Ғазо уруши фаластинлик ва исроилликларнинг ўзаро ғазабини қанчалар кучайтириб юборди?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Йоланд Нелл
- Role, BBC News, Қуддус
Фаластинлик ва исроилликларнинг бир-бирларига бўлган ғазаби уруш туфайли янада чуқурлашмоқда
Ғазода уруш жуда катта талафотларга сабаб бўлаётганига қарамай, охирги сўров натижаларига кўра, фаластинликлар орасида Ҳамаснинг Исроилга ҳужумини оқлаш анча кенг тарқалган. Айни пайтда, аксар исроилликлар фаластинлик тинч аҳоли қурбон бўлаётганига эътибор бермаяпти ва Исроил армияси Ҳамасни буткул йўқ қилиб, гаровдагиларни озод этишини истайди.
Ўн йилларча давом этиб келаётган тўқнашувларнинг энг қаттол раунди бўлмиш охирги уч ой ҳам ўтди. Қуддусдаги фаластинлик ва исроилликларга савол билан мурожаат қилдим.
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, .
Шаҳар ғарбидаги қаҳвахоналар қиш қуёши чарақлаб турган вақтда кўпикли қаҳваларини мижозлар олдига қўймоқда. Аммо исроилликлар учун Ғазода бўлаётган уруш доимий хавотирга айланган.
"Бу уруш хаёлимиздан чиқмайди, ўғиллари, қариндошлари Ғазога аскар сифатида жўнатилган талай дўстларимиз бор. Улар учун дуо қиламиз", дейди Бней Бракдан диндор яҳудий аёл Эдна.
"Куни кеча ўғли урушдан яраланиб қайтган дўтимизникига бордик. Улар ўғиллари икки оёқдан ажралганми ёки йўқ, ўзлари ҳам хали аниқ билишмайди", дейди у.
"Гаровдагилардан ҳам хавотирдамиз. Худди бир бўлагимиз ўша ёқларда қолгандек."

Сурат манбаси, Bloomberg
Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужуми натижасида Исроил жанубида 1200 нафарча одам ўлган. Гаровга олиб кетилган 240 одамдан 100 дан зиёди ҳамон тутқунликда.
Айни пайтда, Исроилнинг ҳаводан ва ердан ҳужумлари оқибатида, Ҳамас бошқарадиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисобича, 30400 одам ўлди. Кенг қамровли вайронагарчиликлар манзарасида 2.3 миллионлик Ғазо аҳолиси ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.
Бироқ, яқинда Исроил Демократия Институти (ИДИ) томонидан ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, исроилликларнинг учдан икки қисми Исроил АҚШнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларни кучли бомбалашни камайтириш талабига рози бўлмаслиги керак деб ҳисоблайди.

Сурат манбаси, Anadolu
"Ғазода содир бўлаётган воқеаларни кўришни истаган одамлар буни Интернет орқали кўришлари мумкин", дейди ИДИ тадқиқотчиси, профессор Тамар Ҳерманн ғазоликлар азоб-уқубатига ишора қилиб. "Аммо оммавий ахборот воситалари бизга Европада ёки дунёнинг бошқа жойларида одамлар кўраётган тасвирларни бермаяпти."
Унинг қўшимча қилишича, Ғазолик оддий одамларнинг 7 октябрдаги ҳужумни нишонлаётгани саҳналари Исроилда жамоатчиликнинг ғазоликларга нисбатан ҳамдардлигига путур етказган.
"Аввалги ҳарбий амалиётлардан фарқли ўлароқ, тинч аҳолига бегуноҳ одамлар сифатида муносабатда бўлишмайди. Эмпатия жуда паст", дейди профессор Ҳерманн.

Сурат манбаси, .
Эски шаҳарга борганимда бу ерга келган Цафир Брачани учратдим. У қариндошлариникида яшаяпти, жанубий Исроилдан эвакуация қилинган ва уч ой давомида уйига қайтолмаган ўн минглаб исроилликлардан бири. У ҳали ҳам содир бўлган воқеадан шокда.
"Менимча, бу воқеа [7 октябрь] қанчалик катта офат бўлганини ҳамма тушуниши учун вақт керак бўлади. Менимча, кўпчилигимиз ҳали ҳам ярадормиз, - дейди у менга. - Менимча, ҳеч ким буни ўз бошига тушмаса, тушуна олмайди."
Цафирнинг фикрича, Ҳамас бошқа хавф туғдирмаслиги учун ҳам йўқ қилинишини дунё кўриши керак.
"Биз ғалаба қозонишимиз керак. Бунга сабабчи бўлган одамларни топиб, уларни йўқ қилиш керак, шундагина ҳақиқатан тинчликка эриша оламиз", дейди у.

