Россия ва Туркия Ливияда тўқнашадими?

Ливия

Сурат манбаси, Getty Images

Ливияда 2011 йилдан буён давом этаётган фуқаролар урушида воқеаларнинг сўнгги ривожи рақиб томонларни қўллаб-қувватлаётган Туркия ва Россия энди қандай йўл тутади, деган саволни кун тартибига келтирган.

Туркия ўтган йилнинг 27 ноябрида Триполидаги БМТ томонидан тан олинган Миллий Бирдамлик Ҳукумати билан имзоланган шартнома доирасида Ливиядаги тўқнашувларнинг бир қисмига айланди.

Туркия Қуролли Кучлари ҳарбий мутахассис ва маслаҳатчилар билан дастаклаётган Миллий Бирдамлик Ҳукуматининг охирги пайтларда қўлга киритган ютуқлари Ливиянинг фуқаролар урушидаги мувозанатни ўзгартириб юбориши мумкинлиги айтилмоқда.

Россия 2018 йил охирида Кремлга яқинлиги айтиладиган "Вагнер" хусусий ҳарбий ширкати ёлланма аскарларининг Ливияга юборилиши билан ўйинга қўшилди.

БМТ ҳисоботларида "Вагнер" гуруҳининг 1200га яқин ёлланма аскарлари ва қурол-яроғлари Россияда таълим олган генерал Халифа Хафтар кучларини 2018 йилдан буён дастаклаб келиши айтилади.

Март ойидан эътиборан ҳарбий ҳаракатларнинг шиддатли тус олиши манзарасида Туркия ва Россия Ливияда юзма-юз келадими, деган саволлар пайдо бўлмоқда.

Туркия ўтган йил 27 ноябрида Миллий Бирдамлик Ҳукумати билан ҳарбий ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликка доир битим ва денгиз чегаралари тўғрисидаги меморандумни имзолаганди.

Туркия Греция ва Жанубий Кипрнинг Миср ва Исроил билан Ўрта Ер денгизи шарқидаги бой углеводород манбаларини бўлишишга доир келишувларига Ливия билан худди шундай қадамлар қўйиш орқали жавоб берган.

Ва ҳозирда ана шу келишувларни дастаклаш учун Триполидаги генерал Хафтарга қарши ҳукуматни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.

Анқара Триполидаги мувофиқлаштирувчи марказ орқали МБҲга ҳарбий трейнинг, маслаҳатчилар ва техника билан ёрдам кўрсатмоқда.

Қуролли ва қуролсиз дронлар воситасида Хафтар кучларига ҳаводан зарба берган ва мудофаа тизимларини ишдан чиқарган Миллий Бирдамлик Ҳукумати қуруқликда ҳам илгарилаб, мухолиф кучларни чекинишга мажбур қилди.

Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар 20 май куни берган баёнотида Туркия Қуролли Кучлари унсурларининг Ливиядаги фаолияти натижасида минтақада кучлар мувозанати сезиларли даражада ўзгарганини айтди.

"Турк Қуролли Кучлари ҳарбий тайёргарлик ва маслаҳатчилик хизматларини бошлаганидан буён Ливиядаги мувозанатда муҳим ўзгариш бўлди. Мамлакатнинг ҳудудий бутунлиги йўлида курашаётган Миллий Бирдамлик Ҳукуматига қарашли кучлар катта ғалабаларга эришди", деб айтган Туркия Мудофаа вазири.

МБҲ кучлари 25 мартда бошлаган "Ғазаб вулқони" амалиёти натижасида Триполи ғарбидаги стратегик аҳамиятга эга Ватиййа ҳарбий ҳаво базаси Хафтар кучларидан қайтариб олинган.

Россия қандай қаршилик кўрсатмоқда?

Россиянинг Ливиядаги сиёсати икки хил кўринишга эга.

Расман Москва Ливиядаги урушаётган томонларни 2015 йилдаги битимга мувофиқ сиёсий музокаларга чақириб келади.

Аммо норасмий шаклда "Вагнер" ширкатининг ёлланма аскарлари орқали Хафтарни дастаклайди.

Бирлашган Араб Амирликлари ҳомийлигида Россиядан қурол сотиб олаётган Хафтарнинг 2019 йилга қадар "Вагнер" аскарлари ёрдамида устунлик сақлаб келганлиги айтилади.

Май ойи бошида матбуотга сизган ҳисоботда айтилишича, "Вагнер" гуруҳи ҳам аскарлар ва ҳам снайперлари билан Ливиядаги урушнинг янада шиддатли тус олишига ҳисса қўшган.

Россия

Сурат манбаси, Getty Images

Кремль эса, "Вагнер" ширкатининг ўзига алоқаси йўқлиги ва Ливиядаги Россия фуқаролари Москванинг манфаатларини намоён этмаслигини айтиб келади.

Аммо охирги бир ҳафтада юз берган воқеалар, Россия Ливиядаги фуқаролар урушига янада фаолроқ аралашиши эҳтимолини юзага чиқармоқда.

Ливия Миллий Бирдамлик Ҳукумати Ички ишлар вазири Фатҳи Башаға, сешанба кунги баёнотида Россия Суриядаги Ҳмеймия ҳаво базасидан камида 6 Миг-29 ва Су-24 қирувчи учоқларини Хафтар кучлари учун Ливияга келтирганини айтди.

21 май куни эса Хафтарнинг ҳарбий ҳаво кучлари учун масъул одами Сакр Журуши "келаётган соатларда Ливия тарихидаги энг йирик ҳаво амалиёти"дан огоҳлантирди.

"Бутун турк иншоотлари ҳарбий учоқларимизнинг қонуний нишонидир. Тинч аҳолини улардан узоқ туришга чақирамиз" деган баёноти билан у Россия учоқларининг етиб борганини тасдиқлагандек бўлди.

Россия Хафтар фойдасига мувозанатни сақламоқчи

Анқарадаги хавфсизлик доиралари қўлларида рус ҳарбий учоқлари ўтган ҳафта Ливияга етиб борганига доир ишончли далиллар борлигини айтмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Ҳами Аксой Хафтар кучлари Ливия шарқида "ташқи кучлар" ёрдамида ҳарбий учоқларни жойлаштирганини айтган, аммо бирон давлат номини тилга олмаган.

Россиянинг Ливияда бузилган мувозанатни Хафтар фойдасига тиклаш мақсадида бу каби қадам қўйган бўлиши мукинлиги тахмин этилмоқда.

Анқарадаги доиралар Россия Сурия ва Ливиядаги инқирозларни боғлаш орқали Ўрта Ер денгизининг икки муҳим нуқтасида назорат ўрнатишни мақсад қилганини айтмоқда.

Бу охирги пайтларда ғарб давлатларида ҳам ташвиш уйғотмоқда.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Хафтар билан Триполидаги Миллий Бирдамлик Ҳукуматини бир қаторга қўйиб бўлмаслигини айтган.

АҚШнинг Ливиядаги элчиси Ричард Норланд эса, Хафтар музокаралардан қочса, бутун легитимлигини йўқотиши ҳақида огоҳлантирган.

Туркия ҳарбий учоқларини юборадими?

Ҳарбий эскпертларга кўра, Хафтар кучлари Россия қирувчи учоқларидан фойдаланишни бошлагани тақдирда ҳавода устунликни қўлга киритиши мумкин.

Бу эса урушнинг боришини ўзгартириб юбориши эҳтимоли катта.

Ливия

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Генерал Хафтар

Аммо Анқара ҳам билвосита бўлса-да, бунга жавоб беришини айтмоқда.

Бир вақтнинг ўзида ҳам Ташқи ишлар вазирлиги ва ҳам Президент Эрдўғон сўзчиси баёнот бериб, ҳарбий учоқларнинг жойлаштирилиши Хафтар Ливиядаги зиддиятни янада кучайтириш ниятида эканидан далолат, деб айтди.

Эспертлар Туркия ҳам Ватиййадаги ҳарбий базасига ўз учоқларини жойлаштириш мумкинлигини айтишмоқда.

Туркия ўзининг Ливиядаги иншоотлари ҳужумга тутиладиган бўлса, бунинг оқибатлари жиддий бўлиши, Хафтар кучлари Анқара учун қонуний нишонга айланиши ҳақида огоҳлантирган.

Анқара-Москва дипломатияси давом этмоқда

Сурияда 2015 йилдан буён қарама-қарши томонларни дастаклаб келаётганига қарамай, дипломатия каналларини ҳеч қачон ёпиб қўймаган Анқара ва Москва Ливияда ҳам айни йўлни тутмоқда.

Ҳар икки тараф урушаётган томонларни шу йил январида Москвада учраштирган ва Берлиндаги халқаро анжуманга жалб этган бир вақтнинг ўзида уларга ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этди.

Президентлар Эрдўғон ва Путининг 18 май куни, икки давлат Ташқи ишлар вазирлари Човушўғли ҳамда Лавровнинг 20 май куни телефон орқали қилган мулоқотларида ҳам асосий мавзулардан бири Ливия бўлган.

Россия томони Анқара ҳам, Москва ҳам сиёсий музокараларнинг бошланиши тарафдори эканини урғулаган. Турк томони эса музокаларга доир батафсил баёнот бермаган.

Таҳлилчилар Туркия ва Россия Ливияда очиқча тўқнашишдан қочишга ҳаракат қилаётгани, прокси урушлар эса давом этишини айтишмоқда.

Анқара ҳам, Москва ҳам на Сурия ва на Ливиядаги урушнинг асосий ўйинчиси бўлишни исташи айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek