23 йилдан сўнг: "11 сентябрь" ҳужуми ташкилотчиси ўз айбига иқрор бўлиши кутилмоқда. У ким ўзи?

9/11

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 4 дақ

2001 йил 11 сентябрь сешанба куни худкуш ҳужумчилар АҚШнинг йўловчи самолётларини эгаллаб олиб, уларни Нью-Йоркдаги иккита осмонўпар бинога урди ва минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлди.

Ўша куни содир бўлган воқеалар бутун дунё бўйлаб чуқур оқибатларга олиб келди.

Орадан йигирма уч йил ўтгач, Холид Шайх Муҳаммад ва яна икки киши "11 сентябрь" деб номланувчи ҳужумни режалаштирганликда айбланиб, ҳарбий судда ўз айбига иқрор бўлиши кутилмоқда.

Ҳужум мақсадлари нималар эди?

АҚШнинг шарқий қисмида парвоз қилаётган тўртта самолёт бир вақтнинг ўзида кичик гуруҳлар томонидан ўғирланди.

Кейин улар Нью-Йорк ва Вашингтондаги муҳим биноларга қарши улкан бошқариладиган ракеталар сифатида ишлатилди.

Икки самолёт Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг эгизак минораларига урилди, иккинчи зарба биринчисидан 17 дақиқа ўтгач содир бўлди.

Биноларга ўт кетди, юқори қаватларда одамлар қолиб кетди ва шаҳарни тутун қоплади. Икки соатдан камроқ вақт ичида иккала 110 қаватли минора ҳам улкан чанг булутлари ичида қулаб тушди.

9/11

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ню-йоркликлар эгизак бинолар қулашидан қочмоқда.

Учинчи самолёт Пентагоннинг ғарбий қисмини – АҚШ ҳарбий кучларининг пойтахт Вашингтон яқинидаги улкан штаб-квартирасини вайрон қилди.

Тўртинчи самолёт йўловчилар қаршилик кўрсатгандан сўнг Пенсилваниядаги далага қулаб тушган. Тахминларга кўра, босқинчилар Вашингтоннинг Капитолий биносига ҳужум қилмоқчи бўлишган.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

11 сентябрь ҳужумларида қанча одам ҳалок бўлди?

Жами 2977 киши (19 нафар ҳужумчини ҳисобга олмаганда) ҳаётдан кўз юмди, уларнинг аксарияти Нью-Йоркда.

• Тўртта самолётдаги барча 246 йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлди

• Эгизак минораларда 2606 киши вафот этди – воқеа пайтида ёки кейинчалик олган жароҳатлар туфайли

• Пентагонда 125 киши ҳалок бўлди

Қурбонларнинг энг кичиги икки ёшли Кристин Ли Хансон, энг каттаси эса 82 ёшли Роберт Нортон бўлиб, улар самолёт йўловчилари эди.

Биринчи самолёт урилганда, минораларда тахминан 17400 киши бўлган. Шимолий минорадаги зарба зонасидан юқорида ҳеч ким омон қолмади, аммо Жанубий минорадаги зарба зонасидан юқоридаги қаватлардан 18 киши қочиб қутулишга муваффақ бўлган.

Қурбонлар орасида 77 та турли давлат фуқаролари бор эди. Нью-Йорк шаҳри 441 нафар биринчи ёрдам кўрсатувчи ходимини йўқотди.

Минглаб одамлар жароҳатланди ёки кейинчалик ҳужумлар билан боғлиқ касалликларни бошдан кечирди, жумладан, заҳарли қолдиқлар орасида ишлаган ўт ўчирувчилар ҳам.

9/11

Сурат манбаси, Getty Images

11 сентябрь ҳужумчиларини кимлар эди?

"Ал-Қоида" номи билан танилган исломий экстремистик тармоқ ҳужумларни Афғонистондан туриб режалаштирган.

Усома бин Ладен бошчилигидаги ал-Қоида АҚШ ва унинг иттифоқчиларини мусулмон дунёсидаги фалокатларда айблади.

Беш кишидан иборат учта гуруҳ ва тўрт кишидан иборат битта гуруҳ – жами ўн тўққиз киши эди (Пенсилванияда ҳалокатга учраган самолётда) бўлиб самолётларни олиб қочишни амалга оширди.

Ҳар бир гуруҳга учувчилик таълимини олганлар киритилган эди. Бу таълим АҚШнинг ўзидаги учувчилик мактабларида олинган.

Ўн беш қотил бин Ладен каби саудиялик эди. Иккитаси Бирлашган Араб Амирликларидан, биттаси Мисрдан ва яна бири Ливандан эди.

АҚШ 11 сентябрь воқеалари учун қандай жавоб қайтарди?

9/11

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўша вақтдаги президент Жорж Бушга эгизак биноларга қилинган ҳужум ҳақида хабар берилмоқда.

Ҳужумлардан бир ой ўтар-ўтмас, президент Жорж Буш халқаро коалиция томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда Ал-Қоидани йўқ қилиш ва бин Ладенни қўлга олиш мақсадида Афғонистонга бостириб кирди.

Бироқ АҚШ қўшинлари бин Ладенни фақат 2011 йилда қўшни Покистонда топиб ўлдирди.

11 сентябрь ҳужумлари ташкилотчиси деб тахмин қилинаётган Холид Шайх Муҳаммад 2003 йилда Покистонда ҳибсга олинган.

"Ал-Қоида" ҳали ҳам мавжуд. У Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африкада энг кучли, аммо ҳозир ҳам Афғонистон ичида аъзоларга эга.

АҚШ қўшинлари деярли 20 йилдан сўнг, 2022 йилда Афғонистонни тарк этди, бу эса кўпчиликда исломий тармоқнинг яна қайтиб келиши мумкинлигидан хавотир уйғотди.

Холид Шайх Муҳаммад ким?

Прокурорлар уни 11 сентябрь воқеалари бош режачиси деб ҳисоблайдилар. У ўғирланган самолётлар ғоясини Бин Ладенга тақдим этган ва кейинчалик учувчиларни ёллашга кўмаклашган.

У Қувайтда туғилган бўлиб, АҚШда муҳандислик бўйича таҳсил олган, сўнгра 1980 йилларда Афғонистонда жанг қилган.

Ҳатто 11 сентябрь воқеаларидан олдин ҳам ФҚБ унинг изидан тушган, чунки улар уни бошқа портлашлар ва бартараф этилган ҳужумлар ортида турган деб ҳисоблашган.

9/11

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 11 сентябрь ҳужуми қурбонларининг суратлари тўплами Нью-Йоркдаги хотира музейида.

2006 йилда, қўлга олинганидан уч йил ўтгач, у Кубадаги Гуантанамо кўрфазидаги АҚШ ҳарбий-денгиз базасига юборилди ва ўшандан бери у ерда сақланмоқда.

Ўша даврда уни судга тортилмаганининг асосий сабабларидан бири, унга нисбатан қўлланилган шафқатсиз сўроқ усуллари айблов тарафининг ишини барбод қилиши мумкинлигидан қўрқиш эди.

Ҳозирда у ва у ерда сақланаётган яна икки киши айбномада кўрсатилган 2976 кишини ўлдиришда айбдорлигини тан олишга рози бўлишди. Бунинг эвазига уларга ўлим жазоси тайинланмайди.

Бошқа икки киши – Валид Муҳаммад Солиҳ Муборак Бин Аттош ва Мустафо Аҳмад Адам ал-Ҳавсавийдир.

11 сентябрда ҳалок бўлганларнинг баъзи қариндошлари бу келишувдан ғоят норози бўлиб, уни жиноятчиларнинг ғалабаси деб баҳолашмоқда.

11 сентябрь воқеаларининг қандай оқибатлари бўлди?

11 сентябрь ҳужумларидан кейинги йилларда бутун дунё бўйлаб парвозлар хавфсизлиги кучайтирилди.

АҚШда аэропортлар ва самолётларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Транспорт хавфсизлиги бошқармаси ташкил этилди.

"Ground Zero" – қулаб тушган эгизак миноралар жойлашган ҳудудни тозалаш учун саккиз ойдан ортиқ вақт сарфланди.

Ҳозирда бу ерда хотира мажмуаси ва музей барпо этилган, бинолар эса янги лойиҳа асосида қайта қурилган.

Марказий иншоот – One World Trade Center ёки "Озодлик минораси" баландлиги 541 метр бўлиб, қулаган аввалги Шимолий минорадан ҳам баландроқдир.

Пентагондаги қайта қуриш ишлари бир йилдан камроқ вақтни олди, ходимлар 2002 йил августга келиб ўз иш жойларига қайтишди.