Ўзбекистон: Журналистлар нимадан норози, уларни ким ҳимоя қилади?

Сурат манбаси, Facebook/Anora Sodiq
Фаоллар Ўзбекистонда қонун ижроси учун масъул бўлган давлат идораларидан шикоят қилишмоқда. Уларга кўра, ижтимоий тармоқларда эркин фикрли журналист ва блогерларнинг шаънини топтовчи шахслар жавобгарликка тортилмаяпти.
Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов журналист Анора Содиқова "Муфаса" тахаллуси билан фаолият юритувчи блогер Мирсаид Ҳайдаров устидан маҳкамага мурожаат қилганини хабар қилди.
"Мурожаатда Анора блогер томонидан ижтимоий тармоқ, турли аноним каналларда ўз шаъни, қадр-қиммати камситилгани ва туҳматга учрагани ҳақида баён қилади", дейилади хабарда.
Ташановнинг эслатишича, 2024 йилнинг 9 февралида 20 дан ортиқ жамоат фаоллари ўзбек медиасидаги "троллинг, шаън ва қадр-қимматни камситишга доир фактлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ахборот хавфсизлиги Департаментига мурожаат" қилган.
Мурожаатлар тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Киберхавфсизлик бошқармасига ҳал қилиш учун йўлланган.
"Киберхавфсизлик ходимлари биз фаоллар билан учрашди, "Жўққи журналистлар", "Телеграф" телеграм каналлари, шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғидаги ўнлаб аноним профиллар бўйича мулоҳазаларимизни эшитишди, терговолди суриштирувлар бошлади. 20 дан ортиқ фаоллар Ички ишлар вазирлигига чақирилиб, жабрланувчи сифатида улардан кўрсатмалар олинди", дейди ҳуқуқбон.
Тахминлар, дастлабки версиялар ва бу қилмишларни содир этаётган шахслар бўйича терговчилар билан фикр алмашилган.
"Уларнинг айтишича, Бош прокуратура, ДХХ органи Киберхавфсизликка мазкур троллинг кампаниялари, уларнинг қонунбузарлик қилмишлари борасида чора кўриш юзасидан расмий хат берган", дейди Ташанов.
Бу жараёнда фаоллар шикоятида кўрсатган аноним профиллар ва каналлар фаолияти деярли тўхтаган, аммо кейинчалик эса тролларнинг эски фаолияти яна жонланди.
Shubhaliki, xalq hisobidan kun ko‘rayotgan, odamlar o‘z xavfsizligi, tinchligini ishongan tuzilma vakillari shu xalqning o‘ziga qarshi yashirin yuz bilan kurashga kirishgandek.
Фаоллар шикояти бўйича Президент девони қошидаги Ахборот хавфсизлиги Департаменти, Бош прокуратура ва Киберхавфсизлик бошқармаларидан расмий жавоб олмаганлиги сабабли, уларнинг устидан маҳкамага арз қилишмоқчи.
"Бироқ Администрация, Бош прокуратура, Киберхавфсизлик бошқармаларидан расмий жавоблар олмадик. Эндиликда қонун ижроси учун масъул бўлган бу мўътабар идораларнинг фуқароларнинг мурожаатлари борасидаги қонунчиликни бузгани юзасидан маъмурий судларга шикоятлар тайёрлаяпмиз, ҳуқуқий жараёнларни бошлаймиз", дейди Абдураҳмон Ташанов.
Кузатувчилар сўнгги йилларда эркин фикрли журналист ва блогерларга нисбатан ижтимоий тармоқларда ҳақорат ва туҳматлар сони ортиб кетганини айтишмоқда.
Журналист Илёс Сафаровга кўра, айрим гумондорларни Кореядан тутиб келтираётган ҳукумат, ўнлаб фаолларнинг қонуний аризаси бўйича тайинли иш қилмаслиги шубҳали.
"Шубҳалики, халқ ҳисобидан кун кўраётган, одамлар ўз хавфсизлиги, тинчлигини ишонган тузилма вакиллари шу халқнинг ўзига қарши яширин юз билан курашга киришгандек хулоса уйғонмоқда. Йўқса, мустақил нашр ўтказган бир тадбирни қора қилиш, унда иштирок этганларни обрўсизлантириш учун бунча тролл ёлланиши бошқа бировга керак иш эмас. Аммо фаоллар уларнинг йўлидан бормайди, улар курашнинг қонун йўлидан оғишмайди", дейди у.
"Қаттиқ сир тутишмоқда"
Бошқа томондан танқидий фикр билдирган фаоллар ҳуқуқ тартибот идораларига "суҳбат"га чақирилиши ва айрим ҳолатларда уларнинг дом-дараксиз йўқолиб қолиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Хориж давлатларидан бирида истиқомат қилувчи фаол Аслиддин Камол унга тегишли бўлган Telegramдаги Asliddin Kamol каналининг Ўзбекистондаги админларидан бири Оғабек Жуманазаров 1 февралдан бери йўқолиб қолганини маълум қилди.
"3 феврал тонгда унинг телефонидан кириб, телеграм каналимга қилинган ҳужум оқибатида уч минг кишилик канал блокланди. Шу кундан буён у ва унинг оила аъзолари билан алоқа ўрнатишга уринишларимиз самарасиз кетяпти. Барчаларининг телефонлари ўчирилган ва ғойиб бўлишган. Бугун дўстларимиз, унинг уйига боришди. Аммо, уйда ҳеч ким йўқ. Қўшнилар ҳам ҳеч нарса билмасликларини айтиб, ҳеч қандай маълумот беришмади", деб ёзди у.
Аслиддин Камолнинг айтишича, Оғабек Жуманазаровнинг қамоққа олинган бўлиши эҳтимоли катта ва унинг нима сабаб билан қамалганини ҳеч ким билмаяпти.

Сурат манбаси, Screenshot
Ҳуқуқ тартибот идоралари маълумотларни "қаттиқ сир тутишяпти", дейди у.
BBC ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовга мурожаат қилди.
"Одам ўғирланиши ҳолати юзасидан зудлик билан ИИОларига ёки 102 рақамига мурожаат қилиш керак", деб жавоб берди Ғиёсов.
BBC нинг "Оғабек Жуманазаровни ҳуқуқ-тартибот идоралари ушламаганми?", деган саволига мултфилмдаги панданинг GIFини қўйиб, "Ҳуқуқбузарлик содир этганми?", деган қарши савол орқали жавоб берди.
Британиялик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Радҳа Стерлинг Ўзбекистондаги сўнгги воқелар манзарасида мамлакат Каримов даврига қайтяпти, деган фикр билдирган.












