Ўзбекистон: Россия “Газпром” билан келишув тафсилотларини очиқламасликни сўраган – ОАВ, yangiliklar - video

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Энергетика вазирлиги "Газпром" билан газ соҳасида ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси" имзолагани хабар қилиниши ортидан жамоатчилик келишув тафсилотларини очиқлашни талаб қилмоқда - вазирлик эса қисқа баёнот билан чекланмоқда.
24 январь куни Энергетика вазирлиги Россиянинг "Газпром" ширкати билан газ соҳасида ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси"ни имзолагани тўғрисидаги хабар ўзбекистонлик фаолларни ноябрь ойидан буён ташвишлантираётган "уч томонлама газ иттифоқи"га оид хавотирларини янада кучайтирган.
Энергетика вазирлиги бу хавотирларга жавобан Ўзбекистон газ транспорт тизими кимгадир топшириб қўйилмаслиги, шунингдек, мамлакат суверенитетига "қандайдир таҳдид умуман йўқлиги"ни алоҳида таъкидлаган.
Бироқ бу қисқа баёнот жамоатчиликнинг ахборотга бўлган талабини қондира олмаган.
Шундай бир манзарада энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 25 январь куни маҳаллий журналистлар билан учрашгани хабар қилинган.
Би-би-сига маълум бўлишича, учрашувда фақат иккита нашр вакиллари иштирок этган, холос.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон Россия газ иттифоқига қўшилмайди
- Ўзбекистон газ транспорт тизимини Россияга бериб қўядими? Вазирлик жавоб берди
- Кун мавзусига қайтиб - bbc.com/uzbek 2022 декабр ойи мақолаларидан бири - Янгиликлар. Ўзбекистон ва Россия: Путин айтди, ‘иттифоқ’ барибир бўладими?
- Ўзбекистон гази тизгини Россия қўлидами - Ўзбек ҳукумати жиловни оладими?
"Ҳужжат эълон қилинмайди"
Икки кундан буён давом этаётган мавҳум бир вазиятда Kun.uz нашри ўз мухбири очиқланмаётган "йўл харитаси"ни бевосита кўргани ҳақида ёзган.
Нашрнинг маълум қилишича, ҳужжат учта саҳифа ва саккиз банддан иборат.
"…унда Россиядан Ўзбекистонга Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи "Ўрта Осиё - Марказ" газ қувури орқали бозор нархида табиий газ етказиб бериш учун зарурий техник чоралар акс этган", дейилади 25 январь куни эълон қилинган хабарда.
Шунингдек, 2023 йил 1 мартдан бошлаб Россиядан Ўзбекистонга табиий газ импорти йўлга қўйилиши ҳам ҳужжатда кўзда тутилгани айтилмоқда.
"Ҳукуматдаги манбалар ёрдамида" ҳужжатни ўз кўзи билан кўргани айтилган Kun.uz мухбири "йўл харитаси"да Ўзбекистон ўз газ тармоқлари ҳақида "Газпром"га расмий маълумотлар тақдим этиши белгиланганини ёзган.
Шунингдек, хабарда мухбир ҳужжат бўйича Энергетика вазирлиги баёнотидаги маълумотлар - Ўзбекистон ўз газ-транспорт тизимига эгалик ва бошқарув ҳуқуқини тўлиқ ўзида сақлаб қолиши - мавжудлигини тасдиқлаган.
Нашр хабарида бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Kun.uz ўз манбасига таяниб, "йўл харитаси" Россия томонининг сўровига асосан эълон қилинмаслигини ҳам қўшимча қилган.
Би-би-си ҳужжат билан бевосита танишгани айтилган Kun.uz мухбири билан боғланди.
"Йўл харитаси"даги барча саккиз бандни кўрганини айтган мухбир унда жамоатчиликни хавотирга солаётган "қўрқинчли шартлар" ҳақиқатан йўқми, деган саволга шундай жавоб берди:
"Биздан бошқа бир мухбир кўрган, аниқ йўқ деди".
Би-би-сида айни маълумотларни мустақил тасдиқлаш имкони йўқ.
Хавотирли хабар
24 январь куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва "Газпром" ширкати бошқарув раиси Алексей Миллер учрашиб, "долзарб масалаларни кўриб чиққани" ҳамда газ соҳасида ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси"ни имзолагани хабари чиққан.
Ўзбекистон жамоатчилиги мазкур муҳим янгиликдан мамлакат ҳукумати эмас, балки "Газпром" матбуот хизмати орқали хабар топган.
Ҳозиргача бу келишувнинг тўлиқ тафсилотлари оммага очиқланмаган.
Ўтган йили Россия томонидан илгари сурилган Ўзбекистон ва Қозоғистон билан "уч томонлама газ иттифоқи" ғояси ўзбек ҳукумати томонидан билвосита рад этилиши ортидан бироз тин олган жамоатчилик бу хабарни хавотир ила қабул қилган.
7 декабрь куни вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов газни "қандайдир альянс ёки иттифоқ" орқали эмас, балки қўшни давлатлардан импорт қилиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини таъкидлаганди.
"Бу ерда биз энергия тармоқларни кимгадир бериб юбориш билан эмас, балки тижорат шартномаси, олди-сотди шартномаси асосида ҳамкорлик қилиш учун миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда музокаралар олиб бормоқдамиз", дея у Россиянинг "газ иттифоқи" ғоясига "совуқ сув қуйган" эди.
Орадан бир ярим ойдан сал кўпроқ вақт ўтгач, Россия билан газ соҳаси бўйича келишув имзоланиши мамлакат жамоатчи фаоллари томонидан хавотирли "газ иттифоқи" доирасида "энергетик қарамлик" томон очилган дебоча ўлароқ кўрилган.
"Газпром"га ҳамма ваколатни топшириб, яна қулликка рози бўлганимиз бир юракни эзса, ҳукумат томонидан келишув шартлари очиқланмаётгани дард устига чипқон бўляпти", дея ёзган фаол Муҳаммад Темур Твиттердаги саҳифасида.
Бу каби хавотирлар фонида Энергетика вазирлиги имзоланган келишув доирасида миллий манфаатлар тўлиқ ҳимоя қилинишини таъкидлаб чиққан.
"Йўл харитаси"да Ўзбекистоннинг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда (бошқарув ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда) ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ.
Келгусида ушбу йўналишдаги барча ишлар Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда амалга оширилиб, натижалари юзасидан доимий равишда жамоатчиликка маълум қилиб борилади", дейилади вазирликнинг 25 январь куни эълон қилинган баёнотида.
Хос учрашув

Сурат манбаси, .
Вазирликнинг мазкур тинчлантирувчи баёнотидан сўнг ҳам фаолларнинг ҳужжат тафсилотларини очиқлаш талаби тинмаган.
Kun.uz нашри энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 25 январь куни маҳаллий журналистлар билан учрашиб, келгуси куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўришга доир режалар ҳақида суҳбатлашганини ёзган.
Хабарда учрашув давомида "Газпром" билан келишув мавзуси кўтарилгани ёки кўтарилмагани тилга олинмаган.
Би-би-сига маълум бўлишича, вазир билан учрашувда фақат икки нашр - Kun.uz ва Gazeta.uz вакиллари иштирок этган, холос.
Би-би-си учрашувга нега бошқа матбуот вакиллари таклиф этилмагани сабаби ва яқин вақт ичида жамоатчилик билан бирор форматдаги учрашув ўтказилиши режаси бор-йўқлигини сўраб Энергетика вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди, аммо ушбу мақола чоп этилаётган вақтга қадар саволларга жавоб олинмади.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















