Ўзбекистон: “Бўғилаётган эркинлик” – Мирзиёев ҳам Каримов каби “ахборот ихотаси”га тушиб қолдими? - Видео O'zbekiston Dunyo

press

Сурат манбаси, RSF

Сурат тагсўзи, "Ўзбекистон энди тетапоя қилаётган журналистика илдизларини юлиб олмоқда. Бу плюрал ва мустақил матбуотни шакллантириш йўли эмас", дея хавотир билдирган "Чегара билмас мухбирлар" 16 июнь куни тарқатган хабарида.
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Танқидчилари 2016 йилда қудратга келган собиқ бош вазир ўз ҳокимияти легитимлигини асосан Ислом Каримов даврига нисбатан таққослар билан мустаҳкамлаб келишини айтадилар. Аммо кўплаб фаоллар, охирги йилларда Ўзбекистон яна эски замонга қайтяпти, деган хавотирда.

Расман Янги Ўзбекистон дея атала бошланган мамлакат ҳукумати аввалги даврдаги "темир мушт бошқаруви"нинг юмшатилгани, сўз, дин, иқтисодий ва фуқаровий эркинликлар кенгроқ берила бошлангани, инсонлар ҳаёти эминлашгани ҳамда энди ортга қайтмасликни таъкидлашдан ҳануз чарчамаётир.

Айни вақтда, номзод ўлароқ сайловолди ташвиқоти олиб бораётган Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов солган қўрқувни аритганини ҳануз такрорлашда давом этмоқда.

"Ҳамма шу ерда ўтирганлар менинг бир саволимга жавоб беринглар - кўчада эмин-эркин юришимиз, қўрқув йўқ бўлганининг ўзи катта муваффақият эмасми?" таъкидлади амалдаги давлат раҳбари 14 июнь куни Андижонда ўтган тарғибот кампанияси чоғида.

Бироқ мамлакат ўтган 7 йил ичида президентликнинг учинчи муддатига тайёргарлик кўраётган бир пайтда Ўзбекистонда "темир мушт бошқаруви" қайта бошланаётганидан хавотирлар кучайган.

Гоҳида жамоатчиликка очиқ гапириб чиққан, баъзида хос суҳбатларда дардини ёраётган фаолларнинг фикрича, ортга тисарилиш, айниқса, 2023-йил бошидан янада кўпроқ сезила бошлаган ва бу кўпроқ сўз, матбуот ва диний-фуқаровий эркинликларни таъминлашда намоён бўлмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Хавотирли йил

Янги йил Хуршид Далиев, Абдуқодир Мўминов, Мавжуда Мирзаева каби таниқли матбуот вакилларининг ҳибсга олиниши билан бошланди.

Расман товламачиликда айбланган бўлса-да, улар билан боғлиқ очилган жиноят ишлари тафсилотлари жамоатчиликдан ҳануз қаттиқ сир тутилмоқда.

Шунингдек, диний қўшиқ - нашид эшитгани учун ҳаёти энди бошланаётган ёшларнинг қамоққа ташланаётгани, қатор блогерлар билан рўй берган охирги воқеалар жамиятнинг фаол қатлами томонидан "жиддий сигнал" ўлароқ кўрилган.

Йилда бошидан бери Би-би-си билан суҳбатлашган турли маҳаллий интернет нашрлари, телеканалларнинг ўнга яқин вакиллари, айниқса, умумхалқ референдуми арафасида муаммоли мавзуларни ёритишдан тийилиб туриш борасида "тавсиялар" олишгани ва улар ҳануз ўз кучида эканидан таҳририятлар ўзини ўзи кўпроқ цензура қилишга мажбур бўлаётгани ҳақида гапириб бердилар.

press

Сурат манбаси, Facebook/Olimjon Haydarov

Сурат тагсўзи, Суратда таниқли жамоат фаоли Фарруҳ Самарқандий. Блогер Олимжон Ҳайдаров эълон қилган бу ҳазил суратда Самарқандий оғзига апрелда ўтган умумхалқ референдуми санаси туширилган лентани ёпиштириб олгани кўринади. "Расмдан мурод Фарруҳ ака 30.04 куни рўза тутмоқчи шекилли, ҳеч нима й(д)еб қўймай деб, оғзини беркитиб қўйибди", дея изоҳ берган Ҳайдаров суратга. 

"Менга уч ой жим юриш, танқидий постлар қўймай туришни таклиф қилишди. Айтишларича, шу уч ой ичида референдум бўлиб ўтаркан. Референдумдан сўнг доимгидек ёзаверасиз, агар келишолмасак, кейинроқ ишлашингиз сал қийинлашиб қолади, деб айтишди", деган эди февраль ойида таниқли журналистлардан бири Би-би-сига.

Матбуот вакиллари тилга олаётган хавотир ҳаётда ўз аксини топа бошлагани зумда кўзга ташланган - бирмунча вақт муқаддам шов-шувли суриштирувлар ўтказган, амалдорларни имкони борича сўроққа тутган, расмий маълумотларни савол остига ололган мустақил интернет нашрлари саҳифаларидан залворли материаллар деярли ғойиб бўлган.

Алоқадор мавзулар:

Май ойида эса Қашқадарёда икки алоҳида ҳолатда жами тўрт блогер турли маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланиб, ҳибс этилгани мамлакат блог-сферасида навбатдаги қўрқув тўлқинини бошлаб юборди.

Оқибатда, ўнга яқин блогерлар ўз келажаги хавфсизлигини ўйлаб, фаолиятини тўхтатганини кетма-кет эълон қилдилар.

Жумладан, бу воқеалардан сўнг мамлакатда матбуот эркин эканига ишончи сўниб, фаолиятини тўхтатганини билдирган блогер Азизбек Яздурдиев шундай ёзади: "Биринчи раҳбар томонидан узоқ кутилган эркинликнинг берилиши, яқинда Конституцияда кафолатланган эркинликлардан жуда руҳланган эдим. Бироқ, ўртада катта кучларнинг борлиги (қаршилиги) ҳафсаламни пир қилди. Қисқаси, оиламга тинчлик керак".

Яна бир қашқадарёлик блогер Элмурод Одилов Яккабоғ туманидаги пилла пунктида ўтган ҳоким билан учрашувни ёритишга уринганида калтаклангани, ўзини жабрдийда ҳисобласа-да, суд уни 15 суткага қамоққа солганини даъво қилади.

Одилов қамоқдан чиқиши билан видеомурожаат ёзиб, жамоатчилик ва президентга юзланган.

press

"Мен каби журналист ва мустақил блогерларга айтар сўзим - бу жамиятда ҳақиқат ва адолатни излашни тўхтатинг. Излаганингиз билан бари бир уни тополмайсиз. Оилангиз бағрида бўлинг".

Одилов мурожаат сўнггида президентга шундай савол беради: "Президент, сиз тармоқ фаоллари, мустақил журналист ва блогерларга муаммоларни ёритишни бир неча бор таъкидлаган эдингиз. Бизни ҳимоя қила олмас экансиз, нега бизни бу ишларга ундадингиз?"

"Ҳукумат алмашгандан сўнг сўз эркинлигига очиқ, ҳеч қандай цензурасиз йўл қўйилди. Бу ҳол 2019 йилгача давом этди. Ундан сўнг сўз эркинлигига яна ҳукумат томонидан норасмий аралашувлар, тақиқлар бошланди. Ҳозир охирги 8 йилда сўз эркинлигига қаршиликлар ўзининг энг юқори чўққисига чиқди, деб ўйлайман", дейди ўзи ҳам ўтган йил декабрида митинглар ташкил этиш ва ёлғон ахборот тарқатишда айбланиб, 21 миллион сўм жаримага тортилган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров.

Матбуот вакиллари ҳамжамияти орасида цензура кучаяётгани борасида ўзаро ташвишли суҳбатлар ортган бир вақтда, нафақат ОАВ, балки диний-фуқаровий эркинликларга ҳам оид нохуш хабарлар кўпайган.

Бундай шов-шувли хабарларнинг энг сўнггиси синфдошларидан иборат виртуал гуруҳга нашид (диний қўшиқ) юборганликда айбланиб, май ойида 3 йилга озодликдан маҳрум этилган 21 яшар Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўлган.

Кўплаб тармоқ фаоллари Улуғмуродов иши мисолида диний айбловлар билан фуқароларни қамаш ва қаттиқ жазолар тайинлаш ҳолатлари ортиб бораётганидан ташвиш билдирган.

Халқаро кузатув

press

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, 12 июнь куни нуфузли The Diplomat нашрида эълон қилинган мақолага "Бу Ўзбекистондаги мусулмонлар учун Каримов даври 2.0" дея сарлавҳа танланган. 

Ўзбекистонда, сўз, матбуот, инсоний эркинликлар билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганини халқаро ташкилотлар дарров қайд этган.

Май ойида янгиланган Халқаро матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон бу йил тўрт поғонага пастлаганини кўриш мумкин.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти томонидан тузилган рейтингда Ўзбекистон матбуотида "кузатувлар, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳали ҳам кенг учраётгани" таъкидланади.

Ташкилот 16 июнь куни қатор Телеграм каналлар муаллифларининг ўз фаолиятини тўхтатиб қўйишини "охирги йилларда кузатилмаган кўламдаги ёпилишлар" дея тасвирлаган.

"Чегара билмас мухбирлар" Мирзиёевни ўз берган ваъдаларига амал қилиш ва мустақил матбуот ривожини кафолатлашга чақирган.

"Ўзбекистон энди тетапоя қилаётган журналистика илдизларини юлиб олмоқда. Бу плюрал ва мустақил матбуотни шакллантириш йўли эмас. Бу блогерлар чекка ҳудудлар учун муҳим бўлган мустақил журналистлик фаолият олиб бормоқдалар. Кўп ҳолларда улар ўша ҳудуд аҳолиси учун ягона ахборот манбасидирлар. Президент Мирзиёев йил бошида Қашқадарёга сафари чоғида журналистларни қўллашини очиқ айтган, ҳатто, нашрларга босим қилган расмийларни жазолашини таъкидлаганди. "Чегара билмас мухбирлар" ундан ўз сўзларига амал қилишни сўрайди".

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти май ва июнь ойларида эълон қилган материалларда эса Ўзбекистонда диний эркинликлар чекланаётгани таъкидланади.

"Ўзбекистон: Диний эркинлик бўйича берилган ваъдалардан ортга чекиниш" дея сарлавҳа қўйилган ташкилот вебсайтида 24-май куни эълон қилинган мақолада.

press

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Justice for Journalists ташкилоти кузатувига кўра, Ўзбекистонда матбуотга алоқадор инсонлар билан боғлиқ қайд қилинган нохуш ҳолатлар сони 2020 йилдан сўнг каррасига ортиб кетган. 

HRW 14 июнь куни Жаҳонгир Улуғмуродов ишига алоҳида эътибор қаратиб, талаба йигитга нисбатан қўзғатилган жиноят иши унинг диний ҳуқуқ-эркинликларини бузгани ҳамда охирги вақтларда ҳукумат "экстремистик" ҳисоблайдиган контент тарқатиш айблови остида таъқибга олинаётган инсонлар сони кўпайиб бораётганини таъкидлаган.

"Расмийлар Улуғмуродовнинг сўз ва диний эркинлигини муҳофаза қилиши ҳамда бундай айбловларни бартараф этиш қадамларини олиши лозим", деб ёзади ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича бош тадқиқотчиси Миҳра Ритман мақолада.

Айни муаммога диққат қаратилган нуфузли The Diplomat нашрида эълон қилинган мақолага "Бу Ўзбекистондаги мусулмонлар учун Каримов даври 2.0" дея сарлавҳа қўйилган.

Бу мақолада мамлакатда диний маъруза ва қўшиқлар эшитгани, ижтимоий тармоқда постлар ёзгани учун бошланган ҳибс этишларнинг янги тўлқини Каримов даврини кўпроқ ёдга сола бошлагани ҳақида сўз боради.

Муаллиф мақолани бундан 5 йил муқаддам Туркияда ишлаётган вақти Одноклассникида дуч келган диний маърузага класс босган 57 яшар навоийлик аёлнинг май охирида 3 йил муддатга озодликдан чекланганини ёдга олиш билан бошлайди.

Ўтган бир йилга яқин вақт давомида кўпчилик фаоллар ақлга сиғдира олмаётган бундай ҳолатлар сезиларли кўпайганини қайт этган муаллиф мақоласини қуйидаги ишонч билан якунлайди: "9 июль куни Ўзбекистон муддатидан аввалги президент сайловини ўтказади ва Мирзиёев ғалаба қозонади. Сайловдан сўнг унинг тузумида йўқотишга ҳеч нарса қолмайди ва тузумнинг танқидчилари - журналистлар, фаоллар, шунингдек, диний жамоатни бостириш янада ёмонлашади".

Лондонда асосланган, асосий миссияси матбуотга қарши ҳужумлар учун жазосизликка қарши курашиш эканини билдирадиган Justice for Journalists (Журналистлар учун адолат) ташкилоти Ўзбекистондаги матбуотга алоқадор инсонлар билан боғлиқ ҳар қандай нохуш ҳолатни эринмай қайд этиб келади.

Ташкилот Ўзбекистонда 2017 йилдан бери матбуотга алоқадор шахсларга нисбатан 53 та ҳолатда жисмоний ҳужумлар ва ҳаётга таҳдидлар, 111 та ҳолатда жисмоний бўлмаган таҳдид ва босимлар ҳамда 393 ҳолатда суд-ҳуқуқ тизими ёки иқтисодий чоралар орқали таҳдид-босимлар бўлганини қайд этган.

press

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Блогер Ҳайдаров қудратга келганидан бери Мирзиёев жамоатчилик билан очиқ, мустақил мулоқотга киришмагани ва борган сари унинг ёнига камроқ одам яқинлаштирилаётганини таъкидлайди. 

Бу минтақанинг энг авторитар давлатлари деб айтиладиган Туркманистон (мос равишда, 4, 13 ва 19 ҳолат) ва Тожикистон (20, 79 ва 153 ҳолат) ҳамда авторитарлашиб бораётгани таъкидланадиган Қирғизистон (45, 97 ва 223 ҳолат)даги рақамлардан сезиларли юқори.

Мазкур ўзига хос реестрда Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ нохуш ҳолатлар 2020 йилдан бошлаб каррасига ортиб кетгани, айниқса, эътиборни ўзига тортади.

Масалан, муаллифлар бутун 2019-йил давомида Ўзбекистонда матбуот вакиллари билан боғлиқ 34 та суд-ҳуқуқ тизими ёки иқтисодий чоралар орқали таҳдид-босим ҳолатини реестрга киритган бўлса, 2023-йил январь-июнь ойларининг ўзидаёқ 65 та ана шундай ҳолатни қайд этган.

Президент бохабарми?

Ҳозир кўплаб фаолларни бир савол қизиқтирмоқда - барча демократик ҳуқуқ-эркинликлар билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганидан мамлакатни очгани билан назарга тушган Мирзиёевнинг хабари борми ўзи?

Бу саволга аниқ жавоб бериш мушкул - ўтган етти йил давомида бирор журналистда президентга бевосита эркин савол бериш имкони бўлмади ҳали.

"Президентнинг бу воқеалардан хабари йўқ, у одамнинг олди тўсиб қўйилган, информация киритилмаяпти, деган узунқулоқ гаплар юрибди. Мен бу гапларга бир томондан қўшиламан, бир томондан йўқ", дейди таниқли ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов Би-би-сига.

"Президент планшет орқали интернетдаги воқеаларни кўриб тураман, деб бир неча бор гапирган. Бошқа томондан подшоҳларни олдини тўсадиган аъёнлар доим бўлган. Ҳозир воқеалар динамикаси жуда кўтарилиб кетди, президент сайлови яқин. Шунинг учун бевосита блогерлар, диний фаоллар билан бўлаётган воқеаларни президентга бошқача етказишаётган бўлиши мумкин. Яъни блогерлар ҳаддидан ошиб кетди, сиз берган эркинликни суиистеъмол қиляпти, деб умумий қарорлар олдирган бўлиши мумкин аъёнлар", давом этади Ташанов.

Ўзи ҳам босим-таҳдидларга учраганини ижтимоий тармоқ орқали бир неча хабар қилган блогер Олимжон Ҳайдаров эса Би-би-сининг айни саволига ўхшаш жавоб беради.

"Ўз вақтида айрим шахслар ва оиласи аъзолари ахборот ихотасига ташлаб қўйгани учун Ислом Каримов мамлакатдаги реал ҳолатни билмаган, керакли қарорлар чиқара олмаган, деган ўхшаш гапларни ҳозир Мирзиёевга нисбатан ҳам ишлатишяпти.

Мен бу гапларга қўшилмаган бўлардим. Сабаби ҳозир ахборот замони ва президент командасида ахборот очиқлигини хоҳлайдиганлар бор. Шунинг учун президентнинг ҳозирги аҳволдан тўлиқ хабари йўқ, деб ўйламайман. Фақат унинг атрофидаги айримлар ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, унга йўналтирилаётган ахборот бераётган бўлиши мумкин", қўшимча қилади блогер.

Ҳайдаров, шунингдек, матбуот эркинлиги ҳақида йиллардан буён гапираётган президентнинг ўзи жамоатчилик учун очиқ эмаслигини қайд этади.

"Мана президент икки муддатдан бери ўтирибди ва учинчи муддатга сайланиш арафасида. Лекин шу вақтгача жамоатчилик вакиллари билан мустақил суҳбат қурмади. Ҳатто, камералар ўчирилган ҳолда ҳам. Бошқа томондан охирги пайтларда президент иштирокидаги тадбирларга танланган гуруҳдан бошқа ҳеч ким яқинлаштирилмаяпти. Мустақил нашрлар тугул, давлатнинг ҳудудлардаги расмий матбуоти вакиллари ҳам киролмаяпти. Бу ҳайрон қоларли ҳолат. Очиқлик, демократияни тарғиб қилувчи президент учун жуда ноодатий ҳолат. Сўз эркинлиги кўзи билан қараганда, ёмон ҳолат. Чунки президент фақат унга тақдим қилинган ахборот билан чекланиш ёки маълум гуруҳга берилган саволлар берилиши орқали бошқа саволлар очиқ қолади. Бу ҳолат президент ва халқ ўртасида жарликни ҳосил қилиши мумкин".

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.