Видео: Исроил Ҳамасни йўқ қилмагунча тўхтамоқчи эмас. Аммо уни йўқ қилиб бўладими?

БМТга кўра, жанглар сабаб ғазоликларнинг тўртдан уч қисми уйини ташлаб чиққан

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, БМТга кўра, жанглар сабаб ғазоликларнинг тўртдан уч қисми уйини ташлаб чиққан
    • Author, Далия Ҳайдар ва Натали Мерзуги
    • Role, Би-би-си Араб хизмати
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Исроилнинг Ғазодаги мақсади "Ҳамаснинг бошқарув ва ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш" эканлигини айтди. У мақсади Ҳамасни йўқ қилиш экани ҳақида кўп гапиради.

Видеолавҳани томоша қилинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Беш ойга яқин давом этган жанглар ва Ғазонинг Ҳамас бошқариладиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 30 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлганидан сўнг, Исроил сезиларли муваффақиятга эришганини ва "буткул ғалаба" сари интилиши кераклигини айтди.

Аммо Ҳамас ҳарбий ташкилотликдан ҳам кўра кўпроқ, сиёсий, интеллектуал ва ижтимоий ҳаракат ҳамдир. Исроилнинг уни бутунлай йўқ қилиш мақсади қанчалик амалга ошиши мумкин?

Ҳудудда нима бўляпти?

Исроил Ҳамаснинг Ғазодаги 24 батальонидан 18 тасини йўқ қилганини ва "Ҳамаснинг Ғазо сектори шимолидаги ҳарбий базасини тугатишни якунлаганини" айтди.

Исроил Мудофаа Кучлари (ИМК) маълум қилишича, 7 октябрь куни Ҳамас Исроилга ҳужум бошлаганида, 1200 га яқин одам ҳалок бўлган ва 250 га яқин киши гаровга олинган вақтда унда 30 мингга яқин жангари бўлган.

Алоқадор мавзулар:

ИМК 13 000 жангарини ўлдирганини даъво қилмоқда ва Нетаняҳу февраль ойи бошида "Исроил кучлари 20 000 дан ортиқ террорчини ўлдиргани, яралагани ёки асирга олгани", яъни Ҳамас жанговар кучларининг ярмидан кўпини айтган эди. Би-би-си бу рақамларни тасдиқлай олмайди ва ИМК бу рақамларни қаердан олгани ҳақидаги сўровларга жавоб бермади. Исроил ва Ғазодаги рақамлар аниқ қарама-қаршидир, чунки Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ғазода ўлганларнинг атиги 9,000 га яқини эркаклар, шу жумладан, тинч аҳолидир.

Ҳамаснинг сиёсий идораси Би-би-сига Исроилнинг даъволарини рад этишини ва унинг ҳарбий қаноти Ғазонинг "барча ҳудудларида" "бор куч билан" ҳаракат қилишда давом этишини айтди. Айни пайтда, Исроилнинг "Haaretz" газетаси хабарига кўра, Ҳамас ўз батальонларни қайта тиклашга киришган.

Jane's Defense Weekly газетасининг Яқин Шарқ бўйича муҳаррири Жереми Бинни айтишича, Ҳамас "янги жангчиларни жуда осон ёллаши мумкин, шунинг учун бу биз кўриб чиқаётган энг муҳим кўрсаткич эмас".

iqtibos

Исроилдаги Рейхман университети қошидаги Халқаро терроризмга қарши кураш институтидан истеъфодаги исроиллик полковник Мири Эйсиннинг айтишича, Исроил қўшинлари "қўмондонларни ўлдирган", "қурол омборлари"ни топиб, "ер ости террор тизимини портлатмоқда".

Аммо жаноб Биннининг айтишича, туннеллар тизими "аввал ҳисобланганидан анча катта" ва исроилликлар уни йўқ қилиш учун "узоқ йўл босиб ўтишлари керак", бу ерда гаровга олинганларга зарар етишидан хавотир тўсқинлик қилмоқда.

Унинг айтишича, Ғазо шимолида Исроил "тўлиқ йўқ қилишдан кўра, давомли бостиришни" кўзлаётгандек таассурот уйғотмоқда.

Халқаро ҳуқуқни бузганликда айбланаётганига ва Халқаро суд геноцид айбловларини кўриб чиқаётганига қарамай, Нетаняху Исроил ўз йўлида давом этиши ва қолган Ҳамас батальонлари билан курашиши кераклигини таъкидламоқда.

Мафкурани йўқ қила оласизми?

Ғарбнинг аксарият давлати Ҳамасни террорчи гуруҳ деб ҳисоблайди. Кўпчилик унинг раҳбарлари ҳамон Исроилни йўқ қилишга чақираётганини бунга асос сифатида кўрсатади, аммо араб дунёсининг айрим қисмларида унга қаршилик ҳаракати сифатида қарайдилар. Ҳамас 2006 йилги сайловларда ғалаба қозониб, рақиби Фатҳ партиясини зўравонлик билан ағдариб ташлаганидан кейин 2007 йилдан бери Ғазо секторини ўзи бошқариб келмоқда.

Ўшандан бери Ғазо сектори Исроил ва Миср томонидан блокада қилинган - ҳар икки давлат буни хавфсизлик нуқтаи назаридан деб айтади.

Сўнгги йигирма йил ичида Фаластин гуруҳлари Ғазо секторидан Исроилга минглаб ракеталарни отди, баъзан булар ишғол қилинган Ғарбий Соҳил ёки Шарқий Қуддусда Исроил кучлари иштирокидаги зўравонлик ва можароларга жавобан уюштирилган.

Ҳамас Ғазони 2007 йилдан бери бошқаради - ушбу сурат бошқарувнинг 20 йиллиги муносабати билан ташкил қилинган тадбирдан олинган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳамас Ғазони 2007 йилдан бери бошқаради - ушбу сурат бошқарувнинг 20 йиллиги муносабати билан ташкил қилинган тадбирдан олинган

"Бу шунчаки ҳарбий ҳаракат эмас ва бу шунчаки сиёсий ҳаракат ҳам эмас, балки мафкурадир", дейди Хью Ловатт, Европа ташқи алоқалар кенгашининг Яқин Шарқ бўйича катта мутахассиси.

"Бу мафкура, айниқса, Исроил қуролли кучлари йўқ қилолмайди", дейди у.

Гуруҳнинг Исроилга қуролли қаршилик кўрсатишни қўллаб-қувватлаши "айниқса, ҳозирги шароитда фаластинликлар ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эришиш учун сиёсий майдон йўқлигини ҳис қилаётган ҳозирги шароитда кучаймоқда", дейди у.

Ғарбий Соҳилдаги Араб Америка университетининг халқаро алоқалар бўйича ўқитувчиси доктор Амжад Абу Ал-Аззнинг айтишича, кўплаб фаластинликлар "келажакни кўрмагани учун" Ҳамасни қўллаб-қувватлайди.

Бош вазир Нетаняху фаолиятининг катта қисмида Фаластин давлати яратилишига қарши эди. У бу позициясини хавфсизлик хавотирлари билан изоҳлайди, шунингдек, Ҳамаснинг Исроилни тан олмаслигини тилга олади. Бироқ унинг Ликуд партияси ва унинг ўта ўнгчи ҳукумат иттифоқчиларининг кўпчилиги Ғарбий Соҳил ва Ғазо Исроилга тегишлидир деб ҳисоблайди.

Ўтган йили Исроил ҳукумати Ғарбий Соҳилдаги яҳудий аҳоли пунктларида рекорд миқдордаги уйлар қурилишини маъқуллади, дея хабар беради Исроилнинг "Peace Now" гуруҳи.

2023 йил охирида Ғарбий Соҳил ва Ғазода ўтказилган сўровларга кўра, фаластинликлар орасида Ҳамасга дастак ошиб боряпти.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, 2023 йил охирида Ғарбий Соҳил ва Ғазода ўтказилган сўровларга кўра, фаластинликлар орасида Ҳамасга дастак ошиб боряпти.

2023 йилда Ғарбий Соҳилда Исроил қўшинлари ва исроиллик кўчманчилар томонидан камида 507 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, улардан камида 81 нафари болалар, бу БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси 2005 йилда қурбонларни қайд эта бошлаганидан бери фаластинликлар учун энг ҳалокатли йил бўлди.

БМТ, шунингдек, Ғарбий Соҳилдан фаластинликлар ҳужумларида 36 нафар исроиллик ҳалок бўлганини қайд этди.

Ғарбий Соҳилнинг айрим қисмларини бошқарадиган Фатҳ етакчилик қиладиган Фаластин маъмуриятидан (ФМ) ҳам чуқур норозилик бор. Кўплаб фаластинликлар ФМни бузуқ ва заиф деб билади.

7 октябрдан олдин Ғазода қамал остида яшаган фаластинликлар ўзларини "катта қамоқхонада" яшаётгандек ҳис қилишган, дейди доктор Абу Ал-Азз ва Ғарбий Соҳил аҳолиси яҳудий кўчманчилар зўравонлиги, ерларнинг тортиб олиниши ва ишсизликдан ғазабланганини қўшимча қилади.

Унинг таъкидлашича, Фаластин жамиятида ёшлар улуши юқори ва тинчлик жараёни йўқ экан, бошқа партиялар "фаластинлик ёшларга ҳеч нарса таклиф қила олмайди".

"Босқин бор экан, ваҳшийликлар бор экан, қотилликлар бор экан, албатта, кўп одамлар умид излагани учун Ҳамасга эргашади", дейди у.

Исроилнинг айтишича, Ҳамас 7 октябр куни 253 нафар исроиллик ва хорижликни ўғирлаб кетган. Улардан 130 нафарининг тақдири номаълум.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроилнинг айтишича, Ҳамас 7 октябр куни 253 нафар исроиллик ва хорижликни ўғирлаб кетган. Улардан 130 нафарининг тақдири номаълум.

Ҳамасни қўллаб-қувватлашга нима бўлди?

Ғазо секторидаги фаластинликлар 7 октябрь воқеаларидан кейин тўлаётган улкан товонга қарамай, 2023 йил охирида ўтказилган сўров фаластинликлар орасида Ҳамасни қўллаб-қувватлаш кучайганини кўрсатди.

Ғарбий Соҳилда 750 фаластинлик ва Ғазо секторида 481 фаластинлик ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, Ғарбий Соҳилда Ҳамасни қўллаб-қувватлаш сентябрда 12 фоиздан декабрда 42 фоизга етган.

Сўровни ўтказган Ғарбий Соҳилда жойлашган Фаластин Сиёсат ва Тадқиқот Марказидан доктор Халил Шикакининг айтишича, одатда, жанглар пайтида Ҳамасни қўллаб-қувватлаш кескин ошарди, бироқ бу галги ўсиш «драматик» бўлган.

Унинг қайд этишича, ноябрь ойида Ҳамас ва Исроил ўртасида оташкесин вақтида сўров ўтказилганда, фаластинлик аёллар ва болалар Исроил қамоқхоналаридан озод қилинаётган эди.

Бу баъзиларнинг Ҳамаснинг зўравонликлари "жуда самарали" деб қарашига сабаб бўлди, дейди у.

Доктор Шикакининг қўшимча қилишича, кўчманчиларнинг ҳужумлари ва ФМнинг урушга муносабатидан умидсизлик ҳам Ҳамасни қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшган.

Бироқ, Ғазо секторида вазият бошқача эди, у ерда Ҳамасни қўллаб-қувватловчилар сони бироз ўсди - 38% дан 42% гача.

Ғазо секторида камроқ одамлар Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумларни амалга ошириши тўғрилигига ишонди - 57%, Ғарбий Соҳилда эса бу 82%.

"Очиғи, Ҳамаснинг бу урушга оид қарорлари оқибатларини ўз таналарида ҳис қилганлар Ҳамасни кўпроқ танқид қилишган", дейди доктор Шикаки.

Ғазо секторидан февраль ойи бошигача хабар берган Би-би-си журналистлари сўнгги ойларда Ҳамасдан норозилик ва умидсизлик кучайиб бораётганини қайд этди.

Улар билан суҳбатлашган баъзи ғазоликлар Ҳамасга қарши ғазабга сабаб сифатида яқинларининг ўлими, Исроил кучлари томонидан уйларнинг вайрон бўлганини ва очликни кўрсатмоқда.

Улар, шунингдек, ғазоликларни кўпинча Ҳамасни оммавий танқид қилишдан қўрқиши ҳақида хабар беришади.

Янги авлод жангчилари?

Доктор Абу Эл-Эззнинг фикрича, Ғазодаги кўплаб ёшлар ҳозир "Исроил ва ишғолга нисбатан нафратга тўла".

"Ўйлайманки, кейинги авлодлар қасос олиш учун бу жангари гуруҳларга қўшилади, чунки улар оилалари, болалари, оналари ва ўғиллари... ака-ука ва опа-сингилларидан айрилди", дейди у.

Аммо полковник Эйсиннинг айтишича, Ҳамасни қўллаб-қувватлаш кучайиши ҳақидаги хавотирлар ҳарбий мақсадларга путур етказмаслиги керак.

7 октябрдаги "ғайриодатий, даҳшатли, шафқатсиз" ҳужумларни қайд этиб, у шундай дейди: "Улар аллақачон радикаллашган эди. Бу маънода бизнинг жавобимиз, аввало, уларнинг имкониятларни йўқ қилишдир. Бу мафкурани барибир аввалгидан баттарлаштирмайди", дея қўшимча қилади у.

Аммо, дейди доктор Шикаки: "Агар тинчлик ўрнатилса, катта уруш ёшларни қурол олишга муқаррар сабаб бўлади деб бўлмайди".

"Эртага нима бўлади?"

Нетаняҳу урушдан кейинги режани баён қилди, унга кўра, Исроил "демилитаризация қилинган" Ғазода хавфсизликни чексиз муддатга назорат қилади, бу ҳудудни Исроилга душман бўлган гуруҳлар билан алоқаси бўлмаган фаластинликлар бошқаради.

Урушнинг тинч аҳолига таъсири ортидан Исроил қаттиқ танқидлар остида қолди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Урушнинг тинч аҳолига таъсири ортидан Исроил қаттиқ танқидлар остида қолди

Полковник Эйсиннинг айтишича, Ҳамас "ҳар доим ниманидир кўрсатишга интилади", лекин Исроил "уларнинг кўпчилигини - уларнинг таҳдидини" йўқ қилиши мумкинлигини ҳам билади.

"Агар кимдир ҳақиқатан ҳам Ҳамасни четга суришни ва кучсизлантиришни истаса, бунинг ягона йўли ҳаётий сиёсий йўл очишдир", дейди жаноб Ловатт.

Аммо икки давлат ечимига олиб борадиган йўл истиқболлари ҳалигача қоронғи.

Нетаняҳу яқинда Х'да "Иордания ғарбидаги барча ҳудудда Исроил хавфсизлигини тўлиқ назорат қилиш борасида муросага қилинмайди ва бу Фаластин давлати яратилишини истисно қилади" деди.

Бу Исроил-Фаластин можаросини "фаластин давлатини яратиш орқали ҳал этиш мумкин" деб айтаётган АҚШ позициясига очиқ зиддир.

Байден маъмурияти Исроил Ғазони чексиз ишғол қилишни давом эттирмаслиги кераклигини таъкидлади. Аҳвол ўзгармаса, келажакда зўравонлик кучайиши хавфи мавжуд.

"Мен исроилликлар учун ғалаба кунини кўрмаяпман, - дейди жаноб Бинней. - Улар Ҳамасни сезиларли даражада заифлаштириши мумкин, аммо асосий савол шуки, Ҳамас қайта кучаймаслиги учун нима қилинади?"

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002