Ўзбекистон: Журналистлик яна хавфли касбга айланаяптими? O‘zbekiston Янгиликлар

"Айни пайтда Ўзбекистонда журналист бўлиш ўта эҳтиёткор ва қалтис бир касб эгаси бўлишдек гап, деб ҳисоблайман", дейди ўзбекистонлик журналист ва блогер Санжар Саид Би-би-сига.
Журналист наздидаги ўзбек журналистлари олдидаги икки йўл қайсилар? У нима учун ўзбек матбуоти келажагини очиқ ва эркин кўрмайди?
Санжар Саиднинг матбуот ва сўз эркинлиги ҳақидаги Би-би-сига берган интервьюсида танишинг.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистонда нима бўляпти? Журналист Анора Содиқовага таҳдид бўлганми, блогер Абдуқодир Мўминов қаерда?
- Ўзбекистон: ДХХ “Компроматузб” ишини қатъий махфийликда ушламоқда – ҳибсга олинган журналистлар тақдири эса номаълум қолмоқда
- Драматург ва сиёсий фаол Санжарали Имомов туҳмат қилишда айбланяптими? Ўзбекистон, янгиликлар
- Ўзбекистон: Фарғоналик блогер ўзи нега қамалган эди?
"Рейтинг тушди, расмийлар нега жим?"

Сурат манбаси, RSF
Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 4 поғона пастлаб, 180 та давлат ичида 137-ўринни эгаллади. Чегара Билмас Мухбирлар ташкилотига кўра, Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият "қийин" босқичда қолмоқда.
Мамлакатдаги кўплаб журналистлар ушбу маълумотнинг асосли эканлигини таъкидлашди.
"Ҳа, Ўзбекистон икки йилча (2016-18-йиллар) ўз қўлида бўлган ахборот ташаббуси, сиёсатини бугун яна хориж нашрларига топшириб қўйди. Айни вақтда мамлакат ахборот ташаббуси давлат ичида эмас.
Вазиятни шу ҳолатга олиб келганлар, марҳамат, ўзингиз пиширган ошни айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ўзингиз ичинг. Рейтинглар учун ҳам, ичкаридан ва ташқаридан бериладиган хулосалар учун ҳам, қайтмас ишонч учун ҳам жавобгарлик сизда", деб ёзди журналист Илёс Сафаров.
Журналист Анора Содиқова Ўзбекистонда сўз эркинлиги ёмонлашгани қайд этилганини бу сафар расмийлар эсламаганига эътибор қаратди:
"Аввалги йилларда рейтингдаги ўрин билан мақтанувчи расмийлар - Танзила Норбоева, Комил Алламжонов, Хушнуд Худойбердиев негадир байрамда рейтинг ҳақида гапирмади. Алламжонов ҳатто рейтингда Ўзбекистоннинг юқорилашига меҳнати синганини ҳам пеш қилганди. Бу гал эса негадир четда…
Байрамни панжара остида ўтказаётган журналист, блогер, активистлар ҳам талайгина.
Таҳдид ва шантажлар қурбони бўлган, суҳбатга чақирилаётган журналистлар сони ҳам ортмоқда"

Блогер Шаҳноза Соатова Ўзбекистонда матбуот эркинлигининг халқаро рейтингда пасайиши расмийлар учун сабоқ бўлишига умид билдирган:
"Рейтингларда пастга тушар эканмиз, ахборот майдонида маҳаллий ва шахси маълум ўйинчиларнинг шанслари камайиб, рисклари ортиб бормоқда. Бу эса бир неча йиллар аввал биз мақтанган муваффақиятларимиз самараси камаяётгани, ортга кетиш бадали эса қиммат тўланаётганидан далолат.
Ўша гап: сўз эркинлиги ё ривожланиши керак, ё ортга кетади. Тўхтаб тура олмайди. Тўхтатиш мумкин эмас бу жараённи. Зарар-фойдаларни тўғри ҳисоблайсизлар деган умиддаман".
Би-би-си ўзбек хизмати айни мавзуда журналист ва блогер Санжар Саид билан суҳбатлашди.
Видеосуҳбатни кўриш учун "Қабул қилинг ва давом этинг" сўзини босинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Ўзбек журналистикаси келажагини қонунлар билан кўрмайман"
Би-би-си: Сўз эркинлиги чекланган мамлакатда журналист бўлиш қандай?
Санжар Саид: Айни пайтда Ўзбекистонда журналист бўлиш ўта эҳтиёткор ва қалтис бир касб эгаси бўлишдек гап, деб ҳисоблайман.
Охирги пайтларда айнан журналистларга бўлаётган муносабат, журналистика ва сўз эркинлигига бўлаётган қайсидир маънода тазйиқлар, босимлардан келиб чиқадиган бўлсак, аввалги режим, аввалги тузумнинг баъзи аломатларини кўраётгандек бўламан. Лекин тўлиқ деб айтиб бўлмайди.
Менимча, ҳозир Ўзбекистонда давлат эмас, кўпроқ корпорацияларнинг ўрни ва аҳамияти кучайиб кетаётгандек. Баъзи журналист ва блогерлар давлатнинг фаолиятини, давлатдаги қайсидир бир бевосита давлат билан боғлиқ ходиса ва ҳолатларни танқид қиладиган бўлса, унга қайсидир маънода ижобий муносабатда ҳам бўлишаяпти. Лекин айнан корпорациялар билан боғлиқ ҳолатларда ўта шафқатсиз муносабатлар, ўта оғир жазо чоралари кўрилаяпти, деб ўйлайман. Журналист ва блогер Хуршид Далиевнинг ҳибсга олиниши қайсидир маънода уларнинг фаолияти билан боғлиқ деб ҳисоблайман.
Биз бутун дунёга Ўзбекистоннинг имижи, обрўси, ўзгарганимиз ҳақида сигналлар, хабарлар тарқатаяпмизу лекин бу ҳолатларда баъзи зиддиятли масалалар бор. Масалан, Отабек Сатторийнинг қамалганига 2 йил бўлибди. Унинг қилган жинояти (агар у жиноятни ҳақиқатдан ҳам содир этган бўлса. Тергов-суд жараёнларида бевосита қатнашганим йўқ) Ўзбекистоннинг обрўси билан солиштирилганда, яъни тарозининг иккита палласига қўйиладиган бўлса, катта риск қилишга арзийдиган жиноят содир этмади. Мабодо содир этган бўлса ҳам, буни қандайдир йўл билан оқлаш, етказилган зарарларни компенсация қилиш орқали давлат ўз обрўсини оширишга йўналтириб юборганда бўларди.
Би-би-си: Мамлакатда журналистика келажагини қандай кўрасиз?
Санжар Саид: Тўғрисини айтадиган бўлсак, мен журналистиканинг келажагини қонунлар билан кўрмайман.
Эски Конституцияда ҳам аслида сўз эркинлиги етарлича кафолатланган, Қонунларимиз ҳам аслида ишлайдиган бўлса, мукаммал даражада журналистларни қўллаб-қувватлайди, ҳимоя қилади.
Энди бундан буёғига ўз кузатувларим, тушунчам шундайки, журналистлар иложи борича, юқорида тилга олинган корпорациялар билан конфликтга бормасликлари керак. Агар борадиган бўлса, ҳеч қандай қонунлар уларни ҳимоя қила олмайди. Уларни обрўси, мавқеи, жамиятда тутган ўрни ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, деб ўйлайман.
Бундан ташқари, Ўзбекистон капитализмга қадам ташлаяпти ва давлат ҳам бу борада корпорациялар билан зиддиятга бормайди. Ўша нуқтаи назардан журналистлар ё уларнинг ёнида бўлиши керак, ёки қаршисида душман бўлиши керак. Журналистлар шу икки йўлдан бирини танлайди. Мабодо, журналист қаршисида бўлиш йўлини танласа, ҳамма нарсага тайёр туриши керак, деб ҳисоблайман.

Би-би-си: Демак, ўзбек матбуотини келажакда очиқ ва эркин кўрмайсиз?
Санжар Саид: Йўқ. Дунё миқёсида қарайдиган бўлса, аслида бу тенденция бутун дунёда кузатилаяпти. Демократиянинг етакчиси деб ҳисобланадиган Американи оладиган бўлсак, қайсидир даражада у ерда ҳам бор, кузатилаяпти.
Ўзбекистонда ҳозирги ҳолат, геосиёсий вазият, бизнинг сиёсий-иқтисодий ҳамкорларимиз, келажакдаги мақсадларимизга қарайдиган бўлсак, журналистика яшаб қолиш учун қайсидир маънода шу режаларга мослашишга мажбур бўлади. Сўз эркинлиги қисман берилади, чегаралар аниқлаб олинади. Аниқлаб олингани ҳам маъқул, қизил чизиқлар бўлса, (ҳар ҳолда журналистлар кўпроқ ҳиссиётга берилувчан одамлар бўлади) ўйин қоидаларини аниқ қилиб келишиб оладиган бўлса, менимча, катта муаммолар юзага келмайди.
Би-би-си: Сиз журналист бўла туриб, чекловларни маъқуллаяпсизми?
Санжар Саид:Йўқ, маъқулламаяпман. Мен вазиятдан, ўзимизнинг ҳолатимиз, кузатувларим, ўрганишларимдан келиб чиқиб айтаяпман. Ўзим сўз эркинлигини қўллаб-қувватлайман. Аммо сўз эркинлигини тийиб туриш, чегаралар, бу мавзу, доиралар менинг назаримда белгилаб берилади. Ижтимоий, маиший масалалар, инфраструктура билан боғлиқ масалалар, қайси бир даражагача бўлган амалдорларнинг фаолиятини танқид қилиш бўлиши мумкин. Лекин ундан юқорисини мен кўрмаяпман.
Вазият шунақа бўладиган бўлса, биз давлат билан келишиб олишимиз керак. Ўйин қоидаларини аниқ қилиб белгилаб олиш керак. Улар бизга кўрсатиши керак ва биз ўша чегарадан ўтиш-ўтмасликни ўзимиз ҳал қилишимиз керак.
Би-би-си: Ўзбекистонда журналист бўлиб ишлаётганингиздан, фаолиятингиздан қониқасизми?
Санжар Саид: Уҳҳ... Қийин савол... Албатта, қониқмайман. Ҳозир шахсан ўзим бу соҳада бироз чегараландим. Кўпроқ ўз имкониятларимни реклама ва маркетинг соҳасида синаб кўраяпман. Шу сабабли журналистик фаолиятим анча чегараланди.
Барибир, шахсий фикримни билдириш нуқтаи назаридан қониқмаяпман. Фейсбукда жудаям кўп постларимни фақат ўзим учун кўринадиган қилиб қўяяпман. Чунки, тўғрисини айтадиган бўлсам, давлат билан ёки бирон жой билан рискка боришни хоҳламайман.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














