Ўзбекистон: Президент Наманганда ва яна эшаклар “қабристони” топилдими? Янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Шавкат Мирзиёев сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида иккинчи бор Фарғона водийсига сафар қилди. Ўзбекистон АҚШни ташвишга солган ҳарбий базани текширмоқчи. Ўнлаб эшакни ким сўйди - bbcuzbek.com дайжести.

18 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига борган.

Давлат раҳбари вилоятдаги сафарини Янгиқўрғон туманидан бошлаган.

Бу ерда у 103 гектар майдонда яратилган интенсив боғ билан танишган.

Мирзиёев илгари 160 минг наманганлик хорижга иш излаб кетгани, уларнинг 100 минг нафари ортга қайтиб келгани ҳақида гапирган.

Президентнинг шу ой бошида Фарғонага сафари қизғин тафсилотларга бой бўлган эди.

Ўшанда, Мирзиёев огоҳлантирмай маҳаллалардан бирига кириб борган ва Фарғонадан "тушкун кайфиятда қайтгани"ни таъкидлаган эди.

10 февраль куни ўтган видеоселекторда президент ушбу одатни давом эттириши ҳақида гапирган эди.

"Намангандаги ҳар бир соҳа қайта кўриб чиқилиши керак. Энди қоғозда ура-ура қилиш даври ўтди. Ҳар бир соҳа бўйича алоҳида ўрганинглар.

Чодакдаги ҳавонинг ўзи бойлик, туризм бўйича қанча имкониятларимиз бор. Энди мен вилоятларга ташриф буюрганимда қайси маҳаллага киришимни ҳеч ким билмайди", деган эди у ўшанда.

Эшаклар қабристони

Eshaklar

Сурат манбаси, Reuters

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида эшаклар "қабристони" аниқланган.

Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, сўйилган эшак суяклари 3 та майдонга ташланган ва уларнинг биттасида 55 та эшак қовурғалари борлиги маълум бўлган.

Ҳозирча, эшаклар нима учун сўйилганига ойдинлик киритилмаган.

Аммо эшак гўшти одамларга сотилгани эҳтимоли инкор этилмаган.

ЎзА мазкур ҳолат юзасидан тегишли органларга мурожаат қилингани ҳақида ёзган.

2017 йилда Самарқандда ҳам бундай "қабристон" топилган бўлиб, бу хабар шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Кейинроқ "самарқандлик" эшакларнинг гўшти сув ҳавзасидаги балиқларга, суяклари эса майдалангач товуқларга ем сифатида берилгани, териси эса сотилгани аниқланганди.

Хонобод базасида текширувлар бошланган

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Экология қўмитаси Қашқадарё вилоятидаги Хонобод аэродромида нурланиш ва заҳарли моддалар бўлгани тўғрисидаги маълумотлар юзасидан ўрганиш ишларини бошлаган.

Бу ҳақда 17 февраль куни қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов маълум қилган.

Бундан аввалроқ 2001-2005 йиллар давомида ушбу ҳарбий базада хизмат қилган америкалик аскарлар тўйинтирилган уран ва бошқа кимёвий моддалардан заҳарланиб, саратонга чалинаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққан эди.

Собиқ президент Доналд Трамп ўзининг сўнгги фармонларидан бирида шу ҳолатни тадқиқ қилишга кўрсатма берган.

Исломбек Боқижонов Хонобод ҳарбий базаси ўрнида пахта далаларига дори сепадиган самолётлар аэродроми бўлгани ҳақида гапирган.

"Яъни инсоннинг нафас йўлларига таъсир кўрсатадиган даражада далаларга дорилар сепишга жалб этилган аэродром бўлган", деган у.

Бироқ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Баҳром Зулфиқоров ҳарбий база радиация ва токсик моддалардан ҳоли эканини таъкидлаган.

Зулфиқоров базада хизмат қилган ўзбекистонлик ҳарбийлар ва техник ходимлар ҳамда ҳарбий қисм атрофида яшаётган маҳаллий аҳоли соғлом эканини айтган.

400 миллион сўм зарар

Elektr ta'minoti

Сурат манбаси, official

Самарқанд электр тармоқлари корхонасидан тадбиркорларга етказилган 400 миллион сўмдан кўпроқ зарар ундириб берилади.

Самарқанд шаҳар иқтисодий суди ана шундай қарор чиқарган.

Маълум этилишича, корхона 2020 йил ноябрь ойида икки тадбиркорга тегишли иссиқхоналарни огоҳлантирмасдан электр таъминотидан узиб қўйган.

Оқибатда, помидор ва бодринг етиштирилаётган иссиқхоналарда ҳарорат пасайиб, ҳосил музлаб қолган ва нобуд бўлган.

Пластикка савдо

Пластик картага савдо қилинганда товарнинг нархини ошириш қонунан тақиқланиши мумкин.

15 февраль куни Қонунчилик палатаси депутатлари "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласини кўриб чиққанлар.

Қонун лойиҳасига кўра, сотувчига бир турдаги товарлар учун ҳақ тўлаш шаклига қараб ҳар хил нарх белгилаш тақиқланмоқда.

Шунингдек, истеъмолчига нуқсонли ва талабга жавоб бермайдиган товар сотилганлигини аниқлаш билан боғлиқ харажатлар сотувчи томонидан қопланиши тартиби жорий этилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek