Энергия учун кураш: Ўжар ва қатъий Туркия ёки ёки яна бир можаро портлаш хавфи остидами? - Turkiya, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Жонатан Маркус
- Role, Би-би-сининг Дипломатик масалалар бўйича мухбири
Энергия учун кураш: Ўжар ва қатъий Туркия ёки ёки ёки яна бир можаро хавфи... - Охирги ҳафталарда Шарқий Ўртаер денгизи ҳудудида таранглик янада кучайди. Бунинг сабаби энергия манбалари учун тортишувлар экани айтилмоқда.
Туркия газ манбаларини қидириш ишларини агрессив шаклда жадаллаштирган. Унинг қидирув- тадқиқот кемаларини Туркия Денгиз кучларининг зирҳли ҳарбий кемалари яқиндан муҳофаза қилмоқда. Улар грек кемаларига бир неча марта дуч келди. Учинчи НАТОга аъзо давлат - Франция можарога аралашиб, греклар тарафини олди.
Яқиндагина Араб Амирликларининг (БАА) оз миқдордаги F-16 ҳарбий учоқлари греклар билан ҳарбий машғулотлар учун Критдаги ҳарбий базага келгани хабар қилинди. Афтидан, бу одатий ҳарбий ҳозирликлардан бири бўлган.
Хўш, бу ерда нималар бўляпти ўзи? Муносабатлардаги таранглик газ манбалари учун холосми? Олисдаги мамлакатлар нега бу жойларга серқатнов бўлиб қолди? Шарқий Ўртаер денгизи минтақаси геополитик можаро учун чақмоқтошга айланиб қолиши эҳтимоли қанчалик?
Юз бераётган воқеалар хавфли, мураккаб ва минтақадаги оғриқли нуқталарга хавф солади.

Сурат манбаси, official
Ўжар ва қатьий Туркия
Газ қидириш ҳозирги ҳолатнинг бевосита сабаби бўлса ҳам, муаммонинг илдизи анча чуқур. Аслида Туркия ва Грециянинг эски жанжали янгича контекстда жонланаётганини кўряпмиз.
Ана шулар ҳисобига минтақавий ва гео-стратегик қарама-қаршиликлар юзага келиб, ўжар Туркия бир қанча бошқа ўйинчиларга қарши бормоқда. Бу тортишувлар денгизнинг нариги бошидаги Ливиядан тортиб, Сурияга ва ундан нарига узанади.
Зиддиятлар реал ва ўсиб бормоқда. Яна бир xавотир шундаки, давлатлар бирлашиб Анқаранинг амбицияларига қаршилик қилса, Туркия ўзини иҳоталаниб қолгандек сезади. Бу эса уни янада дангалчи ва ўжар қилади.
Шарқий Ўртаер денгизидаги зиддият минтақадаги яна бир ўзгаришни намоён қилади - АҚШнинг минтақадаги таъсири сусайган, янада аниқроғи, Трамп маъмуриятининг бу ҳудуддаги ишларга стратегик қизиқиши камайган.
Президент Трамп Туркиянинг, у русларнинг ер-ҳаво мудофаа тизимини сотиб олгач, F-35 дастуридаги иштирокини тўхтатиб қўйди. Аммо АҚШ ўзининг НАТО ичида, Сурия ва бошқа жойлардаги сиёсати учун бошоғриғи яратаётган Туркияга изчил босим қилмаяпти.
АҚШнинг ҳаракатсизлиги манзарасида Германия Греция ва Туркия ўртасида воситачилик қилишга уриняпти. Грекларга бир қадар ён босиб, Франция ҳам ўртада воситачи.
Шундай экан, келинг, зиддият нуқталарини бирма бир кўриб чиқамиз.
Энергия

Сурат манбаси, Reuters
Бир томондан буларнинг бари газ туфайли. Минтақадаги бир неча давлат ё каттагина газ конларини топган ёки фаол қидиришда. Бу эса қоришиқ бир оқибатларни келтириб чиқаради. Бошқа томондан, денгиз чегараларини белгилашдаги жанжаллар давлатлараро зиддиятларни алангалатади.
Ҳақиқатан, ҳуқуқларни белгилаб олиш учун музокараларда зиддиятлар таранглашади. Ўтган йили Туркия Ливиянинг Миллий Битишув Ҳукумати билан битим имзолади ва Греция ўзининг иқтисодий ҳудуди сановчи жойларда газ қидиришни бошлади.
Зиддият бошланди. Шу ой бошида Греция ва Миср денгиз чегаралари бўйича битим имзолади. Ва Туркиянинг асабига тегиб, газ қидириш учун кемаларни юборишни бошлади.
Қизиғи шундаки, гарчи энергия манбаси излаш муносабатларни таранглаштириб, минтақа давлатларида қуролланишни кучайтирса ҳам, газдан иқтисодий наф олиш учун биргаликда ҳаракат қилишларига тўғри келади.
Қувурлар ва бошқа нозик инфратузилмалар яратилиши керак. Агар улар Европанинг муҳим бозорларига чиқмоқчи бўлса, газ йўли бир неча давлатнинг денгиз ости "ҳудуди" орқали ўтиши керак.
Ўртаер денгизи ҳавзасида газ ишлаб чиқарувчи давлатлари учун халқаро инфраструктура яратилмоқда ва бу, ўз навбатида, зиддиятларни юмшатиб, ҳатто узоқ давом этиб келаётган Кипр муаммосига ҳам ечим таклиф қилиши мумкин.
Кипр
1974 йили Греция қўллови билан амалга оширилган Кипрдаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг Туркия ҳарбий кучлари оролни босиб олди ва Кипрда Шимолий Кипр Турк давлати қурилди. Шундан буён Туркия ва Греция ўртасида адоват сақланиб келмоқда. Бу адоват замонавий Туркия давлати пайдо бўлмасдан илгариги турк-грек муносабатларига бориб уланади.
Бир қанча дипломатик уринишларга қарамай - Туркиянинг Европа Иттифоқи аъзолигига яқинлаштирилиши Кипр муаммосини ечади, деб ишонилганди - бу муаммо ичилмайдиган бўлиб чиқди.
Ҳозир Туркиянинг ЕИга аъзо бўлиши борасида умид йўқ. Энергия манбалари жанжали эса эски адоватга янги унсур бўлиб қўшилмоқда.
"Янги усмонлилар"

Сурат манбаси, Reuters
Ҳозирги вазиятдаги бошқа бир муҳим элемент Туркиянинг баъзилар "Эски Усмоний империясининг бош кўтариши," деб таърифлаётган агрессив ташқи сиёсатидир. Президент Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг назари қаратилган жўғрофий уфқлар ҳақиқатан кенгайиб қолган.
Совуқ уруш ниҳоялаб, Туркия сиёсатида ҳассос секуларизм ўрнига исломий ранглар пайдо бўлгач, бу давлатнинг стратегик мавқеи ўзгарди.
Ҳукмрон Адолат ва Тараққиёт партияси Туркия иқтисодининг жадал ўсиши миллатнинг минтақада муҳим ўйинчи сифатида кўтарилишига ёрдам беришини тушунди. Кейинги йилларда Туркия иқтисодида оқсашлар бўлаётган эса-да, Президент Эрдоған чекинишга ишора бермаяпти.
Ҳукуматнинг "Мовий ватан" доктринаси Туркиянинг у ўзининг стратегик макони сифатида кўрадиган денгиз ҳудудида каттароқ роль ўйнашини назарда тутади.
Турклар одатда ёвуз қиёфада тасаввур қилинади, уларнинг ўзбошимчалик билан ўз манфаатлари учун курашиши дўстларини ҳам, душманларини ҳам ранжитиб келмоқда.
Аммо, айни пайтда, Туркия ўзининг муҳим миллий манфаатларига даҳл қилинди, деб ҳисоблаганда - нафақат Сурияда - ўзини Ғарбдаги НАТО иттифоқдошлари, хусусан АҚШ томонидан ташлаб қўйилгандек ҳис қилади.
Туркия Россия каби бошқа ўйинчилар, ҳатто зарур бўлса, Эрон билан ҳам ҳамкорлик қилиб, ўз йўлида давом этишга ҳаракат қилиб келяпти. У мана шу нисбатан стратегик мустақиллигидан фойдаланмоқда, Ливиядаги фуқаролар урушида Миллий Битишув Ҳукумати томонда туриб, ўзининг минтақадаги таъсирини орттирмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
Сурияда бўлгани каби минтақадаги аксар урушлар муайян даражада прокси урушга айланган - бир қанча ташқи ўйинчилар улар орқали бир-бирларига қарши сафга тизилган. Ливияда Туркияга қарши бошқа қудратли минтақавий ўйинчилар - БАА ва Миср бор.
Туркия БМТ қўллаётган Ливия ҳукуматини дастакласа, БАА ва Миср Халифа Ҳафтарнинг шарқий ҳудуд жангариларини қўллаяпти. Туркия ва БАА Ливия осмонида прокcи дрон урушини олиб боряпти. БАА Хитой етказиб берган дронлардан фойдаланса, турклар ўзларида ишлаб чиқарилган ҳарбий дронларни ишга соляпти.Туркиянинг ана шу ҳаво кучлари Ливия ҳукуматининг омон қолишида ҳал қилувчи роль ўйнади.
Ливиядаги уруш Туркия Миср муносабатларини ҳам янада совуқлаштирган. Муносабатлар Мисрда Туркия ўзига дўст кўрган Мусулмон биродарлари ҳокимиятдан ағдарилганда музлаган эди.
Ливиядаги аҳвол Туркия ва Франция ўртасидаги муносабатларга ҳам раҳна солган. Туркия ҳарбий кемалари француз ҳарбий кемаларининг Ливиядан қурол олиб кетаётгани ишонилган қайиқни тўхтатишига халақит берганига ҳам кўп бўлгани йўқ.
Турк-грек зиддиятлари асносида Франция Афинага садоқат белгиси сифатида икки ҳарбий кема ва улар билан ҳужумчи ҳарбий учоқларни юборди.
Шундай қилиб, Ўртаер денгизидаги жанжалларнинг бевосита сабаби газ бўлса ҳам, аммо у ҳикоянинг бир қисми, холос.
Бу ерда жуда чуқур ва каттариб бораётган дипломатик зиддиятлар мавжуддирки, кутилмаганда портлаши мумкин.
Агар бирор минтақага инқироз бошқаруви керак бўлса, бу шубҳасиз Шарқий Ўртаер денгизи ҳавзасидир. Аммо ким бошқарувчи бўлади? Умуман, томонларнинг ўзлари истармикан бошқарилишни?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















