Анталиядаги ўзбекистонлик: Туркияда бунақа ёнғин бўлмаган ёки ёрдамга келган халқ - video Turkiya O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Туркиядаги ёнғинлар

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Бир ҳафтадирки Туркияда ёнғинлар тинмаётир. Бунақаси бу яқин йилларда бўлмагани айтилмоқда
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Бир ҳафтадирки Туркияда ёнғинлар тинмаётир. Бунақаси бу яқин йилларда бўлмагани айтилмоқда. Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонлик турли иш, юмуш ва таҳсилда банд саноқли давлатларидан бири бўлади. Энди Туркияда аҳвол янада оғирлашади, деган хавотирлар бор.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ёнғинлар асосан Туркиянинг дунёга машҳур курорт шаҳарлари жойлашган жанубини ўз забтига олган, аллақачон камида 8 кишининг умрига ҳам зомин бўлган.

Қарийб 100 минг гектар майдонга ўт кетган, сунъий йўлдош тасвирлари жуда катта ҳудуднинг куйиб, кулга айланганига далолат қилаётир.

Агар, туркиялик масъулларнинг кеча, душанба куни эълон қилган маълумотларига таянилса, шу пайтгача 130 дан ортиқ ёнғин жиловланган.

Аммо, уларга кўра, ёнғинлар ҳануз тинмаган, ўт ўчириш ишлари ҳам давом этмоқда.

Туркия президенти ёнғин жабрдийдаларига барча лозим ёрдам берилишини ваъда қилган.

Қарийб 100 минг гектар майдонга ўт кетган, сунъий йўлдош тасвирлари жуда катта ҳудуднинг куйиб, кулга айланганига далолат қилган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Қарийб 100 минг гектар майдонга ўт кетган, сунъий йўлдош тасвирлари жуда катта ҳудуднинг куйиб, кулга айланганига далолат қилган

Ҳалокатли ёнғинлар Туркия туризмни кучайтириш билан глобал коронавирус пандемиясидан жиддий зарар кўрган иқтисодини жонлантириш ҳаракатида бўлган бир пайтда юз берган.

Туркия дунёнинг пандемиядан энг кўп зиён чеккан ўнта давлатидан биттаси бўлади.

Мамлакатда жами коронавирусга чалинганлар сони ҳозирга келиб қарийб 6 миллионга яқинлашган.

Кўплаб ўзбекистонликлар эса, иш ва таҳсилдан ташқари, тижорат ва саёҳат учун ҳам асосан Туркияни танлашади.

Сўнгги ёнғинларда жабр кўрганлар орасида ўзбекистонликлар бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Томонларнинг бу хусусда бирор бир расмий билдиришнома билан чиқишгани ҳалича кўрилмаган.

Ёнғин хавфи остида бўлган ҳудудлардан Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилишга эҳтиёж бор-йўқлиги ҳам номаълум, бу ҳақдаги хабарлар ҳам ҳозирча кўзга ташланмайди.

Туркияда нималар бўлмоқда?

Феруза Шокирова

Сурат манбаси, facebook

Феруза Шокирова

Анталия, Туркия

"Мана, бир ҳафтадан бери телефонимда яқинларимнинг биздан хавотир олиб ёзган номалари тинмаяпти.

Анталиянинг турли ҳудудларида чиққан ўрмон ёнғинларининг кўпи сўндирилганига қарамай, ҳали ҳам назорат остига олина олмаган ёнғинлар ёйилишда давом этмоқда.

Ҳар кун янги ҳудудларда чиққан ёнғинлар ҳақида хабарлар келиб турибди.

Бу йил Анталияда ёз аномал иссиқлар билан келди. Ёнғинлар етиб келмаган шаҳар марказида иссиқ ўта кучли, рекорд даражада.

Об-ҳаво мутахассислари бу ҳафта ҳароратнинг олдин кўрилмаган даражаларга чиқишидан огоҳлантиришяпти.

Анталия Ўртаер денгизи соҳиллари бўйлаб 600 километрга яқин масофада жойлашган вилоятдир.

Туризм пойтахти сифатида билинган вилоят пляжлари билан бир қаторда соҳилгача келган тоғлари ва ям-яшил ўрмонлари билан минглаб туристларни ўзига жалб қилади.

Ўтган йил коронавирус пандемияси сабабли туризм секторида кўрилган зарар бу йил ўрмон ёнғинлари боис яна ўзини намоён этмоқда.

Туркиянинг Мармарис ва Бодрум каби курорт жойларида чиққан ёнғинлардан фарқли ўлароқ, Анталияда ёнғинлар ҳали туристлар кўп келадиган жойларгача келмаган.

Аммо, шундай бўлса ҳам, кўпгина меҳмонхоналар олдиндан келишни режалаштирган туристлардан айрилиш хавфи ила юзлашмоқдалар.

Яна шуни таъкидлаш керакки, Анталия Туркиянинг энг катта иссиқхоналари жойлашган ҳудуд.

Қиш бўйи Анталияда етиштирилган турли хил мева ва сабзавотлар бу ердан Туркиянинг ҳар бир вилоятига етказиб берилади.

Бундан ташқари, банан, апельсин, киви, манго каби тропик мевалар етиштириш ҳам Анталияда кенг йўлга қўйилган.

Кўпгина иссиқхоналар ва фермалар ёнғинлардан талафот кўрмоқда.

Нафақат деҳқончилик, чорвачилик ҳам катта зарарларга учрамоқда.

Хозирча ёнғинлар бозорлардаги нархларга унчалик таъсир қилмади, лекин яқин келажакда мева ва сабзавотлар, шунингдек, гўшт ва сут маҳсулотлари нархларида сезиларли кўтарилиш кутилмоқда.

Туркия бундай катта фалокатга ўз тарихида биринчи марта дучор бўлмоқда.

Кўплаб ёнғинлар бартараф этилганига қарамай, вазият давлатнинг бундай фалокатга тайёр эмаслигини очиқ-ойдин кўрсатди.

Авваламбор, ёнғин ўчирувчи махсус самолёт ва вертолётларнинг озлиги халқ норозилигига сабаб бўлмоқда.

Жуда кўп ҳудудларда маҳаллий халқ ўз кучи билан ёнғинга қарши курашмоқда, бирлашмоқда.

Афсуски, ҳам ўт ўчирувчилар ва ҳам ёрдамга отланган халқ орасида қурбонлар бор.

Туркия ҳукумати ўлка бўйлаб жойлашган аксар ўрмонларга кириш ва у ерларда дам олишни тақиқлаб қўйди.

Маҳаллий аҳолидан кўнгиллилар ўрмон ёнғинларида инсон факторининг олдини олиш мақсадида кеча-кундуз ўрмонлар олдида навбат кутишяпти.

Кўриб турганимиздек, халқ ҳукумат билан бир ёқадан бош чиқарган ҳолда ёнғинларга қарши қўлидан келганча курашмоқда.

Ёнғинлардан нафақат инсонлар, балки ёввойи ва чорва ҳайвонлари ҳам зарар кўрмоқда.

Ўрмон ва қишлоқларда ёнғиндан озор етган ҳайвонлар кўнгиллилар тарафидан ветеринарларга олиб борилиб, бепул даволанмоқда.

Ҳали ёнғинлар билан кураш давом этаркан, Туркия бўйлаб дарахт экиш акциялари ташкил этилмоқда.

Бундай чақириқларга энг кўп машҳур санъат вакиллари ва спортчилар хайриялари билан қўшилмоқдалар.

Ёнғин ҳақида хабарлар тарқалишни бошлаши билан Туркиянинг турли шаҳар ва қишлоқларида яшаётган аҳолидан зарарланганлар учун ёрдамлар жўнатила бошлади.

Озиқ-овқат, кийим-кечак, чақалоқ тагликлари ва сут каби эҳтиёж воситалари аллақачон етарлидан кўп йиғилгани ҳақида билдирилди.

Баъзи меҳмонхоналар уйсиз қолган жабрдийдаларга вақтинча макон беришларини эълон қилди.

Бўш уй ва дала ҳовлилари бўлган оддий инсонлар ҳам ижтимоий тармоқлар орқали кўчада қолганларга ёрдам беришлари ҳақида хабар бериб боришяпти.

Бир сўз билан айтганда, турк халқи бу сафар ҳам меҳрибонлик ва бағрикенглик ўрнагини кўрсатмоқда".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek