига Исроил расмий шахслари билан ишлашни ҳам қатъиян ман этади.

Амалда эса, ФҚАнинг айтишича, бу Ғазо ва Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилда фаолият юритишни деярли имконсиз қилиб қўяди. Чунки агентлик ўз ишини юритиш учун Исроил билан келишувларга, жумладан, Исроил ва Ғазо ўртасидаги назорат-ўтказиш пунктлари орқали ёрдам юкларини ўтказишга таянади.

Фаластин Қизил Ярим Ойи билан биргаликда, ФҚА Ғазодаги деярли барча ёрдамни ҳудуддаги 11 та марказ орқали тақсимлайди.

Ғазодаги уруш бошланганидан бери ФҚА деярли 1,9 миллион кишига озиқ-овқат пакетларини тарқатганини маълум қилди. Ун каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошгани сабабли бу ёрдам аҳамияти янада ортди.

"Агар тақиқ амалга оширилса, бу ФҚАнинг Ғарбий Соҳил, шу жумладан, босиб олинган Шарқий Қуддус ва Ғазо секторидаги фаолияти тўхташини англатади," дейди ФҚАнинг Ғарбий Соҳилдаги ишлар бўйича директори Роланд Фридрих.

"Фақат Ғарбий Соҳилнинг ўзида бу 47 мингдан ортиқ фаластинлик боланинг мактабга бора олмаслигини билдиради. Ярим миллиондан ортиқ фаластинлик қочқин эса тиббий хизматдан фойдалана олмай қолади."

Таълим хавф остида

БМТ кўмак агентлиги ёзуви ёзилган ун қопи ёнида турган ғазолик ўғил бола.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Уруш бошланганидан буён ФҚА, Ғазо бўлгасидаги қарийб 1,9 миллион одамга озиқ-овқат тарқатдик, дейди

ФҚА 1950 йилдан, яъни агентликнинг биринчи мактаблари ташкил этилган пайтдан бери фаластинликларга таълим бериб келмоқда.

Ҳозирда у Ғазо, Ғарбий Соҳил, Иордания, Ливан ва Сурияда юзлаб мактабларни бошқаради.

Аммо энди Фаластин ҳудудидаги ФҚА мактабларининг келажаги номаълум бўлиб қолди.

Уруш пайтида Ғазодаги кўплаб мактаблар кўчиб келган фаластинликлар учун вақтинчалик бошпана вазифасини ўтаган. БМТ маълум қилишича, Ғазодаги мактабларнинг деярли 70 фоизи можарода зарар кўрган – баъзилари бутунлай вайрон бўлган ёки жиддий шикастланган. Агентлик таъкидлашича, зарар кўрган мактабларнинг 95 фоизи кўчиб келганлар учун бошпана сифатида фойдаланилган.

"Биз [тақиқ ҳақидаги] хабарни илк бор эшитганимизда, ота-оналар дарҳол биздан фарзандларига бўладиган таъсир ҳақида сўрай бошладилар," дейди Шарқий Қуддусдаги БМТнинг Шуъфат қизлар мактабида 20 йилдан бери ўқитувчи бўлиб ишлаб келаётган Доаа аз-Зорба.

"Биз уларга фақат вазият назоратимиздан ташқарида эканини айтишимиз мумкин эди, холос."

Ҳар қандай вақтда 1500 ўқувчига таълим берадиган бу мактаб Қуддус шаҳар ҳудудидаги ягона фаластин қўрғони бўлган Шуъфат қочқинлар лагерида фаолият юритаётган учта мактабдан биридир.

Шарқий Қуддусдаги Шуъфат қизлар мактаби ўқитувчиси Доаа аз-Зорба
Сурат тагсўзи, Шарқий Қуддусдаги Шуъфат қизлар мактаби ўқитувчиси Доаа аз-Зорба айтишича, ўқувчи қизлар ва ота-оналар мактаб ёпилиши эҳтимолидан ташвишга тушиб қолганлар.

Аз-Зорба хонимнинг айтишича, мактаб ёпилиши эҳтимолидан ўқувчилар ва ота-оналарнинг хавотири тобора ортиб бормоқда.

"Катта ёшдаги болаларнинг баъзилари вазиятни тушунишган, аммо кичикроқ болалар кўпинча оналарининг мактаб ёпилиши эҳтимоли ҳақида гапираётганини эшитишмоқда. Шу сабабли улар ҳам ташвишга тушиб қолган.

"Мен болаларга жуда боғланиб қолганман. Биз уларга керакмиз, чунки уларнинг суянчиғимиз."

Ота-оналардан бири таъкидлашича, бепул таълим берадиган БМТ мактабларининг ёпилиши жамият учун "ҳалокатли" бўлиши мумкин.

Ўнлаб йиллар давом этган тортишув

БМТ агентлигига нисбатан тақиқ Исроил ҳукуматининг агентлик ходимлари ҲАМАС ва 7 октябрь ҳужумлари билан боғлиқлиги ҳақидаги такрорий айбловлари ортидан юз берди.

2024 йил январь ойида Исроил БМТнинг 12 нафар ходими Исроил жанубида 1200 киши ҳалок бўлган ва 251 киши гаровга олинган ҳужумларда иштирок этганини даъво қилди.

Кўплаб давлатлар, жумладан, АҚШ, Буюк Британия ва Германия бу айбловлар натижасида агентликни молиялаштиришни тўхтатди, аммо кейинчалик ўз қарорларини бекор қилишди. БМТнинг 19 нафар ходими устидан ўтказилган тергов натижасида тўққиз киши ҳужумларда иштирок этган бўлиши мумкинлиги аниқланди – тирик қолганлар кейинчалик ишдан бўшатилди.

