Ўзбекистон: 4 йилда $22 миллиард доллар, UzAutoMotors нархларни пасайтирмоқчи, Хатирчида аёллар йўлни тўсди – янгиликлар, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
UzAutoMotors компанияси автомобиллар таннархини пасайтириш йўлида Кореядан жиҳозларни кўчириб келиш ишларини бошлаб юборган. Тошкентда очиқ мулоқот. Ижтимоий тармоқда норози одамлар йўлни тўсиб қўйгани тасвирланган яна бир видео тарқалган.
Очиқ мулоқот
2020 йил Ўзбекистонда ижтимоий соҳа учун масъулиятли йил бўлган.
Маълум бўлишича, ўтган йил улар энг кўп фаоллик кўрсатишган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари расман баён қилган.
Беҳзод Мусаевнинг бу сўзлари пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида янграган.
Мулоқот давомида журналистлар ва ҳукумат вакиллари ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг самарадорлиги масалаларини муҳокама қилишган.
Нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ўртасида парламент Қонунчилик палатаси депутатлари ва ёшларнинг Ўзбекистон ҳукумати аъзолари билан учрашуви "Очиқ мулоқот: ижтимоий соҳа - кеча, бугун, эртага", деб номланган.
Мазкур учрашув Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (НАЭСМИ) ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (НАННОУз) ташаббуси билан ўтказилган.
Унда давлат сектори вакиллари ва раҳбарлар гуруҳини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари бошқарган.

Сурат манбаси, kun.uz
Беҳзод Мусаевнинг маълум қилишича, "ижтимоий соҳа давлат бюджетининг асосий қисми йўналтириладиган тармоқ" бўлади.
Учрашув тафсилотларидан маълум бўлишича, ўтган йилнинг энг катта сарф-харажатли жабҳаси, бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам соғлиқни сақлаш тизими бўлган.
"Соғлиқни сақлаш соҳасига катта оғирлик тушган".
Фақат "COVID-19"га чалинган касалларни даволашга ихтисослашган махсус шифохоналар, карантин мажмуалари ва замонавий лабораторияларни зудлик билан қуриш учун 96 миллион доллар миқдоридаги маблағ ажратилган.
Ўзбекистоннинг "COVID-19" пандемиясидан нисбатан тезроқ чиқиб кетиши маҳаллий тиббиётнинг талабга жавоб беришини исботлаган.
Бу аввалги 4 йил ичида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар ҳамда мамлакат раҳбарининг ушбу соҳага бўлган шахсий эътиборининг ижобий самараси эканлигини кўрсатган.

Сурат манбаси, official
Айтилишича, коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш ҳамон мамлакатдаги муҳим вазифаларнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда.
Худди шу мақсадда 2021 йилги давлат бюджети ҳисобидан 3 триллион сўм миқдорида захира маблағи шакллантирилган.
Ушбу маблағлар аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш учун ҳам сарфланади.
Ишларнинг сифатини яхшилаш ва санитария-эпидемиология хизматининг моддий-техник базасини яхшилаш учун замонавий лабораториялар яратиш учун 200 миллион доллар ажратилади.
Инновацион ривожланиш вазири Иброхим Абдурахмонов вакцинация жараёнлари бўйича маълумот берган.
У хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда вакцина ишлаб чиқилгани, эндиликда бутун дунёга тарқатиладиган ушбу вакцинадан Ўзбекистонга ҳам бир миллион доза етказиб берилишини маълум қилган.
Вазирга кўра, "шунингдек Россия ва Америка вакциналари ҳам истовчиларга тақдим этилади. Умуман вакцина олмоқчи бўлмаганларга ҳам қаршилик бўлмайди".
Ўзбекистон жорий пайтда Тожикистон билан бирга минтақанинг коронавирус энг кам тарқалган иккита давлатидан биттаси бўлиб турибди.
Мамлакат масъуллари яқинда коронавирус беморларининг деярли барчаси соғайиб бўлганини расман баён қилишган.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий соҳанинг муҳим тармоғи таълим бўйича маълумотлар берган, пандемия истисносиз ижтимоий сиёсатнинг барча соҳаларига таъсир кўрсатганини айтган.
Йил охирига қадар мактабгача таълим билан қамраб олишни 65 фоизгача ошириш устувор вазифа этиб белгиланганини маълум қилган.
Вазирнинг сўзларига кўра, бу йил Халқ таълими тизимини рағбатлантириш учун минтақавий фондларга 330 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, 240 мингдан зиёд мактаб ўқитувчиларининг иш ҳақи 1,5 бараварга кўпайтирилади. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан 400 миллиард сўм ажратилади.
Ислоҳотлар маҳалла институтини ҳам қамраб олиши айтилган.
Энди маҳалладаги ишлар ҳолатини вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар фаолиятини баҳолашда асосий мезон қилиб белгилаш режалаштирилгани ҳам маълум бўлган.
Тадбирда оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва хотин-қизларни ҳимоя қилиш масалалари алоҳида назорат остига олингани ҳам алоҳида таъкидланган.
Учрашув тафсилотларидан маълум бўлишича, 2017-2020 йилларда ижтимоий соҳага 188,8 триллион сўм - $22 миллиард АҚШ доллари ажратилган.
Таълим, спорт, маданият, фан ва инновация, аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳалари устувор йўналишлар қаторида тилга олинган.
UzAutoMotors ва нархлар

Сурат манбаси, official
UzAutoMotors компанияси автомобиллар таннархини пасайтириш йўлида Кореядан жиҳозларни кўчириб келиш ишларини бошлаб юборган.
Бу ҳақда компания вакиллари 2 март куни журналистларга маълум қилган.
Маълум этилишича, кўчириб келтириш шу йилнинг ўзида 200 дан зиёд деталларни маҳаллийлаштириш ва маҳсулот таннархини $100 миллионга қадар пасайтириш имконини беради.
"Барча ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг таннархини пасайтириш устида ишланмоқда", деган компания бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов маҳаллий журналистларга.
Бироқ у айнан қайси моделдаги машиналар нархи неча фоизга қадар пасайтирилишига ойдинлик киритмаган.
Ўтган йилнинг март ойида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархларининг 3 фоиздан 21 фоизга қадар оширилиши кенг жамоатчилик норозилигига учраган эди.
Сешанба куни, шунингдек, компания март ойидан SAP S/4HANA замонавий бошқарув тизимига ўтаётганини ҳам эълон қилган.
Янги тизим компания мослашувчанлиги, самарадорлигининг ўсиши ва харажатларни тежашга имкон бериши маълум этилган.
Бундан ташқари сотуви 12 февралдан тўхтатилган Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобиллари учун харид шартномалари 3 мартдан қайта йўлга қўйииши билдирилган.
Бош кўтарган хатирчиликлар

Сурат манбаси, Socialmedia
Ижтимоий тармоқда норози одамлар йўлни тўсиб қўйгани тасвирланган яна бир видео тарқалган.
Берилган изоҳда одамлар бу сафар газ-свет муаммосидан эмас, балки таълим тизимидаги камчиликлардан норози экани билдирилган.
Тарқалган видеода бир-бирининг қўлини тутиб турган ўнга яқин аёл машиналар ҳаракатини тўхтатиб қўйгани кўзга ташланади.
Маҳаллий нашрлар ҳолат Навоий вилояти Хатирчи туманида жойлашган 9-мактаб ёнида содир бўлгани ҳақида ёзганлар.
"Норозичилик намойишига сабаб эса, 9-мактабда 6 ёшли болалар учун тайёрлов курслари ташкил этилмаганлиги, мактаб маъмурияти тайёрлов курс учун хона ажратмаганлари сабаб бўлган", хабар қилган Effect.uz нашри.
3 март куни Хатирчи туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан баёнот берган.
Туман ҳокими Ғофир Алиев воқеа жойига зудлик билан етиб боргани маълум қилинган.
"11 нафар аёл ўз фарзандларини мактабга тайёрлов гуруҳларига (0 синфлар) қўйиш учун синф хоналари етишмаганлиги туфайли шундай қилишганини таъкидлашган.
Муаммолар жойида бартараф этилиб, синф хоналар ва ўқитувчилар ажратилиб, масала ижобий ҳал этилган", дейилади ҳокимлик хабарида.
Ихтиёрий эмлаш

Сурат манбаси, .
Фуқаролар коронавирусга қарши вакцина танлаш ва уни қабул қилиш ихтиёрига эга.
Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаб аъзоси Нурмат Отабеков "Замон" дастури билан суҳбатда маълум қилган.
"Биз эмлаш ихтиёрийлигини эсдан чиқармаслигимиз керак ва бу мажбурий эмас. Худди шу аснода қайси эмлаш воситаси билан эмланган бўлса, шу эмлаш воситаси билан жараён якунланади.
Қайси вакцинани танлаш имкони ҳам уларнинг ўз қўлида", деган масъул.
Ётоқхонага муҳтож талабалар

Бугунги кунда Ўзбекистонда ётоқхоналарга эҳтиёжманд талабалар сони қарийб 150 минг нафарни ташкил этади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов 2 март куни Олий Мажлис Қонунчилик Палатасидаги чиқишида ана шундай рақамни тилга олган.
Унинг сўзларига кўра, айни вақтда республикада мавжуд 228 та талабалар турар жойида 58 минг талаба истиқомат қилмоқда.
Вазир давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ётоқхоналар қуриш, ётоқ жойини ижарага берувчи хонадонлар билан яқиндан ишлаш каби йўллар орқали муаммога ечим изланаётганини маълум қилган.
28 февраль куни пойтахтдаги ижара хонадондан беш нафар талабанинг ўлик ҳолда топилиши ортидан талабаларнинг ётоқ жойлар билан муаммоси кун тартибига кўтарилган асосий мавзулардан бирига айланган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















