Ўзбекистонликлар учун демократия нега муҳим?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 май - Хотира ва қадрлаш куни иштирокчилари билан мулоқоти

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Анъанавий Демократия Индексининг бу йилги сўрови кутилмаган натижаларни берди. Ўзбекистонликларнинг аксари демократиянинг асосий мақсади турмуш даражасини яхшилаш деб билишлари аён бўлди.

"Демократиялар алянси" жамғармаси(Alliance of Democracies Foundation)нинг 2025 йилги "Демократияни қабул қилиш индекси"(Democracy Perception Index)да Ўзбекистоннинг демократия даражаси жамоатчилик томонидан қабул қилиниши Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткичга эгаларидан бири бўлди.

5 балли ўлчов билан ўлчанганда, бу йил Ўзбекистонга 2,6 балл берилди.

Осиё-Тинч океани мамлакатлари рўйхатининг энг қуйисида Ўзбекистон Қозоғистон (2,49) ва Қирғизистон(2,71) билан ёнма-ён қўйилди, бу, тадқиқот муаллифларига кўра, мамлакатдаги демократик бошқарувдан омманинг қониқиши даражаси пастлигини англатади.

"Демократияни қабул қилиш индекси" ҳисоботи муаллифларига кўра, Ўзбекистоннинг энг муҳим демократик тамойиллар бўйича тўплаган баллари Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича ўртача деб кўрилган даражадан паст бўлди.

Бу нималарда кўзга ташланади?

Сўз эркинлиги: Журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари бирор бир ножўя оқибати бўлишидан қўрқмасдан эркин гапиришларига бўлган ишонч паст.

Ҳокимият бошқаруви шаффофлиги: Ўзбекистон ҳукуматининг шаффофлиги бу борадаги энг заиф жойларидан бири, чунки кўпчилик ҳукумат муҳим ахборотни яшираяпти деб ишонади.

Ҳокимият ёки қудратларнинг бир-биридан ажратилгани: Ўзбекистон судлари ҳукуматни қонунни бузишидан тўхтатиб қолишга қодирми, деган саволга ҳам жавоб салбий, судларга ишонч кам.

Сиёсий Плюрализм: Мамлакатда турли сиёсий қарашларга минбар берилган деб ишонадиганларнинг сони ҳам кам Ўзбекистонда.

Сайловга таъсир: Сайлов сиёсий йўналишга таъсир кўрсатади деган ишонч ўртача деб баҳоланган янги тадқиқотда.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

"Демократияни қабул қилиш индекси" ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда ўтказилган сўров респондентларининг аксари демократиянинг асосий мақсади эркинликларни ҳимоя қилиш ёки адолатли сайловни таъминлаш эмас, турмуш даражасини яхшилаш деб ишонар эканлар.

Сиёсий тузум қандай фаолият юритиши кераклиги борасидаги жамоатчилик тушуниши даражаси паст, бу эса сиёсий саводхонлик даражаси ва шаффофлик чеклангани билан боғлиқ деган хулосага келган ҳисобот муаллифлари.

Сўнгги сўровда қатнашган бошқа кўплаб мамлакатлардаги каби ўзбекистонлик респондентлар ҳам хавфсизлик ва мудофаа масалаларида қандайдир ҳарбий иттифоқлар ёки мажбурий хизматдан кўра халқаро иттифоқлар қудратини оширишни устувор вазифа деб кўришлари аён бўлди.

Бутун минтақада кузатилаётгани сингари агар ватанига ҳужум бўлса, ватанимни шахсан ҳимоя қилиш учун қўлимга қурол оламан деган истак ўзбекистонликларда кучли экани аниқланди.

Сўнгги Демократия Индекси сўровида дунёнинг 100 мамлакатида 111 мингдан ортиқ респондент иштирок этган.