Германиядаги ўзбекистонлик: Биз ўзбеклар бу воқеаларни хавотир билан кузатиб турибмиз Dunyo O‘zbekiston yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Ҳулкар Норқобилова
- Role, Ўзбекистон-Германия
Мана, неча кундирки, Германиянинг Рейнланд Пфалц ва Шимолий Рейн-Вестфалиясидаги ҳалокатли сув тошқинлари жаҳон оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлиб турибди.
Умуман олганда, Германияда сув тошқинлари ҳар 2-3 йилда бир такрорланиб турадиган табиат ҳодисаси.
Сувга бой, ям-яшил Европа манзараси ортида шундай табиат фожеаси ҳам яшириниб ётади.
Аммо яқинда рўй берган сув тошқинини, тўғриси, Германияда 20 йилдан кўпроқ яшаб келаётган бўлсам-да, биринча марта кўраяпман.
"Аср сув тошқини", деб номланган бу фожеада биргина Рейнланд Пфалцга қарашли Арвайлер шаҳрининг ўзида 165 дан ортиқ одамнинг қурбон бўлгани эълон қилинди.
Бедарак кетганларнинг сони эса, 1300дан ошиқ, ҳали бу кўрсаткич яна ортиши кутилмоқда.
Марказий телевизион каналлар ва радиолардан фожеа рўй берган жойлардаги сўнгги аҳволга оид ахборот мунтазам равишда бериб борилмоқда.

Сурат манбаси, AFP
18 июль куни бу регионлардан ташқари Германиядаги яна икки йирик Бундесланд - Саксония ва Бавариянинг тоғли қисмларида ҳам қатор кичик шаҳар ва қишлоқлар вайрон бўлгани айтилди.
Бавариянинг Шёнау-Ам-Кёнигсзе қишлоғи, Берчтесгаденер Ландидаги баҳаво кичик округ ҳам буткул сув остида қолди.
Шаҳар маркази ҳисобланган Марктшелленберг майдонида сув даражаси 3.80 Пегелни ташкил этмоқда, деди ZDF мухбири сатҳдан тайёрланган махсус кўрсатув чоғида.
Бунақаси Германия тарихида шу пайтгача кузатилмагани масъулларнинг ўзлари томонидан ҳам бирдек эътироф этилмоқда.

Сурат манбаси, AFP
Шунингдек, Саксониянинг Саксония Швейцарияси, деб номланган қисми ҳам ҳозир ташқи дунёдан узилиб қолган, ҳеч қандай автоуловлар у томонга ўта олмаяпти.
Тинимсиз ёғаётган ёмғир эса, қутқарув ишларини янада қийинлаштирган.
Менинг билишимча, у томонларда бизнинг ватандошларимиз яшашмайди.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, биз ўзбеклар бу воқеаларни хавотир билан кузатиб турибмиз.
Сўнгги ҳалокатли сув тошқинлари Германияга миллиардлаб евро зарар келтирди.
Германия ҳукумати сув тошқинидан жабр кўрганларга барча ёрдам берилишини эълон қилган.

Сурат манбаси, EPA
Бундан ташқари, Германияда суғурта тизими ҳам яхши ишлайди.
Демоқчиманки, уйи ва мол-мулкини суғурта қилганлар, албатта, ютдилар.
Лекин ТВда омон қолганларнинг барчаси энг муҳими тирик қолганликлари, қолгани амалласа бўладиган ишлар эканини айтишмоқда.
Юзлаб одамларга эса, афсус, бундай дейиш насиб этмади.
Шу ҳафтанинг шанба, якшанба кунлари (25-25 июль) айнан сув тошқини бўлган жойларда яна кучли ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Бу эса, фожеанинг яна давом этиши мумкинлигини англатади.
Аммо кўпчилик бу гал энди энг муҳим эҳтиёт чоралари кўрилар, деган умидда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














