Янгиликлар: Германия мулозимлари Мирзиёев билан инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги масаласини кўтардими? Dunyo

uchrashuv

Сурат манбаси, Rasmiy

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Германия ҳукуматидан Шавкат Мирзиёевнинг Берлинга ташрифи давомида инсон ҳуқуқлари масаласи муҳим ўрин тутиши кераклигини сўраган.

"Германия Ўзбекистон президентини илиқ кутиб олади, аммо бу инсон ҳуқуқлари бўйича очиқ мулоқот эвазига бўлмаслиги керак. Ўзбекистон-Германия икки томонлама муносабатларини инобатга оладиган бўлсак, Германия президент Мирзиёевни кўплаб ислоҳотлар ўтказиш борасида берган ваъдаларини бажаришга ундашда муҳим роль ўйнаши мумкин", деган Human Rights Watchнинг Берлиндаги Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳю Уилсон.

Ташкилотга кўра, сўнгги бир йил ичида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзгаришлар президент Мирзиёев ўз ислоҳот дастурини амалга ошириш учун аҳамаият қаратиши ва Германиядаги мулозимлар бу борада берилган ваъадаларни бажаришга ундаш зарурати пайдо бўлганини тақозо этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Нукус воқеаларида 21 кишининг ўлимига ва 270 кишининг жароҳатланишига сабабчи бўлганлар ҳануз жавобгарликка тортилмаганига эътибор қаратган.

Human Rights Watch ушбу воқеаларнинг асосий фигурантларидан бири сифатида суд қилинган Даулетмурат Тажимуратовнинг қийноқ ва таҳқиромуз муомалага дуч келгани ҳақидаги даъволарни эътиборсиз қолдирганига урғу берган.

Ташкилот Германия мулозимлари Ўзбекистон президентидан матубот ва сўз эркинлиги борасида кўпроқ нарса талаб қилиш кераклигини айтган.

"Ўзбек расмийлари сўнгги йилларда очиқ гапирувчи ва танқидчи блогерларни сохта жиноий айбловлар ва қамоқхоналар билан нишонга олмоқда. Март ойининг бошида 50га яқин журналист ва фаоллар президент Мирзиёевга очиқ мактуб йўллаб, Ўзбекистондаги журналистлар деч келаётган "жиддий тўсиқлар, босим қўрқитиш"лардан хавотир билдирди", дейилади ташкилот баёнотида.

Human Rights Watch 2021 йил феврал ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан эълон қилинган Жиноят кодекси лойиҳасини кўриб чиқиш тўхтаб қолганини эслатган.

"Лойиҳада халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига зид бўлган кўплаб муаммоли моддалар, жумладан, экстремизм ва иғвогарлик, эркаклар ўртасидаги келишув асосидаги бир жинсли муносабатларни жиноий жавобгарликка тортиш қоидалари сақланиб қолган", дейилади баёнотда.

BBC

Германия томонининг Human Rights Watch чақириғига қандай муносабат билдиргани маълум эмас.

Бироқ Германия канцлери ва президентларининг расмий веб саҳифасида учрашув давомида инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги масаласи кўтарилиши борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Германия федерал канцлери Олаф Шольцнинг расмий веб саҳифаси президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифига доир бир сатр хабар ёзган.

Канцлернинг кун тартибини акс эттирувчи хабарда Ўзбекистон президенти ШАвкат Мирзиёев билан учрашув белгилангани ва унда ташқи сиёсат, хавфсизлик ҳамда минтақавий сиёсат масалалари муҳокама қилиниши, шунингдек, иқтисодий, энергетика ва иқлим сиёсатига оид масалалар кўтарилиши қайд қилинган.

Ташриф

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга 2 май куни Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг таклифига биноан ташриф билан Берлинга келди.

2 май куни Ўзбекистон президенти Берлинда Германия федерал канцлери Олаф Шольц билан музокаралар ўтказди. Ташриф давомида турли соҳаларга оид 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзолангани хабар қилинди.

Учрашувда таъкидланишича, ўзаро товар айирбошлаш ва қўшма лойиҳалар сони 2 баробар ортган. Германиядан Ўзбекистонга инвестициялар ҳажми 5,5 миллиард долларга етди, шундан 4 миллиард доллар сўнгги 6 йилда жалб қилинган.

"Германия ҳукумати Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишини ҳамда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имкон қадар тез имзолашини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди", дейилади расмий хабарда.

Томонлар икки давлат ўртасида сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлигини қайд этишган. Бу борада "Кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида" ҳукуматлараро декларация имзоланган.

Ўзбекистон президенти расмий сайтининг таъкидлашича, Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда хавфсизликни таъминлаш масалалари алоҳида муҳокама қилинган.

"Ушбу мамлакат учун гуманитар лойиҳаларни давом эттириш, шу жумладан, Термиздаги логистика мажмуаси ва Афғон ёшлари учун таълим маркази имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди", дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Транспорт ва логистикани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганига урғу берилган.

Томонлар Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган Росияни айланиб ўтувчи Транскаспий йўлагини биргаликда ривожлантириш бўйича якдил фикр билдирган.

2021 йилнинг август ойида Афғонистон ҳукуматига Толибон келган вақти Ўзбекистон фуқароларни эвакуация қилиш борасида Германия билан яқинлан ҳамкорлик қилганди.

Расмий Тошкент Толибон қудратга қайтган бир манзарада Кобулдан авиаташувларга рухсат берганди.

Ўшанда Ўзбекистон ва Германия президентларининг телефон орқали мулоқот қилганди.

Германия Афғонистондан афғонлар ва бошқа хорижий давлат фуқароларидан иборат 10 мингга яқин кишини олиб чиқиб кетишни мўлжаллаганди.

Норозилик чиқиши

namoyish

Сурат манбаси, Malohat Eshonqulova

Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифини бир гуруҳ ўзбекистонлик фаоллар Берлиндаги ҳукумат уйи ёнида норозилик намойиши билан қарши олган.

Улар ўзларининг талаблари ёзилган қоғозни Германия ҳукуматига тақдим қилганини айтишган.

"Мирзиёев келган вақтидаги берган қоп-қоп ваъдаларини бажармади. Мирзиёевнинг нотўғри олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатини танқид қилса аёвсиз равишда қамалди, калтакланди, таъқибга олинди. Бундан ташқари мухолифатга умуман йўл бермади", дейди намойиш иштирокчиси Малоҳат Эшонқулова.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002