Ҳукумат Озодлик суриштирувига журналист-блогерлар орқали ёпиқ жавоб берди. Аммо бу саволларни янада кўпайтирди

energy

Сурат манбаси, Minenergy via Kun.uz

Ўзбекистон ҳукумати Озодлик радиосининг мамлакат нефть-газ сектори Россия президенти Владимир Путинга яқин олигархлар ва улар билан алоқадор шахслар назоратига ўтиб кетгани тилга олинган суриштирувига бир гуруҳ журналист-блогерлар орқали жавоб қайтарди. Аммо ҳукуматнинг бу ҳаракати янада кўпроқ саволларга сабаб бўлмоқда.

Маълум бўлишича, 12 февраль куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва "Ўзбекнефтгаз" раҳбари Меҳриддин Абдуллаев бир гуруҳ журналист ҳамда блогерлар билан учрашиб, Озодлик радиоси суриштируви ортидан юзага келган саволларга жавоб қайтарган. Би-би-сининг Тошкентдаги мухбири бу учрашувга таклиф қилинмади.

Кўплаб ўзбекистонликлар суриштирувда илгари сурилган хавотирли маълумотлар бўйича ҳукуматдан оммавий муносабат кутиб турган пайтда, соҳа масъулларининг фақат танланган фаоллар билан учрашиб, ёпиқ эшик ортида савол-жавоб ўтказгани кўпчиликни таажжубга солган.

Эндиликда, жамоатчилик масъулларга янада кўпроқ савол билан юзланмоқда.

"Ғалати матбуот анжумани"

"Аномал совуқ" кунларида кузатилган энергетика бўҳрони заҳрини энди унутаёзган ўзбекистонликларнинг газ-светга оид дардини 9 февраль куни эълон қилинган Озодлик суриштируви қайтадан янгилагандек бўлди.

invest

Сурат манбаси, Screenshot/Ozodlik

Озодлик суриштирувида ўтган йиллар давомида ўзбек газининг турли махфий ҳужжатлар, парда ортидаги келишувлар асосида Кремль назоратига ўтиб кетгани ва раҳбарият мутахассислар огоҳлантиришига қарамай, "давлатга зиён келтирувчи, миллий хавфсизликка таҳдид солувчи" бундай лойиҳаларни тўхтатмагани ҳақида сўз боради.

Озодлик суриштируви бўйича Би-би-си тайёрлаган тақризни мазкур ҳаволада ўқишингиз мумкин.

Айниқса, суриштирувда тилга олинган "ўзбек гази сувдан ҳам арзон сотилган" ва "Мирзиёев Ўзбекистон нефть-газ захиралари устидан тўлиқ эксклюзив назоратни 35 йилга Путин олигархлари қўлига топширган" жумлалари баъзи ўзбекистонликларни ҳайратга солган, кўплаб фаолларни эса ғазаблантирган.

Улар тармоқда ўз фикрларини билдириб, расмийлардан Озодлик суриштирувида илгари сурилган даъволарга жавоб бериш талаб этилган кўплаб постлар қолдирганлар.

Жамоатчилик ҳукумат реакциясини кутаётган бир манзарада таниқли сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов энергетика вазири бир гуруҳ журналист ва блогерлар билан учрашиб, савол-жавоб ўтказгани ҳақида биринчилардан бўлиб хабар берган.

Алоқадор мавзулар:

"Уч кун олдин Ўзбекистоннинг Россия билан газ ва нефт соҳасидаги келишувларидан норози бўлиб, танқидий пост ёзган эдим. Кеча бир учрашув бўлди. Унга мени ҳам таклиф қилишди. Жами бўлиб саккиз-ўн журналистлар, блогерлар ва сиёсатшунос сифатида мени таклиф қилишди. Бизнинг саволларимизга икки давлат мулозими жавоб беришди. Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Ўзбекнефтегаз АЖ раиси Меҳриддин Абдуллаев. Учрашув соат 11:30ларда бошланиб, учрашув тугаганида вақт 15:40 бўлганди. Биз бу икки мулозимга ўзимизни қизиқтирган барча саволларни бердик. Ҳеч қандай цензура бўлгани йўқ. Мулоқот жуда очиқ ва самимий руҳда ўтарди", дея ёзган Раббимов 13 февраль куни Facebook'даги саҳифасида.

Сиёсий таҳлилчи учрашувдан "Ўзбекистон ўзининг ҳаққини бировга текинга ёки арзон гаровга бергани йўқ" деган асосий хулоса билан чиққанини таъкидлаган.

"Тўрт соатлик мулоқотда, журналистлар ва блогерлар, мен ҳам, бу икки мулозимни саволлар хужумига тутдик. Мулоқот охирида, вазият анча мураккаб эканини, агар бор маълумотлар жамиятга кенг тушунтирилса, одамларнинг тасаввуридаги "Эх, бутун бир газ ва нефт ресурсларимиз Россияга бериб юборилибди" деган тасаввур ўзгаришига ишондик", дейди у ўз пости охирида.

Кейинроқ, мамлакат жамоатчилигини жиддий хавотирга солган масала бўйича фақат сараланган одамлар чақирилган учрашувда маҳаллий Kun.uz, Gazeta.uz ва Daryo.uz нашрлари мухбирлари, блогерлар Хушнудбек Худойбердиев, Никита Макаренко, Қобил Хидиров қатнашгани ҳам аёнлашган.

energy

Сурат манбаси, Minenergy via Kun.uz

Иштирокчилар бирин-кетин учрашувдан олинган хулосалари билан ўртоқлашганлар, аммо бу хулосаларнинг умумий мазмуни, асосан, бир масала - Ўзбекистон барча нефть-газ конларини 35 йилга Россия ихтиёрига топширганига оид маълумот тўғрисида экани кўпчиликнинг эътиборини тортган.

"Демак, учрашувда англашилган асосий фикрга кўра, Ўзбекистоннинг газ ва нефть тизими Россияга 35 йилга эксклюзив тарзда бериб юборилмаган. Яъни ҳамма нарсамиз сотилиб кетмаган. Бу маънода хотиржам бўлиш мумкин", дея ёзган учрашувда қатнашган Kun.uz мухбири Илёс Сафаров.

Ҳозирга қадар Энергетика вазирлиги мавзу доирасида эълон қилган ягона расмий маълумотда ҳам фақат шу масала тилга олинганини кўриш мумкин.

"Ўзбекистон барча нефть ва газ конларига тегишли эксклюзив ҳуқуқни Россияга бергани ҳақидаги маълумотлар ёлғон", дея изоҳ берилади вазирлик эълон қилган 4 дақиқалик видеода.

Бу борада кўпроқ тафсилотларни эълон қилган Gazeta.uz'нинг ёзишича, учрашувда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов "ўзбек гази 35 йилга бериб юборилгани" тўғрисидаги маълумот мамлакатда мавжуд 250 дан ортиқ нефть-газ конларидан фақат биттасига тўғри келишини таъкидлаган.

"Ёлғон. Бу — мутлақо асоссиз ва нотўғри талқин қилинган маълумот. Барча эксплуатациядаги конларнинг аксарияти „Ўзбекнефтгаз" АЖга тегишли. Бу ахборот фақатгина "Мустақилликнинг 25 йиллиги" номли конни ўзлаштириш ва ишлатишга тегишли", дея вазирдан иқтибос келтирган Gazeta.uz нашри.

Аммо...

Вазирнинг журналистларга айтганлари Озодлик тақдим этган қуйидаги ҳужжатдан кескин фарқ қилади. Озодликка кўра, у Кипрда рўйхатга олинган Altmax Holding Ltd. йиллик ҳисоботидан олинган. Унда, хусусан, шундай дейилади: "2017 йил 5 апрель куни Altmax Holding Ltd. компанияси Gas Project Development Central Asia AG ва Узбекнефтегаздобыча АЖ билан (Инвесторлар) биргаликда Ўзбекистон Республикаси билан Маҳсулот тақсимоти бўйича келишув тузди. Ўзбекистон Республикаси бу инвесторларга Ўзбекистон Республикасидаги барча Нефть ва Газ операцияларини амалга ошириш ва уларни бошқариш бўйича эксклюзив ҳуқуқни 35 йилга тақдим этди.

Озодлик

Сурат манбаси, Ozodlik

Бу ҳисоботни аудит соҳасидаги дунëнинг "катта тўртлиги"дан бири бўлган KPMG ўзига тақдим қилинган контрактлар асосида ëзгани айтилади.

Хўш, асосий иши молиявий текширувлардан иборат бўлган KPMG аудитчилари адашганми ёки Ўзбекистон Энергетика вазири нотўғри маълумот бермоқдами? Ҳозирча бу борада ҳеч нима дейилмади.

Муносабатлар

Учрашувда иштирок этган журналист-блогерлар "5 соатга яқин вақт давомида" Мирзамаҳмудов ва Абдуллаевни "тинимсиз" сўроққа тутганини билдирган бўлсада, Озодлик суриштирувидаги тадбиркор Бахтиёр Фозилов ва унга алоқадор компанияларга берилган мисли кўрилмаган имтиёзлар, президент Мирзиёев ҳукумат ишчи гуруҳи огоҳлантиришларига қулоқ солмагани каби муҳим иддаолар масаласи кўтарилгани ё йўқлигига у қадар тўхталмаган.

Бу эса жамоатчиликда ҳукумат юзага келган жиддий норозилик кайфиятини бир гуруҳ лоялист журналист ва блогерлар орқали юмшатишга ҳаракат қилмоқчи қабилидаги тахминлар юзага келишига сабаб бўлган.

"Халқни ҳурмат қилган ҳолда унинг бойликлари устида кетаётган ҳар бир битим ҳақида маълумот бериб боришлари керак. Биринчи галда халққа кейин бошқаларга хизмат қилсин бу неъматларимиз. Озодлик нотўғри маълумот тарқатган экан, нега раҳбарлар очиқ чиқиб, далиллар билан инкор қилмайди", дея ўртага савол ташлаган фикр билдирувчилардан бири.

Сиёсий таҳлилчи Раббимовнинг билдиришича, учрашувда масъуллар Озодлик суриштирувидаги асосий шахс бўлмиш Бахтиёр Фозилов ҳақида жавоб беришмаган.

"Мутасаддилар Бахтиёр Фозилов ҳақида жавоб беришмади, "у хорижий инвестор, биз бор инвесторлар билан ишлаймиз. Инвестор топиш — муаммо" деган қабилда жавоб беришди. 9 долларлик газ нархи эса, вақтинчалик махсус схема бўлганлигини, мақсад ўша лойиҳани ичидаги бошқа йўналишни лойиҳалаш бўлганлигини тушунтиришди", ёзган Камолиддин Раббимов.

Учрашув иштирокчиларининг турли платформаларда қолдирган мазкур постлари остида ёзилган изоҳларда жамоатчилик, ҳатто, айрим иштирокчи матбуот вакиллари ҳам мазкур халқ учун ўта муҳим масала бўйича муносабат билдиришда вазирлик тутган йўлдан мутлақо қониқмагани ифодаланганини илғаш мумкин.

Кўпчилик фикр билдирувчилар 12 февраль куни ўтган учрашувни "ғалати матбуот анжумани" деб атаган.

"Хулоса: учрашувга борганларни(нг) барчаси очиқлик тарафдори. Ҳамма ҳужжатларни очишни талаб қилдик. Борганлар фақат инфоларни етказяпти, элчидек гап. Икки томонни эшитиб, хулосани ўзингиз чиқазаверасиз.", таъкидлаган блогер-ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek