Жўлон тепаликлари қаерда ва у нега муҳим? - Видео

Сурат манбаси, EPA
Исроил кучлари Жўлон тепаликларидаги демилитаризациялаштирилган буфер зона ҳамда Сурия ҳудудидаги бошқа мавқеълар устидан назоратни қўлига олган.
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Исроил Мудофаа кучларига буфер ҳудудига ва "яқин-атрофдаги қўмондонлик мавқеълари"га киришга буйруқ берганини айтди.
Нетаняҳу сўзларига кўра, бу Башар ал-Асад режими қулагани ортидан Суриядаги исёнчи кучлар Исроилга ҳужум қилиши олдини олиш мақсадидаги вақтинчалик ҳаракатдир.
Ушбу амални бир неча Араб мамлакатлари қораладилар.
Жўлон тепаликлари қаерда ва у ерни ким назорат қилади?

Сурат манбаси, Getty Images
Жўлон тепаликлари Сурия жануби-шарқида жойлашган тошли плато, у Исроил шимоли-шарқигача чўзилган. Ҳозир тепалик Исроил ҳарбий оккупацияси остида.
1967 йилдаги Олти кунлик урушда Сурия тепаликдан туриб Исроилга ҳужум қилди, бироқ ҳужумларни қайтарган Исроил 1200 квадрат километр ҳудудни қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Сурия 1973 йилдаги Яқин Шарқ(Йом Киппур) урушида Жўлон тепаликларини ўз назорати остига олишга уринди, аммо бунинг уддасидан чиқолмади.

Сурат манбаси, Getty Images
1974 йили Исроил билан Сурия сулҳ битимини имзолади, бу битим икки томондан ҳам қўшинларини 80 километр узунликдаги "Бўлиниш ҳудуди" деб билинган жойдан олиб чиқишни талаб қилган, у ерга БМТнинг Ажратилишни кузатиш кучлари деб ном берилган қўшини шартнома бажарилишини кузатиш учун жойлаштирилган.
1981 йили Исроил Жўлон тепаликларини аннексия қилиб ўз назоратига олди, у ерда яҳудий келгиндилар уйлар қуришни бошладилар.
Исроилнинг ҳудуд устидан суверенитети халқаро миқёсда эътироф этилмаган, аммо 2019 йили АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти АҚШнинг бир неча ўн йиллик сиёсатини бузди.
Сурия Исроил Жўлон тепаликларидан чиқиб кетмагунича тинчлик битимини имзолмаслигини айтган.
2024 йил ноябрида Исроил "Бўлиниш ҳудуди" бўйлаб баъзи жойларида буфер зона ичкарисида хандақлар қуришни бошлагани учун Сурия ва БМТдан шикоятлар қабул қилди.
Жўлон тепаликлари нега муҳим?
Suriyadagi isyonchi guruhlar ichki masalalar bilan juda band, Isroil bilan yangi mojaroni o‘ylashga vaqti ham yo‘q. Isroil ko'rayotgan ish aksil natija berishi mumkin.
Жўлон тепаликлари ўзининг назоратида бўлган 1948 йилдан 1967 йилгача бўлган даврда Сурия шимолий Исроилни мунтазам артиллерия бомбардимонларига тутиб келди.
Жўлон чўққисидан 60 километр узоқликдаги Сурия пойтахти Дамашқ аниқ-тиниқ кўриниб туради. Жўлон тепаликлари устидан назорат Исроилга Сурия тарафидаги ҳар қандай ҳарбий ҳаракатланишни яққол кўриш имкониятини беради.
Тепалик Исроил учун Сурия тарафидан (худди 1973 йилда юз берганидек) ҳар қандай ҳарбий ҳужум учун табиий буфер ролини ўйнайди.
Жўлон тепаликлари қурғоқчил жой ҳисобланадиган минтақанинг асосий сув манбаси ҳамдир.
Ёмғир сувлари тепаликдан Иордан дарёсига тушади, дарё атрофидаги ҳудудларни узумзор ва боғлар, чорвачилик ўтлоқлари учун унумдор ерларга айлантиради.
Ўтмишда Сурия билан Исроил ўртасидаги сулҳга асосий тўсиқлардан бири Суриянинг "Исроил 1967 йилдан олдинги чегарага чиқиб кетсин" деган талаби бўлган.
Бу нарса Сурияга Араб номи "Буҳайра Табария", яҳудийлар "Киннерет кўли", дунё харитасида эса Галилея денгизи деб аталадиган кўлнинг шарқий соҳилларини назорат остига олишни, Исроилни эса тоза ичимлик суви манбасидан маҳрум этиши мумкин. Исроил чегара соҳилдан анча шарқдан ўтиши керак дейди.
Исроил омма фикри Жўлон тепаликлари "бизники бўлиши керак, қайтариб бериш учун стратегик жиҳатдан ўта муҳим" деб ҳисоблайди.
Жўлон тепаликларида ким яшайди?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳозир Жўлон тепаликларида исроиллик келгиндиларнинг 30 тача яшаш маскани бор, у жойларда 20000 ча одам яшайди. Исроил у ерда яшаш жойларини 1967 йилги урушдан кейин дарҳол бошлаб юборган.
Халқаро қонунчиликка кўра келгиндилар яшаш жойлари ноқонуний ҳисобланади, аммо Исроил бу нарсани савол остига олади.
Яҳудий келгиндилар 20000 ча суриялик билан ёнма-ён яшайдилар, бу сурияликларнинг аксари "Муваҳиддун" ёки "Дарзий" ё "Дурзий" деб аталадиган секта аъзоларидир. Жўлон тепаликлари босиб олинганида Дурзийлар уч ердан чиқиб кетмаганлар.
Сурия "ер доим бизники бўлиб келган ва бизга қайтарилиши керак" дейди. Исроил эса тепалик "мудофаамиз учун ўта муҳим ва доим бизнинг қўлимизда қолади" дейди.
Шу яқин орада Исроил Жўлон тепаликларида нима қилди?
Сурияда исёнчи қўшинлар илдамлашиб келаётганидан хабар топган Сурия армияси ҳарбийлари Жўлон тепаликларидаги постларини ташлаб кетдилар, бунинг ортидан Исроил Мудофаа кучлари(ИМК) у ердаги демилитаризациялаштирилган буфер зона устидан назоратни қўлига олди.
ИМК қўмондонлари ўз қўшинлари Жўлон тепаликларидаги буфер зонадан ҳам ичкарида амал қилаётганларини тасдиқладилар.
Нетаняҳу сўзларига кўра, "ўз кучлари маъқул ечимга келингунича вақтинчалик мудофаа позициясини" барпо этаяптилар.
"Агар Сурияда юзага келаётган янги кучлар билан қўшниларча ва тинч алоқаларни йўлга қўя олсак, бу бизнинг истагимиз. Агар қилолмасак, биз Исроил давлатини ва Исроил чегараларини мудофаа қилиш учун нимаики зарур бўлса, ҳаммасини қиламиз", деди Нетаняҳу.
Суриядан олинаётган хабарларга кўра, исроилликлар пойтахт Дамашққа 25 километрча яқинлашиб борганлар, аммо Исроил ҳарбий манбалари бунчалик узоққа кирилганини рад этадилар.
Исроилнинг ушбу ичкари киришини бир неча Араб мамлакатлари қоралаб баёнот бердилар.
Миср Ташқи ишлар вазирлиги буни "Сурия ҳудудини босиб олиш ва 1974 йилдаги Бўлиниш Шартномасини очиқчасига бузиш" деб таърифлади.
Нетаняҳу айтишича, Сурияни исёнчи кучлар эгаллаб олгани ва 1974 йилдаги келишув "барбод бўлгани" учун Исроил чегаралари хавфсизлигини таъминлаш учун ушбу чорага қўл урган.
"Исроил Сурия тарафидан худди 7 октябрдаги Ҳамасникидек ҳужумлар олдини олишни исташини айтади. Бу янаям илгари кириш ва бошқа кучларнинг босиб олинган ҳуҳудлар чегарасига яқинлашишини тўхтатиш имкониятидир", дейди Лондондаги SOAS Университети профессори Гилберт Ачкар.
Кўплаб таҳлилчилар Исроилнинг ўз ҳаракатлари оқловига шубҳа билан қарайдилар.
"Сурия келишувга амал қилмаймиз деб айтгани йўқ", дейди Лондондаги Чатам Ҳаус тадқиқот марказидан профессор Йосси Мекелберг.
"Бу ўзининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадидаги Исроилнинг эҳтиёт қадами, лекин бунинг учун ҳеч қандай casus belli [ҳарбий ҳаракатлар учун оқлов] йўқ".
Лондондаги Rusi тадқиқот марказидан доктор HA Hellyer айтишича, яқин орада Суриядаги исёнчи гуруҳларнинг Жўлон тепаликларини қайтиб босиб олишга ҳаракат қилиш эҳтимоли йўқ эди.
"Улар ички масалалар билан жуда бандлар, Исроил билан янги можаро пайдо қилишни ўйлашга вақтлари ҳам йўқ", дейди у.
Профессор Мекелберг айтишича, Исроилнинг Сурия ҳудудига бостириб кириши янги Сурия ҳукумати билан муносабатлар ёмонлашишига олиб келиши мумкин.
"Исроил энг ёмон сценарий олдини олиш йўлида иш кўраяпти, лекин бу аксил натижа бериши мумкин. Бу янги режим билан дўстлашишга етаклайдиган йўл эмас".












