Ғазо аҳлига овқат етказаётган хайриянинг етти хорижлик ходими ўлдирилди

Австралиялик Лалзавми "Зоми" Франком ўтган ҳафта WCK видеосида чиққанди.

Сурат манбаси, WORLD CENTRAL KITCHEN

Сурат тагсўзи, Австралиялик Лалзавми "Зоми" Франком ўтган ҳафта WCK видеосида чиққанди.
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Халқаро хайрия ташкилоти - World Central Kitchen (WCK) (Жаҳон Марказий Ошхонаси) Исроил ҳаво ҳужумида етти ходими ўлиши ортидан Ғазодаги амалиётларини тўхтатмоқда.

Хайрияга кўра, ҳалок бўлганлар душанба куни Ғазо марказидаги омборхонадан чиққан озиқ-овқат карвонида бўлишган.

Исроил мудофаа кучлари ҳодисани "тубдан тергов" қилаётганини айтди. Ғазонинг Ҳамас томонидан юритилувчи матбуот хизмати ходимлар ўлимида Исроилни айблади.

WCK Ғазо аҳолиси учун ўта зарур бўлган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни етказиб бераётган энг асосий ташкилотлардан бири.

У "ўз амалиётимизнинг келажаги ҳақида яқин орада қарор қабул қиламиз", деди.

Хайрияга кўра, маҳсулотлар карвони Дейр ал-Балаҳ омборидан чиқаётганида ҳужумга учраган.

Суратда WCK ходимлари Туркиядаги зилзила ортидан озиқ-овқат тарқатишмоқда.

Сурат манбаси, World Central Kitchen

Сурат тагсўзи, Суратда WCK ходимлари Туркиядаги зилзила ортидан озиқ-овқат тарқатишмоқда.

"У ерга жамоамиз Ғазога денгиз йўли билан олиб келинган 100 тоннадан ошиқ инсонпарварлик озиқ-овқат ёрдамини туширганди", деди WCK.

Карвон учта машинадан ташкил топган бўлган, улардан иккитаси қуролланган эди. Би-би-си тушунишича, учта машинага ҳам ҳаводан зарба берилган.

WCK ҳужумдан олдин ўз карвони ҳаракатини Исроил армияси билан мувофиқлаштирганини айтди.

Фаластинлик шифокорнинг Би-би-сига айтишича, ходимлар WCK ёзуви туширилган ўққа қарши камзулларни кийган бўлганлар.

Фаластиннинг Қизил ярим ой жамияти "бир неча соатлик қийинчиликлар" ортидан етти жасад ҳужум майдонидан олиб чиқилганини билдирди.

"Биз бунинг тагига етамиз ва хулосамизни шаффоф тарзда улашамиз", - деди Исроил мудофаа кучлари воизи Даниел Хогари.

"WCK қиладиган иш жуда муҳим, улар инсонийликнинг олдинги тарафида", - дея қўшимча қилди у.

WCK билдиришича, ҳалок бўлганлар Австралия, Полша, Британия, Фаластин, ҳамда қўшма АҚШ-Канада паспортларига эга ходимлар эди.

АҚШ молияловчи Aid Workers Security Database рўйхатига кўра, октябрдан бери Ғазода 196 инсонпарварлик ходими нобуд бўлган.

11 март 2024

Ғазо шифокорлари: Исроил аскарлари бизни уришди ва таҳқирлашди - Видео

Носир шифохонаси ходимлари ечинтирилиб узоқ вақт ушланганлар

Би-би-си Исроил кучлари ўтган ой Ғазодаги Носир шифохонасига ҳужум қилган вақти касалхона шифокорлари, ҳамширалари ва бошқа ходимлари қўлга олингани, дўппослангани ва хизмат вазифасини бажаришга тўсқинлик қилингани ҳақида далилларни кўрди.

Биз, шунингдек, айрим қўлга олинганлар ечинтирилиб, бир неча соат стресс позицияларда ушлаб турилгани ҳақида айбловларни эшитдик. Исроил Ҳамас фойдаланганлиги ва бу ерда тутқунларни ушлаб турганига ишониб Носир шифохонасини босиб олганини айтади.

Бу урушда Исроил аскарлари Ғазодаги ечинтирилган ва тиз чўктирилган асирлар тепасида биринчи марта видеога тушмаяпти. Аммо бу одамлар - Исроил армияси Хон Юнусдаги Носир касалхонасини босиб олгандан сўнг ушланган тиббиёт ходимларидир.

Уларнинг аксари ҳамон тутқунда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Тиббиёт ходимлари бир неча ҳафта давомида Носир шифохонаси атрофида Исроил қуролли кучларининг ҳарбий илдамлашига гувоҳ бўлишди.

Хон-Юнусда жанглар шиддатли кечди - бу ерлардан бошпана излаган минглаб одамлар отишмалар остида қочишди.

Хавфсиз бўлиши керак бўлган жой, бунинг акси бўлди.

Бир эркак тиббий хизматчи касалхона ичидаги жарроҳлик хонасида деразадан отиб ташланган.

Яна бир кишига асосий киришда ўқ узишган.

Шифохона қамалда эди.

Огоҳлантиришлардан сўнг 15 февраль куни Исроил танклари касалхонани босиб олишди.

Харбийлар назоратни ўз қўлига олгач, тартибсиз манзара юзага келди.

Эвакуация қилинмай қолган беморларни тиббиёт ходимлари вайрон бўлган палаталардан олиб чиқди.

Исроил Ҳамас қуролларини, шунингдек, Исроил тутқунлари шу ерда сақлангани ҳақидаги хабарларни тасдиқловчи дориларни топганини айтди.

Исроил армиясига оид тасвирларда, касалхона беморларини ташқарида ётоқлари ва аравачаларида қўллари боғланган ҳолда кўриш мумкин эди.

Бу ерда ҳарбийлар тиббиёт ходимларини ҳам қўлга олгани акс этган.

Уларнинг 50 дан ортиғи иш жойини ташлаб чиқишга ва тиббий кийимларини ечишга мажбурланган.

Исроилнинг айтишича, улар қурол яширилган ҳолатлар учун шундай қилишган ва Носирдаги қўлга олинган 200 кишининг ичида ўзини тиббий ходим деб кўрсатган террористлар бўлган.

Доктор Амира Асули қамал давомида Носирда қолди.

Исроил бостириб киришидан олдин ўқ отилган одамларни қутқариш учун жонини хатарга қўйди.

Кейинчалик у ҳамкасблари билан содир бўлган ҳолатга гувоҳ бўлди.

"Хавф-хатарларга қарамай касалхонада мардонавор туриб берган шифокорларни ечинтирилган ва дўппосланган ҳолда кўриш бизга оғир бўлди. Уларнинг қўллари орқасига боғланган, соатлаб қуёш остида қолдирилдилар", дейди доктор Асули.

Қўли тутқунда синган доктор Аҳмад Саба ўшандан бери қўйиб юборилган оз сонли тиббиёт ходимларидан.

У соатлаб ўтиришга мажбур қилишган позияларни кўрсатади ва қийнашганини айтади.

"Улар кўзларимизни боғлаб, бизни тиз чўкишга мажбурлашди. Ерда чуқур бор эди ва бизни ўлдириб, шу ерга кўмишади деб ўйладик. Калималаримизни қайтардик, аммо бизни шунчаки қўрқитишган экан", дейди доктор Саба.

Исроил қўлга олинганларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик Исроил мудофаа кучлари буйруқларига зидлиги ва қатъиян тақиқланганини айтади. Аммо энг муҳими рейд давомида Исроилликлар билан ишлаган шифохона бошқарувчисига кўра, унинг кўплаб ходимларини қўлга олиш касалхонада дўхтирлар етишмовчилигига олиб келган.

"8 шифокор ва 15 ҳамшира 250 беморга қараш учун қолдик. Шифохонада сув ҳам электр ҳам йўқ бир ҳолатда уларга қандай ёрдам бера олганимизни тасаввур қилишингиз мумкин. Шу вақт ичида 13 бемор ва жароҳатланганлар вафот этди," дейди Носир шифохонаси раҳбари Артиф ал-Ҳоут.

Исроил армияси Носир шифохонасида аниқ мақсадли ҳаракат қилганини айтади.

Беморларни даволаш учун ва шифохона ишлаши учун жиҳозлар етказиб берганини таъкидлайди.

Аммо уруш давом этаркан, камида 46 нафар тиббиёт ходими ушлаб турилибди ёки бедарак кетган, касалхона бир неча ҳафтага ёпилди.

11 март. Қуддус: Рамазон бошланар экан, ал-Ақсо масжиди Исроил полицияси қаттиқ назоратида

Иоланде Нелл

Би-би-си, Қуддус

Бу ерда Рамазон ойида Исроил хавфсизлик кучлари ва фаластинлик намозхонлар ўртасида тез-тез тўқнашувлар бўлиб туради.
Сурат тагсўзи, Бу ерда Рамазон ойида Исроил хавфсизлик кучлари ва фаластинлик намозхонлар ўртасида тез-тез тўқнашувлар бўлиб туради.

Исломнинг муқаддас Рамазон ойида айниқса Қуддусда зўравонлик тарқалишидан қўрқувлар қайтадан пайдо бўлган, чунки ҳалигача сулҳга эришилмади.

Ҳамас кўпроқ фаластинликларни ал-Ақсо масжидига боришга чақирди.

Алоқадор мавзулар:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Исроил Ҳамасни фаластинликлар учун 11 мартда бошланадиган "Рамазон ойида минтақани алангалашга интилиш"да айблади.

Ал-Ақсо Исломдаги учинчи муқаддас зиёратгоҳ ва маҳаллий мусулмонларнинг саждагоҳидир.

Маъбад тоғи деб номланувчи яҳудийликдаги энг муқаддас жой ичидаги масжид кўпинча Исроил-Фаластин можаросининг авж олиш нуқтаси бўлиб келган.

Рамазон фаластинликлар учун душанба куни янги ойнинг кўриниши билан бошланиши керак.

Ўтган ҳафта мен борганимда ал-Ақсо ҳовлилари тинч, лекин фаластинлик намозхонларнинг фикри-ҳаёли урушда эди.

"Одамларнинг Рамазон ойини нишонлаш ва мунтазам анъаналардан баҳраманд бўлиш истаги йўқ", деди Оят исмли аёл таассуф билан. "Бу йил улар Ғазода содир бўлаётган воқеалар туфайли нишонланмайди."

40 кунлик оташкесим Рамазон ойи бошланиши билан кучга кириши мумкинлиги ҳақидаги умидлар сўнган, аммо Миср манбалари воситачилар якшанба куни Исроил билан келишувга эришиш учун Ҳамас делегацияси билан яна учрашишларини айтишган.

Шанба куни Исроил жосуслик бошлиғи америкалик ҳамкасби билан учрашиб, ўнлаб гаровга олинганларни озод қилишга уринаётганини айтди.

Шундан сўнг Исроил бош вазирлиги баёнот бериб, Ҳамас "ўз мавқеини сақлаб қолган"и ва гўё "келишувдан манфаатдор эмас"лигини айтди.

Муҳокама қилинаётган режага кўра, 7 октябр куни Хамас томонидан ўзининг ҳалокатли ҳужумларида қўлга олинган исроиллик гаровга олинганларнинг бир қисми фаластинлик асирлар эвазига қўйиб юборилиши ва БМТнинг очлик ҳақидаги огоҳлантиришлари манзарасида ёрдам кўпайиши кўзда тутилган.

"Бу Рамазон оғир кечади. Ғазодаги ватандошларимизни ўйласак, қандай қилиб кунлик рўзамизни очамиз ва овқатланамиз", - дея изоҳ берди хабарни кузатиб турган Абу Нодир ўзининг скутерида ал-Ақсони кесиб ўтар экан.
Сурат тагсўзи, "Бу Рамазон оғир кечади. Ғазодаги ватандошларимизни ўйласак, қандай қилиб кунлик рўзамизни очамиз ва овқатланамиз", - дея изоҳ берди хабарни кузатиб турган Абу Нодир ўзининг скутерида ал-Ақсони кесиб ўтар экан.

"Бу Рамазон оғир кечади. Ғазодаги ватандошларимизни ўйласак, қандай қилиб кунлик рўзамизни очамиз ва овқатланамиз", - дея изоҳ берди хабарни кузатиб турган Абу Нодир ўзининг скутерида ал-Ақсони кесиб ўтар экан.

"Биз Худодан яхши вақтларни сўраб дуо қиламиз."

Исроил полициячилари мунтазам ал-Ақсо масжиди мажмуаси атрофида юради ва ҳар бир дарвоза олдида зобитлар мавжуд бўлиб, масжидга киришни назорат қилади.

Ушбу дам олиш кунларида ал-Ақсо масжидида ҳар куни ўн минглаб намозхонлар келиши кутилар экан, минглаб полициячилар Эски шаҳарга жойлаштирилди.

1967 йилги Яқин Шарқ урушида Исроил Шарқий Қуддусни, шу жумладан Эски шаҳарнинг бу қисмини Иорданиядан тортиб олгани ва ўзига аннексия қилгани сабабли, бу жой кенгроқ Фаластин курашининг ёрқин рамзига айланган.

2000 йилда ўша пайтдаги Исроил мухолифати етакчиси Ариел Шароннинг муқаддас тепаликка ташрифи фаластинликлар "ал-Ақсо интифадаси" деб атайдиган Иккинчи Фаластин қўзғолони бошланишига туртки бўлганди.

Бу ерда, айниқса, Рамазон ойида Исроил хавфсизлик кучлари ва фаластинлик намозхонлар ўртасида тез-тез тўқнашувлар бўлиб туради.

Эски шаҳарда исроиллик миллатчиларнинг юришлари бўлганда ва Исроилнинг ўта ўнг-қанот гуруҳларининг бу ердаги узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган нозик ибодат қоидаларини ўзгартиришга чақирганларида, вазият таранглашади. Яҳудийларга бу ерга келишлари мумкин, аммо ибодат қилишларига рухсат йўқ.

BBC

2021 йилнинг май ойида Қуддусда кескинлик кучайиб, ал-Ақсода зўравонликлар авж олди. Шундан сўнг Хамас Қуддусга ракета отди ва бу Ғазода қисқа урушга, ҳамда яҳудий ва араб исроилликлар ўртасида катта тартибсизликка олиб келди.

Ўтган йили Рамазон ойи яҳудийларнинг Фисиҳ байрамига тўғри келганида, яҳудий экстремистлари Ибодатхона тоғида эчкини қурбон қилиш маросимини ўтказишни режалаштиргани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бунинг олдини олиш учун, Исроил полициясига ишонмай, юзлаб мусулмонлар ал-Ақсода ўзларини тўсиқлар билан ўраб олганларида уларга қарши шовқинли гранаталар ишлатилди.

Бу йил Рамазон ойи яҳудийларнинг бирон бир йирик байрамига тўғри келмайди.

Бу Рамазоннинг қандай ўтиши кўп жиҳатдан Ғазодаги воқеаларга, шунингдек, Исроил томонидан қўйилган чекловларга боғлиқ.

Ўта ўнгчи Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир исроиллик мусулмон фуқароларнинг ал-Ақсога киришига қаттиқ чекловлар қўйишга чақириб, бу исроилликларни Ғазода асирликда ушлаб турган Ҳамаснинг "ғалабани нишонлаши"ни тўхтатишни англатишини айтди.

Бироқ, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу бу режани рад этди.

Муқаддас жойга қанча одам киришига рухсат берилиши ҳозирча аниқ эмас.

Якшанба куни Исроил ибодат қилувчиларга "аввалги йиллардаги каби" Маъбад тоғига киришга рухсат берилишини айтди.

У "бу ойда ва ҳар ойда хавфсиз ва тўғри намоз ўқишга рухсат" берилишини айтди ва одамларни ёлғон миш-мишларга қулоқ солмасликка чақирилди.

Ғазо уруши пайтида Исроил Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларнинг Қуддусга киришига катта даражада тўсиқ қўйган. Одатда, бу муқаддас ойда жума намозига қатнашиш учун Исроил ҳарбий назорат пунктларидан катта оломон ўтади.

Исроил ҳукумати матбуот котиби Эйлон Леви ибодат эркинлигини ҳимоя қилиш учун тўғри қарорлар қабул қилинишини таъкидлади.

"Рамазон кўпинча экстремистик элементлар зўравонликни қўзғатишга ҳаракат қиладиган воқеадир. Биз буни олдини олишга ҳаракат қилмоқдамиз", деди у Би-Би-Cига.

"Биз аввалги йилларда бўлгани каби ибодат қилиш учун Маъбад тоғига киришни осонлаштиришда давом этамиз, бу бизнинг сиёсатимиз эканлигини таъкидлаймиз, ва, албатта, тинчликни бузишга қарор қилган ҳар қандай одамга қарши ҳаракат қиламиз."

Олтин билан ишланган Қоя гумбази ёнида мен масжид ал-Ақсо ёки Ҳарам аш-Шарифни бошқарадиган Исломий Вақф кенгаши аъзоси доктор Имом Мустафо Абу Свайни учратдим.

"Бир неча йил олдин Исроил деярли барча хоҳловчиларга Ғарбий Соҳилдан келишга рухсат берганди, унда бирорта ҳам тартибсизлик содир бўлмаганди", деди олим.

"Одамлар ибодат қилиш учун келишади. Улар тинчликни бузиш учун келишмайди. Агар Исроил полицияси ва хавфсизлик кучлари уларни тинч қўйса, ҳаммаси яхши бўлади, деган умиддаман".

Қуддусда ҳаммаси қандай бўлишини бу йил бутун дунё одатдагидан ҳам кўпроқ кузатиб туради.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002