Ғазо уруши: Исроил танклари Рафаҳ марказига кирди

Рафаҳ

Сурат манбаси, Getty Images

Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳри яшовчилари хабар қилишларича, Миср чегарасидан 500 метрча узоқликдаги Ал-Авда чорраҳасини Исроил танклари назорат қилаяпти.

Ал-Авда чорраҳаси Рафаҳ шаҳрининг қоқ марказида жойлашган.

Танклар Исроил ҳаво кучларининг қаттиқ бомбардимони давом этиб турган вақтда Рафаҳ марказини қўлга киритганлар.

Маҳаллий расмийларнинг хабар қилишича, 27-майдан 28-майга ўтар кечаси Рафаҳда камида 16 инсон ҳалок бўлган.

Ўтган йил октябрида Исроил Ғазо бўлгасини ҳужумга тутишни бошлаганидан кейин бутун сектор аҳолиси Миср чегарасига яқин Рафаҳ шаҳри атрофига кўчиб ўтишган, ҳозирги вақтда ҳам у ерда юз минглаб тинч аҳоли бошпана топган.

Жаҳон ҳамжамияти Исроилни Рафаҳга ҳужумдан қайтариб келадилар, шаҳарга ҳужум кўп сондаги тинч аҳоли ўлимига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдириб келинади.

26 май, якшанба куни Исроил Рафаҳни ҳаво ҳужумига тутди.

Оқибатда қочқинлар жамлоғида камида 45 инсон ҳалок бўлди, яна кўп инсонлар ярадор бўлди.

Исроил бу "фожеали тасодиф" бўлган деди.

Халқаро ҳамжамият якшанба ҳужумини қораламоқда.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Исроилнинг Рафаҳга якшанбадаги ҳужумини муҳокама мажлисига йиғилишни режалаган.

Шу кундан бошлаб Норвегия, Испания ва Ирландия Фаластин давлатини тан олганини расман эълон қилди.

Европа давлатларининг Фаластинни тан олиши вазиятни ўзгартирадими? АҚШ Исроил сабаб Халқаро судга санкция қўлламоқчи

Лондонда Фаластинни қўллаб ўтказилган намойишлардан бири

Сурат манбаси, PACEMAKER

Сурат тагсўзи, Лондонда Фаластинни қўллаб ўтказилган намойишлардан бири

Еропанинг уч давлати - Испания, Ирландия ва Норвегия Фаластинни давлат сифатида тан олмоқда. АҚШ прокурори Исроил раҳбариятини ҳибсга олишни сўраган Халқаро судга нисбатан санкциялар жорий қилишни кўзламоқда.

Уч Европа давлати Фаластинни тан олади

Ирландия, Норвегия ва Испания 28 майдан бошлаб Фаластинни давлат сифатида тан олиши режаси ҳақида маълум қилди.

Исроил ушбу қарорни норозилик билан қаршилади.

Исроил Ташқи ишлар вазири Исраэл Кац "бугунги қарор фаластинликлар ва дунёга - терроризм тўлаяпти, деган сигнал беради" деди.

Исроил Норвегия ва Ирландиядаги элчиларини "шошилинч маслаҳат" учун чақириб олган.

2007 йилдан бери Ғазо бўлгасини назорат қилаётган Ҳамас Фаластинни тан олиш хабарини "бурилиш нуқтаси" деди.

Ҳамаснинг юқори лавозимли расмийларидан бири Бассим Наим AFP агентлигига ушбу ҳаракатнинг ортида Фаластин халқининг "жасур қаршилиги" турганини айтди.

"Бу кетма-кет эътирофлар Фаластин халқининг жасур қаршилиги ва афсонавий қатъиятининг бевосита натижасидир. Биз бу Фаластин масаласига оид халқаро мавқеда бурилиш нуқтаси бўлишига ишонамиз", деган у.

iqtibos

Ғарбий Соҳилда жойлашган Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги уч давлатнинг қарорини хуш қаршилаган.

"Ушбу муҳим қадам билан Испания, Норвегия ва Ирландия икки давлат қуриш қарорига ва аллақачон етилган Фаластин халқига адолатни таъминлашга қатъий содиқлигини яна бир бор намойиш қилишди", дейилади Фаластин Ташқи ишлар вазирилиги баёнотида.

Таҳлил: Норвегия, Ирландия ва Испаниянинг ҳаракати воқеиликни ўзгартирмайди

Жеймс Лэндейл

Би-би-си Дипломатик мухбири

Дунёнинг кўплаб давлатлари аллақачон Фаластинни давлат сифатида тан олган. Шу ой бошида БМТ Бош ассемблеясининг 193 та аъзо давлатидан 143 таси Фаластиннинг БМТга аъзо бўлишини ёқлаб овоз берди. Унга фақат давлатларгина аъзо бўлиши мумкин.

Шу вақтгача Европанинг фақат 9 давлати Фаластин давлатчилигини қўллаб қувватлайди ва уларнинг аксари ушбу қарорни 1988 йили Совет блоки таркибида қабул қилган. Шунинг учун Норвегия, Ирландия ва Испаниянинг уларнинг қаторига қўшилиши ҳам ноёб ҳамда муҳимдир.

Бу давлатлар нафақат Фаластинни расмзий маънода қўллаётганини кўрсатишни истайди, балки жангларни тўхтатишда ёрдам беришига умид қилаётган сиёсий жараёнга туртки бермоқчи.

Кўплаб араб давлатлари агар Ғарб Фаластинни давлат сифатида тан олса улар урушдан сўнгги Ғазони тиклаш ва вазиятн назорат қилишда ёрдам беришини айтади.

Аммо Европанинг бошқа аксар давлатлари тан олиш муаммони икки давлат негизида узоқ муддатга ҳал қилиш доирасидагина бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

Шундай қилиб, Норвегия, Ирландия ва Испания бошқа давлатлар илиб кетишига умид қилиб дипломатик картани ўйнатяпти. Аммо бу жойлардаги реалликни ўзгартирмайди.

АҚШ Халқаро судга санкция жорий қилмоқчи

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Халқаро жиноят судинининг прокурори Исроил раҳбариятини ҳибсга олиш ордерини беришни сўраши ортидан маҳакамага нисбатан эҳтимолий санкциялар киритиш борасида қонун чиқарувчилар билан ишлаши мумкинлигини айтди.

Блинкен конгрессдаги чиқишида "мутлоқо хато қарор"га нисбатан чора кўриш фикрида "қатъий" эканлигини айтди.

Давлат котибининг бу борадаги фикрлари Республикачилар Халқаро суд расмийларига нисбатан санкциялар киритиш ҳаракати манзарасида янгради. Бу борадаги овоз бериш шу ҳафтада бўлиб ўтиши кутилмоқда.

АҚШ Халқаро суд аъзоси ҳисобланмаса, маҳкаманинг олдинги айбловларини қўллаб қувватлаган. Жумладан, Россия президенти Владимир Путиннинг Украинага уруши ортидан қабул қилинган ҳибсга олиш ордерини ҳам дастаклаган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга рақибининг "муносабати ва ҳаттоки Халқаро судга нисбатан санкциялар қўллашга тайёрлиги ҳақиқатда қизиқлигини" айтди.

21 май - Таҳлил: Халқаро Уруш судининг ҳибс ордери Исроил ва Ҳамас учун нимани англатади?

Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳу ва Мудофаа вазири Йоав Галлант

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳу ва Мудофаа вазири Йоав Галлант

Халқаро Уруш суди (ХУС) прокурори Карим Хон суддан Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳуга, Исроил Мудофаа вазири Йоав Галлантга, Ҳамас раҳбари Яҳё Санварга, Ҳамас сиёсий қаноти раҳбари Исмоил Ҳанияга, Ҳамаснинг ҳарбий бўлинмаси раҳбари Муҳаммад Диаб ал-Масрига арест ордерини беришни сўради.

ХУС расмий веб-сайтида эълон қилган хабарга кўра, Ҳамаснинг Ғазодаги раҳбари Яҳё Синвар, Исмоил Ҳания ва Муҳаммад Диаб ал-Масри инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятларини содир этганлар, деб ёзган ХУС прокурори Карим Хон.

Карим Хон баёнотига кўра, Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳу ва Мудофаа вазири Йоав Галлант бошқа жиноятлар билан бирга очликдан уруш қуроли сифатида фойдаланиш, тинч аҳолини ўлдириш ва бошқа уруш жиноятларида айбдор деб кўриладилар.

Энди ХУС ҳакамларидан арест ордерларини бериш учун асос етарлими ёки йўқлиги борасида қарор қабул қилишлари талаб этилади.

Ушбу ишни кўриб чиқиш учун Халқаро Уруш судига қанча муҳлат зарур бўлиши номаълум: баъзан бунга бир неча ҳафта, баъзан бир неча ойлар кетади.

Нетаняҳу ғазабда

Би-би-си халқаро муҳаррири Жереми Боуэн шарҳи

Уруш жинояти ва инсониятга қарши жиноятлар учун арест ордерига юзма-юз келиши мумкинлиги ҳақидаги хабарга Бенжамин Нетаняҳу ғазабнок муносабат билдирди.

"Бу тарихий миқёсдаги ахлоқий ғазаб", деди Нетаняҳу.

"Исроил фақат Ҳамасга қарши уруш қилаяпти, Ҳамас Холокостдан бери яҳудий инсонларга энг ёмон ҳужумларни содир этган геноцидчи террорчи ташкилот", деди у.

Карим Хоннинг ўзига қаттиқ шахсий ҳужум қилиб Бенжамин Нетаняҳу, ХУСнинг бош прокурори "бугунги замоннинг энг катта антисемити" деди.

Карим Хон нацист Германиясининг яҳудийларнинг асос ҳуқуқларини рад этган ва Холокостни юзага келтирган судьяларига ўхшайди, Карим Хоннинг Исроил бош вазири ва мудофаа вазирига қарши арест ордерини сўраш қарори "бутун жаҳон бўйлаб ёйилаётган антисемитизм оловига совуққонлик билан бензин қуймоқда", деди Нетаняҳу.

Исроил бош вазири идораси тарқатган видеода Нетаняҳу инглиз тилида сўзлайди.

У ўзи учун ўта муҳим хорижий аудитория, АҚШдагиларга муждасини етказмоқчи бўлганида, одатда, инглизча гапиради.

Бош вазир тилига чиқарган ва Исроил сиёсий элитасиди акс-садо берган ғазабга Карим Хон эълон қилган баёнотдаги эҳтиёткорлик билан танлаб олинган ҳуқуқий тилдаги саҳифалар сабаб бўлди.

Улар Ҳамаснинг уч машҳур раҳбари ва Исроил бош вазири ва мудофаа вазирига қарши вайронакор айбловларнинг бир туркумини сўзма-сўз, қаторма-қатор тахлаб чиқдилар.

Арест ордери талабини оқлаш мақсадидаги баёнот марказида ким бўлишидан қатъи назар, ҳаммага халқаро қонунлар ва қуролли можаролар қонунларини қўллаш қатъияти ётади.

"На оддий аскар, на қўмондон, на фуқаровий раҳбар - ҳеч ким жазосиз қолмаслиги лозим, қонун танлаб-танлаб қўлланмаслиги керак. Агар шундай бўлса, биз бу қонун барбод бўлиши учун шароит яратган бўламиз", деди Карим Хон.

Нафақат Исроилни, балки икки томонни ҳам халқаро ҳуқуқ талабларига мос иш тутишга мажбурлаш қарори кўплаб ғазабларга сабаб бўлаяпти.

Арест ордерини қўллаш қарори "ғазаблантирадиган", деди АҚШ Президенти Байден.

Президент Байден сўзларига кўра, "Исроил билан Ҳамас тенг эмас".

Ҳамас ўз раҳбарларига нисбатан айбловларни олиб ташлашни талаб қилди, ХУС прокурори "қатлчи билан қурбонни ўзаро тенглаштираяпти" дея даъво қилди.

Исроил раҳбарларига нисбатан арест ордери сўрови "Исроил ишғоли минглаб жиноятларни содир этганидан" етти ой кечикиб келди.

Жаноб Хон икки тарафни тўғридан-тўғри таққосламайди, икки тарафни ҳам қатор уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар содир этишда айблайди.

Карим Хон сўнгги уруш "Исроил билан Фаластин ўртасидаги халқаро қуролли можаро контекстида, Исроил билан Ҳамас ўртасидаги нохалқаро қуролли можаро контекстида юз бераётганини урғулайди.

Халқаро Уруш суди Фаластинга Бирлашган Миллатлар ташкилотидаги кузатувчи мақомига эга давлат сифатида қарайди, бу ХУСга асос солган Рим Статусини имзолашга қодир мамлакат эканини англатади.

Бенжамин Нетаняҳу ўзининг бошқаруви пайтида фаластинликлар ҳеч қачон мустақилликка эришмайдилар деб эълон қилган.

Исроил Президенти Исаак Ҳерзог айтганидек, "бу шафқатсиз террорчилар билан Исроилнинг демократик сайланган ҳукумати" ўртасида шармандали ва ёлғон параллелларни қўйиш ўрнига инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ХУС прокурорининг икки тарафга ҳам қонунни қўлламоқчи бўлаётганини олқишламоқдалар.

Исроилдаги етакчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти B'Tselem баёнотига кўра, ушбу арест ордери "Исроилнинг ахлоқий жарлиги нақадар тез қулаганини" намойиш этади.

"Халқаро ҳамжамият Исроилга бундан ортиқ жазосиз зўравонлик, қотиллик ва вайрон этиш сиёсатини давом эттиролмаслигига ишора бермоқда", дейилади баёнотда.

Инсон ҳақлари кампаниячилари узоқ йиллардан буён қудратли АҚШ етакчилигидаги Ғарб мамлакатлари Исроилнинг халқаро қонунчиликни поймол этаётганига кўз юмиб келаётганидан шикоят қиладилар.

Ҳамаснинг Ғазодаги раҳбари Яҳё Синвар Ғазода яширинаяпти деб кўрилади

Сурат манбаси, LIGHTROCKET VIA GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Ҳамаснинг Ғазодаги раҳбари Яҳё Синвар Ғазода яширинаяпти деб кўрилади

Карим Хон ва унинг жамоаси қўйган қадам анча йиллар олдин қўйилиши керак эди, деб ишонадилар улар.

Карим Хон Ҳамаснинг уч раҳбари уруш жиноятларини содир этганлар, дейди. Булар қириш, қотиллик, гаровга олиш, жинсий зўрлаш ва қийноқ.

Уч раҳбарлар - Яҳё Синвар, у Ҳамаснинг Ғазодаги раҳбари. Муҳаммад Диаб - "Қассам Бригадалари" қўмондони. Исмоил Ҳания Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари.

Ўз тергови доирасида Карим Хон ва унинг жамоаси 7 октябрь ҳужумлари қурбонлари ва бу ҳужумлардан омон қолган инсонларни интервью қилдилар.

Карим Хон айтишича, Ҳамас фундаментал инсон қадриятини поймол этган: "оила ичидаги муҳаббат, ота-она ва бола ўртасидаги энг чуқур муносабатлар шафқатсизлик ва ўта юраксизлик воситасида чидаб бўлмас даражада оғриқ етказиш мақсадида бузилган".

"Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Лекин Исроилнинг "инсофсиз жиноятлари" уни халқаро гуманитар ҳуқуққа бўйсуниш мажбуриятидан озод этмаган", деди Карим Хон.

Халқаро гуманитар ҳуқуққа бўйсунмаслик жаноб Нетаняҳу ва Мудофаа вазири Йоав Галлантга қарши чиқарилган уруш қуроли сифатида тинч фуқароларни оч қолдириш, ўлдириш, қириш ва тинч фуқароларга атайин ҳужумлар учун арест ордери чиқариш тўғри қарор бўлишини оқлайди, деди у.

Халқаро Уруш суди нима?

Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумларига Исроилнинг жавобий ҳужумлари бошланиши билан Президент Байден Исроилга бир неча танбеҳлар берди, ҳаддан зиёд кўп фаластинлик тинч аҳоли ўлдирилаётгани ва Ғазодаги ҳаддан зиёд кўп фуқаролик инфратузилмалари вайрон этилаётганидан хавотир билдирди.

Бироқ энг яқин иттифоқчиси билан эҳтиёткорона мувозанат сақлаш билан бирга Исроилни доим қўллаб-қувватлаб келган жаноб Байден ва унинг маъмурияти кенг жамоатчиликка огоҳлантиришлари маъносини очиқламаган.

Карим Хон ўз талқинини аниқ-тиниқ ифодалайди.

Унинг сўзларига кўра, Исроил ўзининг Ғазодаги ҳарбий мақсадларига эришишнинг жиноий йўлини танлаган, булар - тинч фуқароларга "номма-ном, атайин ўлим, очарчилик, катта азоб-уқубат ва жиддий жароҳатлар келтириб чиқаришдир".

ХУС судьялари ҳайъати арест ордерини бериш-бермаслик қарорини кўриб чиқадилар.

ХУСнинг Рим Статусини имзолаган давлатлар арест ордери чиқарилган инсонни қўлга олиш мажбуриятидалар.

Рим Статусини 124 мамлакат имзолаган, улар орасида Россия, Хитой, АҚШ ва Исроил йўқ.

Лекин ХУС маълум қилишича, суд уруш жиноятларини текшириш ҳуқуқий ваколатига эга, чунки Рим Статусини Фаластин имзолаган.

Агар арест ордери чиқарилса, Исроилнинг энг узоқ муддатли бош вазири Бенжамин Нетаняҳу ўзининг яқин Ғарбий иттифоқчи мамлакатларига ҳибс таҳдидисиз сафар қилолмайди.

Британия Бош вазири Риши Сунак ХУСнинг ушбу амали "жангларда танаффусга эришиш, гаровдагиларни озод қилиш ёки инсонпарварлик ёрдамларини ичкарига киритиш"да фойдали амал бўлмади, деб баҳо берди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Бироқ мабодо арест ордери чиқарилса ва Британия жаноб Нетаняҳунинг дипломатик дахлсизликка эга эканини муваффақиятли исботлай олмаса, ўз ҳудудига келган пайтида қўлга олишга мажбур бўлади.

Лекин жаноб Нетаняҳу ва жаноб Галлант учун энг муҳими АҚШ. Исроилнинг демократлар орасидаги содиқ иттифоқчилари республикачиларнинг ХУС расмийларига санкция қонунини қабул қилишларини қўллаб-қувватлашлари ёки уларнинг АҚШ киришини тақиқлашлари мумкин.

Эҳтимолий жазолар ҳақидаги миш-мишлар Европа, Америка ва Яқин Шарқ бўйлаб бир неча ҳафта олдин тарқалди, республикачи сенаторларнинг бир гуруҳи Карим Хон ва унинг ходимларига нисбатан киноларда эшитиш мумкин бўлган таҳдидни қилдилар:

"Исроилни нишонга олсанг, биз сени нишонга оламиз. Сен огоҳлантирилдинг".

Йоав Галлант ҳам эркин сафар қилолмайди. Унинг Ғазони қуршовга олиш ҳақида эълон қилган сўзларини Исроил танқидчилари кўп бора тилга оладилар.

Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумларидан икки кун ўтиб, Йоав Галлант шундай деганди:

"Мен Ғазо бўлгасини мутлақ қамалга олишга буйруқ бердим. На электр, на озиқ-овқат, на ёқилғи бўлади. Ҳамма нарса ёпилади. Биз одам кўринишидаги ҳайвонлар билан урушаяпмиз, шунинг учун ҳам шунга мос иш тутамиз".

Карим Хон ўз баёнотида шундай таъкидлайди: "Исроил Ғазонинг ҳамма қисмларидаги тинч аҳолини атайин ва мунтазам одамзотнинг тирик қолиши учун зарур нарсалардан маҳрум қилиб келаяпти".

Очарчилик Ғазонинг айрим қисмларида ҳозир мавжуд, бошқа жойларида ҳам бўлиши муқаррар, дейди ХУС прокурори.

Исроил Ғазо бўлгасида очарчиликка сабабчи бўлаётганини рад этади, очарчиликка ўзининг қамали эмас, Ҳамас ўғрилари ва БМТнинг ноқобиллиги сабаб бўлаяпти деб даъво қилади.

Агар арест ордери Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳанияга нисбатан чиқарилса, у ўзининг Араб мамлакатлари раҳбарлари билан мунтазам сафарларини қайта кўриб чиқиши керак бўлади.

Энди у кўпроқ вақтини Қатарда ўтказишига тўғри келади, чунки Исроилга ўхшаб Қатар ҳам Рим Статусини имзоламаган.

Ҳамаснинг айбланаётган яна икки раҳбари Яҳё Синвар ва Муҳаммад Диаб қаердадир Ғазо ичкарисида яширинаяптилар деб кўрилади.

Арест ордери улар учун кўп катта босимни юзага келтирмайди, Исроил уларни етти ойдан бери ўлдиришга ҳаракат қилиб келади.

Ордер Бенжамин Нетаняҳуни Россия Президенти Владимир Путин ва Ливиянинг сўнгги раҳбари полквоник Муаммар Қаддофий сингари айбланган раҳбарлар қаторига кўшади.

Путинга Украина болаларини ноқонуний Россияга кўчиришда айблов илгари сурилиб арест ордери чиқарилган.

Ўз одамлари томонидан ўлдирилишидан олдин полковник Қаддофийга қуролсиз тинч фуқароларни таъқиб этиш ва ўлдириш айби билан арест ордери чиқарилган эди.

Бу ўзини демократик давлатнинг раҳбариман деб фахрланадиган Бенжамин Нетаняҳу учун жозибали рўйхат эмас.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002