Ўзбекистон: Журналистлар Абдуқодир Мўминов, Мавжуда Мирзаева ва Хуршид Далиев ишлари бўйича нималар маълум? - Янгиликлар

Олий Суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар қилишича, Ўзбекистон ҳукуматига қарши танқидий чиқишлари билан танилган журналист, "Кўзгу" порталининг асосчиси Абдуқодир Мўминовнинг жиноят иши 25 июль куни соат 15:00да Тошкент шаҳрининг Миробод туман судида кўриб чиқилади.
Матбуот котиби суд ишининг очиқ ёки ёпиқ бўлиши ҳақида маълумот бермади. Сешанба куни яна икки таниқли журналистлар Хуршид Далиев ва Мавжуда Мирзаевага қарши очилган суд иши Шайхонтоҳур тумани судида ёпиқ тартибга ўтказилган. Унда судя айбланувчилар илтимоси асосида иш ёпиқ кўрилиб чиқилишини билдирган.
Алоқадор мавзулар:
Абдуқодир Мўминов Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми "а", "б" бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми "а" банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми "б", "в" бандлари, 4-қисми "а" банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Аввал судланмаган 33 яшар Мўминовнинг ишида тасдиқланган айблов хулосасига кўра "14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 421 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланган".
Мўминовнинг жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди раиси Сардорбек Содиқов раислигида кўриб чиқилади. Кун.уз ёзишича, ушбу судя муқаддам Тошкентда 17 яшар қизга текажоқлик қилган эркак иши, шунингдек блогер Миразиз Бозоров иши сингари шов-шувли кейсларда судялик қилган.

Сурат манбаси, Social media
Шу йилнинг 8 февралида ҳибсга олинган Мўминов ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати тарқатган илк расмий хабарда Мўминов бир жиноят ишини ижобий ҳал этишни ваъда қилиб фуқародан 10 минг доллар сўрагани ва 3800 долларни олгани, яна бир фуқаро тўғрисида "салбий йўсинда" видеолавҳа тайёрлаб ундан 70 минг доллар сўрагани билдирилганди.
Далиев, Мирзаева ва Kompromatuzb иши
Мўминовнинг суд иши Ўзбекистонда шу кунлар бўлаётган таниқли журналистларга оид ягона суд иши эмас.
18 июль куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани судида тўрт киши, хусусан икки журналист - Хуршид Далиев ва Мавжуда Мирзаева устидан "Kompromatuzb иши"га боғлиқ суд жараёнлари бошланди.
Тошкентдаги журналистларга кўра, суд жараёни матбуот вакиллари иштирокида аввало очиқ тарзда бошланган, аммо судя айбланувчиларнинг баъзилари қилган илтимосга кўра уни ёпиқ тарзда кўриб чиқишда давом эттиришини билдирган.
Бу ишда
- Human.uz портали асосчиси Хуршид Далиева Жиноят кодексининг 139 (Туҳмат), 165 (Товламачилик), 184 (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), ҳамда 243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари;
- Собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаева Жиноят кодексининг 165 ва 113 (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) моддалари;
- "Ўзбекнефтгаз" АЖ собиқ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов - Жиноят кодексининг 139, 165, 243-моддалари;
- фуқаро Аҳмадулло Аҳмаджонов - ЖКнинг 139 ва 165-моддалари билан судга тортилганлар.
Мазкур ишда жабрланувчилар дея 19 нафар жабрланувчи қайд этилган. Улар орасида собиқ бандлик вазири Нозим Ҳусанов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ директори Афзал Ирматов, амалдаги Андижон шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов ҳам бор.

Шу йилнинг 27 январь куни Human.uz сайти таҳририятига рейд уюштирилиб, интернет нашри директори Хуршид Далиев олиб кетилгани хабар қилинганди.
Шу куннинг ўзида ДХХ журналист Далиев Телеграмдаги "Компроматузб" каналига алоқадор иш бўйича тергов қилинаётганини маълум қилган.
Ҳеч қанча вақт ўтмай яна бир журналист - собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева ҳам айни иш бўйича ушлаб кетилгани айтилган норасмий хабарлар чиққан. Би-би-си ихтиёридаги маълумотларга кўра, Мирзаеванинг уйида 27 январь куни тинтув ўтказилган.
Ҳибслар товламачилик билан боғлиқ жиноятни нега айнан президентга тўғридан тўғри бўйсунувчи ДХХ ўта махфий мақомда назорат қилаётгани турли саволларни уйғотган. Ҳибс этилган журналистлар давлатга хавф солувчи қандай ҳаракат содир этишган, деган масалада расмийлар ҳеч қандай изоҳ беришгани йўқ.
30 январь куни Би-би-си билан гаплашган Мирзаеванинг қизи онаси ДХХнинг Тошкентдаги "Гвардейский" номи билан маълум тергов изоляторида сақланаётгани ва унинг ёнига адвокат ҳам кира олмаётгани ҳақида гапирган эди.
Телеграмда танқидий постлари билан танилган "Kompromatuzb" канали 2021 йил 30 август куни очилган ва ҳозир ҳам очиқ.
Ҳибс вақтида канал обуначилари сони 135 мингдан зиёдроқ бўлган бўлса, бугунга келиб бу рақам қарийб 84 минг атрофида. Охирги хабар 26 январда тарқатилган.
Каналда, асосан, ўрта ва қуйи бўғиндаги идора-ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мансабдор ходимларининг эҳтимолий коррупцион амаллари, ноқонуний хатти-ҳаракатлари, ваколати доирасидан четга чиқиш ҳолатлари борасида тасдиқланмаган маълумотлар чиқариб келинган. Номи юқорида тилга олинган журналистларнинг мазкур канал юритувига алоқаси тасдиқловчи ё рад этувчи маълумотлар Би-би-сида мавжуд эмас.
Журналист Мавжуда Мирзаева 2018 йил ноябрь ойида ўзи ишлаб келган "Ўзбекистон 24" телеканалидаги ички вазият бўйича очиқ чиқиш қилиши ортидан омма назарига тушган эди.
Ўшанда Мирзаева телеканалда цензура мавжудлиги, томошабинга "ёлғон ва енгил-елпи" хабарлар тарқатилиши ҳақида гапирганди.
Кейинроқ, Мирзаева Human.uz сайти, Тошкент вилояти ҳокимлигида фаолият юритган. У 2021 йилнинг апрель ойида собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари матбуот котиби лавозимига тайинланган эди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














