Замонавий ифторлик: Нон ейиш зарарми? Палов-чи? Хулоса сиздан...

Генетик, доктор Шарон Моалем жўнгина тестнинг муаллифидир
Сурат тагсўзи, Генетик, доктор Шарон Моалем жўнгина тестнинг муаллифидир

1. Қарсилдоқ сухори тести

Бу тест орқали қанча миқдорда углеводлар истеъмол қилишингиз мумкинлигини уй шароитида осонгина аниқлашингиз мумкин.

Генетик, доктор Шарон Моалем бундай жўнгина тестнинг муаллифидир. Оддий қарсилдоқ сухори (печенье)ни оғизда ушлаб туриб, бироз вақт чайнашга ҳаракат қилинг. Агар 30 сония ичида унинг таъми бироз ширинлашса, демак сиз бемалол углеводларга бой маҳсулотларни тановул қилишингиз мумкин. Мободо, сухорининг таъми 15 сония ичида ўзгарса, таркибида углеводлар миқдори кўп бўлган таомлар лаззатидан исталганча баҳраманд бўлиш имконига эгасиз. Бироқ сухорининг мазаси 30 сониядан сўнг ҳам ўзгаришсиз қолса, у ҳолда, доктор Моалемнинг фикрича, сизнинг танангиз углеводларни ўзига сингдиришда қийналар экан. Демак сиз имкон қадар углеводга бой маҳсулотлардан йироқроқ бўлишингиз зарур. Акс ҳолда, сизда семизлик ва бошқа соғлиқ билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Ўзимизнинг патир...
Сурат тагсўзи, Ўзимизнинг патир...

Бу тест қандай ишлайди? Сўлак таркибида крахмални глюкоза-шакар молекулаларига парчалайдиган ўзига хос фермент мавжуд - айни шу фермент сухорининг ширин таъмини ҳис қилишимизга ёрдам беради. Доктор Моалем ўйлаб топган тестнинг моҳияти шундаки, сўлакдаги ушбу фермент қанчалик кўп ишлаб чиқарилса, тананинг углеводларни парчалаш қобилияти шунчалик юқори бўлади.

2. Таомни микротўлқинли печда қиздириш ва музлатиш зарарли углеводларни фойдалига айлантиради

Сиз 'ёмон' углеводларни фойдали моддага айлантиришингиз мумкин - олимлар пишириш ва совитиш қайта ишланган 'ёмон' углеводларни қаттиқ крахмалга айлантиришини аниқладилар. Бундай крахмаллар эса ошқозонимиздаги бактерияларнинг жону дилидир! Паста, гуруч ва картошка каби маҳсулотлардан иборат таомларни қайта қиздириш углеводларнинг қаттиқ крахмалга айланиш жараёнини тезлаштиради. Кечадан қолиб кетган лазаня (тўртбурчак шаклдаги итальянча макаронли таом)ни микротўлқинли печга қўйиб, қиздирсангиз, тамом - сизнинг ихтиёрингизда семириб кетишдан сақлайдиган овқат тайёр бўлади, қолади. Қаттиқ крахмал углеводлардан кўра икки баробар камроқ ҳазм бўлади. Натижада танада ортиқча ёғ тўпланиб қолиш муаммоси ҳам бартараф этилади. Бундан ташқари қаттиқ крахмал ошқозон-ичакларимиздаги бактериялар учун ҳам яхши озуқа саналади.

3. Нон ейишнинг зарари йўқ!

Зарари йўқ, ош бўлсин

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Сурат тагсўзи, Зарари йўқ, ош бўлсин

Бироқ оқ нондан кўра кўпроқ жавдар унидан тайёрланган қора нон истеъмол қилишга ҳаракат қилинг. Кўп истеъмол қилинадиган оқ нон таркибидаги крахмал глюкоза сифатида қонга сўрилиб улгурмасдан, ингичка ичакнинг ўзидаёқ ҳазм бўлиб кетади. Жавдар нонида эса қаттиқ крахмал кўп бўлиб, у бактериялар мўл-кўл бўлган йўғон ичакка қадар бемалол етиб бора олади. Аммо нордон таъмни йўқотиш учун аксар жавдардан тайёрланган қора нонларга шакар қўшилади. Шу сабабли қора нон сотиб олишдан олдин унинг таркибидаги шакар миқдорига эътибор беринг.

4. Ноннинг энг яхшиси - музлаткичдан олиниб, тостерда қизартирилгани

Ҳар куни дунё бўйлаб 24 миллион бўлак нон ахлатга ташланади. Сиз эса нонни чиқитга чиқариш ўрнига музлатгичга солиб қўйинг. Нега дейсизми? Пишириш ва қиздириш каби музлатиш ҳам крахмални қаттиқ крахмалга айлантиради. Натижада танангиздан музлатилган нондан камроқ калория олади. Юқорида айтилгандек, қаттиқ крахмал ҳазм тизимимиздаги бактерияларнинг севимли озуқаси бўлиб, улар бу моддани жон деб, паққос туширадилар ва танада ортиқча вазн муаммоси анча камаяди.