Сурат манбаси, AFP
Эски шаҳарнинг тор кўчаларида ишғол остидаги шарқий Қуддусдан келган кўплаб фаластинликлар менга омма олдида кўп ҳам гапира олмасликларини, ўзларини чеклашлари кераклигини айтишди. Кўпчилик Исроил ижтимоий тармоқларидаги постларни кузатишини таъкидлади.
Лекин мен учратган одамлар ҳар дақиқада урушни кузатиб боради.
"Instagram'да, Х'да аккаунтим бор. Ғазодаги вазиятни кузатиб бораман, - дейди ҳамшираликка ўқиётган талаба Ҳанин. - Ҳаммамиз жуда хафамиз."
Аммо у Исроилнинг 7 октябрда юз берган воқеалар ҳақидаги расмий версиясига шубҳа билан қарашини айтди.
"Фаластинликлар сифатида биз Исроил пропаганда қилаётганини биламиз, шунинг учун уларнинг гапларига ишонмаймиз. Бир қисми тўғри, лекин бошқа қисми нотўғри."
"Фаластин сиёсат ва тадқиқот маркази" томонидан Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторида ўтказилган сўнгги сўров натижаларига кўра, бундай фикр фаластинликлар орасида кенг тарқалган.

Сурат манбаси, AFP
"Фаластинликларнинг катта қисми Ҳамаснинг ваҳшийлик қилганига ишонмайди ва аксарияти ваҳшийлик акс этган видеоларни кўрмаган", дейди сўровни бошқарган профессор Ҳалил Шикаки.
Унинг тадқиқоти айниқса Ғарбий Соҳилда Ҳамасни қўллаб-қувватлаш кучайиб бораётганини кўрсатди, аммо ҳозирча кўпчилик фаластинликлар Исроил, Британия ва кўплаб Ғарб давлатлари террорчи ташкилот деб ҳисоблайдиган жангари гуруҳни тўла қўллаб-қувватламайди.
Хусусан, сўров натижаларига кўра, Фаластин жамоатчилигининг 72 фоизи Ҳамаснинг 7 октябрь куни ҳужум бошлаш ҳақидаги қарорини тўғри деб ҳисоблайди.
Исмини айтишни истамаган фаластинлик дўкондор сабабни тушунтиришга ҳаракат қилади. У хориж оммавий ахборот воситаларини 2007 йилда Ҳамас ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг Исроил ва Миср ўрнатган блокада йилларига ва оғир ҳаёт шароитига эътибор бермасликда айблайди.
"Ғазо секторидаги одамлар катта қамоқхонада яшайди", дейди у менга.

Сурат манбаси, .
Ҳозир у жангларни тўхтатиш учун кўпроқ ҳаракат қилмагани учун халқаро ҳамжамиятдан норози.
"Телевизорда оғир манзараларни кўрамиз. Жуда оғир. Болалар ўлдирилмоқда. Аёллар ўлдирилмоқда. Кексалар сабабсиз ўлдирилмоқда. Улар ҳеч нарса қилишмаган. Ақл бовар қилмайди", дейди дўкон эгаси.
"Ростини айтсам, одамлар қандай қилиб бундай нарсаларни кўриб, уни тўхтата олиши мумкинлигини билмайман. Ахир бу Ҳолливуд фильми эмас-ку? Бу улар учун ҳеч нарсани англатмайдими?"
Қуддусда мен гаплашган исроилликлар ва фаластинликларни фарқлаб турган кўп нарса бор.
Аммо уларнинг барида бир-бирига нисбатан чуқур ишончсизлик ва келгуси ойларда нималар бўлишидан қўрқув бор. Ҳар икки томон бутун дунё уларнинг дарди ва изтиробларини тушунмайди, деб ҳисоблайди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















