Ўзбекистон: Уруш йиллари акс этган концертлар, Россияда калтакланган ўзбекистонлик ва бузилиши тўхтатилган масжид минораси – янгиликлар O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Ретро машиналар

Сурат манбаси, official

  • Тошкентда уруш йиллари акс этган концерт дастурлари ташкил этилади;
  • Томскда ўзбекистонлик мигрант калтакланди;
  • Масжид миноралари бузилмайдиган бўлди;
  • Ноқонуний "ҳужралар" фаолиятига чек қўйилди;

Ретро автомобиллар марши

4-7 май кунлари Тошкент шаҳри кўчалари бўйлаб ретро машиналар марши бўлиб ўтади.

Мудофаа вазирлиги 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилаётган оммабоп байрам тадбирлари ҳақида хабар берган.

Тадбир давомида машиналар гавжум жойларда тўхташи ва ҳарбий ансамбль ҳамда оркестр уруш йиллари акс этган концерт дастурларини намойиш этиши айтилмоқда.

Ушбу хабар 1 май куни Тошкент марказида Совет Иттифоқи байроғи кўтарилгани туфайли кенг жамоатчилик норозилиги ҳали босилмаган манзарада чиқмоқда.

Ўтган шанба куни "Халқлар дўстлиги" санъат саройи олдида ташкил этилган "Ғалаба қўшиқлари" очиқ концерти вақтида томошабинлардан бири собиқ Шўро қизил байроғини кўтарган.

Бу ҳолат акс этган сурат ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментини жунбишга келтирган.

Аксар фикр билдирувчилар мазкур манзарадан даҳшатга тушгани ҳақида ёзган.

Депутат Алишер Қодиров Совет давлати байроғининг "пойтахтнинг қоқ марказида баланд кўтарилиши"ни ўзбек халқига нисбатан ҳақорат, деб ҳисоблашини таъкидлаган.

Концерт ташкилотчиси бўлмиш Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Россотрудничество агентлиги тадбир Ўзбекистон ҳукумати кўмагида ўтказилганини маълум қилган.

"Яна правангни качат қиласанми?"

Томскдаги можаро

Сурат манбаси, Screenshot

Россиянинг Томск шаҳрида ўзбекистонлик мигрант миграция хизмати ходимлари томонидан калтаклангани акс этган видео тарқалган.

Видеода ходим ўзбекистонлик эркакдан ҳужжатларини талаб қилаётгани, мигрант эса паспортини тақдим этганини айтиб, ҳуқуқини ҳимоя қилишга уринаётгани кўринади.

Жараённи тасвирга тушириб бораётган Ўзбекистон фуқаросини алоҳида хонага олиб кирган ходим, "Яна ҳуқуқингни ҳимоя қиласанми?", дея унга куч ишлата бошлайди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва агентликнинг мамлакатдаги ваколатхонаси томонидан Россия ваколатли идораларига сўровлар жўнатилганини маълум қилган.

Шунингдек, Россия Тергов қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги воқеа бўйича текширув ишлари бошлагани ҳам хабар қилинмоқда.

Минора бузилмайдиган бўлди

"Исломобод" масжиди

Сурат манбаси, kun.uz

Пойтахтда қурилаётган "Исломобод" масжидининг миноралари бузилиши тўхтатилган.

Бир неча кун аввал масжиднинг тўрт минорасидан иккитаси ҳеч қандай изоҳларсиз бузила бошланиши ортидан маҳаллий аҳоли норозилик билдиргани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.

Тарқалган видеоларда масъул шахслар норози одамларга миноралар қурилиши "маблағ тақчиллиги" туфайли бекор қилинганини тушунтиришга уринаётгани кўзга ташланади.

Kun.uz нашрининг хабар беришича, аҳоли норозилигидан сўнг масжид миноралари эски лойиҳага биноан қурилишда давом эттириладиган бўлган.

Ноқонуний "ҳужралар"

Сирдарёлик хотин-қизлар

Сурат манбаси, official

Гулистон шаҳрида вояга етмаган болаларга диний таълим бериб келаётган икки аёл аниқланган.

Сирдарё вилояти ИИБ аёллар расмий диний маълумотга эга бўлмаганини хабар қилган.

Хабарга кўра, мактаб ўқувчилари бўлмиш болалар онлайн дарсларга қатнашмасдан "ҳужралар"да таҳсил олиб келган.

Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан тегишли чоралар кўриш бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek