Тошкент: Туркиядаги зилзила жабрдийдалари орасида ҳозирча ўзбекистонликлар йўқ, Мирзиёев таъзия билдирди - видео, Turkiya, O‘zbekiston, Мирзиёев, dunyo, yangiliklar

Turkiya

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Тошкент: Туркиядаги зилзила жабрдийдалари орасида ҳозирча ўзбекистонликлар йўқ - Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиқди. Мирзиёев президент Режеп Таййип Эрдoған ва қурбонлар оилаларига расман таъзия билдирди. Жароҳатланганларнинг тез фурсатларда шифо топишини тилади:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига биноан, Тошкент вақти билан соат 19.30 ҳолатига кўра Туркиянинг ғарбий қисмида 2020 йил 30 октябрда содир бўлган кучли зилзила натижасида ҳалок бўлган ва жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган, дейилади вазирлик баёнотида.

Расман маълум қилинишича, Анқарада шаҳридаги Элчихона ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Измир вилоятининг Тезкор штаби билан доимий алоқа ўрнатган.

Вазирлик жароҳат олган ўзбекистонликлар тўғрисида маълумот аниқланганда, зарур ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилишни сўраб, телефон рақамини (тел.: +90 212-323-20-36/37) ҳам илова қилган.

Зилзила глобал коронавирус пандемияси қайта кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Туркияда ҳозирга келиб жаъми коронавирус ҳоллари жаъми 373 мингдан ортган.

Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.

Turkiya

Сурат манбаси, Getty Images

Агар, Туркия томонининг 2018 йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.

Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан мамлакатнинг уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измирни ўзлари учун афзал билишади.

Туркия дунёнинг энг сейсмик фаол ҳудудларидан бири бўлади.

Инсониятнинг бу яқин тарихидаги энг ҳалокатли зилзиларга саҳна бўлган мамлакат саналади.

Дейлик, 1999 йилда Туркиянинг ғарбий Измир шаҳрида юз берган қақшатқич зилзила 20 мингга яқин инсоннинг умрига зомин бўлган.

Ўшанда ҳақиқий рақамлар ҳатто ана шу расмийсидан ҳам анча кўп эканига оид тахминлар ҳам ўртага отилган.

Шу йил бошида эса, Туркия шарқини ҳалокатли зилзилалар ўз забтига олган.

Кучи қарийб 7 балл атрофида бўлган бу зилзила ўнлаб кишининг умрига зомин бўлган. Яна юзлабини яралаган. Кўплаб уй-жой, бинолар вайрон бўлганди.

Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Туркиядаги фуқаролари билан боғлиқ ҳар қандай нохуш ҳолат ёки муаммолар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги диққатида экани кўрилади.

Turkiya

Сурат манбаси, EPA

Ўчоғи Эгей Денгизида бўлган куч ер силкиниши Туркиянинг Измир шаҳрида 20 атрофида кўп қаватли уйларнинг қулашига сабаб бўлди.

Айни дамгача 10 дан ортиқ кишининг қурбон бўлгани ва юзлабининг жароҳат олгани айтилмоқда.

Маҳаллий вақт билан соат 14:51 бўлган зилзила ортидан айрим жойларда сув тошган. Қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

6.6 магнитуда балли зилзила ортидан ортидан измирликлар уйларидан кўчага қараб қочган.

Turkiya

Сурат манбаси, Getty Images

Измир шаҳрида яшаётган ўзбекистонлик Аброр Машарипов ҳаётида бу каби кучли ер силкинишини кўрмаганини айтади.

"Бешинча қаватда турамиз. Уйда ишлаётган эдим. Қаттиқ силкинганидан ўғлимни қучоқлаб эшикнинг тагига туриб олдик. Калима қайтардим. Умримда бу каби қаттиқ зилзилани кўрмагандим. Охирги қаватда турганимиз учун том устимизга қулайди, шу ерда ўламиз, деб қўрқдим. Кейин ҳамма кўчага чиқиб кетди. Асосий зилзиладан 2 соат ўтгандан кейин яна 3 марта қайталанганини сездик", дейди у Би-би-си Ўзбек хизматига.

Туркия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зилзила натижасида 6 кишининг ҳалок бўлгани ва 202 фуқаронинг жароҳатланганини билдирди.

Измир шаҳар ҳокими Тунч Соер айни дамгача уларда 20 та бино қулагани ҳақида ахборот келиб тушгани ва жойларда қутқарув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Turkiya

Сурат манбаси, Getty Images

Бинолар асосан Измирнинг Байроқли туманида қулагани айтилмоқда. Расмийлар қулаган биноларга қутқарувчи хизматларнинг осон етиб бориши учун бу жойлардаги фуқаролардан вақтинча автомобил ишлатмай туришликни тавсия қилган.

Президент Режеп Таййип Эрдoған мамлакатнинг барча имконияттлари билан зилзиладан жабр кўрган фуқаролар ёнида эканлигини билдирган.

Мутахассислар зилзила натижасида цунами ҳавфи сақланиб қолаётганидан огоҳлантирган.

Шаҳарнинг айрим жойларида денгиз суви тошган.

Кучли зилзила, яна шунингдек, Грециянинг Самос ороли шимолини ўз забтига олган.

Зилзила кучи Истанбул, Афина ва Критда ҳам сезилган.

Самосда девор қулаши оқибатида икки ўспирин ҳалок бўлган.

Орол бўйлаб саккиз киши жароҳат олган.

Самос портини мини-цунами босган ва бир қатор биноларга зарар етган.

Греция расмийлари зилзила кучини 6,7 баллга тенг, деб ҳисоблашган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek