Ўзбекистон, Абдуқодир Мўминов онаси: Мени ўғлим билан кўриштирмаяптилар - Янгиликлар O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Абдуқодир Мўминов ВВС билан суҳбатда

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Абдуқодир Мўминов онаси Сабоҳат Абдуллаеванинг Би-би-сига айтишича, ўғлининг устидан суд ҳукми ўқилганидан кейин у билан илк бор 15 август куни кўришишига рухсат берилган, ўғли дастлабки терговда ўзига нисбатан қийноқ қўлланилганини иддао қилган.

Сабоҳат Абдуллаева сўзларига кўра, ҳалигача 4 августда чиқарилган суд ҳукми матнини ололганлари йўқ, шунинг учун ҳам аппелляция аризаси билан мурожаат қилишолмаган, ўзлари янги ёллаган адвокат Ҳасан Расулов ҳам Абдуқодир Мўминов билан кўришолмаган.

Алоқадор мавзулар:

"Мен ўғлим билан кўришган пайтим биринчи бўлиб айтган гапи "қийноқнинг қанақа тури бўлса, қўлладилар" деди. "Қўлга олган кунларидан мени қийнадилар, ўлмай қолганим мўъжиза бўлди", деб айтди", - деди Сабоҳат Абдуллаева.

Онасининг ўғлига таяниб айтишича, Абдуқодир Мўминов калтаклар оқибатида буйраги оғриётганидан шикоят қилган, ҳибсга олинган февраль ойидан буён шифокорга кўрсатилмаганини даъво қилган.

"Буйрагимда ҳар куни кучли оғриқ бўлади. Шунинг учун менга адёлми, кўрпами, етказиб берсангиз, деб айтди", - деди Сабоҳат Абдуллаева.

Абдуқодир Мўминов судини кузатиш учун келган фаоллар. 2023 йил 25 июль

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Абдуқодир Мўминов судини кузатиш учун борганларнинг ҳаммаси ҳам ичкарига кира олмаган.

"Суд пайти Абдуқодир ўзининг қийноққа солинганини айтдими?", савол бердик Сабоҳат опага.

"Йўқ, айтмаган. Чунки унга "ўзингни фақат яхши тутсанг, индамай турсанг, юмшоқ бўлсанг, сенга уй қамоғи берамиз, озроқ жарима бўлади", деб ваъда беришган экан, ўғлим ишонувчан, шунинг учун ҳам бу ваъдага ишонган", - жавоб берди онаси Сабоҳат Абдуллаева.

Сабоҳат Абдуллаеванинг Би-би-сига айтишича, 17 август куни адвокат Ҳасан Расулов билан бирга Зангиотадаги 1-сонли тергов ҳибсхонаси (Тоштурма) деб номланадиган қамоқхонага ўғли Абдуқодир Мўминовни кўриш учун боришган.

Онанинг айтишича, ўзи ва адвокатга 1-сонли тергов ҳибсхонаси ходимлари, Абдуқодир Мўминовни Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига олиб кетдилар, деб айтишган.

"Тергов ҳисбхонасидан фақат ҳукм чиқарган судья қарори билан айбланувчини олиб чиқиш мумкинлиги қонунчиликда белгиланган ва адвокат Ҳасан Расуловнинг аниқлашича, судья Абдуқодир Мўминовни бирор жойга олиб боришга рухсат бермаган", - дейди суҳбатдошимиз.

Абдуқодир Мўминовнинг онаси Сабоҳат Абдуллаева

Сурат манбаси, Skrinshot/Ozodlik.org

Сурат тагсўзи, Сабоҳат Абдуллаева ўғли билан кўришолмаганини айтди

Сабоҳат Абдуллаева сўзларига кўра, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасида, "Абдуқодир Мўминов бу ерга олиб келингани йўқ", деб айтишган.

Ўзбекистон қонунчилигига биноан, биринчи инстанция ҳукмидан норози бўлган тараф қонунан суд ҳукми устидан шикоят аризаси билан чиқиш ва протест келтириш ҳуқуқига эга.

Абдуқодир Мўминовнинг қийноқ иддаолари, шу кунгача ҳам суд ҳукми матнини ўзи ва адвокати қўлига ололмагани ҳақидаги яқинларининг даъволари борасида Би-би-си Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиб, расмийлар муносабатини ўрганаяпти.

Мўминов суд залида

Сурат манбаси, VOA - Amerika Ovozi

4 август куни Ўзбекистон ҳукумати ва амалдорларини кескин танқид қилиши билан танилган Абдуқодир Мўминов устидан 7 йилу 3 ойлик қамоқ жазоси ҳукми чиқарилди.

Очиқ суд деб қилинган маҳкама Тошкент шаҳридаги Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида бўлиб ўтди.

Суд зали кичкина, деган важ билан жараённи кузатишга борган аксар журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоллари ичкарига киритилмаганлар.

Суд Абдуқодир Мўминовга нисабатан илгари сурилган айбловлар ўз исботини топди, деган қарорга келди: Мўминов шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, товламачилик ва фирибгарлик, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш ҳамда пора беришда иштирокчилик бандлари бўйича айбдор, деб топилди.

Блогернинг маҳкамаси халқаро доираларда танқидларга тутилмоқда, уни озод этиш талаблари янграган.

Абдуқодир Мўминов билан Би-би-си мухбирининг ўтган йил 29 декабрда қилган суҳбатини томоша қилиш учун бу ерга босинг

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002