Ўзбекистон: Мамлакат бўйлаб кучли сел келди, "права"ни энди тадбиркор ҳам беради ва "аксилколбаса" ҳаракати – янгиликлар O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Уч вилоятда кучли сел келди - икки бола ҳалок бўлди;
- Бу йил "Ўлмас полк" ўтказилмайди;
- Тадбиркорлар "права" беришда иштирок этади;
- Аксилколбаса фаоли пайдо бўлди;
Кучли сел келди - қурбонлар бор
6-7 май кунлари Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудлари бўйлаб сел тошқинлари кузатилган.
Тошқинларга кучли ёмғир ёғиши сабаб бўлган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятларининг айрим ҳудудларидаги юзлаб хонадон зарар кўрганини маълум қилган.
Ички ишлар вазирлиги биргина Андижон вилояти Хонабод шаҳридаги 700 га яқин хонадон табиий офатдан зарарланганини хабар қилган.
Вилоятдаги Қирғиз ариқ каналининг тошиши оқибатида 8 ва 3 яшар икки бола селда оқиб кетиб, вафот этган.
Наманганда тошқин автомобиль ва темир йўлларини ювиб кетган.
Сурхондарё вилоятида эса 300 дан зиёд хонадон ва уларнинг томорқаларига сув кирган.
Айни вақтда маҳаллий ҳокимлик ва масъул идоралар табиий офат оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланаётгани айтилмоқда.
Рухсат берилмаган "Ўлмас полк"

Сурат манбаси, official
Тошкент шаҳрида "Ўлмас полк" акциясини ўтказишга рухсат берилмаган.
Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги маълум қилган.
Бундан аввал ижтимоий тармоқда 9 май куни мазкур акция бўлиб ўтиши ҳақида хабар тарқалган эди.
Ушбу хабар кўплаб фойдаланувчиларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Шаҳар ҳокимлигининг аниқлик киритишича, "Ўлмас полк" акцияси ташкилотчилари мурожаати пандемия шароити туфайли қаноатлантирилмаган.
Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб оммавий тадбирлар ва юришлар ўтказиш вақтинча тўхтатиб қўйилган эди.
"Права" ва тадбиркор

Сурат манбаси, lex.uz
Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлар ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.
1 июндан махсус лицензияга эга тадбиркорларга барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назария ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Бунга қадар бундай ваколат ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида бор эди.
Маълум қилинишича, хусусий тадбиркорлар троллейбус ва трамвай бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаларини беришда иштирок этмайди.
"Колбасадан эҳтиёт бўлинг!"

Сурат манбаси, Potribitel.uz
Пойтахтнинг Сергели туманида номаълум шахс колбаса маҳсулотларига қарши варақаларни тарқатаётгани тўғрисида хабар қилинмоқда.
Telegram'даги Потребитель.уз канали муаллифи бу юзлаб варақаларни кўп қаватли уйлар кириш қисмига ёпиштириб кетаётгани тўғрисида ёзган.
Маълум қилинишича, варақаларда мамлакатда ишлаб чиқарилаётган тўрт колбаса маҳсулотлари брендининг номи ва логотипи келтирилиб, бундай маҳсулотларнинг инсон, айниқса, болалар саломатлиги учун ўта хавфли экани тўғрисида сўз боради.
Ҳозирча, маҳаллий расмийлар "аксилколбаса фаоли"нинг ҳаракатларига муносабат билдиргани кўзга ташланмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















