Озодлик журналистларини Ўзбекистон қўрқитмоқдами? O'zbekiston Дунё Янгиликлар

Озодлик тайёрлаган махсус коллаж

Сурат манбаси, ozodlik.org

Сурат тагсўзи, Озодликнинг сўнгги суриштирув видеоси Ўзбекистондаги президентлик сайлови олдидан эълон қилинганди.

Озод Европа/Озодлик радиосининг президенти вазифасини бажарувчи Жеффри Гедмин Ўзбекистонда ўз журналистларини қўрқитиш кампаниясини қоралаб баёнот эълон қилди.

"Ўзбек расмийлари ҳаққоний хабарлар билан ишлаш ўрнига журналистларимиздан хусуматли қўрқитиш кампанияси ва цензурани кучайтириш билан қасос олмоқда. Тарихимиз шуни кўрсатадики, бизнинг аудиториямизга ишончли ахборот керак бўлганида уни албатта излайди ва кўпинча олдингидан кўпроқ сонда излашади", дейилади Жеффри Гедмин баёнотида.

Озодлик радиоси раҳбариятига кўра, ҳозир Ўзбекистон ҳукумати қўллаб-қувватлаётган ва Озодлик радиосини обрўсизлантиришга қаратилган кампания давом этмоқда, бу кампания Озодлик радиоси Ўзбек хизматининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошқарувига бағишланган навбатдаги журналистик суриштируви эълон қилингани ортидан кучайган.

Алоқадор мавзулар:

Озодлик раҳбарияти баёнотида уларнинг қайси журналистлари қачон ва қандай қўрқитилгани ҳақида сўз бормайди.

8 июль куни Озодлик радиоси ўзининг ozodlik.org расмий веб-сайти ва YouTube видеопорталида Президент Мирзиёев бошқарувига бағишланган журналистик суриштируви видеосини эълон қилганди.

Видео "Озодлик суриштируви: Мирзиёев кластерига айланаётган Ўзбекистон" деб номланади.

Озодлик хабар қилишича, ушбу видео эълон қилинишидан кўп вақт ўтмай YouTube уни блоклаган ва бунга гўёки муаллифлик ҳуқуқи бузилгани важ қилиб кўрсатилган.

Таҳририят YouTube билан музокаралар ортидан икки марта блокланган видеони қайта очишга муваффақ бўлган.

Озод Европа/Озодлик радиоси президенти вазифасини бажарувчи Жеффри Гедмин

Сурат манбаси, .

Сурат тагсўзи, Озод Европа/Озодлик радиоси президенти вазифасини бажарувчи Жеффри Гедмин

Бу Озодликнинг Президент Мирзиёев бошқарувига бағишланган тўртинчи йирик журналистик суриштируви бўлди.

Олдинги видеолари "Мирзиёевнинг сири: Тоғларга яширилган қароргоҳ ва сув омбори", "Озодлик суриштируви: Ўзбекларни газсиз қолдирган махфий келишувлар", "Махсус суриштирув: Мирзиёевларнинг соядаги инвестори" деб номланади.

Шу йил февралида "Ўзбекларни газсиз қолдирган махфий келишувлар" видеоси ортидан Ўзбек расмийлари журналистларни тўплаб тушунтириш беришган, бироқ яна кўплаб саволлар очиқ қолган эди.

Озодлик радиоси ёзишича, сўнгги журналистик суриштирувини эълон қилишдан бир ҳафта олдин Ўзбекистон президенти матбуот хизматига саволлар юборилган, бироқ бу саволларига ҳозиргача ҳам жавоб олинмаган.

Озодликнинг сўнгги суриштирув видеоси ва ўз журналистлари қўрқитилаётгани ҳақидаги баёнот борасида Ўзбекистон ҳукумати ҳали расман муносабат билдирганича йўқ.

Озодлик радиосининг веб-сайти Ўзбекистонда блокланган.

2022 йил июнида Озодлик раҳбарияти Тошкентда ўз журналистларини аккредитациядан ўтказиш масаласини Ўзбекистон расмийлари билан муҳокама этишган, бироқ Озодлик мухбири шу вақтгача ҳам доимий аккредитациядан ўтказилмаган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002