Драматург ва сиёсий фаол Санжарали Имомов туҳмат қилишда айбланяптими? Ўзбекистон, янгиликлар

Сурат манбаси, Video grab
Тошкентда таниқли драматург ва сиёсий фаол Санжарали Имомов 12 март куни ўғли Суҳроб Имомов билан кўчада қўлга олинган. Икки кундан сўнг ўғли қўйиб юборилган. Драматург Жиноят кодексининг 139-моддаси - туҳмат қилишда айбланиши мумкин.
Қўлга олинишидан бир муддат олдин Санжарали Имомов Youtube даги саҳифасига видео жойлаган ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Турк билан учрашишга тўсқинлик бошланганга ўхшайди, деган.
Имомов учрашувга тўсқинлик қилишмасин, дея уйидан бошқа жойда ётгани ва 13 март куни бўладиган учрашувга тайёргарлик кўраётгани ҳақида гапирган.
Фаол автомобил бошқараётган ўғлини Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари тўхтатгани ва унинг ҳам маълумотларини сўрашгананини айтган.
Би-би-си манбасининг айтишича, видео чоп қилингандан сўнг, якшанба куни драматург Санжарали Имомов ва унинг ўғли Суҳроб Имомовни кўчада ички ишлар органи ходимлари ушлашган ва Тошкент шаҳар ИИББга олиб келишган.
Яқинларининг айтишича, фаолнинг ўғли Суҳроб Имомов 14 март куни қўйиб юборилган.
Имомов яқинларининг Би-би-сига айтишича, терговчи Санжарали Имомов Жиноят кодексининг 139-моддаси - Туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан гумон қилинаётганини билдирган.
Би-би-си манбаларидан бирининг айтишича, Имомовга нисбатан жиноий иш очиш масаласи ҳозирча тўлиқ маълум қилинмаган.
Би-би-си хабарни тасдиқлатиш учун ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовга боғланди.
Ғиёсов Санжарали Имомовнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни рад қилмади.
"Ахборот расмий веб ресурсларимиз орқали эълон қилинади. Кузатиб боринг", дея жавоб берди у.
Тинтув ва телефонларнинг олиб кетилиши
Санжарали ва Суҳроб Имомовлар ушланган куни сиёсий фаолнинг уйига куч тизими ходимлари келган ва тинтув ўтказган.
Би-би-си манбасининг айтишича, орган ходимлари Санжарали Имомовга қўшиб, унинг оила аъзоларига ҳам тегишли бўлган компютер ва телефон аппаратларини олиб кетган.
Имомов уйидаги шаҳар тармоғига уланган симли телефонни узиб қўйишган.
Яқинлари ташқи дунё билан алоқа қилолмай қолган.
ИИВ ҳозирча бу даъволарга муносабат билдирмади.
Санжарали Имомов бир вақтлар мухолифатдаги "Эрк" партияси фаоли бўлган. Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг янги мустақил сиёсий партия тузиш ҳаракатларида қатнашган.
У ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўлган ва YouTube да Санжарали Имом номи остида деярли ҳар куни видео жойлаб келаётган бўлган.
Санжарали Имомов видеоларида Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг бошқарув сиёсатини танқид остига олган.
Конституциядаги ўзгартиришлар Мирзиёев қайта сайланиши таъминлаш учун қилинаётган "ноллаштириш" сиёсати эканлигини айтган.
Босимлар
Ўзбекистонда конституцияга ўзартириш киритиш ҳақида референдум яқинлашаркан фаолларга нисбатан босимлар кучайиб бораётгани айтилмоқда.
"Шу кунларда фаоллар билан профилактик сухбатлар ўтказилмоқда. Улардан кўзни қисиш, бир яхши одам бошлаб қўйган эзгу ташаббусларни ниҳоясига етказиб қўйишга ҳалақит қилмаслик сўралмоқда", деб ёзди блогер Сардор Салим.
Айрим фаоллар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Турк билан учрашишга ички ишлар идораси ходимлари томонидан тўсқинликлар бўлганини айтишган.
Шундай бўлса-да, бир гуруҳ фаоллар 13 март куни Фолькер Турк билан учрашган.
Расмий рўйхатдан ўтказилмаган "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" демократик партияси етакчиси, профессор Хидирназар Аллақулов БМТ мулозими билан суҳбатда инсон ҳуқуқлари бузилишлари, сиёсий партия тузишдаги сунъий тўсиқлар ва ҳукумат ҳамда куч ишлатар тизимларнинг фаолларга босими ҳақидаги гапирганини айтган.
"Шу масалаларни президент билан учрашганда кўтаринг, дедик", дейди Хидирназар Аллақулов.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Туркни қабул қилди.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
"Учрашувда асосий эътибор инсон манфаатларини илгари суриш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилмоқда", дейилади расмий хабарда.

Сурат манбаси, Rasmiy
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














