Ичак саратони: ахлатга қараб уни қандай аниқлаш мумкин? Ichak saratoni Dunyo Yangiliklar

Ҳожатхонада ўтирган аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Агар бўшалиш одатдагидек кечмаётган бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат этинг!
    • Author, Филиппа Роксби
    • Role, Би-би-сининг саломатлик репортёри

40 ёшида ичак саратонидан вафот этган Даме Дебора Жеймс ушбу касаллик ҳақида одамлар хабардорлигини ошириш кампаниясининг бир қисми сифатида барчани ахлатини текширишга ундаганди.

Буюк Британияда саратоннинг энг кенг тарқалган турларидан бири ҳақида кўпчиликни қийнаётган саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Алоқадор мавзулар:

Ичак саратонини қандай аниқлаш мумкин?

Эътибор бериш керак бўлган учта асосий нуқта мавжуд:

  • ахлатда ҳеч қандай сабабсиз пайдо бўладиган қон - у ёрқин қизил ёки тўқ қизил бўлиши мумкин
  • ахлатни чиқариш усули ўзгаради - масалан, сиз тез-тез ҳожатга борасиз ёки ахлатингиз суюқроқ ёки қаттиқроқ бўлади
  • дам бўлиб қорин таранглашганда пастки қисмида оғриқ.

Бошқа аломатлар ҳам бўлиши мумкин, масалан:

  • озиб кетиш
  • ҳожатга борганда ўзингизни тўла бўшанмагандек ҳис қилиш
  • одатдагидан кўра кўпроқ чарчоқ ёки бош айланиш.

Ушбу аломатларнинг мавжудлиги бу ичак саратони эканлигини англатмайди, лекин агар сиз уларни уч ҳафта ёки ундан кўпроқ вақт давомида ҳис қилсангиз ва бирор нарса жойида эмасдек туюлса, шифокорга мурожаат қилиш керак.

Бу уларни тезда текшириш мумкинлигини англатади. Саратон қанчалик эрта аниқланса, уни даволаш шунча осонроқ бўлади.

Баъзида ичак саратони ахлатнинг ичакдан ўтишини тўхтатиб қўйиши мумкин. Бу кучли қорин оғриғига, ич қотиши ва кўнгил айнишига олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатларда сиз зудлик билан шифокорга ёки энг яқин тез ёрдам бўлимига мурожаат қилишингиз керак бўлади.

Ахлатимни қандай текширишим мумкин?

Ҳожатхона қоғозидаги қон

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ахлат таркибида қон бор-йўқлиги, шунингдек, орқа чиқарув тешиги қонаган-қонамаганини текширмоқ лозим

Ҳожатга борганингизда ахлатни диққат билан кўриб чиқинг ва бу ҳақда эркин гаплашинг.

Сиз ахлатдаги қонга, шунингдек, пастдан қон кетишига эътибор беришингиз керак.

Ёрқин қизил қон анусдаги шишган қон томирларидан келиб чиқиши мумкин, аммо унга ичак саратони ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Нажасдаги қуюқ қизил ёки қора қон ичак ёки ошқозондан келиши ва ташвишга сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, ичакнинг ишлашида ўзгаришларни сезишингиз мумкин, масалан, ахлатнинг суюқроқ бўлиши ва тез-тез келиши.

Ёки ичакларингиз тўла бўшамаётгандек бўлиши ёки ҳожатга кам боришингиз.

Шифокор олдига боришдан аввал ҳеч нарсани эсдан чиқармаслик учун симптомлар журналини юритишингиз тавсия қилинади.

Шифокорлар турли хил ичак муаммолари бўлган жуда кўп одамларни кўради, шунинг учун сабабни аниқлаш учун уларга ҳар қандай ўзгариш ёки қон кетиш ҳақида хабар беринг.

Ичак саратонига нима сабаб бўлади?

Бунга нима сабаб бўлишини ҳеч ким аниқ билмайди, аммо баъзи бир сабаблар бунинг эҳтимолини ошириши мумкин:

  • Ёшингиз қанчалик катта бўлса, саратон касаллиги эҳтимоли шунчалик юқори бўлади ва ичак ҳам бундан фарқ қилмайди - аксарият ҳолларда 50 ёшдан ошган катталарда учрайди.
  • қизил гўшт ва колбаса, чўчқа гўшти, сала каби гўштларни кўп истеъмол қилиш
  • Чекиш саратоннинг кўплаб турларини ривожланиш хавфини оширади
  • спиртли ичимликларни кўп ичиш
  • ортиқча вазн ёки семизлик
  • ичакда ўсмага айланиши мумкин бўлган полиплар анамнези бўлиши

У ирсий бўлиши мумкинми?

Инсон танасида ичак жойлашуви

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ичак саратони йўғон ичакда ёки тўғри ичакда бошланиши мумкин. У колоректал саратон деб ҳам аталади

Кўпгина ҳолларда, ичак саратони ирсий эмас, лекин 50 ёшдан олдин саратон касаллигига чалинган яқин қариндошларингиз бўлса, шифокорингизга хабар беришингиз керак.

Линч синдроми каби баъзи генетик шароитлар ичак саратони ривожланиш хавфи анча юқори эканлигини англатади, аммо шифокорлар касаллик ҳақида билсалар, унинг олдини олиш мумкин.

Хавфни қандай камайтириш мумкин?

Олимларнинг таъкидлашича, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш орқали ичак саратони ҳолатларининг ярмидан кўпининг олдини олиш мумкин.

Бу кўпроқ машқ қилиш, кўпроқ толали ва камроқ ёғ истеъмол қилиш ва кунига олти-саккиз стакан сув ичишни англатади.

Аммо бу, шунингдек, ҳар қандай ташвишли аломат кузатилганда шифокорга боришни ва саратон касаллигини текширтиришни англатади.

Қориндаги оғриқ

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қорин қаттиқ ва тўлгандек кўриниб, қоринда оғриқ ва дамлаш кузатилса, бу ичак саратони симптоми бўлиши мумкин

Тест қилдиришим мумкинми?

Шу ерда биз Британияда ичак саратонини текшириш қандай йўлга қўйилгани ҳақида маълумот берамиз.

Миллий Соғлиқни Сақлаш Хизмати(NHS) томонидан ўтказиладиган скрининг текшируви ичак саратонини эрта босқичда аниқлашга қаратилган. У нажасда яширин қонни қидирадиган уй тест тўпламини ўз ичига олади. Уни беморга юборишади, бемор зарурий ишларни қилиб, яна қайта жўнатади.

Аммо бу ҳамма учун эмас, фақат зарурий ёш гуруҳлари учун мавжуд.

Скрининг бутун Буюк Британияда ўтказилмади.

• Англияда скринингдан ўтиш ҳуқуқига эга бўлганлар ёши аста-секин 60 дан 50 ва ундан пастга туширилмоқда.

• Шотландияда скрининг 50 ёшдан бошланади.

• Уэлсда, 58-74 ёшдаги одамлар учун.

• Шимолий Ирландияда бу 60 ёшдан ошган одамлар учун.

Скрининг 100% аниқ эмас ва кўплаб соғлом одамлар текширилганда зарарли ва кераксиз даволанишга сабаб бўлиши мумкин.

Шундай қилиб, агар сиз ёшроқ гуруҳда бўлсангиз ва симптомлар кузатилса, аломатлардан хабардор бўлишингиз ва агар у сизга тегишли бўлса, шифокорга ташриф буюришингиз керак - ўз-ўзини текшириш тўпламини харид қилманг, чунки натижалар чалкаш бўлиши мумкин.

FIT деб номланган, Британиядаги ичак саратонини эрта аниқлашга ёрдам берадиган тест тўплами

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, NHS уйда текшириш учун тест тўпламини юборади, бу нарса муайян ёшдаги инсонларда ичак саратонини эрта аниқлашга ёрдам бериши мумкин

Ичак саратони ташхиси қандай қўйилади?

Бемор синов тўпламини қайтарганидан сўнг, беморга хавф йўқлиги ҳақида хабар беришади ёки маҳаллий шифохона кейинги текширувлар учун боғланади.

Бу колоноскопия, бутун ичакни кўриш учун узун трубка ичидаги камерадан фойдаланадиган процедура ёки унинг бир қисмини текширадиган мослашувчан сигмоидоскопия бўлиши мумкин.

Дастлабки босқичда ичак саратони ташхиси қўйилган одамларнинг 90% дан ортиғи беш йил ёки ундан кўпроқ яшайди, агар илғор босқичда ташхис қўйилган бўлса, 44%.

Буюк Британияда омон қолиш эҳтимоли сўнгги 40 йил ичида икки баробардан кўпроқ ошди, беморларнинг ярмидан кўпи ҳозир 10 йил ёки ундан кўпроқ яшайди, 1970 йилларда ҳар бешдан бири эди.

Саратоннинг бошқа кўплаб турлари сингари, 15 ёшдан 40 ёшгача бўлган одамларда омон қолиш даражаси энг юқори, чунки саратон кекса одамларда тез-тез учрайди ва ўлимга олиб келади.

Умуман олганда, Буюк Британияда омон қолиш ҳали ҳам Европанинг қолган қисмидагидек яхши эмас.

Қандай даволаш усуллари мавжуд?

Йўғон ичак саратонини даволаш мумкин, айниқса эрта ташхис қўйилган бўлса.

Даволаниш тобора шахсийлаштирилмоқда ва генетик тестлардаги ютуқлар ҳар бир инсондаги саратонга мос тарзда даволаш мумкинлигини англатади.

Ушбу ёндашув ҳали янада созланиши керак, аммо у саратон касаллигига чалинганлар умрини янада узайтиради.

Бемор саратони қайси босқичда аниқланса, унга мавжуд даволаш усуллари ҳақида хабар берилади.

Бу жарроҳлик, кимётерапия ва радиация терапияси, саратон касаллигига қараб у ёки бошқаси бўлиши мумкин.

Саратон касаллигининг турли босқичлари қандай?

  • 1-босқич саратон - кичик, лекин тарқалмаган
  • Саратоннинг 2-босқичи - каттароқ, лекин ҳали тарқалмаган
  • Саратоннинг 3-босқичи - лимфа тугунлари каби атрофдаги баъзи тўқималарга тарқалган.
  • Саратоннинг 4-босқичи - танадаги бошқа аъзога тарқалиб, иккиламчи ўсимта ҳосил қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek