Исроил-Ғазо: Саҳналаштирилган ўлим ҳолатлари ҳақидаги ёлғон даъволар урчиб кетди

Муҳаммад исмли чақалоқнинг хиралаштирилмаган суратлари интернетда фейк дея тарқатилди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Муҳаммад исмли чақалоқнинг хиралаштирилмаган суратлари интернетда фейк дея тарқатилди.

Фаластинлик беш ойлик чақалоқ Муҳаммад Ҳани аз-Заҳарнинг онаси ва бобоси декабрь ойи биринчи кунида Ғазо секторида тўқнашувлар қайта бошланганидан кейин унинг жасадини касалхона олдида кўтариб турарди.

Аммо мусибатга ботган оила бола жасадини кўтариб тургани акс этган лавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, кўплаб хабарларда Муҳаммад ҳақиқий бола эмас, шунчаки қўғирчоқ эканлиги ҳақида даъволар айтилди.

Исроилнинг нуфузли Jerusalem Post газетаси Муҳаммад аслида қўғирчоқ бўлган деб ёзгач, бу даъволар янада зўрайди. Норозиликдан сўнг газета веб-сайтидан мақолани олиб ташлади ва Х (илгариги Twitter) хабар "нотўғри манбаларга асосланган"лигини айтди.

Бир неча ҳафта олдин исроиллик туғишганлар 16 ёшли Ротем Матиас ва унинг икки синглиси Шаккед ва Ширнинг видеоси интернетда тарқалди. Ротем 7 октябрь куни ота-онаси Ғазо сектори чегараси яқинидаги уйида яширинганларида, Ҳамас жангарилари томонидан ўлдирилганини кўрган.

Кенг тарқалган видеода уларнинг ҳужумдан бир неча кун ўтиб АҚШнинг ABC ва CNN телеканалларига берган интервьюларидан узиб олинган қисмлар акс этган. Бу видеоларда болалар аслида "инқироз актёрлари" экани, ота-онаси ўлими ҳақида ёлғон гапиргани ва камера олдида ўзларини зўрға кулгидан тийиб тургани ҳақида даъволар айтилган.

Булар ҳар бири миллионлаб марта кўрилган иккита мисол, холос. Улар Исроил-Ғазо уруши вақтида ижтимоий тармоқлардаги бўлинишни акс эттиради. Улар урушдаги зўравонлик ва азобларни гўё сохтадек кўрсатади ва буни онлайн баҳсларда олд планга олиб чиқади.

Ротем Матиас (ўртада ўнгда) ўз ота-онасининг ўлдирилиши ҳақида гапириши ортидан актёрликда айбланди.

Сурат манбаси, ABC News

Сурат тагсўзи, Ротем Матиас (ўртада ўнгда) ўз ота-онасининг ўлдирилиши ҳақида гапириши ортидан актёрликда айбланди.

Ғазодаги одамлар азоб-уқубатларини инкор этиш ёки камайтириш учун "Фалливуд" атамаси пайдо бўлди (Фаластин ва Голливуд бирикмаси). Уларнинг иддао қилишича, Фаластинлик "инқироз актёрлари" ўзини ҳақиқий тинч аҳоли қурбонлари сифатида кўрсатиб, сохта ёки саҳналаштирилган суратларни мунтазам интернетга жойлаштирмоқда ва уларнинг мақсади жамоатчилик фикрига таъсир ўтказиш, жаҳон оммавий ахборот воситаларини алдашдир.

BBC Verify таҳлиллари кўрсатишича, сўнгги 10 йил ичида «Фалливуд» атамаси Х'да энг кўп тилга олинган.

2014, 2018 ва 2021 йилларда Исроил-Фаластин можароси авж олган пайтларда «Фалливуд» сўзи Х'да бир ой ичида 9500 ёки 13000 марта тилга олинган. 7 октябрь куни Ҳамас ҳужумидан сўнг зикрлар сони биргина ноябрь ойида 220.000 тага етган.

BBC Verify сўнгги ойларда Х, Facebook ва Instagram ижтимоий медиа платформаларида «Фалливуд» атамасини ишлатганлар орасида Исроил расмийлари, машҳурлар, Исроил ва АҚШдан бўлган машҳур блогерлар борлигини аниқлади.

Бошқа томондан, Фаластин тарафдорларида 7 октябрь куни Ҳамаснинг Исроилдаги ваҳшийликларини инкор этиш учун қўллайдиган бирор атама бўлмаса ҳам, бундай даъволар билан ёзилган постлар одатда ижтимоий тармоқларда миллионлаб марта кўрилади. Айримлар эса Ҳамас ўша куни тинч аҳолини ўлдирмаган ёки тинч аҳоли қурбонлари сони атай ошириб кўрсатиляпти деб даъво қилади. Баъзилар Ҳамас эмас, Исроил мудофаа кучларининг ўзи ўлдирган деб ёлғон даъво қилмоқда.

Яраштиришлар бўйича экспертлар, душман томон азоб-уқубатларини инкор этувчи нотўғри маълумотлар дегуманизацияни кучайтириши ва томонлар ўртасида муносабатларни тиклаш истиқболига таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирда.

BBC

"Менимча, энг катта хавф - ишонч ва ҳамдардлик йўқолишидир", дейди Ҳарриет Викерс, Тим Пэрри ва Жонатан Болл тинчлик жамғармаси дастур директори.

"Бу ҳатто ярашув учун саъй-ҳаракатлар бошлашнинг ўзини ҳам қийинлаштириб қўяди."

Унинг қўшимча қилишича, ёлғон ҳикоялар ва ғайриинсоний риторика, шунингдек, "зўравонликдан бевосита жабр кўрганлардан ташқари бошқаларга ҳам таъсир қилиши, зарар миқёсини янада ошириб юбориши мумкин".

"Инқироз актёрлари" ҳақидаги ёки зўравонликларни инкор этувчи ёлғон ҳикоялар дезинформация мутахассислари учун янгилик эмас.

Хусусан, "инқироз актёрлари", яъни маълум бир фожиани кўрсатиш учун роль ўйновчи ёки бунинг учун пул оладиган одамлар ҳақидаги гаплар фитна назариётчилари орасида илгаридан кенг тарқалган эди.

АҚШдаги Сэнди Ҳук мактабидаги отишмада ҳалок бўлган болаларнинг ота-оналари ўзларининг шахсий фожиаларини қандайдир тарзда сохталаштиргани ҳақидаги даъволар ҳам машҳур.

Сўнгги бир неча йил ичида Бучада украиналик тинч аҳоли ўлдирилиши ва Суриядаги уруш қурбонлари ҳақида шунга ўхшаш миш-мишлар тарқалди.

Аммо Ғазо уруши пайтида айтилаётган ғайриинсоний риторика ҳажми ҳаммасидан ошиб тушди.

Исроил воизи Офир Генделман жароҳатлар фейк эканини даъво қилган фильмни улашди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил воизи Офир Генделман жароҳатлар фейк эканини даъво қилган фильмни улашди.

Сўнгги йилларда Сурия ва Украинадаги урушларни ёритган Bellingcat суриштирув жамоаси асосчиси Элиот Ҳиггинснинг айтишича, Исроил ва Ғазо ўртасидаги жорий урушда дезинформациялар ҳажми "айни шу можаро учун ўзига хос".

"Мен заҳарли реакциялар ва сохта маълумотлар бир хилда интенсивлигини, уларнинг аёллар ва болаларга муносабати ва шунга ўхшаш жиҳатларни, Сурия, Украина ва бошқа кўплаб мавзуларда кўрдим - кўпроқ одам бу иш билан шуғулланмоқда", дейди у Би-би-сига.

Жаноб Ҳиггинснинг қўшимча қилишича, бу масалаларда кўпчилик қатъий фикрга эга бўлгани сабабли "уларнинг ҳисларига тегинади ва фаол тарзда ўз даъволарини тарқатади".

"Улар хабарнинг тўғрилигини текшириб ўтирмайди, шундайича ҳақиқат деб ўйлашади."

Ноябрь ойида Исроил Бош вазирининг араб дунёси бўйича сўзчиси Офир Генделман юзига сохта қон суртган актёр боланинг видеосини Х'га жойлаштирган эди.

"Ўзингиз бир қаранг, улар сохта жароҳатлар ва «ярадор» тинч аҳолини камералар олдида эвакуация қилмоқда. Фалливуд яна кўпаймоқда", деди Генделман ўчирилишидан олдин миллионлаб марта кўрилган постида.

Бу видео аслида ғазоликлар учун ишланган ва октябрь ойида интернетда эълон қилинган 45 сониялик фильмдан олинган саҳна орти кадрлари бўлган.

Режиссёр Маҳмуд Рамзий фильм ҳақидаги ёлғон даъволарни Instagram'да рад этиб чиқди. Унинг Би-би-сига айтишича, ана шу ёлғон ахборот сабаб бўлиб, фильм томошабинлари сони ортиб кетган.

Би-би-си изоҳ сўраш учун Генделманга мурожаат қилди, аммо у жавоб бермади.

Бошқалар эса онлайн дезинформацион урушлар марказида қолган одамлар тақдиридан хавотирда. Ротем ва унинг опа-сингиллари билан суҳбатлашган ABC мухбири Жеймс Лонгманнинг айтишича, Ротем ота-онасининг ўлими ҳақида гапираётганда у ва оператор йиғлаб юборган.

"У йиғлар эди, синглиси, биз билан бирга бўлган бобоси ҳам. Операторимиз, юк ташувчиларимиз, ҳамшираларимиз, шифокорларимиз, барчамиз йиғлаб юбордик. Демоқчиманки, ўша ерда ўтириб уни тинглаётганларнинг барчаси", деди у Би-би-сига.

"Унинг шундай деганини эшитиш, нима бўлганини тушунтирганда унинг аҳволини кузатиш фавқулодда оғир эди."

Жаноб Лонгманнинг айтишича, у интернетда болалар ҳақидаги ёлғон даъволарни кўриб ҳайратдан ёқа ушлаган ва уларни рад этиш учун Х'да пост ёзган. Унинг пости кенг тарқалди ва болалар ҳақидаги постлардан камида биттаси кейинчалик уни жойлаштирган шахс томонидан ўчирилган.

"Аммо бу Ротем оиласи аҳволини енгиллаштирмайди", дейди жаноб Лонгман.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002