Лос-Анжелесдаги ёнғинлар қурбонлари сони 24 кишига етди, офат янада тарқалиши кутилмоқда

yong'in

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Канада ва Мексикадан ҳам ўт ўчирувчилар ёрдамга келгани хабар қилинмоқда.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Калифорниянинг фавқулодда хизматлари бу ҳафта бошида Лос-Анжелесда шамол кучайиши ҳақида огоҳлантирди, бу эса ўрмон ёнғинларининг янада тезроқ тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Энг йирик ёнғин Тинч океани соҳилидаги Палисейдес ҳудудида кузатилмоқда ҳамда Брентвуд ва Бел-Эйр — кўплаб америкалик юлдузларнинг данғиллама уйлари жойлашган ҳудудларга таҳдид солмоқда.

7 январда бошланган Лос-Анжелесдаги ёнғинлар тарихдаги энг катта вайроналардан бирини келтириб чиқарди. 180 мингга яқин киши эвакуация қилинди, тахминан 10 мингта бино ёниб кетди.

Лос-Анжелес округи патолог-анатоми якшанба куни ёнғин қурбонлари сони 24 кишига етганини маълум қилган. Қурбонларнинг16 нафари Итон ҳудудида, яна саккиз нафар эса Палисейдесда топилган.

Ёнғин натижасида бир қатор Ҳолливуд юлдузлари ўз уйларини йўқотган: жумладан, Энтони Хопкинс, Перис Хилтон, Билли Кристал ва Мел Гибсон.

Офат кўлами шу қадар йириклигидан Мексика ва Канададаги ҳамкасблари маҳаллий ўт ўчирувчиларга ёрдам бериш учун етиб келган.

Алоқадор мавзулар:

"Назоратга олинган" ёнғин

yong'in

Сурат манбаси, Kyle Grillot/Bloomberg

Сурат тагсўзи, Лос-Анжелес ёнғинлари тарихда ўхшаш характердаги энг кўламли офатга айланган.

Ҳозирда Лос-Анжелесда камида учта ёнғин давом этмоқда: Пасифик-Палисейдес ҳудудида (ёнғин кўлами 96 кв км, назоратга олинганлик даражаси 13%), Итон ҳудудида (ёнғин кўлами 57 кв км, назоратга олинганлик даражаси 27%) ва Херст ҳудудида (ёнғин кўлами 3,2 кв км, назоратга олинганлик даражаси 89%).

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Фавқулодда хизматларнинг тушунтиришича, "ёнғин назоратга олинди" дегани ёнғин тўлиқ ўчирилганини англатмайди.

Бу ёнғин тарқалиши устидан назорат ўрнатилганини англатади.

Масалан, 11% деган кўрсаткич ёнғин периметрининг фақат шу қисмида турли тўсиқлар билан қуршаб олинганини билдиради.

kosmos

Сурат манбаси, Satellite image ©2025 Maxar Technologies

Сурат тагсўзи, Ёнғин кўлами космосдан ҳам яққол кўринмоқда. Сурат 11 январь куни сунъий йўлдошдан олинган.

Бу тўсиқлар табиий (йўллар ёки дарёлар) ёки қутқарувчилар томонидан ўрнатилган бўлиши мумкин.

Ёнғин 100% назоратга олинган деб ҳисобланганда, унинг барча томонлари тўсиқлар билан қуршалгани ва у энди тарқалмаслиги англашилади.

Жума куни Лос-Анжелесда кучли шамол бироз сусайган, бу эса ўт ўчирувчиларга ёнғин билан курашда муайян муваффақиятларга эришиш имконини берган.

Аммо ўшандан буён шамол яна кучайишни бошлаган.

Синоптикларнинг прогнозларига кўра, якшанба кечасидан чоршанбагача ёнғин юз бераётган ҳудудда шамолнинг тезлиги 96 км/соатга етиши мумкин.

Бу шамол сабаб ёнғин бойлар яшайдиган Брентвуд ҳудудига тарқалиш хавфи борлиги айтилмоқда.

Брентвудда Арнолд Шварценеггер ва Риз Уизерспун каби кўплаб Ҳолливуд юлдузларининг уйлари жойлашган.

Бундан ташқари, Брентвудда Гетти кўргазма маркази жойлашган бўлиб, у ерда Рембрандт ва Ван Гогнинг бебаҳо санъат асарлари сақланади.

Ёнғин, шунингдек, 1,8 миллион одам яшайдиган зич аҳолилик Сан-Фернандо водийсига тарқалишидан ҳам хавотирлар юзага келган.

Лос-Анжелес шерифи Роберт Луна якшанба куни шаҳар аҳолисининг 105 минг нафари эвакуация қилинишини, яна 87 минг нафари эса эвакуация огоҳлантириши олиши мумкинлигини маълум қилган.

Бунгача 153 минг нафар одам зудлик билан эвакуация қилиниши кераклиги, яна 166 минг нафар одамга огоҳлантириш берилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мародёрлик хавфи

yong'in

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ёнғин оқибатида минглаб уйлар, жумладан, кўплаб Ҳолливуд юлдузларининг данғиллама ҳовлилари яксон бўлган.

Шериф Роберт Луна офат ҳудудида мародёрлик хавф юзага келгани ҳамда вазиятни назорат остида сақлаш мақсадида 1,200 нафарга яқин полициячи сафарбар этилгани ҳақида ҳам гапирган.

Улар 12 соатлик сменада ишлаётгани, йўлларни назорат қилиш, маҳаллий аҳолининг уйларини айланиб чиқиш ва эвакуацияда ёрдам бериш билан шуғулланаётгани айтилмоқда.

Полиция мародёрликда гумон қилинган 29 кишини ҳибсга олган ҳам.

Шериф Лунанинг айтишича, гумон қилинган икки киши ўзини ўт ўчирувчи сифатида кўрсатишга уринган.

Трамп келадими?

Якшанба куни Лос-Анжелес мери Карен Басс сайланган президент Доналд Трампни офат ҳудудини келиб кўришга таклиф қилган.

Трамп Лос-Анжелесдаги ёнғинларни АҚШ тарихидаги энг йирик офатлардан бири деб атаган ва шаҳар расмийларини офатга қарши чоралар кўра олмаганликда танқид қилган.

"Лос-Анжелесда ёнғинлар ҳануз давом этмоқда. Ноқобил сиёсатчилар ёнғинни қандай ўчиришни билишмайди ҳам. Минглаб гўзал уйлар яксон бўлди, ва яна кўплаб уйлар худди шу тақдирга дуч келмоқда. Ҳар жойда ўлим… Улар ҳаттоки ёнғинларни ўчира олишмайди. Нега улар бунақа ўзи?" деб ёзган Трамп ўзининг Truth Social тармоғида.

Лос-Анжелес ва Калифорния одатда демократлар учун овоз бериладиган ҳудуддир.

Кўплаб республикачилар штат губернатори, демократ Гейвин Нюсомнинг истеъфосини талаб қилиб чиққан.

Ўз навбатида, Нюсом ҳам Трампни офат ҳудудига келишни таклиф қилган.

Шунга қарамай, BBC мухбирларининг аниқлик киритишича, Трампнинг ҳудудга ташрифи ёнғинларни бартараф этиш жараёнига халақит берувчи логистик муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.