5. Барча углеводлар ҳам 'ёмон' эмас

Паловхонтўра :)

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Сурат тагсўзи, Паловхонтўра :)

Углеводлар танамизга қувват берадиган манбалардан биридир. Улар, асосан, уч моддадан ташкил топган: крахмал, шакар ва толалар. Картошка, ун, гуруч ва макарон маҳсулотларида крахмал кўп бўлади. Газланган салқин ичимликлар, ширинликлар ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларининг аксариятида эса шакар миқдори юқоридир. Крахмал ва шакарнинг иккаласи қонга глюкоза сифатида сўрилади ва танага қувват бўлади. Уларнинг сўрилмай қолган қисми танада ёғ кўринишида тўпланиб қолади. Аммо углеводнинг бошқача шакли ҳам бор - бу парҳез толалардир. Мева ва сабзавотларда бундай толани кўп учратиш мумкин. Тола углеводларнинг ўзига хос шакли бўлиб, у ўзидаги қувватни жуда секинлик билан ажратиб чиқаради. Шу сабабли бундай тола мўл бўлган маҳсулотлар ҳазм тизимимиз учун фойдали ҳисобланиб, уларни истеъмол қилганда ортиқча вазн тўплаш ҳақида қайғурмаса ҳам бўлади.

6. Қаттиқ крахмал ичак саратони эҳтимолини 30 фоизга камайтиради!

Биз истеъмол қиладиган крахмалнинг, тахминан, 95 фоизи осон ҳазм бўлиб кетади. Биз қаттиқ крахмал деб атайдиган крахмал тури эса бактериялар яшайдиган йўғон ичакгача етиб бора олади. Қаттиқ крахмал ошқозондан омон ўтиб, бундай бактерияларга емиш бўлади. Бактериялар, ўз навбатида, бизни ичак саратони каби касалликлардан сақлайдиган алоҳида кимёвий моддалар ишлаб чиқади.

7. Қайта ишланган углеводлар қандли диабетнинг ривожига ҳисса қўшади

Тобора инсулин таъсир қилмайдиган одамлар сони кўпайиб бормоқда. Бундай ҳолларда қондаги шакар даражасини назорат қилиш ёмонлашади ва иккинчи турдаги қандли диабетнинг юзага келиш эҳтимоли кучаяди. Оқибатда, беморлар бир умр тўшакка михланиб, фақат дори-дармон билан омон қолишга мажбур бўлади. Ҳозирда Британияда уч ярим миллион инсон иккинчи тур қандли диабетга чалинган ва уларнинг 90 фоизи ортиқча вазндан азият чекади. Аксарият шифокорларнинг тахминича, кенг суръатда ортиб бораётган қандли диабетга биз истеъмол қилаётган углеводлар тури ва миқдори сабаб бўлмоқда.

8. Углеводли маҳсулотлардан парҳез қилиш қандли диабет асоратини камайтиради

Кафтлаб дори ичгандан кўра углеводли маҳсулотлар истеъмолини камайтириб, кўпроқ мева, сабзавот ва кўкатлар ейиш фойдали бўлиши мумкин. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, углеводга тўла маҳсулотлардан имкон қадар воз кечиш HbA1c (гемоглобин A1c) даражасини пасайтириши мумкин. HbA1c даражасини мувозанатда ушлаб туриш қандли диабетга чалинганлар учун ҳаёт-мамот масаласидир.

9. 'Ёмон' углеводлар пуштга зарарли таъсир кўрсатиши мумкин

Репродуктив биолог Грейс Дюгдел эркаклар ва аёллардаги бепуштлик сабабларини аниқлашга мўлжалланган махсус дастурга бошчилик қилиб келади. Дюгдейл хонимга кўра, ҳомиланинг ривожланиши алоҳида қувват талаб қиладиган жараёндир. Унинг юзага келишида муҳим ўрин тутадиган уруғ ва тухум ҳам қувватга муҳтож бўлади. Агар сиз тановул қилаётган таомлар зарарли ёки носоғлом бўлса, у ҳолда етилаётган ҳомилада ҳам нуқсонлар пайдо бўлади. Дюгдейл хоним бепуштликнинг олдини олишда ёрдам берувчи, шунингдек, ҳомиладорлик даврида она соғлиғини назорат қилиб турадиган углевод миқдори паст ўзига хос парҳез дастурини ишлаб чиққан.

10. Углеводлар сизнинг генларингизга ҳам таъсир қилиши мумкин

Зарарли углеводларни кўп миқдорда истеъмол қилиш янги ҳаёт яратишингизга таъсир қилиб қолмасдан, сиздаги соғлиқ билан боғлиқ муаммоларнинг зурриёдингизга ўтишига ҳам сабаб бўлиши мумкин, чунки улар генларингизнинг ўзгариб кетишига таъсир кўрсата олади.

Ҳозирда бу соҳада кенг миқёсли тадқиқотлар олиб борилмоқда. Отанинг носоғлом турмуш тарзи асоратлари кейинги авлодга ўтиш эҳтимоли катталиги айтилмоқда. Шу вақтга қадар ҳомиланинг тўғри ўсиши, асосан, онанинг турмуш тарзига боғлиқ, деб ҳисобланиб келинар эди. Бироқ уруғ (сперма) ҳам отадаги нотўғри овқатланиш оқибатида юзага келган муаммолар таъсири остида ўзгаришга учраши мумкин. Пировардида, бундай салбий ўзгаришлар ҳомилага ҳам ўтади. Бугунда кунда аксар ортиқча вазндан қийналадиган эркакларнинг уруғи шундай ўзгаришларга учраб бориши тахмин қилинмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek