11 сентябрда нима бўлган эди? АҚШ ва Афғонистон уруши Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Патрик Жексон
- Role, BBC News
2001 йил 11 сентябрида сешанба куни худкуш ҳужумчилар АҚШ йўловчи самолётларини қўлга олиб, уларни Нью-Йоркнинг икки осмонўпар биносига олиб бориб урган, минглаб одам ўлимига сабаб бўлганди. Ҳужум нафақат америкаликлар, балки бутун дунё учун асрнинг энг жароҳатли ҳодисаси бўлган эди.
Нишонлар нималар эди?
Шарқий АҚШ узра парвоз қилаётган тўртта самолёт кичик гуруҳ террорчилар томонидан бир вақтда қўлга олинганди.
Бу самолётлардан улкан, бошқарилувчи ракета сифатида фойдаланилиб, Нью Йорк ва Вашингтондаги эътиборли биноларга ҳужум қилинди.
Икки самолёт Нью-Йоркдаги Жаҳон Савдо Марказининг эгизак биноларига бориб урилди.
Биринчиси маҳаллий вақт билан 08:46 да шимолий бинога, иккинчиси эса 09:03 да жанубий бинога урилди.
Биноларга ўт кетди, юқори қаватлардаги қамалиб қолди, шаҳарни қора тутун қоплади.
Икки соатга бормай 110 қаватли бу минора бинолар улкан чанг булути ичида пастга чўкди.
09:37 да учинчи самолёт мамлакат пойтахти Вашингтон биқинидаги АҚШ армияси маркази - Пентагоннинг ғарбий қисмини вайрон қилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Тўртинчи самолёт эса йўловчиларнинг қаршилик кўрсатишлари сабабли Пенсильваниядаги далага қулади.
Бу учоқ Вашингтондаги Капитолий биносига бориб урилиши режалангани тахмин қилинади.
Қанча одам ўлган?
Умумий ҳисобда 2977 нафар одам (19 та террорчини ҳисобга олмаганда) ўлди, уларнинг аксариси Нью-Йоркда эди.
- 246 йўловчи ва тўртта учоқ экипажи ўлди.
- 2606 нафар одам эгизак биноларда ёки ўша ерда олган жароҳати туфайли кейинроқ ўлди.
- Пентагонда 125 нафар одам ўлди.
Энг ёш қурбон икки яшарлик Кристин Ли Ҳэнсон бўлиб, у самолётлардан бирида ота-онаси Питер ва Сью билан жон берди.
Қурбонларнинг энг ёши кексаси 82 ёшли Роберт Нортон бўлиб, турмуш ўртоғи Жаклин билан тўйга кетаётган бўлган.
Биринчи самолёт урилганда 17400 нафар одам биноларда бўлган.
Шимолий бинодаги самолёт урилган қаватдан тепада бўлган бирорта одам тирик қолмаган, аммо жанубий бинодагилар орасида 18 киши тўқнашув зонасидан тепадаги қаватлардан қочиб тушишга муваффақ бўлган.
Қурбонлар орасида 77 та давлат фуқароси бўлган. Нью-Йорк шаҳри 441 тез ёрдамчисини йўқотди.
Минглаб одамлар жароҳатланган ёки ҳужум билан боғлиқ касаллик орттириб олган. Айниқса, заҳарли чанг ичида ишлаган ўт ўчирувчилар жиддий зарарланган.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳужумчилар ким эди?
Исломий экстремист тармоқ - ал-Қоида Афғонистондан туриб ҳужумларни режалаштирган.
Усома бин Лоден раҳбарлигидаги ал-Қоида АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Ислом оламидаги можароларда айбдор кўрар эди.
Учоқни олиб қочган ўн тўққиз нафар одам тўртта гуруҳ бўлган. Учта гуруҳда бештадан ва биттаси, Пенсильванияда портлаган самолётда тўртта бўлган.
Ҳар бир гуруҳда биттадан самолётни бошқара оладиган одам бўлган. Улар АҚШнинг ўзида учувчиларни тайёрлайдиган мактабларда ўқишган.
Уларнинг 15 таси Усома бин Лоден каби саудиялик бўлган. Иккитаси Бирлашган Араб Амирликлари, биттаси Миср, биттаси Ливандан бўлган.
АҚШ бунга қандай жавоб берди?
Ҳужумлардан бир ой ҳам ўтмай, Президент Жорж Буш ал-Қоидани йўқ қилиб, Бин Лоденни тутиш учун Афғонистонни ишғол қилишга буйруқ берди. Ишғол халқаро коалиция кўмагида амалга оширилди.
Шунга қарамай, 2011 йилга келибгина АҚШ Бин Лоденни Покистондаги яширинган жойини аниқлаб йўқ қилишга муваффақ бўлди.
11 сентябрь ҳужумларини режалаганликда гумонланган Холид Шайх Муҳаммад 2003 йили Покистонда қўлга олинди.
У АҚШнинг Гуантанамодаги ҳибсхонасида ҳозиргача сақланмоқда, судини кутиб ётибди.
Ал-Қоида ҳамон мавжуд. У Африкада айниқса кучли, Афғонистонда ҳам аъзолари бор.
Орадан 20 йил ўтиб, АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этмоқда, бу исломий тармоқ яна қайтишида айримлар хавотирда.

Сурат манбаси, Getty Images
11 сентябрь воқеалари ўзидан нима қолдирди?
Бу ҳужумлардан сўнг дунё бўйлаб парвозлар хавфсизлигини таъминлаш кучайтирилди.
АҚШда аэропортлар ва учоқлар хавфсизлигини таъминлаш учун Транспорт Хавфсизлиги Бошқармаси тузилди.
Эгизак бинолар қулаган жойни тозалашга саккиз ой кетди.
Ҳозир бу бинолар ўрнида ёдгорлик ва бошқача дизайнда қад ростлаган музей жойлашган.
Шунингдек, бу ерда 416 метрли қулаган шимолий бино дан баландроқ 541 метрли "Озодлик минораси" - Ягона Жаҳон Савдо Маркази қуриб битказилди.
Пентагон реконструкциясига эса бир йилдан оз вақт кетди, ходимлар 2002 йил августидан ўз офисларига қайтди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














