Ўзбекистон: “Президент, бизни ҳимоя қила олмас экансиз, нега муаммоларни ёрит, дедингиз?” – яна бир блогер фаолиятини тугатганини айтмоқда - Янгиликлар

Сурат манбаси, Videodan kadr
15 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққан яккабоғлик блогер Элмурод Одилов фаолиятини тугатганини айтмоқда. Блогер озодликка чиқиши билан президентга мурожаат йўллаган, мамлакатда сўз эркинлиги абгорлашиб бораётгани ҳақида гапирган.
Одиловнинг бу эълони сўнгги кунларда сўз эркинлиги билан боғлиқ нохуш хабарлар силсиласи фонида янграган.
Май ойининг охирида Одилов бир ойлик армияга одам топиш бўйича Яккабоғ туман ҳокимлиги ўтказган йиғилишни ёритмоқчи бўлгани ортидан ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.
Кейинроқ расмийлар блогер йиғилиш ўтиши керак бўлган пилла қабул қилиш омборида фермерлар ишига аралашганлиги ва 15 сутка маъмурий қамоққа ташланганини билдирганди.
Маъмурий жазони ўтаб чиққан блогер жамоатчилик ва президентга видеомурожаат йўллаган.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: “Зудлик билан озод этилсин” – блогер Отабек Сатторий иши халқаро эътиборда (видео)
- Янгиликлар. Ўзбекистон: “Сизни серьезний раҳбар чақиряпти” – энди депутатлар эркинлиги ҳам бузилмоқдами? Видео
- Янгиликлар: Германия мулозимлари Мирзиёев билан инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги масаласини кўтардими?
"Ҳоким танамга зарба берди"
26 май куни ижтимоий тармоқда Яккабоғда яшовчи блогер Элмурод Одилов тумандаги пилла пунктида ИИБ ходимлари томонидан қаттиқ калтаклангани ва бўлимга олиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Ўшанда, Daryo.uz нашри ўз манбаларига таяниб, блогер ҳоким бошчилигидаги масъулларнинг пилла, сафарбарлик чақируви ва солиқ масалаларига бағишланган йиғилишни ёритишга урингани ҳақида ёзган.
"Уриб телефонларини синдириб ташлашди. Ўша ерда турганлар воқеани телефонига олди. Дарвозадан олиб чиқиб ураётгани, судраб, телефонларини синдираётгани ўша ердаги камерага ҳам тушган бўлиши керак", дея манбадан иқтибос келтирган нашр.
27 май куни ҳолат бўйича эълон қилинган Қашқадарё вилоят ИИБ ва Олий суд баёнотларида Одилов фермерлар ишига аралашиб, майда безорилик содир этгани ҳамда ҳокимият вакили талабларига бўйсунмагани таъкидланган.

13 июнь куни ўзига тайинланган маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққан блогернинг видеомурожаати тармоқда пайдо бўлган.
Мурожаатда Одилов 26 май куни пилла пунктида Яккабоғ туман ҳокими ва ИИО ходимлари томонидан калтакланганини иддао қилган.
"У ердаги жараённи ёритаётганимда ҳоким Лутфидин Абдуллаев шахсий телефонимни тортиб олиб, уни синдириб ташлади ҳамда танамга бир неча марта зарба берди. Ундан сўнг ички ишлар ходимлари бўлимга олиб кетишда бир неча бор мушт туширишди. Бу зарбалар оғриғини қамоқхонада ҳис этиб ётдим", деган видеомурожаатни қамоқхонадан уйга қайтишда ёзиб олаётганини айтган блогер.
Одилов мамлакатда фуқаро ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги вазияти абгорлашаётганини таъкидлаб, ички ишлар ходимларига нисбатан норозилик изҳор этган.
"Аслида, бугунги жамиятда адолат бўлганда эди, мен билан пилла шохобчасида юз берган ҳолатни борича ёритишган бўлар эди. Фақатгина бизнинг жамиятда жабрланувчи бўлиб туриб, охирида айбдорга айланишингиз эҳтимоли жуда ҳам катта экан".
Шунингдек, Элмурод Одилов журналист-блогерларга мурожаат қилиб, уларни "ҳақиқат ва адолатни излаш"ни тўхтатишга чақирган.
"Сизларга айтар гапим - оилангиз даврасида бўлинг. Ҳақиқат ва адолатни излаганингиз билан бари бир уни топа олмайсиз. Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олмайдиган, кези келганда, сизни ҳимоя қилолмайдиган бу оломон учун жонингизни хатарга қўйманг", таъкидлаган блогер.
Видеомурожаати сўнггида Одилов президентга юзланиб, уни саволга тутган.
"Президент, сиз тармоқ фаоллари, мустақил журналист ва блогерларга муаммоларни ёритишни бир неча бор таъкидлаган эдингиз. Бизни ҳимоя қила олмас экансиз, нега бизни бу ишларга ундадингиз?"
"Фаолиятимни тугатдим"

Сурат манбаси, Facebook: Elmurod Odilov
Би-би-си мазкур видеомурожаати юзасидан блогернинг ўзи билан боғланди.
Бироқ Одилов яна босимлар бошланишидан хавотири юқорилиги сабаб матбуот билан гаплашишни истамаслигини билдирди.
"Фаолиятимни тугатдим. Қисқаси сўз эркинлиги тугади", дея гапни қисқа қилди у.
Би-би-си Одиловнинг ҳоким Лутфидин Абдуллаев томонидан калтаклагани борасидаги иддаолари бўйича Яккабоғ туман ҳокимлиги билан ҳам боғланди.
Ҳокимлик матбуот котиби 26 май куни пилла пунктида ўтган йиғилишда иштирок этмагани, аммо блогер айтган ҳолат бўлмаганини таъкидлади.
"Ўзим жараёнда қатнашмадим. Лекин эшитдим - Элмурод блогер ҳоким томонидан унақа калтаклангани йўқ. Кимдан сўрасангиз ҳам, ҳоким унақа одам эмас биринчидан. Иккинчидан раҳбар одамнинг блогер билан тортишишга вақти ҳам йўқ".
Ёмонлашаётган вазият
Асосан, ўз яшаш ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ёритиш, одамлар мурожаатларини ижтимоий тармоққа олиб чиқиш билан шуғулланган Элмурод Одиловнинг ўз фаолиятини тугатиш қарори сўнгги вақтда қатор блогерлар билан юз берган хавотирли вазиятнинг узвий давоми ўлароқ кўринган.
Ой бошида Қашқадарёдаги воқеа-ҳодисаларни ёритиб келаётган камида беш блогер ва бир сайт ўз фаолиятини якунлаётганини кетма-кет эълон қилган эди.
Блогерлар Умид Каримов ва Мақсуд Музаффаров ички ишлар ходимлари билан юз берган тортишув ортидан 30 май куни 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси олган.
Жазони ўтаб бўлгач, улар ўз фаолиятини тугатгани эълон қилган.
Маҳаллий матбуот билан гаплашган блогерлар бу қарорга келишларига маъмурий иш билан боғлиқ суддаги адолатсизлик сабаб бўлганини билдирган.
"ИИБ нимадир уюштирса ҳам, суд мени эшитади, деб ўйлардим ва судга ишониб қўрқмасдан юрардим. Аммо судда бунинг аксини кўриб, тақдирга тан бердим. Иккита "ГАИ"нинг туҳмати билан 5 суткага қамалиб кетдик. Бизни ИИБ ходимларига қўпол муносабатда бўлиш, уларни обрўсизлантиришда айблашди. Ҳолбуки, бундай қилмагандик. Қонунлар бизни на фуқаро, на блогер сифатида ҳимоя қиларкан, бундай шароитда блогерликни давом эттиришдан ҳеч қандай маъно йўқ", деган Мақсуд Музаффаров Kun.uz билан суҳбатда.
5 июнь куни блогерликни тўхтатганини эълон қилган Telegram'даги Yazdurdiyev канали муаллифи Азизбек Яздурдиев бундай қарорга келишига айнан Каримов ва Музаффаров билан содир бўлган ҳолат сабаб бўлгани ҳақида ёзган ҳамда буни ОАВ учун "жиддий сигнал" дея атаган.
"Биринчи раҳбар томонидан узоқ кутилган эркинликни берилиши, яқинда Конституцияда кафолатланган эркинликлардан жуда руҳланган эдим. Бироқ, ўртада катта кучларнинг борлиги (қаршилиги) ҳафсаламни пир қилди. Қисқаси, оиламга тинчлик керак", дейилади каналда қолдирилган сўнгги постда.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














