Ўзбекистон: Оммавий муштлашган икки қишлоқ, ўзбек тилига қарши овоз ва мамлакатни қанча одам тарк этди? Янгиликлар O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Самарқанддаги оммавий муштлашув

Сурат манбаси, official

Самарқанд вилоятида оммавий муштлашув. Тил ожизми ё ўзбек депутатлари нега ўзбек тилига қарши овоз беришди? Қозоғистонга кўчиш ва янги имконият - bbcuzbek.com дайжести.

Оммавий муштлашув

Самарқанд вилоятидаги икки қишлоқ аҳолиси ўртасида оммавий муштлашув юз берган.

Тергов департаментининг маълум қилишича, муштлашув автомашина бошқарувига оид келишмовчилик сабабли келиб чиққан.

Пастдарғом туманида жойлашган Ровот ва Боғонали қишлоғи йўлида ҳайдовчилардан бири иккинчисини автомашинани нотўғри бошқарганликда айблаб, ҳақорат қилган.

Оқибатда, икки қишлоқда яшовчи жами 17 фуқаро ўртасида жанжал чиқиб, бир-бирларини дўппослаганлар, дейилади департамент хабарида.

Маълум этилишича, жанжал туфайли 15 инсон турли кўринишда жароҳат олган.

Жанжал иштирокчиларининг 3 нафари аёл киши экани аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов давом этаётгани айтилмоқда.

"Ўзбек тили ожиз…"

Табло

Сурат манбаси, Alisherqodirov/telegram

Қонунчилик палатаси депутатлари давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлиши кераклиги тўғрисидаги таклифни маъқулламаганлар.

Бу ҳақда мазкур таклифнинг ташаббускори бўлмиш "Миллий тикланиш" партияси етакчиси Алишер Қодиров ўзининг Telegram каналида ёзган.

"Бир ҳамкасбимизнинг "бизга ва фарзандларимизга ўзбек тилини ўрганиш қийин, биз ўз тилимизда мурожаат қилишни хоҳлаймиз" деган гапи ҳам ғурурига тегмаган 65 та депутат..." дея надомат билдирган у.

Қодиров, шунингдек, ўзбек тили мавқейини оширишга бўлган ҳаракатларга ташаббускорларнинг "овози камлик қилаётгани"ни ҳам қайд этган.

Қозоғистонга кўчиш

Ўзбекистон Ҳаво йўллари самолёти

Сурат манбаси, official

Жорий йилнинг январь-март ойларида 4,094 нафар инсон бошқа давлатларда доимий яшаш мақсадида Ўзбекистондан кўчиб кетган.

Spot нашрининг Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таяниб ёзишича, мамлакатни тарк этганларнинг асосий қисми қўшни Қозоғистонга кўчиб ўтган.

"Қозоғистонда этник қозоқларни қайтариш бўйича дастур амал қилади. Репатриантларни ўролмон ёки қандас деб атайдилар. Улар маълум имтиёзлар, масалан, ишга жойлашиш ёки турар жой бўйича ёрдам, нафақа, олий ўқув юртларида квоталар ва бошқаларга эга бўладилар" дейилади Spot хабарида.

Нашрнинг ёзишича, йил бошидан бери 578 инсон Ўзбекистонга доимий яшаш мақсадида кўчиб келган.

Янги имконият

Ўзбекистон Конституциявий суди

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Ўзбекистонда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳам Конституциявий судга мурожаат қилиш имконияти пайдо бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги қонунни имзолаган.

Эндиликда, муайян ишда қўлланган қонун билан конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан фуқаролар ва юридик шахслар Конституциявий судга шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин.

Шунингдек, Конституциявий суд судьялари сони 7 нафардан 9 нафарга оширилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek