Исроил ва Ҳамас вакиллари бир бинода, сулҳ яқин. Келишув ҳақида нималарни биламиз?

g'azo

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қатарда Ғазо бўлгасида сулҳга эришиш ва гаровдаги одамларни озод қилиш бўйича музокаралар давом этмоқда, Исроил ва Ҳамас ўртасида битим тузилиш арафасида эканига ишора қилувчи белгилар кузатилмоқда. BBC яқинлашаётган келишув тафсилотларини билишга ҳаракат қилди.

BBC билан гаплашган музокараларга яқин фаластинлик расмий уруш бошланганидан бери илк бор Исроил ва Ҳамас вакиллари бир бинода юзма-юз музокаралар олиб бораётганини айтди.

Хабар қилинишича, Ҳамас Исроил аскарларининг Ғазони тарк этиши талабидан воз кечган.

АҚШ Президенти Жо Байден битим "ниҳоясига етиш арафасида" эканини айтган.

Алоқадор мавзулар:

Бир вақтнинг ўзида Reuters ахборот агентлигига гапирган исроиллик расмий "битим бир неча соат, кун ёки ундан кўпроқ вақт ичида амалга ошиши мумкин"лигини маълум қилган.

Томонларнинг сулҳга эришиш ҳаракати Доналд Трампнинг президентлик лавозимига расман келиши арафасида кучайган.

Трамп сулҳ битими 20 январь кунга қадар – ўз инаугурациясигача амалга ошмаса, "дўзах қўзғалиши" билан таҳдид қилган эди.

Байден якшанба куни Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу, душанба куни эса музокараларда воситачилик қилаётган Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад ал-Таний билан суҳбатлашган.

Фаластинлик расмий BBC'га Ҳамас ва Исроил ўртасидаги билвосита музокаралар душанба куни бир бинода олтита соат давом этганини маълум қилди.

Битимнинг баъзи тафсилотларини очиқлаган расмий "батафсил техник музокаралар анчайин вақт олган"и ҳақида гапирди.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Маълум бўлишича, иккала томон битимнинг биринчи куни Ҳамас гаровдаги уч инсонни озод қилиши ва шундан сўнг Исроил аҳоли яшайдиган ҳудудлардан аскарларни чиқаришни бошлашига келишиб олган.

Етти кундан кейин Ҳамас яна тўрт нафар гаровдаги инсонни озод қилади ва Исроил жанубдаги кўчирилган аҳолининг шимолга қайтишига имконият яратиб беради. Аммо одамларнинг қайтиши фақат қирғоқ йўли бўйлаб пиёда амалга оширилади.

Автомобиллар, аравалар ва юк машиналари эса Салаҳ ал-Дин йўли яқинидаги махсус ўтиш пунктидан рентген аппарати орқали текширув асосида ўтказилади. Ўтиш пунктини қатарлик-мисрлик мутахассислардан иборат хавфсизлик жамоаси назорат қилади.

Битимнинг биринчи босқичи 42 кун давом этади. Бу давр мобайнида Исроил қўшинлари Филаделфи йўлагида қолади ва шарқий ҳамда шимолий чегаралар бўйлаб 800 метрлик буфер зонасини назорат қилиб туради.

Исроил, шунингдек, тахминан 190 нафари 15 йил ёки ундан кўпроқ қамоқ жазосини ўтаётган 1,000 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилишга розилик билдирган. Эвазига Ҳамас 34 нафар гаровдагиларни қўйиб юборади.

Сулҳнинг 16-кунида битимнинг иккинчи ва учинчи босқичлари бўйича музокаралар бошланади.

Трампнинг Яқин Шарқ бўйича элчиси Стив Виткофф ҳам музокаралар чоғи Доҳада бўлган.

g'azo

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ғазонинг Cоғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, уруш давомида 46,500 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар эса журналистларга битим бўйича олдинги силжиш кузатилгани ва "битим аввалги ҳолатлардан анча яхши кўринаётгани"ни айтган.

Аммо, бир вақтнинг ўзида, Нетаняҳу ҳукумат коалициясидаги ўнг қанот вакилларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келмоқда.

Нетаняҳунинг ўз Ликуд партиясидан бир неча аъзоларни ҳам ўз ичига олган ўн нафар ўнгчи кайфиятдаги гуруҳ унга сулҳга қарши эканини билдириб хат йўллаган.

2023 йил 7-октабр куни Ҳамаснинг Исроил жанубига ҳужуми билан бошланган уруш мисли кўрилмаган талафотлар келтирган.

7 октябрь ҳужумида 1,200 га яқин одам ҳалок бўлган ва яна 251 нафар инсон Ғазога гаровга олиб кетилган.

Бунга жавобан, Исроил Ҳамасни йўқ қилиш мақсадида Ғазода ҳарбий ҳаракат бошлаган.

Ғазонинг Ҳамас назорати остидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, уруш давомида 46,500 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Исроил берган маълумотга кўра, 94 нафар гаровдаги одам ҳали ҳам Ғазода қолмоқда. Улардан 34 нафари ўлган, деб тахмин қилинмоқда. Шунингдек, урушдан аввал гаровга олинган тўрт нафар исроилликнинг иккитаси ўлдирилган.

Ғазода вазият оғирлигича қолмоқда.

"Чегара билмас шифокорлар" ташкилотидан Аманде Базаролл BBC'нинг Today дастурига сулҳ бўйича музокаралар давом этаётган бўлсада, Ғазо бўйлаб, хусусан, жанубда Рафаҳ ва Хон Юнис ҳамда шимолий ҳудудларда оғир бомбардимонлар бўлганини маълум қилди.

Базаролл сулҳ бўлса ҳам, вазият тез орада яхшиланади деб кутмаслигини билдирди:

"Одамнинг кунлик ҳаётий эҳтиёжи учун зарур оддий нарсалар бу ерда йўқ," деди у.