Ўзбекистонга кимлар келади, халқ ҳокимларни сайлолмайдими ва уч ўзбекистонлик ўлди – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонга кимлар келади, халқ ҳокимларни сайлолмайдими ва уч ўзбекистонлик ўлди - Шавкат Мирзиёев нималар деди, Расул Кушербаев ўз фикрини айтди ва Шовотдаги фожеа. bbcuzbek.com дайжести.
Нутқ
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистонга келиши мумкин.
Тошкент бу борада мандатга эга бўлган барча вакилларнинг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун доимий таклифнома юбориш ҳақида қарор қабул қилмоқчи.
Ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини ҳам Ўзбекистонга таклиф этишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Бу ҳақда шахсан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Ўзбекистон раҳбари кеча, 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлади.
Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган.
Мустақил Ўзбекистон ўтган йил илк бор мазкур кенгаш аъзоси этиб сайланган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг чиқиши кенг қамровли бўлган.

Сурат манбаси, official
Мирзиёев ўз чиқишида, "Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқ қолиши"ни баён қилган.
"Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганликларини яхши тушунишлари"ни ҳам билдириб ўтган.
Ўзбекистон президентининг айтишича, "қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйишмайди".
"Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъиназар, улар учун жазо муқаррардир".
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш - Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради.
Ўзбекистон тез орада Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ҳам ратификация қилади.
Сўнгги икки йилда Ўзбекистон фуқаролиги берилганлар сони жами 70 мингга етади - бу йил яна 20 минг киши Ўзбекистон паспортини олади.
Ислом Каримов даври Ўзбекистони инсон ҳуқуқлари бўйича абгор аҳвол юзасидан, йилларки, халқаро миқёсда жиддий танқидларга тутиб келинган.
Қийноқлар ва диндорларга нисбатан тазйиқлари, репрессив сиёсати билан танилган.
Мустақил Ўзбекистон бу каби ютуққа Шавкат Мирзиёев бошқаруви билан кечган ўтган тўрт йилнинг ичида эришган.
Янгилик Ўзбекистонда президент сайловига саноқли ойлар қолган бир пайтга тўғри келган.
Аммо Ўзбекистоннинг кенгашга аъзолик даъвоси ҳам айрим халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари томонидан эҳтиёткорлик билан қарши олинган, орада матбуотда хосан чиқишларига ҳам сабаб бўлган.
Унда янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни яхшилаш йўлида қўлга киритган ютуқлари алоҳида қайд этилган, номзодлик истаги дадил қадам сифатида баҳоланган эса-да, ҳалича бу соҳада вазиятни ҳақиқатда ўзгартиришга эҳтиёж борлиги ҳам айтилган.
Янги аъзолар 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб ўз ваколатлари ижросига киришишган.
Ҳокимлар ва сайлов

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Халқ ҳокимларни сайлолмайдими, бунга тайёр эмасми - депутат Расул Кушербоев бу борада ўз фикрини айтди.
Депутатга кўра, халқ ҳокимларни сайлашга "тайёр эмас, деган нарсага қўшилмайди".
Унинг айтишича, "ҳокимлар сайлов йўли билан сайланишга тайёр эмас, деб ҳисоблайди".
"Ўзлари тайёр эмас, сайлов йўли билан бўлса, мен ўтолмай қолсам керак, менга ким овоз беради деб қўрқишади".
"Ишончни йўқотиб қўйилганида бу. Аслида, халқимиз тайёрмас деб шу гапни айтаётганнинг ўзи қўрқади. Ўзи сайлай олмас бўлиши мумкин. Мана шундай деб ўйлайман", - деган депутат.
Расул Кушербаев халқ фикрини айтиш даражасида саводхон эканлигини таъкидлаган.
"Қанақасига тайёр эмас бўлиши мумкин? Қанақасига одамда фикр бўлмайди? Нима у ўқимаганми? Жунглидан чиққанми, ҳайвонларнинг орасидан чиққан, ҳеч нарсани билмайдиган?", - дея у устма-уст савол қўйган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Либерал-Демократик Партия(ЎзЛИДеП) фракцияси аъзоси Yangiyo'lliklar TV лойиҳаси интервью берган.
Ҳокимларни сайлаш таклифи илк бор 2016 йилда президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўртага отилган.
Ўзбекистон раҳбари орада кечган вақт орасида бу мавзуга яна бир неча бор қайтган.
Бу каби чиқишларнинг сўнггиси ўтган йилнинг сентябрь ойига тўғри келган.
Президент Шавкат Мирзиёев "шу кунларга барибир келишлари"ни таъкидлаган.
Мавжуд амалиётга мувофиқ эса, Ўзбекистонда бўлажак ҳокимлар аввалига тегишли халқ депутатлари кенгаши тасдиғидан ўтади.
Номзоди тасдиқлангандан сўнг, мамлакат президенти томонидан ҳокимликка тайинланади.
Шавкат Мирзиёев куни-кеча Наманган вилоятига қилган сафари чоғида битта ҳокимни тайёрлашига бир неча йил кетишини айтганди.
Ўзбекистонда ҳокимларнинг фаолияти халқнинг энг кўп танқидларига сабаб мавзулардан бири экани кўрилади.
Мамлакат мустақиллиги тарихида "иши" кўриб чиқилиши учун Вазирлар Маҳкамаси ихтиёрига ҳавола этилганлар ҳам айрим ҳокимлар бўлишади.
Янги қурбонлар

Сурат манбаси, facebook/dimaqayum
Ис газидан заҳарланиш бу гал Хоразм вилоятининг Шовот туманида юз берган.
Беш кишилик оила "Ортиқ ота" чойхонасида ис газидан заҳарланишган.
Воқеа ўтган шанба куни маҳаллий вақт билан кечки соат 17:40 ларда содир бўлган.
Хоразм вилоятида юз берган ҳодисага Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам эътибор қаратган, бу ҳақда расман хабар берган.
Маълум бўлишича, газ ўчоғидан газ сизиб чиққан.
Оила соҳиблари ва уларнинг бир фарзанди воқеа жойида вафот этишган.
Яна икки нафар фарзандлари эса, кучли заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган.
Юз берган ҳодиса юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани айтилмоқда.
Ис газидан заҳарланиш Ўзбекистонда куз-қиш мавсумининг асосий муаммоларидан бири экани кўрилади.
Маълум бўлишича, ўтган куз-қиш мавсумида 70 нафардан кўпроқ одам ис гази қурбони бўлган.
Жорий мавсумда масъуллар уйма-уй юриб, ис гази ва носоз иситиш қурилмалари хавфидан одамларни огоҳлантириб, тушунтириш ишлари олиб боришгача ўтишган.
Айрим мулозимлар бу борада фуқароларнинг ўзларини ҳам айблашади.
Айни пайтда Ўзбекистонда энергия муаммоси тез орада ҳал этилишига кўпчилик ишонмайди.
Шовотдаги эса, жорий куз-қиш мавсумида қайд этилаётган биринчи ис газидан заҳарланиш ҳодисаси эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















