Ўзбекистон: Энг кўп олтин қазилган кон ва Исломда 8 мартни байрам қилиш мумкинми? – Янгиликлар, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston prezidenti

Сурат манбаси, official

Айни байрам арафасида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари 8 мартга оид ўз қарашларини изҳор этди. Сенаторлар тиланчилар сони кўпаётганидан хавотирда. Мурунтовда ўтган йили ўн минг тонналаб олтин қазиб олинган. bbcuzbek.com дайжести.

8 март ва Ислом

Ўзбекистонда ҳар йили турли байрамлар, айниқса, Янги йил ва Наврўз арафасида баҳслар авжига олади.

Фикр билдирувчилар бу саналарни байрам қилиш Исломга қанчалик тўғри келишини мубоҳаса қиладилар.

Халқаро хотин-қизлар куни ҳам бундан мустасно эмас.

Айни байрам арафасида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов 8 мартга оид ўз қарашларини изҳор этган.

ЎзАда эълон қилинган, «Аёлни ҳурмат қилмайдиганлар ўқимасин» дея бошланувчи мақолада муаллиф «8 март - Халқаро хотин-қизлар кунини нишонласа бўладими?» деган саволга атрофлича жавоб беришга ҳаракат қилади.

Иномов байрамни нишонлаш жоиз эмаслиги тўғрисидаги тортишувлар «муқаддас динимизнинг асл моҳиятини чуқур тушунмайдиган ёки бошқаларнинг маънавиятига тобе кишиларда кўпроқ учраши»ни билдиради.

8 мартнинг қисқача тарихига тўхталиб ўтган раис ўринбосари хотин-қизларни қадрлаш учун бу кунни кутиш шарт эмаслигини таъкидлайди.

Bayram tadbiri

Сурат манбаси, official

«Шу ўринда бир мулоҳаза. Баъзи мўмин-мусулмонлар ҳам 8 мартни байрам қилиш динимизда йўқ, дейишади.

Лекин муҳтарама аёлни эъзозлаш, унга ҳурмат кўрсатиш - динимиз амри, Парвардигори оламнинг фармони, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экан, нега энди биз айнан 8 март куни хотин-қизларни эъзозламаслигимиз керак экан?!!» дея фикр билдиради муаллиф.

У Қуръоннинг бир неча оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилгани, аёлларга чиройли муомала қилишда Муҳаммад пайғамбар «бутун инсониятга намуна бўлгани»ни алоҳида ёдга олади.

«Клара Сеткин исмли аёл 1910 йил Копенгагенда ўтказилган Иккинчи халқаро аёллар конференциясида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан бўлса, динимизнинг асосий манбаси Каломуллоҳда 14 асрдан зиёдроқ вақт аввал аёлни эъзозлаш илоҳий амр билан буюрилган.

Шундай экан, аёлни эъзозлаш, улар учун ҳар кунни 8 март қилиш зарур!» дея мақоласини якунлайди Иномов.

«Тиланчилар кўпайиб кетди»

Tilanchilik

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сенаторлар сўнгги пайтларда аҳоли ҳаракати гавжум бўлган кўчалар, хиёбонлар, бозорларда тиланчилар кўплаб учраётганини қайд этган.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 4 март кунги мажлисида Ички ишлар вазирлигига мамлакатнинг барча ҳудудларида тиланчилик қилувчи шахслар сони кўпайиб кетишининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиши сўраб юборилган мурожаат кўриб чиқилган.

Йиғилишда тиланчилик қилганлик учун қонунчиликда жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлсада, ушбу норма қатъий ишламаётганидан тиланчилар сони кўпайиб бораётгани таъкидланган.

«Бу ўз навбатида, тиланчи шахслар томонидан фуқароларнинг юришига қўймай, автомобиль йўлларида эса транспорт воситалари ҳаракатланишига хавф туғдириб қатъий туриб садақа сўраши кишининг таъбини хира қилиши табиий. Бундай нохуш ҳолатлар аҳоли кайфиятига салбий таъсир этиб, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда», дейилади Сенат хабарида.

Tilanchi bolalar

Сурат манбаси, Gazeta.uz

2019 йилнинг январида президент Мирзиёев тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни кўзда тутувчи қонунни имзолаган эди.

Унга мувофиқ, жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб тиланчилик билан шуғулланиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазога тортилади.

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Энг кўп олтин қазилган кон

Oltin yombilari

Сурат манбаси, official

Навоий вилоятидаги Мурунтов кони 2020 йилда энг кўп олтин қазиб олинган кон, дея эътироф этилган.

Кон Канададаги олтин олди-сотдиси билан шуғулланувчи энг йирик компаниялардан бири бўлмиш Kitco рейтингида ана шундай номга сазавор бўлган.

Компания тақдим этган маълумотларга кўра, Мурунтовда ўтган йили 56,7 тонна (2 миллион унция) олтин қазиб олинган.

«Давлатга тегишли Навоий компанияси томонидан бошқарилувчи коннинг узунлиги 3.3 чақирим, эни 2.5 чақирим, чуқурлиги эса деярли 600 метрга тенг.

Ақл бовар қилмас 150 миллион унция (4 минг тоннадан зиёд)га тенг захира базаси ҳисобга олинса, Мурунтов яқин келажакда дунёнинг энг йирик олтин кони номини ўзида сақлаб қолиши ажаб эмас», дейилади компания хабарида.

Ис газининг беш қурбони

Gaz balloni

Сурат манбаси, official

Қорақалпоғистонда беш инсон ис газининг навбатдаги қурбонига айланган.

Республика прокуратураси берган хабарга кўра, 6 март куни Тўрткўл туманининг беш яшовчиси иситиш печидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этган.

Ҳалок бўлганлар хонадон эгаси ва унинг 18 ва 11 ёшдаги қизлари ҳамда 16 яшар ўғли экани маълум қилинган.

Шунингдек, хонадонда меҳмон бўлиб турган шахс ҳам вафот этгани хабар қилинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси мазкур жиноят иши бўйича терговни ўз назоратига олганини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek