Исроил-Ғазо: Қанча масжид ва черков вайрон этилди? Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Реҳа Кансара ва Аҳмад Нур
- Role, Жаҳон Хизмати мухбири ва Би-би-си Мониторинг
Ғазода дунёдаги энг қадимий черков ва масжидлар жойлашган, бироқ аксарияти Исроилнинг ҳарбий ҳужуми сабабли вайрон бўлган.
Би-би-си Жаҳон хизмати ўтган октябрь ойида уруш бошланганидан бери шикастланган ёки бутунлай вайрон бўлган диний обидалар сонини текширмоқда. Маҳаллий ҳисоботлар, ижтимоий тармоқлар маълумотлари ва сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланган ҳолда биз 7 октябрдан 31 декабргача зарарланган ёки вайрон бўлган 117 та объектни ҳисобладик.
Улардан 72 та масжид ва иккита черков вайрон қилингани ёки қисман зарарланганини тасдиқладик. Бироқ Ҳамас маълумотларига кўра, улар сони кўпроқ.
Биз ҳисоблаган барча мулкларга зарар етказилганлигини тасдиқлаш имконияти чекланган. Сунъий йўлдош тасвирлари ҳам диний биноларнинг фақат тўлиқ вайрон қилингандагина кўрсатади, қисман етказилган зарарларни текшириб бўлмайди. Баъзи ҳолларда далиллар етишмаслиги хулосаларимизни ноаниқ қилиб қўяди.
Ҳамас, уруш бошланганидан бери 378 та масжид ва 3 та черков зарар кўрганини билдирган баёнотида: "Исроил масжидларни биринчи марта бомбалаб вайрон қилаётгани йўқ", лекин "бу энг шафқатсиз ҳолат" деб қўшимча қилди."
Исроил мудофаа кучлари (ИМК) айтишича, Ҳамас жангарилари ибодатхоналардан бошпана ва ҳужум жойи сифатида фойдаланмоқда.
"Бу тез ўлим эди"

Сурат манбаси, Marian Saba
Дунёдаги энг қадимий черковлардан бири ҳисобланган Авлиё Порфирий черкови Ғазодаги кам сонли черковлардан биридир. Урушдан олдин 1000 га яқин бўлган Ғазонинг насроний аҳолисининг кўпчилиги бешинчи асрда яшаган епископ қабри устига қурилган черковга мустаҳкам боғланган эди.
Кўпгина фаластинлик насронийлар сингари, Мариан Саба ва унинг оиласи ҳам уруш пайтида хавфсиз бўлишига ишониб, черков ҳудудидан бошпана топган эди. Аммо 19 октябрь куни, тун тушгач, Исроил ракетаси черков биноларидан бирига келиб урилган, натижада 18 киши ҳалок бўлди ва яна кўп одамлар яраланди.
Марианнинг айтишича, унинг 34 ёшли қайининиси Солиман ўз ўғлини қулаётган девордан ҳимоя қиламан деб ҳалок бўлган. "Бу даҳшатли манзара эди. Ҳеч қачон жасадларни кўрмаганман. Нима дейишни билмасдим, - дейди у. - Бу тез ўлим эди."
Портлаш пайтида черков залларидан бирида бўлган Рами Таразий: "Бу ракета шунчалик катта эдики, ҳатто бошқа залда бўлганлар ҳам оқ чангга бурканиб чиқиб келишди", дейди.

"Биз 16 кишининг парчаларини, иккита бутун жасадни олиб чиқдик", деб эслайди у. Ҳалок бўлганлардан бири Рамининг 36 ёшли амакиваччаси Сулиман бўлиб, Рами бир соат аввал у билан "суҳбатлашиб, кулишиб юрган" эди.
Исроил ҳарбийлари яқин атрофдаги Ҳамас ҳарбий қўмондонлик марказига берилган зарбада черковнинг бир қисми зарар кўрганини тасдиқлади.
Халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, можаро пайтида диний биноларга атай ҳужум қилиш уруш жинояти ҳисобланади. Бироқ, агар бундай объектлар ҳарбий мақсадларда фойдаланилаётган бўлса, бу қоида ишламаслиги мумкин.
ИМК томонидан ижтимоий тармоқларга юкланган видеоларда армия диний биноларга киргани ва Ҳамас томонидан фойдаланилаётгани айтилган ер ости туннеллари акс этган.
Интернетда жойлаштирилган баъзи видео ва фотосуратлар исроиллик аскарларнинг диний обидаларни ҳурмат қилмасликларини кўрсатган. Илгари Twitter деб аталган Х'да эълон қилинган суратлардан бирида ибронийча граффити билан "Маъбад қурилади" деб ёзилган қулаган минора олдида исроиллик аскар тасвирланган. Би-би-си расм бўйича ИМК билан боғланди, бироқ улар изоҳ бермади.
Лондон Университет коллежи Археология институти профессори Жоржия Андреу Ғазо секторидаги маданий мерос объектлари вайрон бўлишини текширмоқда. Унинг айтишича, кўплаб муқаддас қадамжолар катта тарихий аҳамиятга эга.
"Бу ҳужумларни одамларнинг ушбу жойлар билан алоқаларини узишга қаратилган уриниш сифатида кўриш керак", дейди у ва Ғазо секторидаги муқаддас ва маданий обидалар вайрон бўлиши "мен кўрган энг ёмон нарса" деб айтди."
"Азон овозини соғиндим"

Сурат манбаси, Getty Images
Ғазо секторида кўплаб масжидлар бузиб ташланган. Черковлардан паноҳ топганлардан фарқли ўлароқ, фаластинлик мусулмонлар ибодатхоналардан узоқроқда бошпана изламоқда.
Хон Юнусда биз Халил ар-Раҳмон масжиди вайрон бўлганини тасдиқладик, у ҳаво ҳужуми натижасида зарар кўргани айтилмоқда.
Диндор мусулмон сифатида Ренад Ала ал-Бата бу масжидга тез-тез келиб, у ерда Қуръонни ёд олган. Аммо у уруш бошланганидан бери қайтмади.
"Илгари ИМК агар ҳарбий нишон бўлмаса масжидларга камдан-кам ҳужум қилар эди. Лекин бу сафар бизни тарбиялаган ва динимизни ўргатган бир қанча гўзал масжидларни вайрон қилишди", дейди у.
Ноябрь ойида бир ҳафта давом этган оташкесин вақтида муаззин вақтинчалик минора сифатида Халил ар-Раҳмон масжидининг қолган тепасидан кунига беш маҳал азон айтди, дейди у. Унинг айтишича, ана шу вақтда у ўзини хавфсиз ҳис этган, аммо бу ҳам Исроил Ҳамасга қарши курашни қайта бошлаганида тугади.
Холид бин Валид масжидининг тез ва тўсатдан вайрон бўлганини акс эттирувчи видео Хон Юнисдаги вайронагарчиликнинг энг ёрқин тасвирларидан биридир. Бу видео Х'да деярли 15 миллион марта кўрилган.
Би-би-сининг қуроллар бўйича таҳлилчиси Крис Партриджнинг айтишича, видеода масжидга ташланган бошқариладиган бомбанинг тушаётганини кўриш мумкин. Унинг айтишича, бу ердаги асосий белги қуролнинг аниқ бошқариладиган бўлганидир.
Биз кўриб чиққан диний объектларнинг қанчаси ИМК томонидан вайрон қилингани ёки қанчаси Ҳамас томонидан фойдаланилгани номаълум. Бироқ ИМК Ҳамаснинг ҳарбий ва маъмурий имкониятларини халқаро қонунларга мувофиқ йўқ қилишга ҳаракат қилаётганини ва тинч аҳолига зарарни камайтириш учун эҳтиёт чораларини кўраётганини айтмоқда.
ИМК Холид бин Ал-Валид ва Халил ар-Раҳмон масжидлари вайрон қилингани ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаяпти.
Ғазодаги кўплаб ибодатхоналар вайрон бўлаётган бир пайтда, дин ўлимдан қочган кўплаб фаластинликлар учун тобора руҳий бошпанага айланмоқда.

Сурат манбаси, Marian Saba
Мариан Саба ва унинг оиласи ҳар ҳафта якшанба кунги оммавий маросимларда қатнашадиган 300 га яқин одамлар билан бирга Авлиё Порфирий черковида яшамоқда.
Черков зарарланганидан тўққиз кун ўтгач, унинг қизчасини чўқинтиришди. У буни асабий лаҳза сифатида тасвирлайди. Бу қувончли воқеа бўлиши керак эди.
Ренад Ала ал-Бата ўз уйи ва Хон Юнисдаги масжиддан узоқда, Рафаҳдаги кўчирилган фаластинликлар учун лагерда яшамоқда. Instagram энди унинг кундалиги бўлиб қолган, у илгариги вақтлар, стоматология талабаси бўлган йиллари фотосуратларини жойлаштирганда кўпинча ўша дамларни соғиниб энтикади.
Аммо у ҳар куни ўқийдигани Қуръон унинг тасаллиси эканини айтади: "Бу туннинг оғирлигини камайтиради. Ғазода тунлар нақадар оғир ўтишини билсангиз эди".
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













