Ўзбекистон: Банкдаги қалбаки пуллар, ўзини осган маҳкум ва шаръий никоҳ сабаб жазоланган отахон — янгиликлар O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Қишлоқ қурилиш банк

Сурат манбаси, official

81 минг қалбаки евро. Мактаблар ёпилади. Ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўм. Қамоқдаги суиқасд ва никоҳ учун жазо - bbcuzbek.com дайжести.

81 минг қалбаки евро

«Қишлоқ қурилиш банк»нинг Сирдарё минтақавий филиалида 81 минг евро миқдорида қалбаки пуллар мавжудлиги аниқланган.

Банк матбуот хизматининг хабар беришича, бу борада вилоят Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилинган.

Айни вақтда ҳолат юзасидан жиноят иши очилгани хабар қилинмоқда.

Расмий хабарда бундай миқдордаги қалбаки пулларнинг банк филиалига қандай келиб қолганига ойдинлик киритилмаган.

Мактаблар ёпилади

Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бири

Сурат манбаси, official

Самарқанд шаҳридаги барча мактаб ва боғчалар 27 апрелдан ёпилади.

Ўқувчилар келгуси 14 кун давомида онлайн таълим оладилар.

Шаҳар ҳокимлиги ушбу қарорни таълим даргоҳларида коронавирус юқтириб олиш ҳоллари кўпайиб бораётгани билан изоҳлаган.

Ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўм

Пойтахтдаги ҳар бир маҳаллага ободонлаштириш ишлари учун 2 миллиард сўмдан пул ажратилади.

Бу ҳақда 26 апрель куни президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилган.

Шерзод Асадов

Асадовнинг сўзларига кўра, ўтган ҳафта Яшнабод туманидаги Парвоз маҳалласига борган президент Шавкат Мирзиёев ушбу маҳалла намунасида шаҳардаги барча маҳаллаларни обод қилишга топшириқ берган.

Маълум қилинишича, Тошкентдаги 524 та маҳаллага ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, ўртача 2 миллиард сўмдан маблағ ажратилади.

Қамоқдаги суиқасд

Қашқадарё прокуратураси қамоқхонада ўзини осган маҳкум Шуҳрат Аъзамовга доир хабарларга ойдинлик киритган.

Бундан аввал Қашқадарёда жазо муддатини ўтаётган Аъзамов манзилли колонияга ўтказилиши арафасида ўзини осгани, аммо марҳумнинг яқинлари унинг ўз жонига суиқасд қилгани тўғрисидаги хабарларга ишончсизлик билан қараётгани тўғрисида хабарлар тарқаган эди.

Kun.uz нашрининг ёзишича, вилоят прокуратураси марҳумнинг мурдаси тўлиқ кўздан кечирилиб, унинг танасида жароҳат излари топилмаганини маълум қилган.

Терговга қадар текшириш жараёнида тўпланган ҳужжатларга кўра эса, колония ходимлари ёки маҳкумлар томонидан марҳумга нисбатан тазйиқ ўтказиш, жисмоний ёки руҳий таъсир этиш ҳолатлари кузатилмаган.

Никоҳ учун жазо

Отахон

Сурат манбаси, zo'rtv/screenshot

Фарғоналик 63 яшар фуқаро оилали эркакка никоҳ ўқиб қўйгани учун жазога тортилди.

«Бу кун» информацион дастурида хабар берилишича, отахон ўтган йилнинг сентябрь ойида Ёзявон туманида никоҳдан ўтмаган икки шахсни шаръий никоҳдан ўтказиб қўйган.

У бунинг эвазига 30 минг сўм ҳақ олган.

Лавҳада отахон аввал ҳам айни қоидабузарлик учун жаримага тортилгани, бу сафар эса унга нисбатан 1 йилга озодликдан чеклаш жазоси қўлланилгани борасида сўз боради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek