Путин ва Нетаняҳуни тенглаштириб бўлмайдими? Украина ва Фаластинга икки хил стандарт

Путин ва Нетаняҳу Москва Қизил майдонидаги ҳарбий параддан кейинги "Ўлмас Полк" юришида

Сурат манбаси, Alexey Druzhinin/TASS

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Россия Президенти Владимир Путин ва Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Халқаро Жиноят Суди юрисдикциясини тан оладиган 125 мамлакатдан бирортасига қадам қўядиган бўлсалар, уларни ҳибс этишга ХЖС ордер берган.

Бироқ Путинга арест ордери чиқарилганини олқишлаган қатор Европа мамлакатлари сиёсатчилари Нетаняҳуни қўлга олмасликлари ҳақида баёнот бердилар.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳуни ҳибсга олишга Халқаро Жиноят Суди ордер бергани ҳақидаги янгилик бутун дунёда қарама-қарши муносабатларни келтириб чиқарди.

Айрим сиёсатчилар Халқаро Жиноят судини антисемитизмда, терроризмни қўллаб-қувватлашда, демократик давлатни террорчи гуруҳ билан "тажовузкор давлат Россия" билан тенглаштиришда айбладилар.

Бошқалар эса жиноятни ким содир этганидан қатъи назар тергов қилиниши керак дея "жасур қарор"ни олқишладилар.

Бенямин Нетаняҳу ҳали давлат раҳбарлиги лавозимини эгаллаб турган вақтида Халқаро Жиноят суди томонидан ҳибсга олиш ордери чиқарилган тўртинчи давлат раҳбари бўлди.

2022 йили Халқаро Жиноят суди Россия Президенти Владимир Путинга арест ордери чиқарди.

2011 йили Ливия раҳбари Муаммар Қаззофийни қўлга олиш қарори чиқарилган, бироқ уч ойдан кейин у ўлдирилган эди.

Шундан сўнг иш ёпилган.

2009 йили ХЖС Судан президенти Умар ал-Баширни ҳибсга олиш бўйича қарор қабул қилган, бироқ шундан кейин у ҳокимиятни йўқотган эди.

Ҳибс ордери ва қандай айбловлар асосида қўлга олишга қарор қилингани тафсилоти махфий сақланиши ҳам мумкин, кенг жамоатчиликка ошкор этилиши ҳам мумкин, буни ХЖСнинг ўзи ҳал қилади.

Шу йил ноябрида ХЖС Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳуни, собиқ Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант ва Исроил 1 августдаги Ғазога авиа зарба оқибатида ўлдирилганини хабар қилган, биро ўлими бошқа манбалар томонидан тасдиқланмаган Ҳамас қўмондони Муҳаммад Дейфни ҳибс қилиш бўйича ордер эълон қилди.

Ўзини ҳибсга олиш ҳақидаги прокурор сўровини "демократиянинг ўзини ўзи мудфоаа қилиш ҳуқуқи"нинг бузилиши деб атаган Нетаняҳу ХЖС ордерини "антисемит қарор" деди.

Исроил Халқаро Жиноят судининг аъзоси эмас ва ХЖСга Нетаняҳу ва Галлантни ҳибсга олиш ордерига нисбатан норозилик номасини йўллаган.

Ҳозирча Исроилнинг бу мурожаати кўриб чиқилгани йўқ.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ХЖС ўзининг Нетаняҳуни қўлга олиш қарори билан "Исроилни арест қилишга" ордер берди деган фикрлар билдирилмоқда.

АҚШ ХЖСнинг аъзоси эмас ва Халқаро Жиноят судига қарши санкция киритиш масаласини кўриб чиқаяпти.

Аммо энг қизиғи Франция, Италия ва ХЖС жойлашган Нидерлания расмийларининг ҳибс этилишидан қўрқмасдан Нетаняҳу мамлакатларига бемалол келиши мумкин деган баёнотлари бўлди.

Исроил ХЖС юрисдикциясини тан олмайди. Бу ҳуқуқ судда қандай пайдо бўлди?

Фаластин Рим Статуси, яъни Халқаро Жиноят судини ташкил этиш ҳақидаги шартномани имзолаган давлат.

Аммо Фаластин давлатининг ўзини БМТга аъзо 193 мамлакатдан 147 таси тан олган, қолганлари тан олмаган.

Фаластин ХЖС аъзоси бўлгани учун суд Фаластин ҳудудида содир этилган жиноят ёки фаластинлик дунёнинг хоҳлаган бурчаги, шу жумладан, Исроилда ҳам содир этган жиноятни тергов қилишга ҳақли ҳисобланади.

Бу нарсани 2021 йили прокурорлар сўровига жавобан ХЖС судялари тасдиқлаган эдилар.

Ана шундан кейин ўша вақтда ХЖС прокурори лавозимини эгаллаб турган гамбиялик юрист Фату Бенсуда "Фаластиндаги вазият"ни тергов қилишга киришган эди.

Халқаро Жиноят суди Фаластин ҳудудларида содир этилган жиноятни тергов қилиши учун Исроилнинг ХЖС юрисдикцияси(жиноятни тергов ва суд қилиш ваколати)ни тан олиши талаб қилинмайди.

Ўз навбатида Ҳамас жангариларининг Исроил ҳудудида инсонларни гаровга олгани ва бошқа жиноятлари юрисдикцияси уларнинг фаластинликлар томонидан содир этилгани деб кўрилгани учун қабул қилинади.

ХЖС суди прокурори томонидан тузилган экспертлар комиссияси "Фаластин вазияти" бўйича ҳам ҳибс ордери бериш мумкин деган хулоса бердилар.

Ушбу экспертлар комиссиясига Холокостни бошидан ўтказган исроиллик ва америкалик юрист - Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ маслаҳатчиси ва Югословия бўйича Халқаро жиноят трибуналининг раиси Теодор Мерон кирган эди.

"Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи бўйича мутахассис Мерон ҳали 1967 йили Исроил бош вазирига юборган махфий меморандумида босиб олинган Фаластин ерларида Исроил келгиндилар масканларини барпо этиш қонунга зид эканлигини ёзган эди", деди Кёлн университетидан халқаро ҳуқуқ эксперти Глеб Богуш Би-би-си Рус хизматига.

Бундан ташқари бу ерда "Осло II" келишуви деб номланган Исроил-Фаластин тинчлик келишуви билан боғлиқ масала ҳам ўртага чиққан.

Ушбу келишувда Фаластин ҳудудида содир этилган жиноятлар учун исроилликларни Фаластин суди эмас, Исроил суди судлаши керак деган банд ёзилган.

1948 йили Исроил барпо этилишида катта рол ўйнаган Буюк Британия "Осло II" битими Нетаняҳу ва Галантни ҳибсга олишга монеълик қилиш-қилмаслиги борасида ХЖС аниқлик сўраган.

Судга 60 дан ортиқ давлат, ташкилот ва олимлар хулоса келиб тушган.

Бу борада фикрлар бўлинган.

ХЖС юрикдияга эга деган фикрга канадалик профессор Уилям Шабс(у ҳам Холокост қурбонининг авлоди) ҳам қўшилди.

У вазиятга "колониал қараш"га қарши чиқди ва ордерга Исроил раҳбарларини геноцид ва апартеидда айблаш таклифини ҳам қўшди.

Бу борада Британия ўз мавқеъини билдирмади, бунга ўша вақтда мамлакатда ҳукумат алмашгани сабаб бўлди.

Айрим мамалакатлар, хусусан, Германия Исроилнинг ўзида амал қилувчи суд тизими мавжуд, шунинг учун бу масалани Исроилнинг ўзи ҳал қилишини кутиш керак, деган муносабат билдирди.

Бироқ охир-оқибат ХЖС ўзининг юрисдикциясини тасдиқлади.

Рим Статуси бўйича агар Фаластинда содир этилган жиноятлар ишини мансабдор шахслар ва фактлар бўйича Исроилнинг ўзи тергов қилса, бунга ХЖС аралашмайди ва ишни ёпмоғи лозим.

Бу комплементар тамойил деб кўрилади.

Бироқ Исроилнинг ўзида бундай тергов ва суд жараёни ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.

Нетаняҳу ва Путинда дахлсизлик иммунитети борми ва АҚШ, Европа мамлакатлари икки хил стандарт қўллаяптиларми?

ХЖС прокурори Карим Хон ХЖС тингловида

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ Халқаро Жиноят суди ходимларига санкция киритиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Франция Ташқи ишлар вазирлиги баёнот беришича, ХЖС Нетаняҳуни ҳибс қилиш ва топширишни талаб қилолмайди, чунки Исроил ХЖС аъзоси эмас.

ХЖС аъзоси эмаслиги Исроил вазирларига дахлсизлик иммунитетини беради.

Италия Ташқи ишлар вазири Антонио Таяни айтишича, "Нетаняҳуни камида Исроил бош вазири лавозимини эгаллаб турган вақтида ҳибс қилиш имконсиз".

ХЖС жойлашган Нидерландия Бош вазири Дик Схоф, "халқаро ҳуқуқ доирасида ҳам Нетаняҳу Нидерландияга бемалол ташриф буюриши мумкин сценарийлар бор", деб айтди.

Ушбу баёнотлар бу мамлакатларнинг Владимир Путинни ҳибс қилиш ордерини қўллаб-қувватлаганларининг буткул тескариси ва бундай икки хил стандарт ХЖС обрўси ва халқаро адолатга бўлган ишончга путур етказади.

Якуний қарор барибир ХЖС аъзоси бўлган мамлакатларнинг ўзида қолади.

Мисол учун 2015 йили Жанубий Африка республикасига Суданнинг ўша пайтдаги президенти Умар ал-Башир ташриф буюрди.

Унга эса олти йилдан буён ХЖС арест ордери бор эди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ХЖС ордери асосида Умар ал-Баширни ҳибсга олишни талаб қилиб маҳаллий судга мурожаат қилдилар.

Суд эса уни ҳибсга олиш қарорини чиқарди.

Бироқ ЖАР ҳукумати Умар ал-Башир қочишига йўл қўйиб бердилар, тезда ҳарбий аэродромга олиб бориб учириб юбордилар.

2023 йил августида БРИКС ташкилоти саммити ЖАРда бўлди.

Бошида Россия Президенти Владимир Путин ЖАРдаги БРИКС саммитида шахсан қатнашиш ниятида эди, бироқ бормасликка қарор қилди, музокараларда онлайн қатнашди.

Францияда 2023 йилдан буён Суриянинг бугунга келиб собиқ президентига айланган Башар ал-Асадни қўлга олиш бўйича суд ордери чиқарилган.

Яъни, Франция суд тизими Франция амалдаги давлат раҳбарини ҳибсга олиши мумкин деб ҳисоблайди.

Германия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Путин билан Нетаняҳунинг ҳибс ордерларини бир-бирига тенглаштириб бўлмайди.

Биринчидан, Россия Украинага ҳужум қилган, Исроил эса Ҳамас ҳужуми қурбони бўлди.

Иккинчидан, Исроилдан фарқли ўлароқ Россияда мустақил суд тизими йўқ, бу тизим вақти келиб ўзи ҳарбий жиноятларни кўриб чиқиши мумкин.

Гарчи Ғазодаги тинч фуқароларнинг қурбонлари сони Украинадагидан кўп бўлса ҳам бу жиноятларни на Россия, на Исроил тергов қилаётгани йўқ.

АҚШ Рим Статуси аъзоси эмас ва ХЖС қарорини бажармоқчи ҳам эмас.

Лекин АҚШ "Исроил қонуний иш кўраяпти", дейди ва ХЖС суди ходимларига қарши санкциялар жорий этиши мумкинлигини айтаяпти.

Бундан олдин АҚШ Путинни ҳибс қилиш ордерини олқишлаган эди.

АҚШнинг яна сайланган президенти Доналд Трамп ўзининг биринчи президентлиги муддатида ХЖСнинг ўша вақтдаги прокурори Фату Бенсудага қарши санкция қиритган, бунга Бенсуда хонимнинг АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондаги жиноятларини тергов қилгани сабаб бўлган эди.

Ўшанда АҚШ Исроилнинг Жўлон тоғини ўз ҳудудига аннексия қилгани қонуний деб қабул қилган эди.

Фаластин ерларидаги вазият, давлатлар чиндан ҳам халқаро ҳуқуқни қўллаб-қувватлайдиларми ёки йўқлигини текшириб кўриш учун синов бўлди.

Бугунга келиб жаҳон тартиби бутунлигига умид қилган Украина раҳбарларида хавотирланишларига жиддий сабаб бор.

"Агар Франция "Нетаняҳунинг иммунитети бор" деяётган бўлса, унинг ёнида Париждаги террасада шароб симириб ўтирган Путинни тасаввур қилиш мумкин", деди Нидерландиядаги Очиқ университетдан Сергей Василев.

Рим Статуси аъзолари ассамблеяси Мўғулистон устидан ХЖСга шикоят қилдилар, бу шикоятни кўриб чиқиш бошланди.

Унда шикоятчилар Путин Мўғулистонга ташрифи пайти бу мамлакат уни ҳибс қилмаганидан ёзғирдилар.

ХЖСнинг суддан олдинги палатаси буни қонун бузилиши деб тан олди.

Мўғулистон эса бу борада ўзининг мавқеъи бошқачалигини айтди.

"Бу халқаро адлия тизими "орқасига пичоқ уришдир", дейишади юристлар.

"Ғарб борган сари кўп ўзининг обрўини тўкаяпти. Россияпараст бўлмаган глобал Жануб мамлакатлари Ғарб, шартли қилиб айтганда, "Ҳар куни Беслан" содир бўлаётган Фаластинга нисбатан ўзларини қандай тутаётганларини кузатиб туриб Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлаш ҳаракатларини дастакламаяптилар. Уларга "Путинни ҳибсга олмагани учун Мўғулистонни қораланг" ёки уларга манфаатли бўлмаган Россияга қарши "санкцияларга қўшилинг" деганларида бунга кулиб жавоб қайтаришлари мумкин", дейди Глеб Богуш.