Ўзбекистон: Мирзиёевдан бошқа муқобил номзод йўқми, хавотирга сабаб қонун лойиҳаси маъқулланди - янгиликлар, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Сенат раисининг биринчи ўринбосари бўлажак президент сайловида Шавкат Мирзиёевдан бошқа номзод кўрмаётганини айтди. Депутатлар хавотирга сабаб бўлган қонун лойиҳасини маъқуллади - у оммавий тартибсизликларга оид. bbcuzbek.com дайжести.
Қонун лойиҳаси
3 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида навбатдаги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилган.
Лойиҳа билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш киритиш кўзда тутилмоқда.
Агар ушбу қонун барча чиғириқлардан ўтиб, кучга кирадиган бўлса, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, оммавий тартибсизлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга фуқароларни қонунчилик талабларини бажармасликка ёки бузишга оммавий даъват қилганлик учун йирик миқдорда жарима солишни назарда тутувчи норма киритилиши мумкин.
"Миллий тикланиш" ва "Адолат" фракциялари ташаббуси асосида ишлаб чиқилган бу қонун лойиҳаси 15 февраль куни Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган эди.
Бунинг ортидан жамоатчилик фаоллари, журналист ва блогерлар сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқи поймол этилиши мумкинлигидан хавотир билдирганлар.

Сурат манбаси, kun.uz
Каримов даврида авж олган намойишлардан қўрқув кайфияти қайта бўй кўрсатаётганига оид фикрлар юзага чиққан.
Айрим блогерлар бу қонун ҳокимият вакиллари томонидан ўзгача фикрларни бостириш йўлида қурол ўлароқ хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлаган.
"Америка Овози" мухбири Навбаҳор Имомова қонун лойиҳасини "орқага ташланган қадам" ўлароқ баҳолаган.
Аксарият одамлар мазкур қонун лойиҳаси президент сайлови ўтадиган йилда кун тартибига чиққанига эътибор қаратган.
Бироқ Парламент расмий сайтидаги хабарда "лойиҳа фуқароларнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, коммуникация тизимига долзарб ва ишончли ахборотларни киритишдаги масъулиятини оширишга, шунингдек, жамият хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашга қаратилган"и таъкидланади.
"Мирзиёевдан бошқа номзод кўрмаяпман"

Сурат манбаси, Screenshot
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев октябрда ўтадиган президентлик сайловида Шавкат Мирзиёевдан бошқа номзод кўрмаётганини таъкидлаган.
У бу ҳақда Альтер Эго лойиҳасига берган интервьюсида гапирган.
Бир вақтнинг ўзида сенатор "халқ сайловлар ҳаққоний ва адолатли ўтгани" ҳамда "ўзи хоҳлаган номзод сайланганини кўриши керак"лигини билдирган.
Ўз ўрнида, Сафоев муқобил дастур ва номзодларсиз "сайловлар тўлақонли, адолатли ва ҳаққоний деб баҳоланмаслиги"ни тилга олган.
Ўзбек телеканаллари ва МДҲ

Сурат манбаси, Screenshot
Ўзбек тилидаги телеканаллар илк бор Россия ва МДҲ давлатлари бўйлаб расман эфирга узатилади.
Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси (МТРК) Россиянинг SPB TV компанияси билан бу борада келишув имзолаган.
Биринчи босқичда телетомошабинларга МТРК таркибидаги 12 канал ҳавола этилиши маълум қилинган.
SPB TV бош директори Кирилл Филиппов ушбу келишув Россияда бўлган икки миллиондан зиёд ўзбекистонлик учун ўз она тилида кўрсатувлар томоша қилишга имкон бериши ҳақида гапирган.
Метан "заправкалар"

Сурат манбаси, official
Метан "заправка"ларнинг 24 соатлик иш режимига ўтиши об-ҳаво билан боғлиқ ҳолат.
Бу ҳақида Энергетика вазирлиги матбуот котиби Элмира Бекмуродова "Халқ сўзи"га маълум қилган.
"Ҳаво ҳарорати яхши бўлган ҳудудларда маҳаллий ҳокимият ва газ таъминоти корхоналари келишган ҳолда заправкаларни одатдаги иш тартибига ўтказишлари мумкин.
Агар яна ҳаво ҳарорати пасайиб, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида газ етишмовчилик кузатилса, яна чекловлар киритилиши мумкин", деган Бекмуродова.
"Заправка"ларнинг одатий ишлаш тартибига ўтгани ҳақида Наманган вилояти ҳокимлиги биринчилардан хабар берган.
Совуқ об-ҳаво сабаб 25 февралдан газ "заправка"ларнинг ишлаш вақтига чекловлар киритилган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















