Хитой Россиянинг Украина билан урушда мағлуб бўлишини истамайди. Аммо энди нима қилади?

Путин ва Си, коллаж

Сурат манбаси, BBC/Getty Images/China Military Online

    • Author, Сергей Морфинов
    • Role, BBC Украин хизмати учун
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

Афтидан бу ёз Хитой Россия-Украина урушида "бетараф тинчликпарвар" ролини ўйнашни бутунлай тўхтатиб, ўзининг ҳақиқий приоритетларини кўрсатишга қарор қилган кўринади.

Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг 9 май куни Москвадаги ҳарбий парадга рамзий ташрифи ортидан, июль ойида Хитой оммавий ахборот воситалари Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ининг Пекин Россия мағлубиятини истамаслиги ҳақидаги сўзларини гўё «сиздирди».

"Ван И Европа Иттифоқи бош дипломатига Пекин Россиянинг Украинада мағлуб бўлишини истамаслигини айтди, чунки агар шундай бўлса, АҚШ бутун эътиборини кейин Хитойга қаратишидан хавотирда," деб ёзди Гонконгнинг South China Morning Post газетаси номи ошкор этилмаган манбаларга таяниб.

Алоқадор мавзулар:

Хитойнинг назорат қилинадиган ахборот майдонида бундай сиздириш тасодифий бўлиши мумкин эмас.

Хитойнинг позицияси расман ўзгармади – улар Пекин бетараф эканлигини ва "музокаралар, ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик" тарафдори бўлиб қолаётганини таъкидлашда давом этмоқда.

Бироқ, Ван Ининг сўзларини ҳам инкор этишмади.

Хитой ҳарбийлари 2021 йил Оренбург вилоятидаги ҳарбий машғулотларда

Сурат манбаси, China Military Online

Сурат тагсўзи, Хитой ҳарбийлари 2021 йил Оренбург вилоятидаги ҳарбий машғулотларда

Кейинроқ Си Цзинпин Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашувда "кенг қамровли шериклик ва стратегик ҳамкорлик"ни чуқурлаштириш тўғрисида гапириб, Владимир Путинга "самимий саломларини" йўллади.

Буларнинг барчаси Украина ва Ғарбнинг Пекин ва Москва ўртасида ҳарбий ҳамкорлик кучайиши ҳақидаги доимий баёнотлари манзарасида содир бўлмоқда.

ZFB-05 Xinxing Хитой зирҳли автомобилларини фронтда кўришган

Сурат манбаси, Kadyrov_95

Сурат тагсўзи, ZFB-05 Xinxing Хитой зирҳли автомобилларини фронтда кўришган

Украина разведкаси маълумотларига кўра, Россияга Ғарб қуролларига қарши урушда россиялик танкчилар, артиллериячилар, муҳандислар ва ҳаво мудофааси мутахассислари тажрибасини ўрганиш учун 600 нафар хитойлик ҳарбий юборилган.

Аввалроқ Хитой Россия ҳарбий заводларига дастгоҳлар, махсус кимёвий моддалар, порох ва деталлар етказиб бераётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Апрель ойида эса Володимир Зеленский ҳатто хитойликлар русларга артиллерия берганини эълон қилди. Тўғри, қайси тури ва қанча экани ҳақида батафсил маълумот бермади.

Хитой Кремлга ҳар қандай шаклдаги тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдам бераётганини рад этиб келади ва уни фақат Украина ва Россия ўртасидаги тинчлик музокаралари қизиқтиришини таъкидлайди.

Аммо юқорида тилга олинган "сиздирилган" маълумотларда Ван И агар Пекин чиндан ҳам Москвага тўғридан-тўғри ёрдам берганида, уруш аллақачон тугаган ва бу, шубҳасиз, Киев фойдасига бўлмасди, деб ишора қилган.

Хитой сиёсатчиларининг Россиянинг бундай исталмаган мағлубияти ҳақидаги ошкор этилган маълумотлари Хитойни Россия-Украина урушига жалб қилишнинг учта сценарийсини очиб беради: Хитойнинг россияликларни қўллаб-қувватлови кучайиши, мавжуд ҳолатни сақлаб қолиш ва Москвага ёрдамни тўхтатиш.

Хўш, бу сценарийларнинг ҳар бири ортида нима турибди ва улардан қай бири ҳақиқатга яқин?

Эскалация

"Хитойнинг мақсади АҚШ ролини камайтириш орқали глобал етакчиликка эришиш. Россия-Украина уруши хитойликлар томонидан фақат шу нуқтаи назардан кўриб чиқилмоқда – у АҚШни заифлаштиради ёки кучайтиради. Россиядан эса ҳарбий восита сифатида фойдаланилмоқда," дейди Би-би-сига New Geopolitics Research Network директори Михаил Самус.

Хитой артиллерия қурилмалари

Сурат манбаси, China Military Online

Сурат тагсўзи, Хитой артиллерия қурилмалари

Шунинг учун, унинг айтишича, Хитойнинг Россияни ҳарбий қўллаб-қувватлови қанчалик ошиши фақат Пекин буни Вашингтонга қарши курашда зарур ва самарали деб ҳисоблашига боғлиқ.

"Агар Хитой бундан аниқ наф кўрса, шундай бўлиши мумкин. Агар Хитой русларга бераётган таъминоти қандайдир тарзда АҚШнинг глобал қулашини тазлаштиради деб ҳисобласа, шундай қилган бўларди," деб ҳисоблайди Самус.

2022 йилдан бери Хитойнинг россияликларга тўғридан-тўғри кенг кўламли ҳарбий ёрдами хавфи Украина учун энг жиддий таҳдидлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

"Кремль КХДР ёки Эрондан қурол сотиб олиши ҳақида гап кетганда, унинг танлов имконияти унчалик кенг эмас эди – снарядлар, дронлар ва ракеталар. Аммо Хитой мудофаа саноати барча турдаги қуролларнинг "қайноқ" ишлаб чиқариш линиялари бўлиб, уларнинг бир қисми совет ва Россия тизимлари билан тўғридан-тўғри мос келади," деб ёзган эди ўтган йили Украинанинг Defense Express сайти.

XX аср иккинчи ярмида ХХР совет қуролларининг нусхалари ёки яқин аналоглари бўлган кўплаб қуролларни ишлаб чиқарди.

Масалан, Хитойнинг 152 миллиметрли Type 66 тиркама гаубицаси 1950-йилларда ишлаб чиқарилган совет Д-20 гаубицаси нусхаси бўлиб, ҳозирда ҳам россияликлар (ва баъзи Украина бўлинмалари) томонидан фаол қўлланмоқда.

Хитойнинг 152 миллиметрли Type 66 тиркама гаубицаси

Сурат манбаси, China Military Online/Russian Defense Ministry

Сурат тагсўзи, Хитойнинг 152 миллиметрли Type 66 тиркама гаубицаси

Хитойнинг яна бир тиркама гаубицаси – 122 мм Type 96 – совет Д-30 гаубицасининг лицензияланган версиясидир.

Хитойнинг Type 96 ва советларнинг Д-30 деярли ўхшаш

Сурат манбаси, China Military Online/Russian Defense Ministry

Сурат тагсўзи, Хитойнинг Type 96 ва советларнинг Д-30 деярли ўхшаш

1990-йиллар бошида 122 мм Type 89 ўзиюрар гаубицаси Совет Иттифоқининг 2С1 "Гвоздика" ўзиюрар артиллерия тизимининг хитойча муқобилига айланди.

Хитойнинг 122 мм Type 89 ўзиюрар гаубицаси ва Совет Иттифоқининг 2С1 "Гвоздика" ўзиюрар артиллерия тизими

Сурат манбаси, China Military Online/Russian Defense Ministry

Сурат тагсўзи, Хитойнинг 122 мм Type 89 ўзиюрар гаубицаси ва Совет Иттифоқининг 2С1 "Гвоздика" ўзиюрар артиллерия тизими

Ниҳоят, Хитой Халқ Озодлик Армиясининг Type 81 кўпотар ракета тизими 1979-йилги Хитой-Вьетнам уруши пайтида Вьетнамдан тўпланган БМ-21 "Град" тизимларидан сўнг яратилган.

У 40та 122 мм.ли ракеталарни йўналтирувчи қуролдан иборат бўлиб, турли шассиларда жойлаштирилган бўлса-да, асосий техник хусусиятлар бўйича совет моделларига яқин.

Хитой Халқ Озодлик Армиясининг Type 81 кўпотар ракета тизими ва советларнинг Уралга ўрнатилган БМ-21 "Град" тизимлари

Сурат манбаси, China Military Online/Russian Defense Ministry

Сурат тагсўзи, Хитой Халқ Озодлик Армиясининг Type 81 кўпотар ракета тизими ва советларнинг Уралга ўрнатилган БМ-21 "Град" тизимлари

Шу каби Хитой-Россия қуролларига оид мисоллар яна кўплаб келтирилиши мумкин.

Бундай вазият Россия армиясининг Шимолий Корея армияси билан технологик яқинлигини эслатади. Улар ҳам совет моделлари асосида ўз мудофаа саноатини ривожлантирган. Аммо фарқ шундаки, икки миллионлик Хитой қуролли кучлари анча катта захирага эга. Камига ўқ-дориларни тезда ишлаб чиқариши мумкин.

Шу сабабли, Хитой қуролларининг россияликларга тўғридан-тўғри етказиб берилиши, айниқса замонавий моделлар билан, (Шимолий Корея мисолида бўлгани каби) можарони янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

"Украина билан урушда хитойликларнинг бевосита иштироки Россияга сезиларли устунлик бериши мумкин. Хитойликлар сўнгги бир неча ўн йилликда қуруқлик қўшинлари, денгиз ва ҳаво кучларини жуда ривожлантирди", дейди Би-би-си'га "XXI аср стратегияси" хавфсизлик дастурлари раҳбари Павел Лакийчук.

Шу билан бирга, аксарият таҳлилчилар фикрича, Хитойнинг урушдаги эҳтимолий иштироки яширин шаклда бўлиши мумкин.

Defense Express нашри таъкидлашича, 1980-йиллардаги Эрон-Ироқ уруши вақтида Хитой расман бетараф позицияни эгаллаб, норасмий равишда Эронга қурол етказиб берган. Бу етказиб беришлар "Шимолий Корея орқали" амалга оширилган эди.

1980-йилларда америкалик тадқиқотчи Кеннет Тиммерман ёзишича, Хитой КХДРдан фойдаланиб, ўз қуролларини Эронга логистик жиҳатдан қулай усулда етказиб берган. Бунинг сабаби – Шимолий Кореянинг Хитой шимоли-шарқидаги ҳарбий заводларга яқинлиги эди.

Лакийчук ҳам бундай "яширин" сценарийни эҳтимолга яқин деб ҳисоблайди: "Ҳақиқатан ҳам, Хитойнинг воситачи орқали, хусусан КХДР орқали иштирок этиши эҳтимоли катта. Балки бу жараён аллақачон бошланган. Шимолий Кореянинг Россияга ёрдами Хитойнинг иқтисодий қудрати ва эҳтимолий кафолатларига боғлиқ бўлиши мумкин."

Пушка Д-74

Сурат манбаси, Russian Defense Ministry

Ҳатто "бу биз эмасмиз" деган расмий позиция Хитойнинг тўғридан-тўғри иштирокини тўлиқ яшира олмаса ҳам, унинг излари логистика, техника ва қурол таъминотида, охир-оқибат эса жанг майдонида ҳам сезилиши мумкин.

"Тасаввур қилинг: АҚШ ва Европа Иттифоқи Украинага қандай ёрдам кўрсатмоқда – агар шу даражадаги ёрдамни Хитой Россияга берса, бу улкан ўзгариш бўларди ва уни инкор этиб бўлмасди," дея огоҳлантиради Лейпциг университети хитойшуноси Алексей Чигадаев.

Бироқ қарор қабул қилинган тақдирда, етказиб беришларнинг ошкора "кўриниши" Хитойни бу ишдан тўхтатиши эҳтимолдан йироқ.

Статус-кво

Шу билан бирга, ҳозирги пайтда энг эҳтимолий сценарий – Хитойнинг ҳозирги "дозаланган" ёрдамини сақлаб қолишидир, бу эса Россияга Украинадаги урушни давом эттириш ва секинроқ суръатда ҳужум қилиш имконини беради.

"Агар хитойликлар учун Россияга тўғридан-тўғри кўп миқдорда қурол етказиб бериш фойдали бўлганида, улар бу ишни босқиннинг биринчи куниёқ, балки ундан ҳам олдин бошлаган бўларди. Лекин улар бундай йўл тутаётгани йўқ," дейди Самус.

парад

Сурат манбаси, China Foreign Ministry

Охир-оқибат, Хитой Украинадаги урушнинг ҳозирги форматидан энг катта манфаат олаётган давлат ҳисобланади.

Хитой можарога тўғридан-тўғри аралашмаган ва урушдан жиддий иқтисодий зарар кўрмаяпти. Ҳеч бўлмаганда ҳозирча шундай.

Айнан шу орқали Хитой тобора қарам бўлиб бораётган Россиядан арзон хомашё ва энергия ресурслари оляпти, ҳамда АҚШ ва Европа Иттифоқи билан муносабатларда қўшимча геосиёсий босим дастагига эга бўляпти.

"Хитой учун Россия улардан кучли бўлмаслиги ва Украинадаги урушда заифлашиб бориши муҳим. Шунинг учун Пекин "ҳаммасига Россия жавоб берсин, биз эса унинг ресурсларидан фойдаланаверамиз" қабилидаги тактикани танлади", дейди Лакийчук.

"Хитой нуқтаи назаридан, Россиянинг мағлубияти – унинг парчаланиши, ғалабаси эса Украинага таъсирни сақлаб қолиш", дея қўшимча қилади у.

Яна бир ҳарбий таҳлилчи – Украина мудофаа вазирининг собиқ маслаҳатчиси Алексей Копитко таъкидлашича, мавжуд статус-кво хитойликлар учун жуда манфаатли.

"9 май куни император Си Цзинпин Москвада ҳарбий парадни қабул қилганини эслайлик. Бир мен эмас, бошқалар ҳам шундай фикр билдирган: ҳозир уруш тақдирини айнан Хитой ҳал этади. Маълум шароитларда Пекин уни тезда тўхтатиши мумкин. Аммо бу гап Хитой ҳозирги вазиятдан қониқаётганига ишора қилади", деб ёзади у.

Қисқариш

Шу билан бирга, Украина учун нисбатан оптимистик сценарий – Хитойнинг Россияга кўрсатаётган ёрдамини қисқартириши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бу борада икки асосий омил муҳим роль ўйнаши мумкин.

Ван И и Сергей Лавров

Сурат манбаси, Russian Foreign Ministry

Сурат тагсўзи, Ван И и Сергей Лавров

Биринчиси – Европа Иттифоқининг позицияси. Чунки Хитой Доналд Трамп билан таъриф низолари шароитида Европа билан иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилмоқда.

Михаил Самус таъкидлаганидек:

"Европа – Хитой учун келажакдаги технологик ва иқтисодий ривожланиш майдони. Бу нафақат товар етказиб бериш, балки Европа технологиялари ва инвестицияларига кириш имкониятидир."

Хитойнинг бу ердаги асосий мақсадларидан бири – ўз электромобилларини Европа бозорига кенг миқёсда киритиш.

Айни пайтда, Ван И айнан Европа Иттифоқи ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас билан учрашувда Россиянинг мағлубиятга учрашини истамаслигини билдирган. Кўпчилик бу сўзларни сўзма-сўз эмас, балки Трамп услубида европаликлар билан савдолашиш ва "қўлидаги карталарни" кўрсатиш деб баҳолади.

Европа буни жим ўтириб кузатмади. Урсула фон дер Ляйен 8 июль куни Европарламентдаги муҳокамада шундай деди:

"Хитой амалда Россиянинг ҳарбий иқтисодиётини қўллаб-қувватлаяпти. Биз буни қабул қила олмаймиз."

У яна қўшимча қилди:

"Хитойнинг Путин урушига муносабати ЕИ ва Хитой ўртасидаги келажак муносабатларни белгилайди."

Самуснинг фикрича:

"Агар Россияга ҳарбий ёрдам ва Европа бозори ўртасида танлов бўлса, Хитой учун бу мутлақо таққослаб бўлмайдиган масала."

Россия дронларидаги Хитой қисмлари

Сурат манбаси, Security Service of Ukraine

Сурат тагсўзи, Россия дронларидаги Хитой қисмлари

Иккинчи таъсир қилувчи омил – Доналд Трамп томонидан эълон қилинган "50 кунлик ёз" ултиматуми. У Россиядан нефть ва газ сотиб олаётган давлатларга қарши иккиламчи санкцияларни назарда тутади. Назарий жиҳатдан, бу нафақат Хитой, балки Ҳиндистон, Бразилия, Туркия ва бошқа савдо ҳамкорлари учун ҳам жиддий таҳдиддир.

