Янги Қонун: Блогерлар фаолиятини енгиллаштирадими ёки чеклайди?

7 май куни Олий Мажлис қонунчилик палатаси блогерлик фаолиятига енгилликлар киритилаётгани ҳақида хабар берган эди. Журналист Илёс Сафаров эса ўз Facebook саҳифасида лойиҳанинг мақсадлари бунга тескари эканини урғуловчи пост қолдирди. Лекин, пост тармоқда чоп этилганига кўп бўлмасдан, ўчириб ташланган.
Пост нега ўчирилгани номаълум. Айни воқеанинг журналист ва блогерларга алоқадор суд ва маъмурий ишлар ҳаминқадар кўпайгани манзарасида юз бергани тармоқ фойдаланувчилари орасида қатор саволларни келтириб чиқармоқда.
BBC Ўзбек хизмати журналист Илёс Сафаров билан боғланди ва у постни ўчирганини тасдиқлади, аммо сабабларини очиқламади.
Мақола ўчирилиши ортидан, тармоқларда журналистга таҳдид қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақида изоҳлар ёзилган.
BBC Ўзбек хизмати қонун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар агентлиги билан боғланди, аммо мақола нашрга тайёрланаётган муддатгача расмий муносабат олишга муваффақ бўлмади.
Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси расмий саҳифасига кўра, жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши режа этилган айни лойиҳанинг мақсади "фуқароларнинг онлайн-платформалар ва веб-сайтлардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқларини қонун даражасида белгилаш"дан иборат бўлади.
Жумладан, қонун фуқароларни "ёлғон ахборот, нафрат уйғотувчи, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи ноқонуний контентлардан ҳимоя қилиш"и кўзда тутилган.
Аммо, Сафаровнинг ҳозирда ўчирилган мақоласида бу лойиҳа, аксинча, сўз эркинлигини чеклаши мумкинлиги ҳақида айтилган.
"Блогерлик фаолияти" ҳақида қонун қабул қилиниши бугун шусиз ҳам охирги кислород запаслари билан яшаётган сўз эгаларини буткул ҳавосиз қолдиради. Натижада, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа масалаларда чиқиш қилиб турган кам сонли блогерлар ҳам майдонни буткул тарк этади. Афтидан, соҳа бошидагиларга жаҳон матбуот эркинлиги рейтингидаги 148 ўрин (180 мамлакат орасида) баландлик қилмоқда. Улар ўзини шу ўринда ҳам ноқулай ҳис қилишяпти. Жамоатчилик фикри лойиҳа ташаббускорлари учун сариқ чақага қиммат, тушунарли, лекин ҳукумат тепасидаги нормал фикрловчи кишилар ҳам борки, улар гапириш учун қолдирилган кичик тирқишларни ҳам буткул ёпувчи бу лойиҳани тўхтатишлари зарур," – дея фикр билдирган у.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Сурат манбаси, "X" (Навбаҳор Имомова)
Қонунчилик Палатасида чоп этилган пресс-релизда ушбу қонун лойиҳаси "блогерлар, инфлюенсерлар ҳамда соҳани тартибга солувчи давлат органлари ўртасида" ўзаро "ҳамкорлик учун ҳуқуқий асосларни" яратишни мақсад қилиши айтилади.
Лекин, мустақил эканлиги айтилувчи блогерлар ва давлат органларининг ўзаро ҳамкорликда фаолият кўрсатиши қандай йўсинда амалга ошишига аниқлик киритилмаган.
Журналист Навбаҳор Имомова 9 май куни ўз Facebook саҳифасида жойлаган постида блогерлар ва давлат органлари ўртасидаги "ҳамкорлик" мавзусига тўхталиб ўтган.
"Ҳар кимнинг хизматига тайёр блогерлар ҳам бор. Кўпи бир пайтда ҳукуматда ва хусусий секторда ишлайди. Шунга қарамасдан блогерлик фаолияти мустақил эканини даъво қилади. Кўп ҳолларда элитани ва бизнесларни тарғиб қилиб, тирикчилик қилишади. Меҳнатим учун ҳақ олаяпман, дейишади. Медиа оламида бу этик жиҳатдан қанчалик эгри иш бўлмасин, Ўзбекистонда блогосфера ва журналистика аралаш-қуралаш шундай йўлни босиб келди. Энди ҳукумат уни қонунан тартибга солмоқчи," – дея мулоҳаза қилган журналист.

Сурат манбаси, "Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти
Олий Мажлис хабарида, шунингдек, айни қонун лойиҳаси Ўзбекистондаги медиа соҳасини "тартибга солиши" айтилади. Бироқ, кузатувчиларнинг фикрича пресс-релизда ишлатилган бу каби сўзлари аниқ эмас ва уларни турлича тарғиб қилиш мумкин.
Имомова медиа соҳасини тартибга солишда белгиланган биронта модел йўқлигини айтади.
Унинг фикрича, медиа соҳасидаги профессионаллик ҳеч бир давлатда мавжуд эмас, мезонларни эса соҳа вакилларининг ўзи белгилаши керак.
"Ҳукумат сиздан профессионализм талаб қилаётган бўлса, буни шарт сифатида кўрсатиши учун унинг ўзида модел йўқ. Ўзбекистон у ёқда турсин, ҳатто энг демократик ҳисобланган тизимлар ҳам профессионалмиз, дея бонг ура олмайди. Мезонларни ҳар доим соҳа эгалари белгилайди."
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши хулоса қилинган қонун лойиҳаси ҳали очиқ манбаларда мавжуд эмас. Тармоқларда эса ушбу қарор юзасидан танқидлар кўпаймоқда.

Сурат манбаси, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси
Мирзиёев қудратга келгач, Ўзбекистондаги сўз эркинлиги борасида турли ислоҳотлар амалга оширилган, мамлакат айни масаладаги ўзининг халқаро имижида ижобий ўзгариш ясаган эди. Аммо, сўнгги бир неча йилда айни рейтинглардаги ўринлар пасайишни бошлаган.
Май бошида "Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти дунёдаги сўз эркинлиги индекси бўйича чоп этган ҳисоботда Ўзбекистон 180 мамлакат ичида 148 ўринни эгаллади. Бу биргина 2023 йил билан таққослаганда 11 поғона пасайишни англатади.
Тармоқларнинг маҳаллий ўзбек сегментида мустақил журналистлар ва блогерларга нисбатан босим ортгани ҳақида хабарлар ҳам сўнгги вақтларга келиб сезиларли даражада кўпайди.
"Эффект Уз" сайти танқидий мақоласи учун судга тортилиб, катта миқдорда жаримага тортилди. "Менинг Юртим" телеканали мухбири Рухсора Ғофуровага нисбатан маъмурий иш очилди. Блогерлар Отабек Бакиров ва Жаҳонгир Тўлагановга нисбатан шикоятлар ва суд жараёнлари бошланган.
Баъзи ҳолларда журналистлар суд жараёнларига кира олмаяпти. Айрим нашрлар эса фаолиятини тўхтатиш хавфи остида турибди.
Шунга қарамай, расмий ҳисоботларнинг аксарияти мамлакатда журналист ва блогерларнинг фаолияти чекланмаганлиги ҳақида боради.












