Исроил Ғазо уруши: Ёрдам карвони яқинида юздан ортиқ одам қандай ўлдирилган?

Сурат манбаси, AFP
Ғазо бўлгасидаги сўнгги ҳодисада 110 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди, уруш бошланганидан буён ҳаётдан кўз юмганларнинг сони 30000 кишидан ортди.
29 февраль тонгги соат 4 ларда Ғазо шаҳридан шарқ тарафдаги Исроил чегара нуқтасидан инсонпарварлик юклари ортилган автомобиллар кирган.
Бир неча ҳафтадан буён Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамлари деярли киритилмаганди.
Айниқса, Ғазо шимолидаги одамлар оғир аҳволда қолган эдилар.
Алоқадор мавзулар:
- Келаси ҳафта Ғазода оташкесим бўлишига умид пайдо бўлмоқда
- Ечинтирилган ва кўзи боғланган: Исроил аскарлари Ғазода олган фаластинликлар тасвирлари нимани кўрсатади? - Видео
- Ғазода оташкесим талабига АҚШ вето қўйди, Хитой кескин танқид қилди - Видео
- Исроил-Ғазо: Қанча масжид ва черков вайрон этилди?
- Ғазо ва болалик: Оилалари омон қолиши учун овқат қидириб топаётган болалар
Шимолий Ғазодаги шифокор куни-кеча Би-би-си билан суҳбатда икки ойлик Маҳмуд исмли чақалоқ бу можаронинг энг заиф қурбонларидан бири бўлганини айтганди.

Сурат манбаси, .
"Болага сут керак эди, лекин сут топилмади. Эмсин десак, онасига егулик берилмади. Ҳаммамиз даҳшатда қолдик. Бу бола ҳар биримизнинг фарзандларимиздан бири бўлиши мумкин эди" - деганди ғазолик шифокор.
Ғазога кирган кўмак карвонида 30 тагача юк автомобил бўлган, карвон бир неча метрга чўзилган.
Оч одамлар автомобилларга ёпишганлар.
Исроил расмийларига кўра, хавфли вазият юзага келди деб ўйлаган Исроил ҳарбийлари оломонга қарата ўт очган, лекин бу кўп талофатга олиб келмаган.
Яна Исроил томони юк автомобили ҳайдовчиси одамларнинг устига ҳайдагани оқибатида одамлар ҳалок бўлди деди.
Аммо Фаластиннинг БМТдаги элчиси одамлар бошидан отиб ўлдирилгани, бу оломонни тарқатиш мақсадидаги эмас, атайин ўлдириш учун отилган ўқлар деб айтди.
Би-би-си суҳбатлашган гувоҳларнинг сўзларига кўра, аксар одамлар машина остида қолиб ва юзага келган издиҳомда оёқлар остида қолиб ҳалок бўлганлар.
Ғазо тиббиёт расмийларига кўра, оқибатда 117 инсон ҳаётдан кўз юмган, 760 одам яраланган.
Кўмак излаётган одамларга қарата ўт очилишини кўплаб мамлакатлар кескин қоралаб баёнотлар бердилар.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳодиса юзасидан мустақил тергов ўтказилишини талаб қилди.
"Мен пайшанба кунги ҳаётни асраб қоладиган кўмак излаётган 100 одам ўлдирилгани хабар қилинган Ғазодаги ҳодисани қоралайман", деб ёзди жаноб Гутерриш ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Сектор соғликни сақлаш вазирлиги 7 октябрдан бери ҳалок бўлганларнинг сони 30000 дан ортиб кетганини хабар қилди.
70000 дан ортиқ ярадор қайд этилган.
Ҳалок бўлган инсонларнинг 20 мингдан ортиғи болалар ва аёллардир.
Ёрдам карвони олдида кўп сондаги инсонлар ҳалок бўлиши ўт очишни тўхтатиш борасида олиб борилаётган музокараларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир билдирди АҚШ Президенти Жо Байден.
У бундан олдин келаси душанбада оташкесимга эришилишига умид билдираётганини айтганди.
Дастлабки хабарларга кўра, оташкесим 6 ҳафтага эълон қилиниб, яна узайтирилиши мумкин.
40 исроиллик озод қилиниши мумкин, аввал аёллар, қуролсизлар, сўнг ҳарбийлар. Бунга жавобан 400 фаластинлик тутқун Исроил қамоқларидан чиқарилишлари керак.
Исроил аскарлари Ғазонинг энг аҳоли зич жойларидан олиб чиқилади, жанглар туфайли уйини ташлаб қочган 1,8 миллион фаластинлик уйларига қайтишлари мумкин.
Аввалги музокаралар тажрибасига эга бир исроиллик собиқ жосуслик зобити "мен некбинман", деди.
Ва Ҳамас раҳбарияти ҳам нега сулҳга кўнаётгани сабабини тушунтирди.
"Биз музокараларда қайишқоқлик намойиш этаётганимиз сабаби - бизнинг халқимиз ҳаётини асраб қолиш ва уларни йўқ қилиш мақсадидаги ваҳший урушдаги азоб уқубатлари ва қурбонликларига чек қўйишдир," деди Ҳамас сиёсий раҳбари Исмоил Ҳания.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