Ҳиндистон аллақачон Россия нефтига муқобил излашга тайёр эканини маълум қилган.

"АҚШ билан иқтисодий уруш – Хитой учун энг сезиларли хавф. Чунки икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми катта. Шунинг учун Пекин Россия туфайли иқтисодий зарар кўришни хоҳламайди", деб таъкидлайди Самус.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Агар Трамп айтгандек Хитой маҳсулотларига 100%лик тарифлар жорий этилса, у ҳолда Пекиннинг Москвага кўрсатаётган ёрдами мантиқий жиҳатдан фойдасиз бўлиб қолади ва Хитой ўз ёрдамини тўхтатишга мажбур бўлади.

Шу маънода, 3 сентябрь – Трампнинг тариф ультиматуми амалга кириш куни – Россия учун ҳам, Хитой учун ҳам рамзий аҳамият касб этиши мумкин. Бу сана Михаил Шуфутинскийнинг машҳур қўшиғидаги каби қайғули тўхталиш нуқтасига айланиши эҳтимоли бор.

Аммо муаммо шундаки, Трамп ўз таҳдидларини қай даражада амалга оширишга тайёр? Бу нафақат Хитой билан муносабатларга, балки нефть нархи ошиши ва унинг Америкадаги инфляцияга таъсирига ҳам боғлиқ.

"Таҳлилчилар фикрича, Трамп дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти билан очиқ тўқнашувга боришга журъат этмаслиги мумкин. Чунки унинг фикрича, Украина Қўшма Штатлар учун ҳаётий аҳамиятга эга эмас", деб ёзди The New York Times.

Кейин нима бўлади?

Россия-Украина уруши янги ҳал қилувчи босқичга кирмоқда. Бу сафар ҳал қилувчи давр – 2025 йил август.

Шу давр мобайнида Путин ёзги ҳужумни давом эттиради, АҚШ ва Хитой эса Европа Иттифоқи иштирокида қандайдир келишувга эришишга уриниши мумкин.

Си Цзиньпин

Сурат манбаси, China Military Online

Алексей Копитко "АҚШ – Хитой – Европа Иттифоқи учбурчагидаги ҳар қандай ўзгаришни диққат билан кузатиш"ни маслаҳат беради

"Ван Ининг баёноти амалда Россиянинг 'енгилмаслиги' деб аталиб келган тушунчага аниқ чегара қўйишга хизмат қилиши мумкин. Катта ўйинчилар бу чегарани муҳокама қилиб, Москвага етказади. Агар Россияда буни ўзгартириш учун 'жанг майдонидаги реал имкониятлар' бўлмаса, улар буни қабул қилади. Бу эса Хитойга янги имконият яратади – урушни давом эттириш ёки тўхтатишни қандайдир сиёсий ёки иқтисодий фойдага алмаштириш", деб ёзди у.

Лакийчук таъкидлашича, Хитойнинг Россияни ҳозирги яширин қўллаб-қувватлаш усули Вашингтон ва Пекин ўртасида жиддий ўзгаришлар юз бермагунча ўзгармайди.

Агар АҚШ-Хитой муносабатлари илиса, Пекин Россияни қурбон қилишга тайёр бўлиши мумкин. Агар аксинча бўлса – Хитой Россияни АҚШга босим ўтказиш воситаси сифатида фаолроқ ишлата бошлайди.

Публицист Виталий Портников эса Хитой етакчиси Си Цзинпин шахсиятига эътибор қаратади:

"У Мао Цзедуннинг сиёсий қатъияти ва Ден Сяопиннинг прагматик ислоҳотларини бирлаштирган ноёб шахс. Шу сабаб, у исталган йўналишда кутилмаган ҳаракатлар қилиши мумкин."

Шу билан бирга, Британиянинг нуфузли The Times нашри маълум қилишича, 3 сентябрь куни Пекинда Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 80 йил тўлиши муносабати билан ўтказиладиган ҳарбий парадда Си Цзинпин, Владимир Путин ва эҳтимол, Доналд Трамп ўртасида муҳим, ҳали тасдиқланмаган учрашув бўлиши мумкин.

Тасодифми ёки йўқ – бу ҳам айнан 3 сентябрь кунига тўғри келмоқда.