Ўзбекистонга яна чекловлар қайтадими – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Ўзбекистонда яна газ қуйиш шохобчалари иш вақти чекланиши мумкин, президент фармони деб, бутун Ўзбекистонни оёқда пиёда босиб ўтиш мумкинми ва раҳбарият яна "халқнинг дардига қулоқ тутмоқчи". bbcuzbek.com дайжести.

Навбатдаги чекловлар

Ўзбекистонда яна газ қуйиш шохобчалари иш вақти чекланиши мумкин.

Бугун, 25 февраль куни "Hududgazta'minot" ҳиссадорлик жамияти расман огоҳлик билан чиқди.

Табиий газ истеъмолчилари ва автотранспорт ҳайдовчиларини ўз режасидан огоҳлантирди.

"Hududgazta'minot"нинг маълум қилишича, 24-27 февраль кунлари Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқими кириб келган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати кечаси минус 20-25 даражагача совуқ бўлиши сабабли, табиий газ истеъмоли ҳажмининг кескин ортиши кутилмоқда.

Ҳиссадорлик жамиятига кўра, табиий газ биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз равишда таъминлашга қаратилишини инобатга олиб, газ етказиб беришда айрим чекловлар киритилади.

Маълум бўлишича, худди шу сабаблар туфайли, барча автотранспорт ҳайдовчиларидан ўз автоуловларига газ тўлдириш ишларини эрталабки соат 05:00 дан кечки 15:00 вақт оралиғида техника хавфсизлиги қоидалари асосида амалга оширишлари сўралади.

Огоҳлик 25 февраль - бугунги сана остида чоп этилган.

Расмий хабар тафсилотларидан чекловларнинг аниқ қачон кучга кириши ва қанча давом этиши тафсилотлари ноаён қолган.

Шунга ўхшаш чекловлар Ўзбекистонда шу йил январь ойида ҳам жорий этилган.

Чекловлар мамлакатнинг вилоят ва туманлари қолиб, пойтахт Тошкентда ҳам газ тўлдириш шохобчалари ёнида узундан узоқ навбатларни пайдо қилган.

Jizzax

Сурат манбаси, Screenshot/gazeta.uz

Бу каби навбатлар манзарасида айрим бахтсиз ҳодисалар юз берганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Ўшанда Энергетика вазирлиги мазкур чеклов ҳавонинг кескин совиб кетиши ортидан табиий газ истеъмолининг ошганлиги ва иссиқлик электр станцияларига газ етказиб бериш зарурияти ортидан ўрнатилаётганини билдирган.

Бу билан заправкаларга кундузги соат 15.00 дан тонгги 05.00 га қадар газ етказиб бериш тўхтатиб қўйилган. Айрим туманлардаги ҳайдовчилар эса, заправкаларнинг буткул ишламаганидан ҳам шикоят қилишган.

Расмий хабарда заправкалар фаолиятининг чекланиши билан магистраль газ қувурларидаги босимнинг барқарорлашишига эришиш кўзланаётгани айтилган.

Энергетика вазирлиги эса, ўшанда Би-би-сига чеклов бутун республика бўйлаб жорий этилаётгани ва ҳаво ҳарорати кўтарилгунча амалда бўлишини маълум қилганди.

Жорий куз-қиш мавсумида метан заправкаларининг фаолиятига дастлабки чпеклов вилоятларда ўтган ноябрь охирида, пойтахт Тошкентда эса декабрь ойи бошида ўрнатилган.

4 январга қадар заправкалар соат тонгги 05.00 дан соат 17.00 га қадар хизмат кўрсатиб келган.

Бу каби чекловлар орада Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида ҳайдовчиларнинг норозиликларига сабаб бўлганига оид хабарлар ҳам олинган.

Қиш қаттиқ келаркан, Ўзбекистоннинг ҳали куз-қиш мавсумининг бошидаёқ яна "энергетика бўҳрони" ичида қолгани кузатилган.

Газ тақчиллиги манзарасида бирваракайига қатор туман ва шаҳарларнинг электр таъминотисиз қолгани кузатилган.

Айрим депутатлар томонидан масъул раҳбарларнинг истеъфосига оид даъватлар ҳам янграган.

Илҳомлантирувчи фармон

O'zbekiston

Сурат манбаси, .

Икки нафар сирдарёлик Андижондан Мўйноққача пиёд бормоқчи.

Маълум бўлишича, улар Ўзбекистон президентининг "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонидан илҳомланишган.

Унинг ижросини таъминлаш мақсадида худди шу каби қарорга келишган.

Ўзбекистон Спорт вазирлиги матбуот хизматининг расман хабар беришича, икковлон 15 февраль куни Андижон шаҳридан йўлга чиқишган ва бутун Ўзбекистон бўйлаб пиёда юриб ўтишга қарор қилишган.

Кунига ўртача 40-45 километр масофани босиб ўтишмоқда, кеча, 24 февраль куни пойтахт Тошкентга етиб келишган, уларга йўл-йўлакай телевидение ходимлари ҳам ҳамроҳлик қилишган.

Худди ўша куни Тошкентда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари вазири ўринбосари қабулида ҳам бўлишган.

Расмий хабарда ёзилишича, икковлон қандай об-ҳавога бўлишидан қатъиназар, ўз мақсадларига етишишмоқчи.

Наврўз умумхалқ байрамини Мўйноқда қорақалпоқ халқи билан бирга кутиб олишмоқчи.

Агар, ўз сўзларига таянилса, "Келгусидаги мақсадлари - нафақат Ўзбекистон, балки хорижий мамлакатларни ҳам пиёда босиб ўтиш". "Ўзбекистон байроғини чет элларда ҳам мағрур ҳилпиратиш".

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

24 февраль кунги расмий хабарда бутун Ўзбекистонни пиёда босиб ўтмоқчи бўлаётган икковлоннинг шахсларига оид маълумотлар айтилмаган.

Уларнинг пиёда сафари қандай ва ким томонидан молиялаётгани тафсилотлари ҳам ноаён қолган.

Президентнинг айни хусусдаги фармонида ёзилишича, жаҳонда COVID-19 коронавирус пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканлигини кўрсатган.

COVID-19 коронавирус инфекцияси аввало юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик (ортиқча вазн) касаллигига чалинган фуқаролари соғлигига салбий таъсир кўрсатган.

Натижада, бугунги пандемия кўплаб фуқароларининг бевақт дунёдан кўз юмишига сабаб бўлган.

"Соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётга айлантиришлари зарур эканлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо этган".

Халққа эътиборми?

Adliya vaziri

Сурат манбаси, kun.uz

Маълум бўлишича, расмий Тошкент фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига "самарали ечим топмоқчи".

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Президент Халқ қабулхоналари, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси раҳбари ходимлари иштирокида жойларда оммавий қабуллар ташкил этилмоқчи.

xabar.uz интернет нашрининг ёзишича, оммавий қабуллар навбати билан ҳар бир ҳудудда ўтказилади.

Уларни ҳозирча президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари ва Олий суд раиси бошлаб беришади.

Президент Шавкат Мирзиёев шу ой бошида ҳафта ўртасида Тошкент шаҳрида бўлган вазирларни ишдан олинишидан огоҳлантирган.

Президент вазирлар пойтахтда фақат шанба ва якшанба кунлари бўлишлари мумкинлигини таъкидлаган.

Ўшанда Gazeta.uz нашри Мирзиёев 10 февраль куни ўтказган видеоселекторнинг янги тафсилотларига оид мақоласида бу ҳақда ёзган.

Мақолада президент "вазир республикага хизмат қилиши, Тошкентни қоровуллаб ўтирмаслиги"ни айтгани борасида сўз борган.

Кибер фазода имконли бўлган суратларидан улардан айримларининг аллақачон вилоятларда эканликлари ҳам кўрилганди.

Оммавий қабуллар ва "халққа яқинлашиш" ҳаракатларига эса, оддий ўзбекистонликларнинг муносабатлари бир хил эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek