Россия Ўзбекистонда нималарни режалаяпти, Мирзиёев устма-уст топшириқ берди – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston prezidenti

Сурат манбаси, official

Россия Ўзбекистонда нималарни режалаяпти, Мирзиёев устма-уст топшириқ берди - Россия томони Ўзбекистон билан боғлиқ янги режаларини очиқлади. Энди Ўзбекистонда вазият енгиллашадими? bbcuzbek.com дайжести.

Ишсизлик ва камбағаллик

Президент Шавкат Мирзиёев бир куннинг ўзида Ўзбекистон қаршисида турган иккита долзарб муаммога эътибор қаратган.

Кеча, 10 февраль куни яна бир видеселектор йиғилиши ўтказган.

Ўзбекистонда жорий йил "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" бўлади.

Расмий хабарларга кўра, йиғилиш худди шу йил муносабати билан ишлаб чиқилган Давлат дастури ижросини самарали ташкил этишга қаратилган.

Дастур ва унда қабул қилинган режаларнинг ижроси эса, глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам буни йиғилиш чоғида расман эътироф этган.

Аммо Ўзбекистон раҳбари, "ҳар қанча қийин бўлмасин, ярим миллион ёш, 200 минг аёлни иш билан таъминлаш ва 300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш лозим"лигини таъкидлаган.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.

Сўнгги эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, мамлакат аҳолисининг сони ҳозир расман 34500 миллион кишидан ортади.

Аксар аҳолиси мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.

Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг бир йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Дунёнинг айрим нуфузли халқаро ташкилотлари аллақачон эҳтимолий вазиятдан ўз хавотирларини билдириб чиқишган, бундан оқибатларнинг олдини олиш учун Ўзбекистон илова қолган минтақа давлатларига ҳам кўмак зарурлигини таъкидлашган, ўзлари ҳам молиявий ёрдам илинжида халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб улгуришган.

Миллионлаб ўзбекистонликларнинг тирикчилиги эса, ташқи меҳнат миграцияси орқали ўтиб келган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Агар, президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи яқинда келтирган ҳисоб-китобларга қаралса, Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи айнан ёшлар ҳисобига тўғри келади.

18-30 ёшлилар орасида ишсизлик кўрсаткичи қарийб йигирма фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон президенти ишсиз ёшларни ишли қилиш масаласига ўтган ой охирида ҳам эътибор қаратган.

Уларни ишли қилиш масаласини ҳокимлардан тортиб, солиқ идораси, савдо-саноат палатаси, прокурорлар, тижорат банклари раҳбарлари зиммасига қадар юклаган.

Айрим маҳаллий кузатувчилар буни ўшанда мамлакат аҳолиси сонида ёшлар улушининг катталиги ва бунинг янада ўсиб бориши мамлакат раҳбариятини жиддий ташвишлантираётгани билан ҳам изоҳлашган.

Бошқалари айнан ишсизликни уларнинг радикаллашувига сабаб бўлиши мумкин бўлган хавотирли омил сифатида ҳам баҳолашган.

Яқин-яқингача минтақадан четдаги энг йирик жангари гуруҳлар сафида жанг қилганларнинг ҳам ўзбекистонликлар экани кўрилган.

Шу пайтгача масъуллар ҳар йили яратилганини баён қилиб келаётган "юз минглаб янги иш ўринлари" эса, афтидан, бу муаммога ҳали-ҳануз жиддий ечим бўла олмаган.

Аммо, маълум бўлишича, Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни бажариш учун қарийб 30 триллион сўм, 2 миллиард 600 миллион АҚШ доллари ва 57 миллион евродан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, "Агар "маҳаллабай" тизимни жойига қўйиб, давлат идоралари дастурдаги вазифаларни қунт билан, илм билан, ақл билан бажарса, кескин ўзгариш бўлади".

Шавкат Мирзиёевнинг кўп миллионлик кам таъминланган фуқаро ҳақидаги иқрори мустақил Ўзбекистон тарихида илк бора ўтган йил бошида расмий минбардан янграган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 4-5 миллион атрофида фуқаро кам таъминланган эканинин тан олиб, энди уларни камбағалликдан қутқариш режасини айтган.

Агар, таҳлилчиларнинг баҳоларига таянилса, президентнинг ўшанда парламентга мурожаатида тилга олган 4-5 миллион камбағал 34 миллионлик Ўзбекистон учун жуда катта рақам.

Яъни, бу - деярли ҳар еттинчи ўзбекистонлик камбағал деганидир.

Халқаро ҳисоботлар эса, йилларки, Ўзбекистондаги 10-13% аҳолини қашшоқликда кун кўришини айтиб келади.

Аммо бунгача расмий Тошкентнинг халқаро ҳисоботларни тан олиб, очиқ гапиргани кузатилмаганди.

Глобал коронавирус пандемияси билан кечаётганига қарамай, Шавкат Мирзиёевнинг айни шу чиқиши ортидан, янги Ўзбекистоннинг турли йўллар билан камбағалликни аритиш ҳаракатида экани кўрилади.

Эмлаш

Vaksina

Сурат манбаси, Getty Images

Пойтахт Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, президент Шавкат Мирзиёев худди шу йиғилишнинг ўзида Ўзбекистон аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш масаласига ҳам тўхталган.

Ўзбекистон президенти "бу ишларни бошлаш зарур" эканини айтган.

Ҳозиргача минтақа давлатлари орасидан фақат Қозоғистон ўз аҳолисини оммавий эмлашни бошлаган.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг Ўзбекистондан кейин аҳолиси энг кўп иккинчи давлати бўлади.

Куни-кеча Туркманистон пойтахт Ашхабодда тиббиёт ходимларини Россиянинг худди шу вакцинаси билан эмлашни бошлаганига оид хабарлар ҳам олинган.

Ўзбекистонлик масъуллар президент чиқишидан аввал Ўзбекистонда бу ишларнинг шу ой охири, келаси ой бошларида бошланишини маълум қилишган.

Жорий йил охирига қадар аҳолининг 20 фоизини эмлаб бўлиш режасида эканликларини айтишганди.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон президенти кечаги йиғилиш чоғида "биринчи навбатда эмланиши зарур бўлган аҳоли тоифасини белгилаб, уларнинг электрон рўйхатини шакллантириш" учун масъулларга "бир ой муҳлат" берган.

Шунингдек, президент Мирзиёев "вилоят ҳокимлари билан бирга, оилавий поликлиника ва қишлоқ шифокорлик пунктларидаги 3 мингдан зиёд эмлаш бўлимлари шайлигини таъминлашдан ташқари, яна қўшимча 800та мобил бригада ташкил этиши зарур"лигини ҳам таъкидлаган.

Аммо сўнгги янгилик манзарасида ҳам аҳолини коронавирусга қарши айнан қай бир вакцина билан эмлаш назарда тутилаётгани саволи очиқ қолган.

Қозоғистон ўз аҳолисини Россиянинг Спутник V вакцинаси билан эмлашни бошлаган.

3 февраль куни Ўзбекистоннинг БМТ COVAX дастури доирасида 2,6 млн доза Oxford -AstraZeneca вакцинасини олиши маълум бўлган.

Бу ҳақда халқаро ташкилотнинг ЮНИСЕФ жамғармаси сайтида хабар қилинган.

Коронавирусга қарши вакциналар дунёнинг кам ва ўртача даромадли 92 давлатига шу йил июнь ойигача тақдим этилиши кутилмоқда.

Орада Ўзбекистоннинг 100 минг доза BioNTech/Pfizer вакцинаси олиши ҳам маълум бўлган.

Ўтган ой охирида Ўзбекистон Ковидга қарши 15 миллион дозага яқин вакцина олиш истагида экани хабар берилган.

Маълум бўлишича, бу дастлаб мамлакат аҳолисининг 20 фоизини эмлашга имкон беради.

Аммо хабарларда Ўзбекистон томони айнан қай бир вакцинани кўзда тутаётгани тафсилотлари ноаён қолганди.

Орада Ўзбекистоннинг жорий йилда коронавирусга қарши кураш ва вакцина хариди учун жами 3 триллион сўм ажратиши ҳам хабар берилган.

Ўзбекистонда ҳозир Хитой коронавирусга қарши яратаётган вакциналардан бирининг учинчи босқич синови бормоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Россияни ҳам вакцина сотиб олишлари мумкин бўлган давлатлар қаторида тилга олиб ўтган.

Спутник V синовдан ўтказиш, рўйхатга олиш саноат миқёсида ишлаб чиқариш мақсади билан ўтган йил Ўзбекистонга ҳам келтирилган.

Ўзбекистон ва Спутник V

Vaksina

Сурат манбаси, Getty Images

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг кеча, 10 февраль куни расман маълум қилишича, Ўзбекистон илова Марказий Осиё давлатлари Спутник V вакцинасига катта қизиқиш билдиришмоқда.

"Спутник V" ва "ЭпиВакКорона" минтақа давлатларида сертификатлаштириш жараёнидан ўтмоқда.

Шу соатларда олинган хабарларга кўра, Республика махсус комиссияси йиғилишида Ўзбекистонда Спутник V вакцинасини бирламчи босқичда сертификатлаштириш ҳамда рўйхатдан ўтказиш маъқулланган.

Туркманистонда эса, ҳар иккиси ҳам аллақачон расман қайддан ўтиб ҳам бўлган.

Бундан сал аввал коронавирусга қарши биринчи навбатда эмланадиган аҳоли тоифаси маълум қилинган.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши 65 ёшдан ошган қариялар, сурункали касалликлари бор шахслар, мактаб ўқувчилари, тиббиёт ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари биринчи навбатда эмланиши айтилган.

Андрей Руденконинг билдиришича, Спутник V ни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб олишлари учун лозим технологияларни тақдим этиш илова Қозоғистон ва Ўзбекистонга кўмак беришмоқда.

Қозоғистон аллақачон - шу йил 1 февралидан бошлаб, ўзларида Россия вакцинасини ишлаб чиқаришга ҳам киришган.

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг айтишича, энди Ўзбекистон томонидан ҳам малакали технологик ҳамкорнинг тайин бўлишини кутишмоқда.

Андрей Руденконинг маълум қилишича, Озарбайжон, Арманистон ва Молдова ҳам ўзларининг препаратларига қизиқиш билдиришган.

Унга кўра, дунёда коронавируснинг ҳали-ҳануз жадаллик билан тарқалаётганини назарда тутиб, шерикларининг эҳтиёжларини иложи борича қондиришга ҳаракат қилишади.

Спутник V коронавируcга қарши дунёдаги бир мамлакат мисолида расман рўйхатга олинган биринчи вакцина бўлади.

Аммо жуда қисқа муддатда яратилгани, шу кунга қадар барча босқич синовлари натижаси халқаро миқёсда имконли бўлмай келаётгани боис, самараси четда жиддий шубҳа билан қарши олинаётганди.

Куни-кеча The Lancet журналида эълон қилинган учинчи босқич синови натижаларига таянилса, Россиянинг Спутник V си коронавирусга қарши 92 фоиз самарали бўлиб чиққан.

Шунингдек, Спутник V хавфсиз, деб топилган - касалхонага тушиш ва ўлимдан тўлиқ ҳимоя қила олишини кўрсатган.

Олимларга кўра, ҳозирга келиб, Россия вакцинаси ўзининг қанчалик эффектив эканлигини намойиш этган.

Бунинг ортидан, Спутник V Ғарбнинг Pfizer, Oxford/AstraZeneca, Moderna ва Janssen вакциналари қаторидан жой эгаллаган.

Қозоғистон минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган, Ўзбекистон эса, "ўта юқумли" британча штамми аниқланган биринчи давлати бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek