Исроил Ғарбий соҳилда фаластинлик боланинг ўлдирилишида уруш жиноятига йўл қўйган бўлиши мумкин

Исроил зирҳли машинасидан қочаётган вақти бошидан ўқ еган Басил 8 ёшда эди
Сурат тагсўзи, Исроил зирҳли машинасидан қочаётган вақти бошидан ўқ еган Басил 8 ёшда эди

29 ноябр куни туш пайти бир неча фаластинлик болалар истило остидаги Ғарбий Соҳилдаги кўчаларга ўйнаш учун чиқишди.

Орадан дақиқалар ўтиб, улардан икки нафари Исроил аскарлари томонидан отиб ўлдирилди.

Улардан бири Басил 15 ёшда, иккинчиси Адам 8 ёшда эди.

Ғарбий Соҳил ярим асрдан бери Исроилнинг ҳарбий истилоси остида яшайди. Би-би-си Исроил хавфсизлик кучларига доир тадқиқотида бу икки болакай ўлдирилган куни нималар бўлганини ўрганди.

Мобил телефон, кузатув камералари ва Исроил ҳарбийларининг ҳаракати, ҳамда фожеа рўй берган жойни текширишдан олинган далиллар инсон ҳуқуқлари жиддий равишда поймол этилганига ишора қилади.

Биз топган далиллар БМТнинг инсон ҳуқуқлари ва аксилтеррор масалаларда мулозими Бен Соул томонидан болаларнинг отиб ўлдирилиши "уруш жинояти" дея таснифланиши мумкин деган баёнотига сабаб бўлди.

Яна бир ҳуқуқшунос, доктор Лоуренс Ҳил-Кавторн бу ўт очишни "пала-партиш" деб атаган.

Исроил Мудофаа кучлари эса бу ўлимларга боғлиқ ҳолат ўрганилаётганини айтди.

Исроилга кўра, "ўт очишга фақатгина хавф ҳозир бўлганида ёки ҳибсга олишнинг бошқа йўллари қолмаганида рухсат берилади".

Ғарбий Соҳилда зўравонликлар Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумидан кейин кучайиб кетди.

Би-би-си журналистларининг ўрганишича, шундан бери фаластинликларга қурол билан таҳдидлар кўпайган, уларнинг уйларига граффитилар чизиб кетилган ва эҳтимолки, фаластинлик қуролли шахснинг тана аъзолари кесилиб, қийноққа солинган.

29 ноябрда олинган видеода Басилнинг пардалари туширилган, қулфланган дўкон ёнида тургани кўрилади.

Исроил ҳарбийлари келиши билан дўконлар ёпилади ва бу Женинда, Ҳамас назорати остида бўлмаган Ғарбий соҳилда рўй берган.

Гувоҳларга кўра, отишма овозлари яқин атрофда бўлган Женин қочқинлар жамлоғидан янграб турган.

Мессининг ашаддий ишқибози бўлган Адам у ерда акаси Баҳа билан турарди. Кўчада 9 нафар атрофида болалар бор эди.

Буларнинг бари кузатув камерасига тушган.

360 даража манзара аксланган бу видеода кейин нималар бўлганини кўриш мумкин.

машиналар

Бу ердан бир неча юз қадам нарида Исроилнинг камида 6 та ҳарбий машинаси болалар томон кела бошлайди.

Болалар саросимага тушганини кўриш мумкин.

Улардан бир нечаси бу жойдан кетиш тараддудига тушади.

Худди шу лаҳзада бошқа бир мобил телефондаги видеода зирҳли машинанининг олд эшиги очилганини кўриш мумкин.

Басил кўча ўртасида қолади, Адам эса аскарлардан 12 метр узоқда қоча бошлайди.

Кейин камида 11 марта ўқ овози янграйди.

Шу жойни текширганимизда ўқлар кенг майдонга тарқаганига гувоҳ бўлдик.

Тўртта ўқ шу ердаги темир устунга урилган, иккитаси эса дўконнинг темир пардасига, бири машинага ва иккинчиси зинапоя суянчиғини тешиб ўтган.

исбот

Би-би-си қўлга киритган тиббий ҳужжатларга кўра, Басилнинг кўкрагига икки ўқ кирган.

Яна бир ўқ қочиб бораётган Адамнинг бош орқасига теккан.

Унинг акаси Адамни жон-жаҳди билан панага тортишга ҳаракат қилади. Қон излари... ва у "Тез ёрдам" чақириб бақира бошлайди.

Аммо жуда кеч бўлган эди.

Баҳанинг айтишича, Адам ва дўсти Басил унинг кўз ўнгида жон берган.

"Мен шокка тушгандим. Ўзим ҳақимда ўйламасдим. У билан гаплашишга ҳаракат қилдим. "Адам, Адам!" Аммо унинг жони танасини тарк этаётганди...жавоб бермади", дейди Баҳа BBC билан суҳбатда кўзларида ёш билан.

Басил ўлимидан аввал видеода қўлида бир нарса билан гавданалади.

Аммо бу нима экани аниқ эмас.

Кейинроқ Исроил Мудофаа кучлари бу ердан олинган суратни кўрсатиб, унинг қўлида портловчи ускуна бўлганини даъво қилди.

Адам ва Басил

Биз тадқиқотимиз давомида тўплаган далилларни мустақил экспертлар, инсон ҳуқуқлари адвокатлари, уруш жиноятлари терговчилари, аксилтеррор масалаларда мутахасис, БМТ ва бошқа бетараф ташкилотлар ходимларга тақдим қилдик.

Мутахассислар бу ҳодиса ўрганилиши кераклиги айтишди, айримлари эса далиллар халқаро қонунчиликнинг бузилганига ишора қилади, деб айтишди.

БМТ мулозими Бен Соулга кўра, Басилнинг ҳолатида - агар унинг қўлида портловчи ускунаси борлиги исботланса, унда ўт очишга доир саволлар кўпайиши эҳтимолдан холи эмас.

"Аммо Адам учун бошқача... кўринишидан, бунда Халқаро Инсонпарварлик Қонуни бузилган. Танловсиз ва кучлар мутаносиблиги бузилган ҳолатда оддий аҳолига ҳужум қилиш уруш жинояти, инсоннинг яшаш ҳуқуқини поймол қилишдир", дейди Соул.

Бристол университети қошидаги Халқаро ҳуқуқ маркази ҳамраиси доктор Лоуренс Хилл-Которннинг айтишича, "Аскарлар зирҳли транспортда эди. Агар таҳдид мавжуд бўлганда ҳам улар, халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ҳисобланмиш пала-партиш ва ҳалок қилувчи кучни қўлламасдан бу ердан кетишлари ва ҳибсга олишни режалаштиришлари керак эди".

Исроил армиясига кўра Басил (чапда) ўртоғи Баҳа (ўнгда) билан кўчада портловчи модда ушлаб турган бўлган
Сурат тагсўзи, Исроил армиясига кўра Басил (чапда) ўртоғи Баҳа (ўнгда) билан кўчада портловчи модда ушлаб турган бўлган

Исроил армиясининг айтишича, Басил ўртоғи Баҳа билан кўчада турганида портловчи модда отмоқчи бўлган.

Исроил Мудофаа кучларининг айтишича, шубҳали шахслар уларнинг ҳарбийлари томон портловчи моддалар улоқтирмоқчи бўлган ва бу уларни хавф остига қўйган.

"Аскарлар ўт очиш билан жавоб берган ва бориб теккани аниқланди", дейди Исроил армияси.

Бироқ биз ўрганган видео далил ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, Адамнинг қўлида қуроли борга ўхшамайди ва унинг боши орқасидан отишганда у қочаётган бўлган.

Исроил армиясининг таъкидлашича, Басил ва Адамнинг ўлимига боғлиқ ҳолат "кўриб чиқилмоқда" ва бу жараённи Ғарбий соҳилда Исроил Мудофаа кучларининг ҳаракатлари натижасида ҳалок бўлган ҳар бир боланинг ўлимига нисбатан мунтазам қўллайди.

Бироқ Би-би-си далилларини кўрган Исроилнинг бир неча собиқ аскарларнинг айтишича, Исроил ҳуқуқ тизими, ҳақли эканлиги ёки эмаслигига қарамасдан, ўлимга олиб келувчи куч қўллаган аскарларни ҳимоя қилишига ишонишади.

2018-2020 йилларда Ғарбий Соҳилда хизмат қилган собиқ сержантлардан бирининг таъкидлашича, "Исроилда қотиллик сифатида тан олиниши учун Исроил аскари фаластинликни ноль масофадан ўлдириши керак. Адамнинг ҳолатига ўхшаш вазиятларда аскарга қарши жиноий иш очилиши имконияти нолга тенг".

Исроилнинг Yesh Din инсон ҳуқуқлари гуруҳи маълумотларига кўра, Исроил аскарларига қарши шикоятларнинг 1 фоиздан ҳам камроғи маҳкамага оширилади.

чизиқ

Ҳамаснинг 1200 одам ўлимига сабаб бўлган ва 253 кишини тутқунга олиш билан тугаган 7 октябрдаги ҳужуми тасқирлари Исроил жамиятини ғазаблантирди ва дунёни ҳайратга солди. Шундан бер дунёнинг нигоҳи урушга ва Ғазодаги инсоний инқирозга қаратилган. Ҳамас бошқарувидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, натижада 34 мингдан зиёд одам ҳалок бўлди.

Шу билан бирга Исроил истило остидаги Ғарбий соҳилда ҳам ҳарбий амалиётлар кучайиб, ўтган йил болалар учун энг ҳалокатли йил бўлди.

Unisef жамғармасига кўра, 2023 йил жами 124 бола ўлдирилди, уларнинг 85 нафари 7 октярдан сўнг ҳалок бўлган.

2024 йилнинг шу вақтига қадар ҳудудда Исроил келгиндилари ёки ҳрбийлар томонидан 36 фаластинлик бола ўлдирилди.

Ғарбий Соҳил уруш ҳудуди деб топилмагани учун, халқаро қонунларга кўра, куч қўллаш чекланган ҳолда бўлиши керак.

жамлоқ

Исроил Мудофаа кучлари куч ишлатиш қоидаларини махфий сақлайди. Собиқ ва хизматдаги Исроил ҳарбийларининг бизга айтишича, ҳалок қилувчи куч ишлатиш ҳаётга реал ва бевосита таҳдид бўлган тақдирда қўлланиладиган сўнгги чорадир. Босқичма-босқич ёндошув қўлланилиши керак.

Уларнинг айтишича, кўздан ёш чиқарувчи, аммо ҳалокатли бўлмаган қуроллардан ўт очишдан олдин араб ва иврит тилидаги овозли огоҳлантирилади. Ундан сўнг ўлдириш учун отишдан олдин оёқларга отилади.

Би-би-сига Фаластин маъмурияти Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 112 марҳум боланинг тиббий хулосалари тақдим қилинди. Улар 2023 йилнинг январи ва 2024 йилнинг январи оралиғида Исроил кучлари томонидан ўлдирилган 2 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар эди. Биз ушбу қуролли ўт очишларнинг аниқ ҳолатларини билмаймиз. Айримлари Исроил аскарлари ҳаётига ростдан таҳдид туғдирган бўлиши мумкин.

Бироқ бизнинг таҳлилларимиз уларнинг қарийб 98% бадани юқорисидан яраланганини кўрсатди. Бу ўқ отишнинг ҳалокатли бўлганини англатиши мумкин. Яъни аскарлар бу каби ҳолатларда кўпинча жароҳатлашдан кўра, ўлдириш учун ўқ отган бўлиши мумкинлигини билдиради.

Ушбу фактлар аскарлар Ғарбий соҳилда ҳарбий амалиёт ўтказиш қоидалари ва ҳалокатга олиб борувчи куч ишлатиш маданиятига қанчалик амал қилаяпти, деган саволларни пайдо қилади.

Аскарлар

5 ҳафта давомида Ғарбий Соҳилда ҳарбий амалиётларнинг таъсирини ўрганиш жараёнида армиянинг хатти-ҳаракатларини жиддий савол остига олувчи бир неча воқеаларнинг далилларини кўрдик.

Би-би-си 2024 йилнинг январида Тулкарм қочқинлар жамлоғида Қаршилик номи билан танилган гуруҳга қарши 45 соатли ҳарбий амалиёт ўтказганига гувоҳ бўлди.

Шундан кейин бизга бир неча фаластинликлар Исроил аскарлари уларга қурол ўқталгани ва қўшни Иорданияга чиқиб кет дея қўрқитгани ҳақида ҳикоя қилди.

Исроил Мудофаа кучлари аҳолига таҳдид қилиш ҳолатлари юзасидан тушган аризалар текширилишини айтди.

Ҳайзам 12 яшар фаластинлик ва канадалик болакай, унинг айтишича, Исроил аскари унга пичоқ ўқталиб қўрқитган. Буни унинг акаси ва отаси ҳам тасдиқлайди.

Жамлоқдаги яна бир уйда биз Ал-Ақсо масжидининг деворга солинган, аммо бузиб ташланган тасвирини кўрдик. Буни ҳам Исроил аскарлари қилгани айтилади.

Шу девор яқинида эса Довуд юлдузи чизиб кетилган, бошқа бирига эса "7 октябр" деб ибронийча ёзилган.

Исроил Мудофаа Кучлари кўра, вандаллик уларнинг қадриятларига зиддир. Исроил аскарларидан бунақа амалларни кутмаймиз дейишади.

12 яшар Ҳайзам ИМК уйларидаги ҳамма нарсани вайрон қилганини айтади
Сурат тагсўзи, 12 яшар Ҳайзам ИМК уйларидаги ҳамма нарсани вайрон қилганини айтади

Тепадаги хона вайрон қилинган, ошхона жиҳозлари бузиб ташланган, болалар уйинчоқлари синдирилган ва телевизор ҳам яроқсиз ҳолга келтирилган.

Доктор Итан Даймонд Қуддасдаги Халқаро Инсонпарварлик қонунлар марказида катта мутахассис ва унинг айтишича, "вандализм, айниқса деворга Довуд юлдузини чизиб, 7 октябр деб ёзиб кетилгани мутлақо ноқонунийдир".

Тулкаримда болакайга пичоқ ўқталиб қўрқитилгани ва ёки бошқа ҳолатларда қурол билан таҳдид қилиш халқаро қонунчиликка зид, дейди у.

Худди шу ҳарбий амалиёт чоғида Исроил Мудофаа кучлари портловчи моддаси бор дея тахмин қилинган фаластинлик жангчини отиб ўлдиргани, кейин эса гувоҳлар унинг жасади устига пешоб қилингани, тепилган ҳамда кўчада судраб юрилганини сўзлаб беришди.

Би-би-сига бу суратлар кўрсатилди. Ана шу жойни текшириб кўрганимизда эса... биз сим ва латта парчасини топдик. Топганларимиз ва суратлар ўртасидаги маълумотлар бир-бирига уйғун эди.

чизмалар

Бу далиллар мустақил экспертларга кўрсатилди. Профессор Марко Сассоли Женева университетининг халқаро қонунчилик бўлимида мутахассис. Унинг айтишича, "...жасад... агар у қонун доирасида ўлдирилган бўлса ҳам ҳурмат қилиниши керак. Сиз берган далиллар халқаро инсонпарварлик қонунларига зид ва ҳатто уруш жинояти деб таърифланиши мумкин".

ИМК мулозимларига кўра, жангчи жасади текширувидан унда портловчи моддалар бўлгани аниқланган ва Қизил Хоч ташкилоти жасадга тегишдан бош тортган.

"Ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб бизнинг аскарларимиз жангчининг қўл-оёқларини боғлаб, ўз хавфсизликларини таъминлаб кейин жасад остида портловчи ускуна бор ёки йўқлигини текширишган".

Биз билан суҳбатда бўлган собиқ Исроил аскарлари ҳарбийларнинг Ғарбий Соҳилдаги жанг усуллари Фаластинда қуролли қаршиликка замин яратаётганидан хавотир изҳор этди.

"Фаластикликлар кун ора Исроил ҳарбийларининг бу тарзда муносабатда бўлиши ва яна ҳеч нарса бўлмагандай яшайверишади, қаршилик қилишмайди деб ўйлаш... бу ўта соддалик ва уларни инсон қаторида кўрмасликнинг намунасидир", дейди собиқ аскарлардан бири.

"Афсус, вазият тобора ёмонлашмоқда".

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002