Кейинчалик Исроил 450 дан ортиқ БМТ ходимлари террорчи гуруҳларга аъзо эканини даъво қилди, бироқ август ойида эълон қилинган БМТ ҳисоботига кўра, Исроил ўз даъволари учун ҳеч қандай далил келтирмаган.

Гарчи БМТ агентлигига нисбатан ушбу тақиқ 7 октябрдаги ҳужумлар баҳонасида юзага келган бўлса-да, Исроил ундан аввал ҳам агентликни танқид қилиб келаётган эди.

Исроилнинг асосий даъволаридан бири шуки, БМТ қочқин мақомини фаластинликларнинг кейинги авлодларига ҳам мерос қилиб қолдириш имконини беради ва уларнинг тарихий Фаластиндаги уйларига қайтиш умидларини рағбатлантиради.

"Бу мамлакатда БМТ агентлиги ечимнинг бир қисми эмас, балки муаммонинг бир қисми эканлигига шубҳа йўқ," дейди Исроил бош вазири Бенжамин Нетаняхунинг ўнг қанот "Ликуд" партияси депутати ва тақиқни таклиф қилган қонун лойиҳасининг асосий муаллифларидан бири Юли Эделштейн.

Аввалги ҳукуматларда бир нечта лавозимларда ишлаган жаноб Эделштейннинг айтишича, агентлик "ҲАМАС билан узвий боғланган." БМТнинг таъкидлашича, у фақат ҲАМАС билан "оператив даражада", яъни гуруҳ Ғазони де-факто бошқаргани учун ҳамкорлик қилади.

"БМТ агентлиги олдида жуда катта қарздормиз, чунки бутун бир авлод ёш фаластинликлар ўзларини тиклашга ҳаракат қилиш ўрнига, бахтсиз қочқинлар деб ҳис қилишмоқда."

Бироқ, халқаро ҳуқуққа кўра, узоқ муддатли ечим топилмагунча, қочоқларнинг фарзандлари ва уларнинг авлодлари ҳам қочоқлар ҳисобланади.

ФҚА таъкидлашича, агентликнинг 75 йилдан бери мавжудлиги – "ташкилотнинг ўз хоҳиши эмас, балки аъзо давлатларнинг сиёсий муаммони ҳал қилишдаги жамоавий муваффақиятсизлигининг оқибатидир".

Ғазо Хон Юнисидаги Табария мактаби биносида ерда ўтирган ўқувчилар ва дарс ўтаётган ўқитувчи аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ФҚА ташкилотига кўра, уруш мобайнида Ғазодаги мактабларнинг 70 фоизи жиддий вайрон бўлди

Исроил ҳукумати узоқ вақтдан бери агентликнинг ўқитиш услуби ва дарсликларини Исроилга қарши қарашларни мустаҳкамлашда айблаб келмоқда.

2022 йилда Исроилнинг IMPACT-se ташкилоти ФҚА мактабларида қўлланиладиган ўқув материаллари ўқувчиларга Исроил "фаластинликлар ўзлигини йўқ қилишга уринаётгани" ҳақида ўргатаётганини маълум қилди.

Европа Комиссияси Фаластин маъмурияти (ФМ) дарсликларида "антисемитик материаллар", жумладан, "зўравонликка ундаш" мавжудлигини аниқлади. Европа парламенти Ғарбий Соҳилнинг бир қисмини бошқарадиган ФМга Европа Иттифоқи молиялаштириши учун дарсликлардан ўша мазмунни олиб ташлашни шарт қилиб қўйган.

ФҚА таъкидлашича, у ўқувчиларга мезбон давлат ўқув дастурини ўргатади, шунингдек, ўз мактабларида қўлланиладиган барча дарсликлар ва ўқув материалларини "БМТ қадриятлари ва ЮНЕСКО стандартларига мувофиқлигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш ҳамда бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш" мақсадида мунтазам ва пухта кўриб чиқади.

Исроил байроқлари ва баннерларини кўтариб олган ўнг қанот исроилликлар 2024 йил 5 февралида БМТнинг Фаластин Қочқинлари учун кўмак агентлиги идораси қаршисида уюштирган норозилик намойиши

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сиёсий гуруҳларнинг ФҚАга мухолифлигига чеклов йўқ

Ғазо ва Ғарбий Қирғоқда, шу жумладан, Шарқий Қуддусда ФҚА ўрнини нима эгаллаши номаълум, аммо қолган бўшлиқни тўлдириш учун бошқа ҳеч қандай ташкилот тайёр эмаслигидан хавотирлар кенг тарқалган.

Июль ойида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш агентлик ўрнини босадиган "муқобил йўқ" эканлигини айтди.

Урушдан олдин ҳам, БМТ маълумотларига кўра, Ғазода яшовчи фаластинликларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи 2007 йилдан бери Исроил ўрнатган қамал туфайли яшаш учун фақат инсонпарварлик ёрдамига таянар эди.

ФҚАга тақиқ ўрнатилгач, Нетаняху "Ғазода барқарор инсонпарварлик ёрдами мавжуд бўлиши керак" ва Исроил буни таъминлаш учун халқаро ҳамкорлари билан ишлашини айтди.

Аммо бир қатор гуманитар ташкилотлар бундай режани амалга ошириш имкониятини шубҳа остига олди. Улар орасида Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ҳам бор.

Шу орада, Жумана Эмад каби ғазоликлар ёрдам қаердан келишини билишмайди.

"Ростини айтсам, ҳаётимизни ФҚАсиз тасаввур қилолмаймиз. Бизни ким озиқ-овқат билан таъминлайди? Болалар қаерда таълим олади?

Агар бу хизматлар тўхтатилса, аҳвол ҳалокатли бўларди."